Толибон, ИШИД ва “ал-Қоида”нинг фарқи нимада? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Бу уч гуруҳнинг жиҳод мафкураси муштарак, аммо уларнинг усули ва мақсадлари турлича

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу уч гуруҳнинг жиҳод мафкураси муштарак, аммо уларнинг усули ва мақсадлари турлича
    • Author, Хосе Карлос Куэто
    • Role, BBC News Mundo

Бу уч гуруҳнинг мафкураси муштарак, аммо уларнинг усули ва мақсадлари турлича.

Дунё бўйлаб жиҳодчилар толибларнинг Афғонистонда ҳокимиятга келганини нишонлади.

Яман ва бошқа мамлакатларда мушакбозликлар бўлди, Сомалида ширинлик тарқатишди, бутун Жанубий Осиёдаги исломий гуруҳлар Ғарбнинг Афғонистондан чиқиб кетишини Ғарб ҳарбий қудратига қарши саботли қаршиликнинг ғалабаси сифатида кутиб олди.

Энди эса экспертлар Яқин Шарқ ва Марказий осиёда жиҳодчиликнинг янги даври бошланишидан хавотирга тушмоқда.

Энг катта хавф "ал-Қоида"га алоқадор гуруҳлар ва кейинги йилларда заифлашса-да, фаолликни йўқотмаган ИШИД аталмиш гуруҳдан келмоқда.

АҚШ билан имзоланган битимнинг бир қисми сифатида Толибон Ғарбга ҳужум қилиш ниятида бўлган экстремист гуруҳларга бошпана бермасликка ваъда берган. Аммо унинг "ал-Қоида" билан алоқаси яқинлигича қолмоқда.

"Ал-Қоида"нинг рақиби сифатида ИШИД, айрим экспертларнинг ишонишича, ўз аҳамиятини амалда кўрсатиш зарурати остида қолган.

ИШИД нинг Хуросон қаноти фурсатни бой бермай 26 август куни Кобул аэропорти ташқарисида худкушлик ҳужумини амалга ошириб, 170 атрофида одамнинг, шу жумладан, 13 нафар АҚШ ҳарбийсининг ўлимига сабаб бўлди.

Аммо фундаменталист мафкурадан ташқари бу уч гуруҳни нима ажратиб туради?

Раққа

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД ўз вақтида Яқин Шарқда ўзининг исломий халифатига ҳам асос солган. Халифати Сурия ва Ироқнинг катта қисмини қамраб олган

Нью Йоркдаги Суфан маркази тадқиқотчиси ва хавфсизлик таҳлилчиси Колин Кларк шундай хулосалайди:

"Толибон Афғонистондаги энг муҳим ўйинчи. "Ал-Қоида" эса ўз тармоғини қайта шакллантиришга уринаётган халқаро жиҳодчи гуруҳ. ИШИД ҳам шундай, аммо унинг ашаддий душманлари "ал-Қоида" ва Толибонни ҳисобга олсак, уни оғир кураш кутиб турибди."

Ибтидоси

"Ал-Қоида" ва Толибон 1980-йиллар охирида советлар босқинига қарши куч сифатида ва 1990-йилларда Афғонистондаги ички урушлар натижасида пайдо бўлган.

ИШИД йиллар ўтиб, Ироқдаги "ал-Қоида", яъни 2003 йили "ал-Қоида"нинг АҚШ Ироққа бостириб кирганига жавобан ташкил қилинган шохобчаси қолдиқларидан пайдо бўлган.

Бу гуруҳ 2007 йилда Ироқда АҚШ қўшинлари сони орттирилиши билан бир неча йил кўздан ғойиб бўлди. Аммо 2011 йили яна пайдо бўлди.

"Ал-Қоида"ни 1980 йиллар охирида саудиялик миллионер Усома бин Лоден ташкил қилган. Унинг номи "асос" ёки "тармоқ" маъносини англатиб, Совет Иттифоқига қарши курашаётган мусулмонлар учун логистик хизмат ва қурол етказиш билан шуғулланган.

Бин Лоден бутун Ислом оламидан "ал-Қоида"га одамларни жалб қилган.

Усома бен Лоден 1998 йилда CNN га интервью берган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Усома бен Лоден 1998 йилда CNN га интервью берган, АҚШга қарши "муқаддас уруш" ёки жиҳодни оқлаган

Толибон ёки "ўқувчилар" эса советлар Афғонистондан чиқиб кетгач, 1990-йиллар бошларида шимолий Покистонда пайдо бўлган.

У аввало мадрасаларда шаклланган, асосан паштунлардан иборат гуруҳ деб ишонилади, кўпроқ Саудия Арабистони пулларидан молияланган. Гуруҳ сунний Исломнинг муросасиз талқинини қаттиқ тутади.

Толибон паштунлар яшовчи ҳудудларда - Покистон ва Афғонистон оралиғидаги ҳудудларда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш, ўз талқинларидаги қаттиқ Шариатни жорий қилишни ваъда қилган.

Жануби ғарбий Афғонистондан бошлаб Толибон ўз таъсир доирасини тезда кенгайтирди. 1996 йили улар президент Бурҳониддин Раббоний режимини ағдариб, Кобулни эгаллади.

1998 йилгача Толибон Афғонистоннинг деярли 90 фоиз ҳудудини назоратга олган эди.

Бу вақтга келиб "ал-Қоида" шунчаки логистик хизмат кўрсатишдан кўра каттароқ ишларни бошлаб юборади. У глобал мақсадларга эга халқаро жиҳодчи ташкилотга айланади. Толибон эса ўзига берилган маблағ учун миннатдорлик сифатида бу ташкилотни Афғонистонда хуш қаршилайди.

Аммо Ироқдаги "ал-Қоида" (АҚИ) бу мамлакатга хорижий босқинга қарши курашувчи асосий ўйинчига айланди ва унинг "ал-Қоида"нинг илк принципларидан фарқ қилувчи глобал истаклари ва ғоялари пайдо бўлди.

2006 йилда у бошқа экстремист гуруҳларни ҳам ўзига қўшиб олди ва Ироқ Ислом Давлати номини қабул қилди.

2011 йилан кейин у уруш кетаётган Сурияга кенгайиб, ўзини Ироқ ва Шом Ислом Давлати (ИШИД) деб қайта номлади ва "ал-Қоида"дан узоқлашиб, ўзини халифалик деб эълон қилди.

Ислом талқини

Толибон, "ал-Қоида" ва ИШИДнинг муштарак жиҳати уларнинг сунний Исломнинг муросасиз талқинини қабул қилганидир.

Лондон Қирол Коллежи ўқитувчиси Мишел Гроппи шундай дейди: "Ҳар учала гуруҳ ижтимоий ва сиёсий ҳаётни диний ҳаётдан ажратиб бўлмайди деб ишонади".

"Улар иймон йўлида зўрлик ишлатишни оқлайди. Шунингдек, курашни улар бурч санайди: урушмаган мусулмон ёмон мусулмон", дейди у Би-би-сига.

Покистондаги мусулмонлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳар уч жангари гуруҳ ҳам иймон йўлида зўрлик ишлатишни оқлайди

Гроппининг айтишича, бундай қараш мутлақо бошқа хавф муҳитида ёзилган муқаддас матнларни айнан тушунишдан келиб чиққан.

"Библия каби Қуръонда ҳам қаттиқ оятлар бор. Аммо мусулмонларнинг катта қисми ўша қаттиққўл принципларни инкор қилади. Улар бу қоидалар Исломнинг аввалида, у хавф остида бўлганда ўринли бўлган дейишади. Жиҳод, муқаддас уруш ўша вақтда маънога эга эди."

Ана шундай муштарак жиҳатга қарамай, Толибон, "ал-Қоида" ва ИШИД ўз мақсадларига кўри турли даражада экстремизмни намоён қилади. Айрим экспертлар фикрича, шу нарса учаласи ўртасида асосий фарқни юзага келтирган.

Мақсадлари

Толибон Афғонистон билан челанишини айтса, "ал-Қоида" ва ИШИД глобал амбицияларга эга.

Толибон охирги марта 1990-йилларда Шариатни жорий қилган, жумладан, аёллар учун қаттиқ қоидалар, қаттиқ жазолар, жумладан, омма олдида қатл қилиш, дарра уриш ва қўл кесишларни амалга киритган.

Тарих яна такрорланиши мумкин деб ўйлаган афғонлар толиблар ҳокимиятга қайтиши билан омматан қочишга ҳаракат қилди.

Вашингтондаги Жоржтаун университетидан Яқин Шарқ ва ва террорчилик бўйича экперт Дэниел Байманнинг айтишича, "ал-Қоида" ва ИШИД янада радикалроқ.

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон Афғонистондаги фуқаролик уруши ва 80-йиллардаги Советлар ишғолига қаршилик ҳаракатидан пайдо бўлган

Толибон "Афғонистонда идеаллаштирилган мусулмон ўтмишини тиклашни мақсад қилган" бўлса ҳам, бошқа мамлакатларни ўзгартиришга уринмайди", дейди у Би-би-сига.

Байманнинг айтишича, гарчи "ал-Қоида" ҳам, ИШИД ҳам глобал амбицияли ва халифалик қуриш иштиёқида ёнса ҳам, улар муҳим нуқтада фарқланади.

"ИШИД ҳозир халифалик қуришни истайди, "ал-Қоида" эса бунга ҳали эрта дейди. Улар жиҳодчилар ва мусулмон олами бунга тайёр эмас деб ишонади. "Ал-Қоида" учун халифалик қуриш энг биринчи эришиладиган мақсад эмас."

Душманлари

Толибон, "ал-Қоида", ва ИШИД узоқ ва яқин душманларга эга.

АҚШ ва Ғарб биринчилар орасида. Кейингилари ичида уларнинг иттифоқчилари ва дунёвийликни қабул қилган давлатлардир.

"Аввал бошдан ИШИД "ал-Қоида"га нисбатан шафқатсизроқ бўлган ва Ғарбга қарши урушдан ташқари уз мафкурасини қабул қилмаган бошқа мусулмонларга қарши ҳам урушни бошлади", дейди Байман.

АҚШ собиқ президенти Жорж Буш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ собиқ президенти "террорга қарши уруш" очган ва 2001 йилда Афғонистоннинг ишғолига буйруқ берган

Яна бир муҳим фарқ АҚШ "ал-Қоида"нинг бош душманилигича қолган. ИШИД эса Яқин Шарқдаги шиа жамоалари ва бошқа диний озчиликларга ҳужумларни давом эттирмоқда.

Ҳатто "ал-Қоида" ҳам шиаларни муртад ҳисобласа ҳам, уларни ўлдиришни жуда меъёрдан ошиш, ресурсларни бекорга совуриш ва жиҳодий лойиҳаларга зарар бериш деб билади.

Толибоннинг ҳокимиятга келиши бошқа тафриқаларни ҳам пайдо қилди. Зеро ИШИД толибларни АҚШ билан музокара олиб боргани учун "хоин" деб ҳисоблайди", дейди Гроппи.

Шунга қарамай, улар учинчи бир гуруҳ орқали Толибон билан боғланади.

Экспертларнинг айтишича, Афғонистондаги ИШИД билан Толибонга кучли боғланган Ҳаққоний тармоғи ўртасида кучли алоқалар бор.

Усуллари

"Ал-Қоида" 2001 йил 11 сентябрда Нью Йоркдаги эгизак биноларга қилинган ҳужуми билан танилган.

Ана шундай жуда кучли таъсирга эга усуллар орқали ташкилот ҳар ерда мусулмон жангчиларни илҳомлантириш, АҚШни Яқин Шарқ, хусусан Саудия Арабистонидан чиқариб юборишни кўзлайди.

Нью-Йорк

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Ал-Қоида" 2001 йилнинг 11 сентябрь куни Нью-Йорк ва Вашингтонда амалга оширилган ҳужумлар ортида тургани ишонилади

Унинг пропагандаси жиҳод ҳар бир мусулмон учун фарзлиги, аммо "ал-Қоида"нинг мақсадлари маҳаллий мақсадлардан кўра муҳимроқлиги ҳақидаги ғояга асосланади.

Байменнинг айтишича, ИШИД ҳам шу нарсаларни таъкидлайди, "аммо анча шафқатсиз ёндашув билан".

"ИШИД учун террорчилик инқилобий урушнинг бир қисмидир. Улар ўз назоратларидаги ҳудудларда қатлиомлар, омма олдида бош олишлар ва зўрлашларни амалга оширган. Улар маҳаллий аҳолини ўзига бўйсундириш учун қўрқувда ушлайди. "Ал-Қоида" эса нисбатан юмшоқроқ усулларни қўллайди."

2014 ва 2017 йиллар оралиғида ИШИД Сурия ва Ироқда ўз ҳудудини кенгайтириб юборди. Сўнг уни Ғарб ва курд кучлари ҳамда Россия қўлловидаги Сурия кучларига бой бера бошлади.

2019 йил мартида Суриядаги охирги ҳудудини қўлдан бергач, халифалик тугатилди деб эълон қилинди ва ИШИД яширин тармоққа айланиб, хавф солиб турибди.

ИШИД Х 26 август куни Кобул аэропорти ташқарисида террор ҳужуми амалга ошириб, 170 нафарча одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Гуруҳ мамлакатдаги озчилик гуруҳларга қарши ҳужумларни ҳам амалга оширмоқда.

Дафн маросими

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 26 август куни Кобул халқаро аэропорти ташқарисида амалга оширилган ва ИШИДнинг Хуросон қаноти масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан ҳужум 200 га яқин кишини ўлдирган

Толибон уруш тактикаларидан фойдаланган, кейинги ҳафталарда катта шаҳарлар ва ниҳоят Кобулни эгаллаш учун афғон ҳукумати ва хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларни амалга оширди.

Толибон жангарилари афғон аскарларини қатл қилгани, айниқса, аёлларга қарши оғир жазолар ва чекловлар жорий қилгани учун айбловлар янграган.

Шунга қарамай, Гроппининг айтишича, гуруҳ "айниқса, қишлоқ жойларда мамлакатдаги илдиз отган коррупция каби муаммоларни еча олишларига" маҳаллий аҳолини ишонтириш орқали ҳам илгарилай олган.

Одам ёллаш

Толибон, "ал-Қоида" ва ИШИД ўз мақсадлари йўлида курашиш учун маҳаллий аҳолини ёллай олган.

Буни жиҳод уларнинг динини сақлаш учун ёрдам беришига ишонтириш орқали қилади.

Глобал амбициялари билан "ал-Қоида" ва ИШИД Яқин Шарқдан бошқа ҳудудлардан ҳам одам ёллашнинг уддасидан чиққан.

Ироқ ва Суриядаги ҳудудига одамларни жалб қилиш учун интернет кучига кўпроқ суяниб, "ИШИД бу жиҳатдан энг муваффақиятлиси бўлди", дейди Гроппи.

Париждаги 2015 йилги ҳужум қурбонларини хотирлаш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИД Ғарбдаги экстремистларни ўз давлатларида ҳужум уюштиришга тарғиб қилган

Байман бунга қўшилади: "ИШИДнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳайратланарли бўлди, улар ташкилот билан оз ёки умуман алоқаси бўлмаган, Ироқ ва Сурияга сафар қила олмайдиган Ғарбдаги одамларни ҳам ўз юртларида террор ҳужумлари уюштиришга яхши сафарбар қилди".

Улар орасида 2015 йилги Париж ҳужуми ҳам бўлиб, унда айримлари уруш зоналарида ҳам бўлган ИШИД жангарилари 130 одамни ўлдирди. Бу ҳужум Францияда тинчлик давридаги ўн йиллар давомида кузатилмаган энг ёмони бўлди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek