Ўзбекистон: Диний қўмита Azon.uz га босим ўтказдими? Мирзиёев журналистларга қўрқмаслик кераклигини яна урғулади, video, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Диний ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев

Сурат манбаси, UzreportTV

Сурат тагсўзи, Диний ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Azon.uz Бош муҳаррири Диний қўмитадан бўлган босим ва ҳақоратга норозилик сифатида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Дин ишлари бўйича қўмита эса, таҳририятга босим бўлганлиги рад қилди. Аммо azon.uz қўлларида ҳақорат ва таҳдидга тўла аудио ёзув борлигини айтмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Риштонда журналистларга қўрқмаслик кераклиги ва уларнинг ортида Президент турганлигини таъкидлади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги давлат идорасини босим ўтказмасликка чақирди. Олдинроқ бу ташкилотнинг ўзи журналистларга босим ўтказганлигидан шикоят бўлганди.

Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Раимов (Абдулазиз Муборак) Facebook даги саҳифаси орқали Диний ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев сайт муассиси ижтимоий тармоқларда Мубашшир Аҳмад сифатида танилган Алишер Турсуновга қўнғироқ қилиб икки мақолани олиб ташлашни талаб қилганини маълум қилди.

Раимовнинг ёзишича, Дилшод Эшнаев суҳбат давомида Мубашшир Аҳмадни қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Эрталаб у кишига телефон қилиб жуда ҳам қаттиқ ҳақоратлар қилибди, шахсиятига теккан, тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан. Кейин у киши келиб вазиятни айтиб, иккита мақолани олиб ташлашни айтдилар", дейди Абдулазиз Раимов Би-би-си билан суҳбатда.

Раимовнинг айтишича, гап "Қорилар маҳалласи" - Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди" ва "Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?" номли мақолалар ҳақида бормоқда.

Abdulaziz Raimov

Сурат манбаси, facebook

Абдулазиз Раимов 1,5 йилдан бери азон.уз сайт бош муҳаррири сифатида ишлаб келаётганини айтди.

"Бу вақт оралиғида кўплаб мақолалар тепадан талаб қилишяпти, деган кўрсатма билан сайтдан олиб ташланган. Тепанинг диний ишлар бўйича қўмита раиси ўринбосари эканлигини энди билдик" - дейди у.

Азон.уз муҳаррирининг билдиришича, бундан олдин сайтда чиққан бошқа давлатларга оид мақолаларни ҳам олиб ташлаш талаблари бўлган.

Ҳодисага зудлик билан Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги муносабат билдирди.

"Давлат идоралари ва журналистлар ўртасидаги баҳсли масалалар имкон қадар ўзаро келишув, агарда бунинг иложи топилмаса ҳуқуқий меъёрлардаги тартиблар асосида ҳал этилиши мақсадга мувофиқдир", дейилади баёнотда.

Агентлик давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмаслик, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишини сўраган.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати расмий баёнотда Азон.узга босим бўлганлигини қатъиян рад қилди.

Қўмита диний мазмундаги материал тайёрлашда тавсия бериши мумкинлигини, аммо олиб ташлаш ваколати йўқлигини маълум қилди.

"Қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас. Шунга кўра, "azon.uz" сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз", дейилади баёнотда.

Mubashshir Ahmad

Сурат манбаси, facebook

Бироқ azon.uz сайти муассиси Мубашшир Аҳмад баёнотдан сўнг видео мурожаат қилиб, қўмита баёнотининг "ёлғонлигини" маълум қилди ва унга нисбатан босимлар бўлганлигини тасдиқлади.

"Фақатгина мен айтиб қўймоқчиманки, шу иш бўлди, кеча шу иш бўлди. Ман буни сайтимизда бермаслигимизни айтдим. Журналистларимиз буни сайтда кўтариб чиқамиз, нега бундай бўлади, деган саволларни қўйишган пайтда, биз олдингидек сукут сақлаб ўтишимизни айтдим. Лекин кутилмаганда бош муҳарриримиз аризасини ёзиб, ташлаб кетибдилар. У киши ёзган гапларни тасдиқлаш мақсадида буни айтаяпман. Диний қўмитанинг муносабатида шу жиҳатига тўхталмасдан кетилгани учун мен бу муносабатни қилдим", дейди у.

Шундан сўнг azon.uz сайти расмий муносабатида Дилшод Эшнаев томонидан Мубашшир Аҳмадга ҳақорат ва таҳдид бўлганлигини ва ўзларида ушбу суҳбатнинг аудио ёзуви борлигини ёзди.

"Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмад домлага Azon.uz портали ва бошқа, Мубашшир Аҳмадга алоқадор бўлмаган, ахборот ресурсларида эълон қилинган мақолалар юзасидан ҳақоратли сўзлар билан таҳдид қилган (телефон суҳбати ёзиб олинган)", дейилади унда.

Сайт маъмурияти Дин ишлари бўйича қўмитадан Раис ўринбосари Дилшод Эшнаев ҳаракатларига баҳо беришларини ва бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилишларини сўраган.

Бош муҳаррир Абдулазиз Раимовнинг ишдан бўшаш ҳақида ёзган аризаси қаноатлантирилмаган.

Би-би-си azon.uz бош муҳарриридан муассис Диний ишлар қўмитаси раиси ўринбосарига талабларини бажармайман, деса қандай йўллар билан босим ўтказиши мумкинлигини сўради. Унинг айтишича, муассис Мубашшир Аҳмад сайт ишидан ташқари диний мавзуда китоб чиқариш билан ҳам шуғулланади.

Китоблар Диний қўмита тасдиғидан ўтмаса чоп қилинмайди.

"Шу томонлама босим ўтказиши мумкин", дейди Раимов.

Би-би-си расмий баёнотида оммавий ахборот воситалари билан доимий равишда ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини таъкидлаган Дин ишлари бўйича қўмита билан икки кундан бери боғлана олмади.

Қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев 2019 йилнинг сентябр ойида ушбу лавозимни эгаллаган.

Kun.uz нинг ёзишича, Эшнаев бунгача Давлат хавфсизлик хизмати тизимида ишлаган. 2018 йил президент фармонига кўра «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Дилшод Эшнаев бу вазифада ишлаб кетган касбдоши Нуриймон Абулҳасандан фарқли равишда жамоатчиликка кўриниш бермайди.

Шов-шувлар манзарасида Риштонда журналистлар ўнгида гапирган Шавкат Мирзиёев уларга қўрқмасликни, ортида Президент турганлигини айтган.

"Сизлардан битта нарсани илтимос қиламан, изланишдан эринманглар, адолатни халққа етказишдан қўрқманглар. Ортингизда президент бор. У замонлар ўтиб бўлди. Энди орқага йўл йўқ. Фақат адолат, адолат, фақат ҳақиқат! Қанча кўп ҳақиқатни етказа олсак, шунча кўп манфаат бўлади.Тўғри, бугун кимдир сизларни ёмон кўрар. Лекин сиз ёзган гапларни ёқтирмаган раҳбарлар барибир бориб тўғрилайди ўша муаммони. Барибир адолат мезони ўрнатилади. Бу дегани ислоҳотларимиз, мурожаатномада айтилган гаплар рост экан-ку, қилса бўлар экан-ку деган ибора пайдо бўлади", деган Президент.

Давлат идоралари томонидан журналистларнинг фаолиятига аралашув ва босим ўтказиш Ўзбекистонда янгилик эмас.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи сўнггида Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлари Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари босим ўтказаётганини айтиб чиқишди.

Ўтаёган ҳафтада бундай босимлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хориж журналистига нисбатан ТИВ томонидан бўлганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистонда Al Jazeera, Guardian каби нашрларга ишлаган журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска ўзини Рустам деб таништирган Ташқи ишлар вазирлиги ходими журналистдан ижобий мақолалар ёзишни сўраганини айтди.

Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналист қизга тегажоғлик қилган ходимини ишдан бўшатганини маълум қилиб, Агнешка Пикулицка-Вилчевскадан расман узр сўради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek