Толибоннинг Амир ал-Мўъминини Афғонистонга қайтди - video Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Маълум бўлишича, Мавлавий Ҳибатулла Охундзода ҳозир жанубий Қандаҳор вилоятида. Қандаҳор Толибоннинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси саналган. Ҳаракат воизига кўра, Амир ал-Мўмининлари тез орада халққа кўриниш беради.
У ҳаракатнинг Олий қўмондони, сиёсий, диний ва ҳарбий масалалар бўйича Олий раҳбари саналади.
Олий етакчиларининг Афғонистонга қайтганини Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид шу якшанба куни маълум қилган.
Орадан икки кун ўтиб, бугун, сешанба куни 20 йиллик ҳозирликлари ортидан сўнгги Америка ҳарбийси ҳам Афғонистонни тарк этган.
Биз Америка учун ишладик, улар эса бизни Толибонга ташлаб кетишди - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мавлавий Ҳибатулла Охундзода Толибоннинг учинчи лидери, ҳаракатни 2016 йилнинг май ойидан буён бошқариб келади.
Ёши 60 ларда, орада унинг вафотига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо мустақил манбалардан ўзининг исботини топмаган.
Афғонистонга қайтгани хабар қилингунга қадар Мавлавий Ҳибатулла Охундзоданинг айнан қаерда бўлгани маълум эмас.
Аммо, экспертларга кўра, у Покистоннинг Кветта шаҳрида жойлашгани айтилувчи Афғонистон Толибон ҳаракати лидерларининг "Кветта шўроси" билан ҳануз яқин алоқада.
Мавлавий Ҳибатулла Охундзоданинг сиёсий масалалар бўйича муовини, ҳаракатнинг тўртта ҳамасосчисидан биттаси ва сиёсий қанотининг раҳбари эса, қарийб икки ҳафтадирки, Афғонистонда.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд толиблар Афғонистонни эгаллашидан икки кун ўтиб, 17 август куни мамлакатга қайтган, у ҳам аввалига жанубий Қандаҳор вилоятига келган ва кейин Кобулга ўтган.
Афғонистонга сафарида унга Толибоннинг бошқа бир қатор юқори мартабали мулозимлари ҳам ҳамроҳлик қилишгани айтилган.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг ҳам Афғонистонга айнан қаердан учиб келгани номаълум қолган.
Аммо у ва Толибон сиёсий қаноти етакчиларининг аксарияти Доҳада фаолият юритиб келишган.
Толибон сиёсий лидерининг ҳозир пойтахт Кобулда янги ҳукумат тузиш масалаларини муҳокама этаётгани айтилади.
Афғонистондаги бўлажак янги ҳукуматни айнан ким бошқариши ҳозирча маълум эмас.
Мавлавий Ҳибатулла Охундзода

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
Мавлавий Ҳибатулла Охундзода Афғонистон Толибон ҳаракатининг амалдаги лидери бўлади.
Ҳаракатни унгача асосчиларидан бири Мулла Умар ва Ахтар Мансур бошқарган.
Мулла Умарнинг 2013 йилда вафот этгани ишонилади. Ахтар Мансур 2016 йили ўлдирилган.
Мавлавий Ҳибатулла Охундзода худди ўша йили унинг ўрнини эгаллаган.
У ҳарбий эмас. Кўпроқ уламо одам сифатида танилган.
Охундзоданинг 1961 йилда Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида туғилгани айтилади. Аммо бу маълумотлар тасдиқланмаган.
Отаси қишлоқ имоми бўлган.
1980-йилларда у Совет қўшинларига қарши жанг қилаётган мужоҳидлар сафига қўшилган. Аммо жанг қилмаган.
Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб ўтган. Шимолий Кветта шаҳрига бориб ўрнашишган.
Охундзода худди ўша ерда ўзининг мадраса таҳсилини бошлаган.

Сурат манбаси, EPA
1994 йилда Мулла Умар ва унинг уч шериги томонидан Покистонда асос солинган Толибон ҳаракатига қўшилган.
Толибон ўша пайтда диний мактаблар радикал талабаларининг ҳаракати сифатида кўрилган.
Афғонистонда Толибоннинг Исломий Амирлиги амал қилган йилларда қозилик қилган. Шаръий маҳкамаларидан бирига масъул бўлган.
Толиблар ўша пайтда телевидение, кино, мусиқа, пардоз-андоз ва спортни тақиқлашган.
10 ёшдан катта қизларнинг мактабга чиқишига изн беришмаган.
Тошбўрон қилиш, қўлни кесиш ва омма олдида калтаклаш каби жазо чоралари амал қилган.
Бу ҳукмлардан қай бири Охундзоданики бўлгани маълум эмас.
Аммо у толибларнинг орасида энг анъанадори сифатида танилган.
Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзода одамлар кўз ўнгида деярли кўриниш бермайди, ошкора баёнотлар ҳам қилмайди.
Шу ой бошида ҳаракатнинг матбуот воизи Забиуллоҳ Мужоҳид унинг ҳануз Толибон етакчиси эканини тасдиқлаган.
Сиёсий, диний, ҳарбий - барча масалаларда сўнгги сўзни айнан Охундзода айтишини билдирган.
Унинг 23 ёшли ўғли 2017 йилда портловчи модда жойланган юк машинаси билан Афғонистон жанубидаги ҳарбий базага ҳужум қилган.
Худкушлик ҳужуми ўшанда катта шов-шувга сабаб бўлган.
Акаси эса, 2019 йили Кветта шаҳрида юз берган портлашда ҳалок бўлган.
Янги ҳукумат

Сурат манбаси, Reuters
Сиёсий лидери Афғонистонга қайтганига оид хабарлар манзарасида толиблар матбуот анжумани ўтказишган.
Кобулни ва қудратни эгаллашлари ортидан, илк бор халққа мурожаат қилишган.
Толибон матбуот воизи эса, биринчи марта камералар қаршисида кўриниш берган.
У Афғонистондаги барқарорлик ёки тинчлик учун ҳаммани афв қилганликларини айтган.
Ўзларининг ортиқ ички ва ташқи рақиб истамасликларини баён қилган.
Барча ҳукумат мулозимларини "кўнгилларини тўқ қилиб", ишга қайтишга чақирган.
Толибон сўзчиси янги ҳукумат ташкил топганидан кейин ҳамма нарса янада ойдинроқ бўлишини таъкидлаган.
Забиуллоҳ Мужоҳид ўзларининг ҳозир бу масала устида жиддий иш олиб бораётганликларини ҳам билдирган.
Ўз ҳукуматларини тез орада эълон қилишларини ваъда қилган.
Унинг очиқ, инклюзив, аммо исломий бўлишини айтган.
Янги ҳукуматлари таркибига айнан кимлар киришини ҳозирча очиқламаган.
Аммо шу кунларда энг муҳим ҳукумат лавозимларига ўз одамларини тайинлаётгани кўрилган.
Толибон ҳаракати бу гал ҳам қудратни куч билан эгаллаган.
Толиблар 15 август куни пойтахт Кобулга киришган ва уруш тугаганини эълон қилганлар.
Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани худди ўша куни мамлакатни тарк этган, ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
У яқинда тез орада яна Афғонистонга қайтишини айтган, аммо аниқ санасини очиқламаган.

Сурат манбаси, Reuters
Орада унинг вице-президент вазифасини бажарувчиси Амруллоҳ Солиҳ, мамлакат конституциясига мувофиқ, ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.
У ҳам ҳозир Панжшерда, Толибонга қарши кучлар билан бирга.
Панжшер Афғонистоннинг шу пайтгача толиблар қўлига ўтмаган ягона минтақаси бўлади.
Аммо Панжшер ҳозир улар қуршовида, Толибон яқинда водийга юзлаб жангарисини юборган.
Бу гал водийни ҳар томондан қамал қилган, уларнинг таъминот йўлларини кесиб қўйган.
Толибон воизи шу кунларда Панжшердаги ўзларига қарши кучлар билан музокаралар кечаётганини тасдиқлаган.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид уларнинг иш бериши эҳтимолини "60 фоизлар", деб баҳолаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















