Журналист Ганиев ИИБ идорасида нега чўккалаб сўроқ берди? Вазирлик жавоби - video O‘zbekiston bloger dunyo yangiliklar

Судланувчилар

Сурат манбаси, Toshkent IIBB

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Журналист ва автоблогер Бобур Ганиев ва унинг икки ҳамроҳи 15 суткага қамалиши ижтимоий тармоқларда акс-садоларга сабаб бўлди. Уларга Йўл патруль хизмати ходимлари билан бўлган ҳолатни тасвирга олганлиги, оммани ўзига қаратганлиги ва орган ходимларининг талабларига бўйсунмагани учун қамоқ жазоси берилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

30 сентябрь куни асосан YouTube даги каналига Йўл патруль хизмати ходимлари билан боғлиқ видеоларни қўйиш билан таниқли бўлган Бобур Ганиев ва яна бир блогер Аброр Козубаев ҳамда Обид Салимовлар ўтирган Epica русумли автомобил тўхтатилади.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, автомобилда йўловчи сифатида ўтирган Бобур Ганиев ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган.

Шундан сўнг ҳодиса иштирокчилари Учтепа туман ички ишлар идорасига олиб кетилган.

1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Taftish.uz сайти махсус мухбири Бобур Ганиевнинг ерга тиз чўкиб ички ишлар органи ходимларининг саволларига жавоб бераётгани ҳақида видео сиздирилди.

Тошкент шаҳар ИИББ 2 октябрь куни журналист ва унинг икки хамроҳини Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди онлайн тарзда ҳукм ўқигани ҳақидаги видеони тақдим қилди.

Судя Бобур Ганиев томонидан орган ходимларига нисбатан ишлатилган "мент" сўзини YouTube да кўриб чиқиб, ҳақоратли деб топганни айтган ва уни Базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари бўйича жаримага тортган.

"Мен кўриб чиқдим, анақада, YouTubeда кўриб чиқдим, мент нима деган сўзини, ҳақоратли сўз деб топдим. 20 баробари миқдорида жарима қилдим", дейди Жиноят ишлари бўйича Учтепа судяси.

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Ганиев, Козубаев ва Салимовларга Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, Шунингдек, 195-моддаси Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш бўйича айбдор деб топилиб жаримага тортилган ва 15 сутка қамоқ жазоси белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судяси ушбу фуқароларни оммани ўзига қаратиш ва тасвирга олиш айблари билан қамаётганини айтган.

"195-модда, телефонга олганингиз ва оммани ўзингизга қаратганингиз учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинладим".

Shohruh G'iyosov

Сурат манбаси, kun.uz

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов блогернинг Ички ишлар идорасида ерга ўтирган ҳолатда сўроқ қилинишига ва видеонинг оммага тарқаб кетганлиги борасида Би-би-сига қуйидаги изоҳни берди.

"Нима учун ерга ўтирганини ўзидан сўраш керак, балки чарчагандир, чунки атайлаб ходимларни топиб, улар билан жанжал уюштириб, кейин видеоконтент ясаш ва тарқатиб уни ортидан пул топиш осон эмас, албатта. Видеони ижтимоий тармоқларга ёйилганлиги бўйича хизмат текшируви ўтказилмоқда", дейди Шоҳруҳ Ғиёсов.

Журналист ва унинг ҳамроҳларининг жазога тортилиши жамиятда акс-садоларга сабаб бўлди.

Комил Алламжонов

Сурат манбаси, facebook/komilallamjonov

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов автоблогерда ҳам айб бўлиши мумкинлигини, аммо 15 сутка оғир жазо эканлигини айтиб чиқди.

"Лекин нима бўлганида ҳам 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ушбу ҳолат учун жуда оғир жазо деб ўйлайман. Айниқса ушбу жазога тортиш учун келтирилган сабаблар тирноқ ичидан кир қидириб, зўрға қулоғидан тортиб чиқарилгандек кўринди. Кўплаб саволлар очиқ қолди. Ушбу ҳолатни прокуратура ўрганиб чиқиши ва муносабат билдириши керак деб ҳисоблайман", дейди Комил Алламжонов.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев судя томонидан айбланувчиларга нисбатан ишлатилган ибора "оммани ўзига қаратганлик учун 15 сутка" ни Ўзбекистон қонунчилигида янгилик эканлигини билдирди.

Расул Кушербаев

Сурат манбаси, facebook/rasulkusherbaev

"Бундай асос билан жазо белгилаш Ўзбекистон қонунчилигида янгилик, менимча. Кузатишимизча, асослар заиф ва зўрма-зўраки бўлса-да, суд яна тарози палласини бирдек ушлай олмади: тизимга ён босди. Аслида ўз ишига чинакам садоқатли судьялар фуқаронинг айбдорлик даражаси 50/50 бўлганда ҳам фуқаро оқланиши керак, дейишади", деб ёзди Кушербаев.

Блогер Фаррух Самарқандий Бобур Ганиев ҳақида ИИВ тайёрлаган видеога ўз эътирозини шундай билдирган.

"Бобур Ганиев ҳақида Ички ишлар вазирлиги кино олибди. Э уялинглар, шармандалар. Юлдуз Усмонова ҳаммангизга жойингизни кўрсатиб қўйгани эсингиздами? Ўшанда қаерда эдингиз? Давлат солиқ ходимининг ўлимига сабабчи бўлган ички ишлар ходимлари ҳақида кино қани? Бир аёлни яланғочлаб тергов қилган ички ишлар ходими ҳақидаги кино қани? Ички ишлар ходимлари бугунга қадар қанча одамни уриб ўлдирганини халқ яхши билади. Сизлар золимсизлар ва ички ишлар тизимини зулм машинасига айлантириб олгансизлар.

Истаган одамларингизни истаган айблов билан қамаб қўйишингизни, беспредел эканингизни, қонунлар ҳамма учун эмас, фақат камбағал ФУҚАРО учун ишлашини исботлаб келаяпсизлар", дейди у.

Журналистнинг адвокати Садриддин Абубакиров "Қалампир" нашри билан суҳбатда ҳимоясидаги шахс билан учрашишга рухсат берилмаётгани ва маҳкама қароридан норози бўлиб апелляция ёзиш учун мижози билан учрашиши қонунларда кўрсатиб қўйилганини айтган.

Адвокатнинг айтишича, журналистнинг олдига киришга тақиқ карантин қоидалари билан изоҳланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek