Афғонистон: Толибон қўлига қандай қурол ва ҳарбий техника ўтди? Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, Getty Images
Яқинда ижтимоий тармоқларга Толибон жангарилари АҚШнинг рамзий ҳарбий техникаси бўлмиш “Black Hawk” вертолётининг Қандаҳор аэропортида ҳаракатланаётганига тикилиб тургани тасвирланган видео қўйилди.
Тўрт парракли, кўп функцияли вертолёт асфальт йўл бўйлаб юриб кетяпти, у гарчи учмаётган бўлса ҳам, ана шу машғулотнинг ўзи Толибон энди эскириб кетган пикапларда юрувчи Калашников кўтарган бир тўда бетартиб гуруҳ эмаслигини кўрсатди.
15 август куни Кобул муросасиз исломий гуруҳ қўлига ўтганидан бери бошқа бир жойда Толибон жангчилари АҚШда ишлаб чиқарилган қуроллар ва техника билан суратга тушди.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим постларда толибларнинг баъзилари тўла жанговар кийимда, дунёнинг бошқа чеккаларидаги махсус кучлардан фарқ қилмайдиган шаклда тушган суратлари қўйилди. Уларда узун соқол ҳам, анъанавий шалвар ҳам, занглаган қурол ҳам йўқ. Уларнинг туриши замонавий кўринишда эди.
Улар бу қуролларни Афғон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бирин-кетин шаҳарларни таслим қилганда қўлга туширган.
Ижтимоий тармоқларда айримларнинг айтишича, бу ҳолат Толибонни ўз ҳаво кучларига эга дунёдаги ягона экстремист гуруҳга айлантирган.
Толибон қўлида нечта самолёт бор?
АҚШдаги Афғонистонни Қайта қуриш бўйича Махсус Бош Инспектор (Sigar) ҳисоботига кўра, июнь ойи охирларида Афғон ҳаво кучларида 167 та учар техника, жумладан, ҳужум вертолётлари ва самолётлар бўлган.

Сурат манбаси, .

Аммо бу 167 та учар техниканинг қанчаси Толибон қўлига ўтгани номаълум. Би-би-сига "Planet Labs" томонидан берилган, Қандаҳор аэропортининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирда у ерда бир неча афғон ҳарбий учоғи тургани кўринади.
Бу шаҳар Толибон томонидан эгалланганидан олти кун ўтиб олинган тасвир бўлиб, Деҳлидаги "Observer Research Foundation"нинг ҳарбий авиация эксперти Ангад Сингҳнинг айтишича, у ерда иккита MI-17 вертолёти, иккита "Black Hawks" (UH-60) ва UH-60 бўлиши эҳтимоли бор яна битта ветолёт кўриниб турибди.

Сурат манбаси, .

16 июль куни олинган сунъий йўлдош суратида эса 16 та учар техника - тўққизта "Black Hawk" ва иккита MI-17 вертолёти ва бешта учоқни кўриш мумкин.
Бу учар техникалар ё мамлакатдан учиб чиқиб кетилган ёки бошқа авиабазага ўтказилган.
Толибон, шунингдек, қолган тўққизта афғон авиабазасини, шу жумладан, Ҳирот, Хост, Қундуз ва Мозори Шариф авиабазаларини ҳам қўлга олган, аммо бу базаларнинг сунъий йўлдош суратлари бўлмагани учун у ерларда толиблар қанча техникани ўлжа қилгани номаълум.
Толибон жангчилари ва маҳаллий медиа бу аэропортлардан мусодара қилинган учувчили ва учувчисиз техникалар суратларини эълон қилмоқда. Айрим мустақил веб-сайтлар ҳам айрим учар техникаларнинг геолокациясини чоп қилган.
Айрим тахминларга кўра, баъзи учар техникалар исёнчи гуруҳ қўлига тушмасидан олдин Афғонистондан учиб чиқиб кетган. Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри аэропортининг 16 август куни олинган сунъий йўлдош суратида йигирмадан ортиқ вертолёт, шу жумладан, MI-17, MI-25, "Black Hawk"лар ва A-29 енгил ҳужум учоғи ва C-208 учоғи кўзга ташланади, дейди номи аталишини истамаган деҳлилик авиация эксперти.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази экспертларига кўра, бу самолёт ва вертолётлар Афғон ҳаво кучларига қарашли бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, .

Толибон яна қандай уруш аслаҳаларини қўлга киритди?
Толибоннинг ҳаво қудрати борасида саволлар бўлса ҳам, экспертлар уларнинг анча мураккаб милтиқлар, винтовкалар ва транспорт воситаларини ишлата олишига шубҳа қилмайди.
АҚШ ҳукумати ҳисоботида айтилишича, 2003 ва 2016 йиллар оралиғида АҚШ ўзи билан ҳамкорлик қилган афғон кучларига катта миқдорда ҳарбий қуроллар ва техника берган: 358530 та турли винтовкалар, 64000 дан ортиқ пулемётлар, 25327 та гранатомет ва 22174 та Ҳамви (йўлтанламас ҳарбий машиналар).
НАТО қўшинлари 2014 йили жанговар ҳаракатларни тўхтатгач, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш афғон армияси ихтиёрида қолди. Армия Толибонга қарши курашар экан, АҚШ янада кўпроқ техника билан таъминлади, эскирганларини янгилади.
2017 йилнинг ўзида қарийб 20000 М16 винтовкаси етказиб берилди. "Sigar"га кўра, кейинги йиллар, 2017-2021 йилларда афғон армияси бошқа техникалар қатори 3598 М4 винтовкалари, 3012 та ҳамви билан таъминланган.

Сурат манбаси, .


Сурат манбаси, .

Шунингдек, афғон армиясида қисқа фурсатда жанговар ҳолатга келтириладиган бронетранспортерлар ҳам бор эди. Бу машиналар қурол ва одамларни ташишда фойдаланилар эди.

Сурат манбаси, .
Толибон бу қуроллар билан нима қила олади?
Бу қуроллрнинг турига боғлиқ.
Учар техникани ўлжа қилиш Толибон учун осон бўлгандир балки, аммо уларни ишлатиш ва сақлаш жуда қийин бўлади, дейди CNA консалтинг гуруҳи директори ва АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари собиқ маслаҳатчиси доктор Жонатан Шроден. Техника қисмларини тез-тез созлаб, керак бўлса, алмаштириб туриш керак ва ҳаво кучлари ҳар бир техникани сақлаш учун техниклар гуруҳига суянади.
Аксар учар техникаларни соз сақлаш АҚШнинг хусусий пудратчиларига берилган эди. Бу пудратчилар эса Толибон август ойида шаҳарларга ҳужум бошламасидан аввалроқ мамлакатни тарк эта бошлаган.
Жоржтаун университетининг глобал сиёсат ва хавфсизлик профессори ва Афғонистонда хизмат қилган АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари фахрийси Жоди Виттори Толибоннинг бу учоқларни ишлатиш тажрибаси йўқлиги фикрига қўшилади. "Демак, Толибоннинг бу учоқлардан фойдаланиш хавфи йўқ", дейди у, афғон кучлари таслим бўлишидан аввал бу техникалар қисман демонтаж қилинган бўлиши мумкинлигини эсга олиб.
Аммо Толибон собиқ афғон учувчиларини бу техникаларни бошқаришга мажбурлашга ҳаракат қилади, дейди Ранд Корпорациясида тадқиқотчи ва АҚШ Мудофаа вазирилигининг Сиёсат идораси собиқ директори Жейсон Кемпбелл. "Улар учувчиларга ва уларнинг оилаларига таҳдид қиладилар. Демак, улар бу учоқларнинг бир қисмини учира олишлари мумкин, лекин уларнинг узоқ муддатли истиқболлари ноаниқ".
Толибон Россияда ишлаб чиқарилган MI-17 вертолётларини бошқара олиши мумкин, чунки бу техникалар 10 йиллардан бери мамлакатда бор. Қолганларини бошқариш учун эса ўзларига хайрихоҳ давлатлардан ёрдам сўрашлари мумкин.
Қолган қуролларни бу гуруҳ анча осон ишлата олади. Ҳатто толибларнинг пиёда аскарлари ўлжа олинган, ерда фойдаланилувчи техникаларни осон бошқаради. Йиллар давомида қўлга олинган текширув нуқталари ва армиядан қочганлар уларни бундай қуроллар билан таништирган.
Вашингтондаги Вильсон маркази директори ўринбосари Майкл Кугелман Толибоннинг бундай қуролларга эга чиққанини "улкан муваффақиятсизлик" деб атайди.
Аммо унинг таъсири Афғонистон доирасида чекланиб қолмайди. Бу қуроллар қора бозорга тарқалиб, дунёнинг бошқа чеккаларидаги исёнчилар қўлига етиб бориши мумкин.
Бу тезда бўй кўрсатадиган хавф эмас, аммо таъминот занжири келгуси ойларда пайдо бўлиши мумкин, дейди Виттори. Буни тўхтатиб қолиш юки Покистон, Хитой ва Россия елкасига тушади.
Жаноб Кемпбеллнинг айтишича, Толибон ўзини масъулиятлидек кўрсатишга уринмоқда, аммо дунёнинг бошқа жойларидаги, мафкуравий жиҳатдан ўзларига ҳаммаслак гуруҳларни қўлламасликлари анча қийин кечади.
Толибон ичидаги бирлик ҳам бу қуроллар қандай тартибда фойдаланилиши мумкинлигини белгилашда бошқа бир омил бўлади.
Витторининг айтишича, Толибоннинг ичидан ажралиб чиқувчи ва бу қуролларни ўзлари билан олиб кетувчи гуруҳлар бўлиши эҳтимоли бор. Кўп нарса Афғонистонни қўлга олиш сабабли кўтарилган эйфория босилгач, Толибон раҳбарияти гуруҳ бирлигини сақлаб қолишига боғлиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













