Расмий Тошкент таваккал қилмаяптими? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Инсонпарварлик ёрдамини топшириш

Сурат манбаси, Twitter/ahmadullahwasiq

Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини олқишлаган, улар бошқаруви остидаги Афғонистонга катта миқдорда кўмак берган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати бўлади. Расмий Тошкент нима қилмоқчи?

Толибоннинг Афғонистонда яна қудратга қайтиши сўнгги ойларда аксарият ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаган воқеъликка айланган.

Худди шу фонда расмий Тошкентнинг бугунги сиёсати ҳам уларнинг эътиборларини тортган, сўнгги ҳафталарда кибер фазода улар томонидан энг кўп шарҳланаётган, аммо қарама-қарши муносабатларига сабаб бўлиб келаётган мавзулардан бири экани кўрилади.

Қарши томонни ўйлантираётган умумий савол эса, "Ўзбекистон таваккал қилмаяптими?", деган жумлада ўзининг ифодасини топаётгани кузатилади.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Ҳайратон кўприги

Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси, унга чегарадош бешта минтақа давлатидан биттаси.

Ўзбекистондан кейин дунёдаги энг катта - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи йирик давлат.

Ўз вақтида минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги чорак асрча вақт давомида бошпана топган, фаолият юритган ва ҳануз жон сақлаб келаётган мамлакат.

Толибон ва худди шу вақт оралиғида Афғонистонда жанг қилиб келган аксарият йирик жангари гуруҳлар эса, бу ўзбек жангари гуруҳининг ҳам яқин иттифоқчилари саналишган.

Шу йил 15 август куни Толибон ҳаракати Афғонистон назоратини ўз қўлига киритган, АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг мамлакатни тўлиқ тарк этишларига эришган ва аллақачон ўзининг муваққат ҳукуматини эълон қилишга муваффақ бўлган.

Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.

Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи саналади.

Ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 80 мингдан ошиши айтилади.

Иқтисод...

Мозори Шариф шаҳри

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг йирик давлатидир.

Расмий ҳисоб-китобларда мамлакат аҳолисининг сони 35 миллиондан ортиши айтилади.

Афғонистон эса, Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи бозорларидан бири бўлади.

Расмий Тошкент сўнгги йилларда ўзаро алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган минтақа давлати.

Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби лойиҳаларга бош қўшган.

Ўзбекистон Афғонистонда ўзининг иқтисодий манфаатларига эга.

Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.

Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.

Бу йўллар орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши ҳам айтилган.

Жаҳон бозорига денгиз орқали чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин бўлган мамлакат.

Чунки Афғонистон жўғрофий жойлашуви назарда тутилганда, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига боғлаши мумкин бўлган оралиқ давлатдир.

Толибон эса, келмасидан аввал ҳам, кейин ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга ваъда бериб келади.

ва сиёсат...

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон сўнгги йилларда ҳаракатнинг сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келган.

Ўзбекистон Афғонистонда қудратга қайтиши ортидан, Толибон мустақиллиги куни билан устма-уст расман қутлаган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Ҳаракат вакиллари ўз раҳбарлари номидан йўллаганликлари айтилган табрик мактубларида Ўзбекистон ҳукумати ва халқини "дўст", "биродар" ва "шерикларимиз", деб аташган.

Бунинг ортидан расмий Тошкент Толибон Афғонистонда тузган янги муваққат ҳукуматни ҳам биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан.

Бу Афғонистонда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолишига умид қилган.

Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Куни-кеча эса, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга катта миқдорда инсонпарварлик кўмагини кўрсатган саноқли давлатлардан бирига айланган.

Доимийси йўлида қўйилган жиддий қадам экани айтилганига қарамай, Толибоннинг янги муваққат ҳукумати дунё бўйлаб танқидлар билан қарши олинган.

Таркиби инклюзив эмаслиги ва зиддиятли экани талқинида жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Бу Афғонистонда янги нотинчликларга сабаб бўлиши эҳтимоли борасида янги қўрқувларни ҳам пайдо қилган.

Ўзбекистон илова ҳозирча дунёнинг бирор бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб тан олмаган.

Афғонистонни айнан қуролли йўл билан эгаллагани боис, йирик донорлар Афғонистонга бериб келган катта миқдордаги молиявий ёрдамларини тўхтатишга киришишган.

Худди шу манзарада толибларнинг иқтисоди абгор бир мамлакатни қайта оёққа қўйишга қанчалик қодир бўлишларига оид саволлар, жиддий хавотирлар ўртага чиққан.

Расмий Тошкент таваккал қилмаяптими?

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, FACEBOOK

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

"Сиёсат - бу манфаатларга эришиш санъати ҳисобланади.

Ўзбекистон Толибон билан алоқаларни амалга ошириб, хом таваккалчилик қилаётгани йўқ.

Афғонистон - Ўзбекистоннинг қўшниси, толиблар эса бу давлат ҳокимиятига келишга эришган жиддий куч, барқарор ва инкор қилиб бўлмас омил.

Дунёнинг бошқа давлатларида Афғонистондаги вазиятга идеализм ёки реализм призмаси орқали қараб, толиблар билан мулоқот қилиш ёки қилмаслик танлови мавжуд.

Лекин Афғонистоннинг яқин қўшниларида толибларни инкор қилиш ва узоқ муддат бу ҳаракат бошчилигидаги Афғонистон билан муносабатлар ўрнатмаслик имконияти жуда тор ёки мавжуд эмас.

Ўзбекистон толиблар Афғонистони билан ижобий мулоқотларни йўлга қўйиб, дунёнинг кам сонли ва биринчи давлатларидан бири бўлиб, бу давлатга маънавий, сиёсий ва моддий ёрдамлар қўлини чўзар экан, расмий Тошкент - айни совуқ прагматизм билан иш юритмоқда.

Лекин бу прагматизм "минтақавий ҳамкорлик", "биродарлик ришталари", "қўшни давлат, халқ ва миллатга эҳтиром ва эътибор" қадриятлари билан суғорилган.

Расмий Тошкент толиблар Афғонистонига моддий ёрдам қўлини чўзар экан, ижобий муждалар йўллаш, юқори дипломатия орқали Афғонистонда шаклланаётган янги давлатчилик, янги сиёсий кучнинг дунёқараши, мойилликлари, қалби, юрагини самимий ва биродарона алоқалар билан тўлдиришга уринмоқда.

Толиблар ўтган даврда қанчалик жангари ва қаттиққўл ҳаракат бўлмасин, улар учун оғир вақтларда чўзилган ёрдам қўлини унутмаслиги аниқ.

Яқин ойлар ва йиллар ичида толиблар Афғонистони жиддий иқтисодий, ижтимоий, сиёсий инқирозларни бошидан ўтказишади.

Ўзбекистон учун Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатишдан мақсад, бири - толиблар билан амалий ишонч ришталарини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчи ва асосий сабаб - қўшни давлатдаги ижтимоий тарангликни олдини олиш ҳисобланадики, бунинг салбий оқибатлари миллионлаб қочқинлар кўринишида Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларга таъсири ўта салбий бўлиши аниқ ҳисобланади.

Шу сабаб, толиблар Афғонистони билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидан кетаётган Ўзбекистон таваккалчилик йўлидан эмас, ўта прагматик, рационал ва масъулиятли курсни амалга оширмоқда".

Расмий Тошкент изоҳи

президент

Ўзбекистон Президенти Толибон қудратга келишидан саноқли кунлар ўтиб, амалий ташриф билан Навоий вилоятида экан, 27 август куни Афғонистондаги вазиятга тўхталган.

Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

Ўзбекистон раҳбари бунга қўшимча худди шу чиқишининг ўзида хавотир олишга ўрин йўқлигини ҳам таъкидлаган.

Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб туришгани, мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёрлигини баён қилган.

Президент Мирзиёев Афғонистон ўзларининг "жонажон қўшнилари" эканига ҳам тўхталган.

"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни айтганди.

Хабарларга кўра, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтаётган саммити чоғида Ўзбекистон президенти инсоний инқирознинг олдини олиш учун Афғонистоннинг чет эл банкларида сақланаётган пулларини музлатмасликка ҳам чақирган.

АҚШ банкларида Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлик маблағи қолаётгани айтилади.

Мирзиёев ШҲТ-Афғонистон форматида олий даражадаги учрашувларни ўтказиш таклифини ҳам илгари суриб, унинг дастлабкисига ўзларига мезбонлик қилишга шай эканликларини билдирган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти АҚШ, Ғарб қўшинлари чиқиб кетиши ортидан Афғонистондаги бугунги вазиятга ҳам қизиқиш ва ҳам хавотир билан қараётган Россия ва Хитой шамсияси остидаги минтақавий ташкилот бўлади.

Унинг раислиги бу йил Ўзбекистонга ўтади.

Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини маълум қилган.

Орада толиблар визаси бор афғонистонликларни аллақачон Ўзбекистонга ўтказишни ҳам бошлаганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири ўзаро чегарадаги вазиятни яқиндан кўришга имконли бўлмаган.

Яқинда мамлакат Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаётганини расман маълум қилган.

Ўзбекистон президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek