Бензин қимматлайдими, ДХХ нимани фош қилди, Ўзбекистонда янги жазо – янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Бензин қимматлайдими, ДХХ нимани фош қилди, Ўзбекистонда янги жазо - энди тилни менсимаслик қимматга тушиши мумкин, жиноий гуруҳнинг $410 минг АҚШ доллари мусодара этилди. Нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари ошмоқда. bbcuzbek.com дайжести.

Жазо кучайтирилади

Ўзбекистонда тилни менсимаслик учун жарима миқдори оширилиши мумкин.

Хабарларга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Сўз эса, Кодекснинг Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид 42-моддаси ҳақида кетмоқда.

Бу ҳақда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати хабар берган.

Хабарда айтилишича, бу билан тарбия ва таълимда тилни эркин танлаш ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат ва элатлар тилларини менсимаслик учун жарима миқдорини кўпайтириш назарда тутилган.

Агар, 42-моддага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилса, жарима миқдори БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача ошади. 735 минг сўмдан 1,2 миллион сўмга кўтарилади.

Яъни, Кодекснинг айни моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилади.

Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, кучайтирилган ҳолда белгиланиши назарда тутилган.

Ҳозир эса, амалдаги қонунга мувофиқ, кўзда тутилган жарима миқдори БҲМнинг 1 бараваридан икки бараваригача этиб белгиланган.

Миллий пул бирлигига чаққанда, бу 245-490 минг сўмни ташкил этиши айтилади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, courtesy

Режадаги ўзгартиш ва қўшимчага айнан нима сабаб бўлгани маълум эмас.

1989 йилда қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили - Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида тан олинган.

Ўтган йил мазкур қонун қабул қилинганига роппа-роса 30 йил бўлган.

Худди шу йили президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Мазкур қонунга асосан, 21 октябрь Ўзбекистонда расман Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланган.

Аммо "Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг амалдаги ижроси ҳали-ҳануз кенг жамоатчилик томонидан жиддий танқидларга сабаб бўлиб келаётган ҳам бор гап.

Бензин қимматлаши мумкин

O'zbekiston

Сурат манбаси, .

Ўзбекистонда шу йилнинг 1 февралидан бошлаб бензиннинг қимматлашиши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, худди шу санадан бошлаб, нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари ошиши эълон қилинган.

"2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида"ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Худди шунга мувофиқ, айрим нефть маҳсулотларининг оширилган солиқ ставкалари:

  • 1 тонна Аи-80 бензини 240 минг сўм (2021 йил 1 январдан 200 минг сўмни ташкил этган)
  • 1 тонна Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензини 275 минг сўм (2021 йил 1 февралга қадар 250 минг сўмни ташкил этган)
  • 1 тонна дизел ёнилғиси эса, ўтган ой билан солиштирганда, 40 минг сўмга қимматлаб, 240 000 сўмни ташкил этиши кўрсатиб ўтилган.

Давлат статистика қўмитасининг ўтган йилги ҳисоб-китобларига таянилса, мамлакатда бир миллион тонна бензин ишлаб чиқарилган.

Аммо кўрсаткичлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда бензин ишлаб чиқариш камайиб бораётганига далолат қилган.

Шу ой бошида Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг соат 15.00 дан сўнг ишлашига тақиқ қўйилган.

Энергетика вазирлиги мазкур чеклов ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан табиий газ истеъмолининг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурияти ортидан ўрнатилаётганини билдирган.

Ўшанда чекловнинг ҳаво ҳарорати кўтарилгунча амалда бўлиши айтилган.

2020 йил февраль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган автомашиналар сони 3 миллиондан ошиб кетган ва уларнинг 89 фоизини енгил автомобиллар ташкил этган.

2018 йилда мамлакатдаги автомобилларнинг деярли 60 фоизи табиий газда ҳаракатланган.

2000 йил ўрталаридан айнан Ўзбекистонда автомобиллар ва аҳолининг кўпайиши ортидан ёқилғига бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида автомашиналарни оммавий тарзда суюлтирилган ва сиқилган газда ҳаракатланишга мослаш ҳаракатлари бошлангани айтилади.

Яқинда Туркманистон томони Ўзбекистон ҳам туркман бензини, авиация ва ёритиш керосинига қизиқиш билдиришгани, бу ёқилғи маҳсулотларини хорижий валютага харид қилишгани ҳақида расман хабар берган.

Аммо расмий хабарда олди-сотди кўлами ва қиймати очиқланмаганди.

Ҳар икки янгилик ҳам Ўзбекистон энергетика бўҳрони ичида бўлган бир пайтда олинган.

"Яллама"да амалиёт

O'zbekiston

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Расмий хабарларга кўра, "Яллама" чегара-божхона постида "товламачилик йўли билан пул ундириб келган" жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Тезкор тадбир бирваракайига уч масъул ташкилот - Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, бу гуруҳ Хитойдан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларини нишонга олиб келган.

Уларнинг Тошкент вилоятида жойлашган мазкур пост орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштириш баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган.

Гуруҳнинг бу иш билан неча йилдан буён шуғулланиб келгани ва ундиришга муваффақ бўлган пуллари миқдори расмий хабарда айтилмаган.

Дастлабки суриштирувлар давомида эса, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги ҳам аниқлангани айтилмоқда.

Аммо сўз айнан қандай товарлар ҳақида кетаётгани ва импорт кўлами ҳам очиқланмаган.

Маълум бўлишича, ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳри ва вилоятида гуруҳ аъзоларига тегишли бўлган 6 та манзилда тинтув тергов ҳаракатлари амалга оширилган.

Бунинг ортидан, улардан $410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилади.

Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида гуруҳ фаолиятига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳам қўшимча қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek