Кийими, сочи ё соқолини ўзгартирмаган Толибон ғоясини ўзгартирармиди? Video Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Афғон аёлларини олдинда мавҳумлик кутмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғон аёлларини олдинда мавҳумлик кутмоқда
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Замонавий тарихда энг кўп қўрқувга сабаб бўлган гуруҳлардан бири Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Толибон аёлларга ўқиш ва ишлаш учун Ислом қонунчилиги доирасида рухсат этилади демоқда. Аммо кўпчилик келажагидан хавотирда.

Биз Америка учун ишладик, улар эса бизни Толибонга ташлаб кетишди - BBC News O'zbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Толибоннинг йигирма йил илгариги ҳокимияти аёлларга қарши шафқатсизликлар - бошини танасидан жудо этиш, тошбўрон қилиш ёки мажбуран бурқага киритиш билан ёдда қолган.

Жангарилар қувилгач, афғон аёллари сезиларли ютуқларга эришди - улар орасидан вазирлар, ҳокимлар, судьялар ва полиция офицерлари чиқди. Ҳозир эса улар охири нотайин йўл бошида турибди.

Беш нафар нуфузли аёл Би-би-сига ўз келажаклари олдидаги хавотирларини сўзлаб берди.

"Кураш ва қурбонлик лозим"

Аёл журналистнинг олий мартабали мулозим олдида ўтириб, ундан интервью олиши дунёнинг катта қисми учун унчалик янгилик эмас.

Аммо Толибоннинг хотин қизларни таҳқирлаш билан боғлиқ тарихини эсда тутсак, унинг етакчиларидан бири Мавлавий Абдулҳақ Ҳемад "Tolo News" журналисти Беҳешта Арғандга интервью беришга рози бўлганида кўпчилик ҳайратда қолди.

Толибон лидери илк бор ТВ студияга келиб, аёл журналистга интервью берди

Сурат манбаси, Tolo News

Сурат тагсўзи, Толибон лидери илк бор ТВ студияга келиб, аёл журналистга интервью берди

Сешанба кунги интервью бошқа бир анъанани ҳам бузди: биринчи марта Толибон етакчиси ТВ студияда саволларга жавоб берди. Бу каби зоҳирий муросаларга қарамай, Арғанд ҳамон Толибондан шубҳа қилади.

"Улар "афғон аёллари билан муаммомиз йўқ, биз уларнинг ишлашини қўллаймиз", дейишади. Аммо барибир қўрқяпман", деди у Би-би-сига.

Унинг айтишича, унинг Кобулдаги студияси ва шаҳар ўзгарган. У меҳмонлари билан баҳсли масалаларда эркин мулоқот қила олмай қолган. У ҳар бир сўзини саралаб гапиради.

"Бир икки ойдан сўнг Толибон биз учун қонунлар чиқаради. Менимча, улар бизга ўзимиз истагандек ишлашга рухсат бермайди. Мустақил бўлишимизни оғирлаштиришади."

"Ҳозир улар бирор реакция кўрсатмаяпти, аммо эҳтиёт бўлишимиз керак. Мен жуда эҳтиёт бўляпман."

1990 йиллар охири, 2000 йиллар бошларида Толибон Афғонистонни Шариатнинг қаттиқ талқинига асосланган ҳолда бошқарган, телевизорлар, мусиқа ва кино тақиқланган. Улар қувилган йилларда ўнлаб ТВ тармоқлари, 170 дан ортиқ FM радио станциялар ташкил қилинди.

Толибон қудратга қайтган заҳоти айрим ТВ каналлар аёл бошловчиларни чиқармай қўйди, ҳатто сиёсий мавзудаги дастурларни исломий мавзудагиларга ўзгартирди.

Репрессиялар бирдан бошланиб кетмагани учун аксар каналлар одатий дастурларга қайтди.

Охирги матбуот анжуманида ҳозир 39 миллион аҳолини бошқараётган Толибон ҳатто аёллар "Ислом қонунчилиги рухсат берган доирада" ишлаши ва ўқиши мумкин деди.

Беҳешта Арғанд Толибон бошқаруви остида мустақил журналистлик жуда қийин бўлишидан хавотирда

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Беҳешта Арғанд Толибон бошқаруви остида мустақил журналистлик жуда қийин бўлишидан хавотирда

Аммо сешанба куни (17 август) бошқа бир бошловчи Хадича Амин ижтимоий тармоқда Толибон уни ва бошқа аёл ходималарни давлат телекомпаниясидан бўшатганини маълум қилди.

Кўп жойларда жангарилар аёлларни ишга боришига чек қўйди. Айрим аёллар Би-би-сига қўрқув сабабли ҳеч ерга бормаётганини айтмоқда.

Арғанд студияга қайтди, чунки жуда муҳим паллада у керак бўлиб қолди.

"Ўзимга ўзим "бор" дедим... Афғон аёллар учун жуда муҳим вақт ҳозир."

У ишига кетаётганда йўлда Толибон одамлари тўхтатиб, ундан нега ёлғиз кетаётганини, нега Шариат талаби бўйича эркак ҳамроҳисиз кўчага чиққанини сўрашган.

"Ҳозир яхши аҳволда эмасмиз. Афғон аёллари учун яхши бўлмаётганини биламиз. Келгуси авлодлар учун кураш ва қурбонлик лозим."

"Аввалги Толибонга ўхшамайди"

Афғонистоннинг аксарият чекка ҳудудларида тиббий хизмат деярли йўқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистоннинг аксарият чекка ҳудудларида тиббий хизмат деярли йўқ

Хусусий клиникаси бўлган ва Кобулдаги касалхонада ишлайдиган бир гинекологнинг Би-би-сига айтишича, унинг ишига сиёсий талотўплар ҳалал бермаган.

"Уч кун ўтиб ишга келдим. Вазият доимгидек", дейди исми сир қолишини истаган шифокор.

Унинг айтишича, аёл шифокорлар касалхона ва хусусий клиникаларидаги ишларини давом эттиришлари мумкин.

Айрим жойларда Толибон одамлардан ишга чиқишни сўрамоқда, аммо қўрқув боис, кўпчилик чиқмай ўтирибди, дейди у.

"Кўплаб докторлар ва ҳамширалар қўрққанидан ва Толибонга ишонмаганидан касалхонага чиқмаган."

Афғонистонда ҳозир ҳамшираликка ўқиган хотин-қизлар кўп. Аммо улар энди ишлай олиш-олмасликларидан қўрқувда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистонда ҳозир ҳамшираликка ўқиган хотин-қизлар кўп. Аммо улар энди ишлай олиш-олмасликларидан қўрқувда

Афғонистондаги аксар қишлоқ жойларда соғлиқни сақлаш даражаси минимал ёки умуман йўқ, амма давлат оналар ўлимини камайтириш учун ҳамшира ва акушерлар сонини ошириш чораларини кўриб келаётган эди.

Ҳозирча кобуллик гинеколог оптимистик кайфиятда. Касалхонага боришда у кўчаларда одам камайганини кўрган, дўконлар ёпиқ, аммо йўлда Толибон унинг либосини текшириб, тўхтатмаган.

"Аввалги Толибонга ўхшамайди. Аввалгиларга нисбатан яхшироқ."

"Аёллар масаласи кун тартибида эмас"

Фарзона Кочай Толибон аёлларни ҳам ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузадими йўқми, номаълум, дейди

Сурат манбаси, Farzhana Kochai

Сурат тагсўзи, Фарзона Кочай Толибон аёлларни ҳам ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузадими йўқми, номаълум, дейди

250 аъзолик афғон парламентининг 27 фоизи аёлларга ажратилганди. Ҳозир 69 нафар аёл депутут бор.

Аммо Толибон раҳбариятида бирорта ҳам аёл йўқ. Улар аёлларни ҳам ўз ичига олган инклюзив ҳукумат тузадими йўқми, номаълум.

"Уларнинг кун тартибида нима турибди, билмаймиз. Бизнинг хавотиримиз шуки улар аёллар ҳақида ҳеч нарса дейишмади", дейди депутат Фарзона Кочай.

Унинг айтишича, таркибида аёллар бўлмаган ҳукумат на халқаро ҳамжамият томонидан ва на фуқаролик жамияти томонидан масъулиятли деб қаралади.

"Биз аёллар жамиятдан четга чиқарилмаслигимиз керак. Ўз ишимизни давом эттиришимиз, ҳукуматдаги ва ҳар ердаги ўрнимизни сақлашимиз керак."

Шу пайтгача Афғонистон парламентидаги ўринларнинг 27 фоизи хотин-қизлар учун ажратиб келинган

Сурат манбаси, Farzhana Kochai

Сурат тагсўзи, Шу пайтгача Афғонистон парламентидаги ўринларнинг 27 фоизи хотин-қизлар учун ажратиб келинган

Айрим аёллар иш ва ўқишга қайтаётганини тан олса ҳам, кўчадаги озгина аёллар каби кескин ўзгаришлардан у ҳам қаттиқ хавотирга тушиб қолган.

"Ҳамма аёллар ҳам қўрқиб, уйига қамалиб олмаган", дейди у.

"Аммо аёллар ижтимоий, психологик ва сиёсий жиҳатдан ўзгарди. Кўпчилигимиз беркиняпмиз. Биз ҳатто ижтимоий тармоқларда бўла олмаймиз, ишимизни давом эттира олмаймиз, уйимиздан ташқари чиқа олмаймиз."

"Аёллар Кобулда кўп бурқа сотиб оляпти. ТВ экранларидан аёллар йўқолиб қолди. Бошқа жойлардан ҳам."

Ҳатто Толибон ҳокимиятни олишидан олдин Кочайга қуролли гуруҳлар таҳдид қилган. Экстремизмга танқидий муносабатда бўлган аксар аёллар ҳозир яширинган.

26 ёшида ҳокимликка тайинланиб, мамлакатнинг энг ёш ҳокими бўлган Зарифа Ғафарий ҳам Толибон келиб уни ўлдиришини кутаётганини айтади.

"Улар қачон келаркин деб кутиб ўтирибман. Менга ёки оиламга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ. Эрим ва оила аъзоларим билан шунчаки ўтирибман. Улар мен кабиларни излайди ва ўлдиради", дейди Зарифа британ онлайн газетаси "Independent"га.

"Уларга ишонмайман"

Кўплар Толибон қизларнинг ўқишига рухсат берар, деган умидда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўплар Толибон қизларнинг ўқишига рухсат берар, деган умидда

Афғон муаллима ва инсон ҳуқуқлари фаоли Паштуна Дурронийга кўра, Толибоннинг аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги гаплари ва уларнинг амалда қилаётганлари бошқа бошқа нарсалар.

У Би-би-сига бу исломчи гуруҳ учун аёлларнинг қайси ҳуқуқлари маъқул келишини билишни исташини айтади. Улар ўтмишда аёлларни бурқага ўраган, 10 ва ундан катта ёшдаги қизларга таълимни тақиқлаган.

Дурроний хонимнинг айтишича, ҳаётига хавф бўлса ҳам, у очиқ гапиришни истайди.

"Бугун курашишим керак, токи келажак авлод бу каби зиддиятлар ичида яшамасин."

Дурронийнинг айтишича, Толибон етакчилари аёллар ҳуқуқлари борасида жуда мужмал гапиряпти, аммо уларнинг аскарлари ўзини худди кутилганидек тутяпти.

"Ҳиротда қизлар университетга бора олмай қолган. Қандаҳорда банкда ишловчи аёлларни уйларига жўнатишиб, ўринларига эркак қариндошлари келиб ишласин дейишибди.

Толибон турли давлатлар ўзини тан олишини, Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб эътироф этишини истамоқда. Аммо айни пайтда улар амалда нима қиляпти?

Улар ё кўчадаги аскарларини бошқара олмаяпти ёки легитимлик хоҳлайди, аммо бунинг учун ишлашни истамайди. Икки ҳолат бор бу ерда."

Дурроний хоним, шунингдек, Толибон "аёллар ҳуқуқи" деганда нимани назарда тутганини ҳам савол остига олади.

Дурроний хоним Толибоннинг айтаётган сўзлари билан қилаётган ишлари бир-бирига қанчалик мос келаётганидан хавотирда

Сурат манбаси, BBC

Сурат тагсўзи, Дурроний хоним Толибоннинг айтаётган сўзлари билан қилаётган ишлари бир-бирига қанчалик мос келаётганидан хавотирда

"Улар аёлларнинг бемалол ҳаракатланиш ҳуқуқини назарда тутмоқдами, ижтимоий ҳаётда қатнашиш ҳуқуқиними ёки сиёсий ҳуқуқлари, вакил бўла олиш ва овоз бериш ҳуқуқиними?" дейди у.

Германия аёллар ҳуқуқи таъминланмаса, Афғонистонга ёрдамни тўхтатишини айтди. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Толибон глобал етакчиларнинг дастагини олиш илинжида аёлларга бир қадар эркинлик бериши мумкин.

Малала фондининг Таълим фидоийси мукофотини олган Дурроний агар Толибон қизларнинг мактабга боришини тақиқласа, интернет орқали таълим олишлари керак деб ҳисоблайди.

У жангарилар мактаб дастурларини ҳам ўзгартиришидан хавотирда.

"Қизлар умумий мактаб дастурини давом эттирадими ёки шундоғам ҳар бир афғон ўрганадиган диний таълим билан чекланадими?" сўрайди у.

"Бу борада уларга ишонмайман."

"Истаганим биргина озодлик"

Афғон пойтахтида яшовчи, ўзини Озода псевдоними билан аташимизни истаган ёш тадбиркор аёл Толибоннинг ваъдаларига ишонмайди.

"Озода озод дегани. Истаганим биргина озодлик. Мана нима учун шу исмни танладим", дейди у Би-би-сига.

У янги ҳукмдорлардан қўрқмоқда ва биргина нарсани сўрамоқда:

"Мен барча афғонлар иштирок этадиган янги ҳукумат истайман. Толибон ҳам, қаршилик ҳаракати гуруҳлари ҳам, барча дин ва мазҳаблардан вакиллар бўлган ҳукумат. Агар шундай бўлса, янги мамлакат, янги келажакка эга бўламиз. Ҳатто яхшироқ келажакка ҳам."

Энди афғон аёлларининг бизнеси ҳам хавф остида қолган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Энди афғон аёлларининг бизнеси ҳам хавф остида қолган

Аммо реаллик шафқат қилмаяпти. У аллақачон иқтисодий эркинлигини йўқотган, чунки бизнесини ёпишди. Ҳамма мамлакатдан қочаётганда Озода ундай қила олмайди.

Эски Толибон хотиралари уни қийнайди. Улар ўшанда аёлларга нисбатан тажовузкор эди ва ҳозир улардан яхшироғини кутмайман дейди у.

"Улар кийимларини, сочларини, соқолларини ўзгартирмаган, ғоясини ўзгартирармиди? Бунақа мишмишларга ишонмайман", деб изоҳлайди у.

Агар Толибон аёлларни ва бошқа этник гуруҳларни ажратиб қўйса, зўравонликлар яна янгидан бошланади.

"Уруш бўлади. Агар курашмасак, яшамаймиз. Мен курашишни истайман. Ҳаётимни йўқотишим мумкин. Нима қилибди? Жасур бўлишим керак. Афғонистондан қоча олмайман. Бу ягона танлов."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek