Ўзбекистон: “Зудлик билан озод этилсин” – блогер Отабек Сатторий иши халқаро эътиборда, video, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Ўзбекистон расмийлари Отабек Сатторийни зудлик билан озод этиб, унга нисбатан илгари сурилган айбловларни бекор қилиши лозим". АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) ана шундай баёнот билан чиққан.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг товламачиликда айбланиб қўлга олиниши бугун Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига доир хавотирларни яна бир бор ўртага чиқармоқда.

Яқинлари ва адвокати эса блогерга нисбатан сохта иш очилганини даъво қилмоқда.

Вазиятга, ҳатто, Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам эътибор қаратган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзи нима бўлган?

29 январь куни блогер Отабек Сатторий Термиз ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Кейинроқ блогер қўл телефони билан боғлиқ товламачиликда айбланаётгани маълум бўлган.

Бироқ блогернинг яқинлари бу айбловни уйдирма, деб атамоқда.

Жамоатчилик эса расмий маълумотларга шубҳа билан қарамоқда.

Блогернинг адвокати бўлмиш Шавкат Шукуровнинг Би-би-сига айтишича, у олиб борилаётган тергов ҳаракатларини кузатиб, Сатторийга нисбатан сохта иш очилган, деган хулосага келган.

Би-би-си ихтиёридаги Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1 февралга оид ажримида блогер Шеробод туманидаги деҳқон бозорида мавжуд камчиликлар тасвирга туширилган видеони тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, бозор раҳбаридан янги телефон таъма қилгани ҳақида сўз боради.

Бироқ Сатторийнинг оиласи ва яқинлари блогер, аслида, ўтган йилнинг декабрь ойи сўнггида бозордаги салбий ҳолатларни ўрганиш чоғида ҳужумга учрагани, телефони эса синдирилганини иддао қилмоқда.

Би-би-си билан сўзлашган блогернинг яқинлари таъкидларига кўра, ўшанда Шеробод тумани ҳокими Зиёдулла Давлатов вазиятга аралашиб, синдирилган телефон зарари қопланишига ваъда берганча, Сатторий ва бозор маъмуриятини келиштириб қўйган.

"Отабекни 29 январь куни айнан шу cинган телефон ўрнига янгисини олиб келиб беришган пайтда, товламачиликда айблаб ушлашган", дейди адвокат Шукуров.

Би-би-си бу борада изоҳ олиш мақсадида Шеробод туман ҳокимлиги билан боғланди.

Ҳокимлик матбуот котиби Давлатовнинг айни вақтда меҳнат таътилида экани, ишга қайтгач, саволларга жавоб бериши мумкинлигини билдирди.

Тинтув

O'zbekiston

Сурат манбаси, Screenshot

Блогернинг отаси Абдуманно Сатторий Би-би-си билан суҳбатда ўғли ҳибсга олинган куннинг эртасига яшаш уйида ўнлаб шахслар иштирокида тинтув ўтказилгани ҳақида гапиради.

Оила томонидан Би-би-сига тақдим этилган видеоёзувларда тинтув 30 январь куни кечки соат 21.50 дан 23.50 қадар олиб борилгани кўринади.

Расмийлар блогернинг уйидан нимани излаётганликларини унинг яқинларига айтмаганлар.

"Ҳамма жойни тинтиб чиқишди. Шифонерлар, ички кийимлар ҳам қолмади. Нимани ахтаряпсизлар, десак, юқоридан буйруқ келган, мана тинтув тўғрисидаги ордер, дейишдан нарига ўтишмади.

Отабекнинг иккита компьютери, флешкалар, фарзандлари мультфильм кўрадиган эски планшетни ҳам олиб кетишди. Картошка сақланадиган омбор, ҳожатхона ҳам қолмади", бўлган воқеани тасвирлайди Абдуманно Сатторий.

Отабек Сатторий ким ўзи?

O'zbekiston

Сурат манбаси, Facebook

Термиз шаҳрида яшовчи 40 яшар Отабек Сатторий Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ёритиб келиши, айниқса, маҳаллий амалдорларни танқидга тутувчи чиқишлари ортидан танилган.

У маҳаллий аҳоли юзлашган уй-жой, йўл, энергия таъминоти муаммолари, коррупция ҳолатларини кўтариб чиққан.

Отабек Сатторий муаммоларни ёритиш давомида, асосан, маҳаллий ҳокимлар ҳамда раҳбарларни танқидга тутган.

Блогер билан Сурхондарёдаги муаммоларни ёритишда ҳамкорлик қилган журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг Би-би-сига айтишига кўра, Сатторий ҳибсга олинишидан аввал босимларга учраётгани ҳақида гапирган.

"Бир куни Отабек Сатторийни уйига ташлагани бордим. Қарасам, дарахтга видеокамера ўрнатиб қўйибди.

"Фазлиддин, сиз Сурхондарёни билмайсиз, ички ишлар бир неча марта мени олиб кетишга ҳаракат қилди. Шундай эҳтиётимни қилмасам, эртага бирор нарсани исботлолмай қоламан," деди", суҳбатни эслайди Меҳмонов.

Энди нима бўлади?

Адвокат Шавкат Шукуровнинг сўзларига кўра, блогерга нисбатан бошқа уйдирма жиноят ишлари тайёрланаётган бўлиши мумкин.

"Куни кеча Отабекни менинг иштирокимда қандайдир уйдирма аризалар билан таништирдилар. Отабек "бу провокация", деб ёзиб ҳам берди.

Эртага телефон билан боғлиқ иш бузилиб кетиши эҳтимоли жуда катта. Шунинг учун улар бошқа эпизод ясаш билан овора бўлиб турибди", сўзлайди Шукуров.

Адвокат бу ҳолатни нафақат Сатторий, балки Сурхондарёдаги бошқа блогерларни қўрқитишга уриниш, дея тасвирлайди.

Айни вақтда блогерга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) бўйича айблов илгари сурилмоқда.

Бу модда эса 5 йилдан 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади.

Хавотир

Deputat

Сурат манбаси, facebook

Отабек Сатторийнинг ҳибсга олиниши нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонда ҳам мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлиги бўйича хавотирлар бўй кўрсатишига сабаб бўлган.

8 февраль куни Америкада жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси блогерни зудлик билан озод этишга чақирган.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торло агар айбни исботловчи далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки матбуот эркинлигига рахна солувчи навбатдаги ҳаракат эканлиги ҳақида ёзган.

Депутат Расул Кушербаев эса бундан аввал Отабек Сатторий амалдорлар босимларидан шикоят қилиб, ундан ёрдам сўраганини маълум қилган.

"Ўз вақтида унинг огоҳлантиришига жиддий эътибор бермаганимдан афсусдаман. Мен бунчалик пасткашликка борилмас, деган ўйда эдим. Афсус..." дея ёзган депутат.

Шунингдек, Кушербаев блогернинг ҳибсга олинишини амалдорларнинг сўз эркинлигига қарши исёни ўлароқ тасвирлаган.

"Биласизми, бу амалдорларни танқид қилаётган битта блогерга эмас, бутун бошли сўз эркинлигига, Президентнинг очиқлик сиёсатига қарши сурхондарёлик амалдорларнинг исёнидир", фикр билдирган халқ вакили.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни батафсил ва холис кўриб чиқишга чақирган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонида матбуот билан боғлиқ вазият сезиларли даражада яхшиланган бўлсада, вақти-вақти билан жойлардан журналист ҳамда блогерларга нисбатан босимлар тўғрисидаги хабарлар чиқиб турмоқда.

Кузатувчилар бу ҳолат маҳаллий амалдорлар орасида сўз эркинлигига нисбатан тоқатсизлик кайфияти ҳали юқори экани билан боғлиқлигини айтади.

Отабек Сатторийнинг боғлиқ бу ҳолат президент Мирзиёевнинг Фарғонада журналистларга далда бериши билан бир вақтга тўғри келган.

"Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз", деган эди Мирзиёев 4 февраль куни журналистлар билан мулоқот чоғида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek