HRW ва Ўзбекистон: Блогер Отабек Сатторий "қўйиб юборилиши, иш тўхтатилиши керак" - video, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook/sattoriy
HRW ва Ўзбекистон: Блогер Отабек Сатторий "қўйиб юборилиши, иш тўхтатилиши керак" - блогер тақдирига энди Хьюман Райтс Вотч эътибор қаратган. Махсус баёнот билан чиққан. "Сатторийни шубҳали жиноий айбловлар билан нишонга олиш - бу сўз эркинлигига зарба" эканини айтган.
Халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Миҳра Риттманнинг айтишича, "расмийлар Сатторийни тергов ҳибсхонасидан озод қилишлари керак".
"Улар жиноий қонунбузарликлар тўғрисида ишончли далилларни тақдим эта олишмаса, ишни тўхтатишлари лозим".
Ўтган ҳафта худди шундай талаб билан АҚШ да жойлашган халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам чиққанди.
Сурхондарёлик 40 ёшли блогер жорий йилнинг 29 январь куни қўлга олинган.

Сурат манбаси, Screenshot
Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари бошланган.
Тергов давомида суднинг ажрими билан блогерга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани расман хабар берилган.
Унинг қўл телефони билан боғлиқ товламачиликда айбланаётгани маълум бўлган.
Блогер адвокати мижозига қарши ишнинг "уйдирма" эканини айтмоқда.
Би-би-си ихтиёридаги Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1 февралга оид ажримида блогер Шеробод туманидаги деҳқон бозорида мавжуд камчиликлар тасвирга туширилган видеони тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, бозор раҳбаридан янги телефон таъма қилгани ҳақида сўз боради.
Бироқ Сатторийнинг оиласи ва яқинлари блогер, аслида, ўтган йилнинг декабрь ойи сўнггида бозордаги салбий ҳолатларни ўрганиш чоғида ҳужумга учрагани, телефони эса синдирилганини иддао қилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Баёнот
Хьюман Ратс Вотч ташкилоти тадқиқотчисининг айтишича, "Отабек Сатторийнинг коррупция ва фермерлар ҳуқуқлари каби нозик масалалар бўйича блог юритиши уни маҳаллий ҳокимият идоралари нишонига айлантирган".
"Ўзбекистон ҳукумати Сатторийни озод қилиши, далиллар етарли эмаслиги боис, айбловларни бекор қилиши, сўз эркинлигини ҳурмат ва ҳимоя қилиши лозим", - дея таъкидлаган Миҳра Риттманн.
Халқаро ташкилотининг хавотирланишича, айбдор деб топилган тақдирда, блогер 10 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.
Блогернинг ҳибсидан саноқли кунлар ўтиб, унинг тақдирига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам эътибор қаратган, твит қилган.
"Агар, товламачилик тўғрисида ишончли далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига путур етказувчи яна бир амал" эканини ёзган.
Британ элчиси ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам бу масалага тўхталган.
У ўз твитида, БМТ, "Сатторийнинг иши бўйича қонунни адолатли ва холисона қўллашга чақирувни мамнуният билан қабул қилиши"ни айтган.

Сурат манбаси, kun.uz
10 февраль куни блогер масаласи юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий мурожаат билан чиққан.
"Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш - тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши" билан огоҳлантирган.
Кун ўтиб, бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратруаси ҳам ўзининг расмий баёнотини эълон қилган.
"Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилаётгани"ни билдирган.
Бош прокуратуранинг баён қилишича, "жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганида, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмаган".
"Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган".

Сурат манбаси, kun.uz
Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотида, "Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган"ини ҳам маълумот тариқасида илова қилган.
"Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда "Денов кўмир омбори" ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган"ини билдирган.
Хьюман Райтс Вотч Ўзбекистондаги ҳар икки масъул ташкилотнинг ҳам расмий баёнот ва мурожаатидаги худди шу нуқталарни алоҳида тилга олиб ўтган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон расмийлари сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини чеклаш бўйича баъзи чекловларни юмшатаётганликларини эътироф этган.
Жумладан, шу йилнинг 4 февраль куни Фарғона вилоятида сафарда экан, президент Шавкат Мирзиёевнинг журналистларга айтган сўзларига тўхталиб ўтган.
Шавкат Мирзиёев вилоятнинг Риштон туманида экан, журналистларга қўрқмаслик кераклиги ва уларнинг ортида президент турганлигини таъкидлаган.
"Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз", деганди.
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг товламачиликда айбланиб қўлга олиниши эса, бугун Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига доир хавотирларни яна бир бор ўртага чиқарган.
Хьюман Райтс Вотчга кўра ҳам, "Матбуот ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш шуни англатадики, Отабек Сатторий каби блоггерлар ўзларининг фаолиятларини ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишдан қўрқмасдан олиб боришлари керак".
Отабек Сатторий ким ўзи?

Сурат манбаси, Facebook
Термиз шаҳрида яшовчи 40 яшар Отабек Сатторий Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ёритиб келиши, айниқса, маҳаллий амалдорларни танқидга тутувчи чиқишлари ортидан танилган.
У маҳаллий аҳоли юзлашган уй-жой, йўл, энергия таъминоти муаммолари, коррупция ҳолатларини кўтариб чиққан.
Отабек Сатторий муаммоларни ёритиш давомида, асосан, маҳаллий ҳокимлар ҳамда раҳбарларни танқидга тутган.
Блогер билан Сурхондарёдаги муаммоларни ёритишда ҳамкорлик қилган журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг Би-би-сига айтишига кўра, Сатторий ҳибсга олинишидан аввал босимларга учраётгани ҳақида гапирган.
Айни вақтда блогерга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Kодексининг 165-моддаси 2-қисми ("Товламачилик") бўйича айблов илгари сурилмоқда.
Бу модда эса, 5 йилдан 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















