Афғонистон: АҚШ кетди, Толибон хурсанд, буни байрам қилмоқда video Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

C17 Кобул халқаро аэропортини тарк этмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўтган тунда сўнгги АҚШ самолёти ҳам Афғонистонни тарк этди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирлигига якун ясади. Сўнгги Америка аскари ҳам Афғонистонни тарк этди. Афғонистон яна Толибон бошқаруви остига ўтди.

АҚШ кучлари ва уларнинг иттифоқчилари сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистондан 123 мингга яқин одамни эвакуация қилишга улгуришди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Уларнинг 6 минг нафари Америка фуқаролари экани айтилди.

Аммо хорижликлар учун ишлаган кўплаб афғонлар бунга муваффақ бўлишмади, ортда қолишди.

Бутун жараёнга масъул генерал Фрэнк Маккензи буни АҚШ тарихидаги "энг йирик" фуқаровий эвакуация, деб атади.

АҚШнинг Афғонистонни бу тариқа тарк этиши мамлакатнинг ўзида ҳам бир хилда ижобий қарши олинмади.

Республикачилар Жо Байденни яна бир бор шошқалоқликда танқид қилишди.

Афғонистонда минглаб америкалик қолиб кетганини даъво қилишди.

АҚШ Давлат котиби эса, аввалроқ 100-200 тача фуқаролари ҳануз Афғонистонда эканини билдирганди.

Аксарият демократлар уларни олиб чиқиб кетмасдан қўймасликларини такроран ваъда қилишди.

Орада Натодаги қатор иттифоқчилари худди шу каби хавотирлари боис, АҚШга мурожаат қилишган.

Толибон билан гаплашиб, чиқиб кетишлари учун ўзлари белгилаган якуний муҳлат - 31 августни узайтириш масаласида келишиб олишини сўрашган.

Аммо ҳаракатнинг бунга рози бўлмагани маълум бўлганди.

Толибон 15 август куни пойтахт Кобулга кирган, деярли бутун мамлакат назоратини қўлга киритган ва афғон уруши туганини эълон қилган.

Толибон тантанаси

Кобул халқаро аэропортига ракета ҳужуми уюштирилган машина

Сурат манбаси, EPA

Ўтган тунда сўнгги АҚШ самолёти ҳам Афғонистонни тарк этаркан, толиблар буни тантана қилишни Кобул аэропортидаёқ бошлаб юборишган, қуролларидан осмонга қарата ўқ узишган.

Бунга ўхшаш хурсандчиликлар бугун эрта тонгданоқ бутун Кобул бўйлаб кузатилганига оид хабарлар бор.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, ҳатто Толибон раҳбариятининг айрим аъзолари ҳам аэропортга келишган, журналистларга интервью беришга киришишган.

Ҳаракат воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид "бутун Афғонистонни табриклаган", "бу - барчанинг ютуғи" эканини айтган.

"АҚШ ва дунё билан яхши муносабатда бўлиш"ни хоҳлашларини таъкидлаган.

У, "Афғонистон энди тўлиқ мустақил бўлгани"ни баён қилган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид, шунингдек, Толибон жангариларини афғон халқига нисбатан яхши муносабатда бўлишга ҳам чақирган.

Унинг сўзлаётгани акс этган видеотасвирларни ҳаракатнинг тарғибот веб-сайтини юритувчи Тариқ Ғазнивал жойлаган.

Афғонистон Толибон бошқаруви остига ўтаркан, мамлакатдаги хотин-қизлар, болалар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари мавҳум келажак қаршисида қолишган.

Кўпчилик Толибоннинг янги ҳукумати қандай бўлиши ва иқтисоди абгор бир шароитда уларнинг мамлакатни қай йўсин бошқаришидан хавотирда.

Зўравонликлар

Вайрон қилинган машина
Сурат тагсўзи, Қурбонлар яқинлари уларнинг ИШИДга ҳеч бир алоқаси бўлмаганини айтишмоқда

Америкаликларнинг Афғонистондаги сўнгги куни зўравонликлар билан кечган.

Эвакуация жараёни ҳали давом этаркан, кеча, 30 август куни Кобул халқаро аэропортига бир нечта ракета отилган.

Ҳужумга масъулиятни яна ИШИДнинг Хуросон қаноти олиб чиққан, аммо АҚШ ҳарбийлари улар отган ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлишган.

Худди шу манзарада АҚШнинг ИШИД жангариларига қаратилган якшанба кунги ҳаво ҳужуми бир оиланинг 10 нафар аъзосини ўлдирганлигига оид хабарлар чиққан.

Қурбонлардан олти нафарининг болалар экани айтилган.

Америка томони буни ўрганаётганлигини билдирган.

Ундан аввал эса, дрон ҳужумидан нишон ИШИДнинг ҳужумчиси бўлганини маълум қилган.

Дрон ҳужуми "муқаррар таҳдид"ни аритиш учун амалга оширилганини таъкидлаган.

Афғонистонда энди АҚШнинг бирор бир миссияси қолмаган.

Дипломатик ваколатхонаси Қатар пойтахти Доҳага кўчган.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг ўзи расман маълум қилган.

АҚШ ва иттифоқчиларининг 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги эса, афғон можаросига барҳам бера олмади.

Толибон Афғонистонни яна қуролли йўл билан эгаллади.

Ҳаракат Исломий Амирлиги АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция томонидан қулатилишидан 20 йил ўтиб, мамлакатда яна қудратга қайтди.

Ҳозирча дунёнинг бирор бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб тан олмаган.

Ҳаракат "очиқ", "инклюзив", аммо исломий бўлишини ваъда қилган янги ҳукумати таркибини ҳалича тўлиқ эълон қилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek