Ўзбекистон мустақиллигига нималар таҳдид солмоқда? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Facebook
- Author, Рафаэль Саттаров
- Role, Сиёсий тадқиқотчи
Инсоният тарихи - давлатларнинг юксалиши ва таназзулидан иборат.
Ҳар нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлганидек, Мустақиллик каби тарихий ҳодисанинг ҳам охирги нуқтаси йўқ, дейишга шошмаслигимиз керак.
Аввало, Мустақиллик сўзи ўрнига суверен ва суверенитет терминларини қўллашга рухсат бергайсизлар, юртдошлар.
Мен билган мустақиллик
Мен учун Мустақиллик сўзи - президент Ислом Каримов даврида талабаларни тадбир бошланишидан камида тўрт соат олдин, сувсиз, бирор бир овқатсиз қуёш тиғида куйдириб, сохта хурсандчиликка бўялган оммавий тадбирларни телеканаллардан кўрсатишни англатади.
Шунинг учун, баландпарвоз шиорларни давлат тарғиботчиларига қолдиришни маъқул кўрардим.
Ўзбекистоннинг суверен давлат сифатида халқаро майдонда пайдо бўлганига, мана, ўттиз йил тўлди.
Бунинг қандай қўлга киритилгани, қандай тарихий чиғириқлардан ўтганлиги, бу учун аслида кураш бўлганми ёки йўқми - айни мақолада тўхталиш унча муҳим эмас.
Негаки, бу - тарихчилар ва журналистларнинг, сиёсий экспертлар ҳамда бошқа жамият фаолларининг иши.
Энг муҳими - Ўзбекистон Республикаси халқаро майдонда, жаҳон ташкилотларида, ички ва ташқи сиёсатида тўла суверен ва асло йўлдош давлат эмас.
Бу ҳуқуқ халқаро шартномаларда, меъёрларда қайд этилган ва айни ҳуқуқ деярли ҳеч қайси тарафдан очиқ шубҳа остига олинмайди.
Ундан муҳим нарса эса ушбу ҳуқуқдан қандай фойдалана олишдир.
Мустақиллик - нафақат ташқи кучлар таъсиридан эркин бўлиш, балки ички босимлардан ҳам озод бўлиш дегани.
30 йил - жиддий давр
Ўттиз йил - одам учун ҳам, давлат учун ҳам жиддий ёш.
Суверенлик каби бир ютуқни асраш учун давлат фаол ташқи сиёсат олиб бориши, ҳар тарафлама муносабатлар ўрнатиши лозим.
Ўзбекистон бошидан кўпвекторли ташқи сиёсатни танлаган.
Ва айни ёндашув ҳукуматнинг оқилона тўғри қарорларидан бири эди.
Мазкур сиёсат нафақат давлатнинг, балки аҳоли тез ўсаётган жамиятнинг ҳам манфаатларига мос эди.
Айни пайтда, 21-асрнинг ҳаётий ҳақиқатларига назар солсак, мамлакат суверенлигини таъминловчи бош вектор бу - глобал иқтисод ҳамда технологик тараққиётнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш.
Дунё атиги бир нечта давлатдан иборат эмас.
Ўзбекистонликлар эса бугун бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетишган.
Уларнинг четдаги ютуқ ва муаммолари, миллий ва диний эътиқодлари қандай бўлмасин, бу инсонлар ҳар доим тарихий ватанлари билан маданий ҳамда бошқа ришталарни тутиб туришади.
Ўзбекистон истайдими ёки йўқми, дунёдан узилиб яшаш мумкиндир, бироқ бу ҳолатда асло ривожланиб бўлмайди.
Қуламаган давлат
Ўзбекистон ўттиз йил давомида қулайдиган ёки инқирозга юз тутган давлатлар (failed states) сирасига кирмаслигини исботлади.
Лекин бу абадий ёки табиий ютуқ эмас.
Халқаро муносабатлардаги таъсирларга қараб, унинг интиҳоси ҳам чекланиши мумкин.
Яқинда бир савол кўндаланг туриши эҳтимоли бор:
Ўзбекистон пуч, кераксиз ички баҳслар ҳамда корчалон ва лативундист элитаси туфайли аҳолиси тез ўсаётган учинчи дунё мамлакатига айланиши керакми?
Ўзбекистон Путин Россияси ёки Ши Хитойи, Эрдўған Туркияси ё муллалар бошқарувидаги Эрон каби бошқа бирон давлатнинг сателлити, яъни йўлдошига айланиши лозимми?
Бу саволларга "йўқ", деб жавоб берган одам, демак, Ўзбекистоннинг ҳақиқатан суверен ривожланиши тарафдоридир.
Агар ўзингизни у ё бу ёққа ташласангиз ёки мавзуни бошқа тарафга бурсангиз, демак, сиз қарамликни бир марказдан бошқа марказга буришни истайсиз, холос.
Мана шу саволларга жавоб, одам мамлакат суверенлигини амалда истайдими ёки йўқми - кўрсатиб туради.
Ўзбекистон суверенитетига таҳдид борми?
Ишонинг, бугунги шароитларда бир мамлакат мустақиллигини чеклаш учун бошқа кимдир президент резиденцияси пештоқига ўз байроғини илиши шарт эмас.
Бу учун шунчаки давлатни бошқараётган амалдорларнинг уқувсизилигидан, уларнинг коррупция ва дабдабага мойиллигидан фойдаланиш етарли.
Шу қаторда, инфратузилма эскилиги ҳам, демографик ўсиш юқорилиги ҳам, иш ўринлар, мактаб, боғча, касалхона ва билим юртлари етишмаслиги ҳам, борингки, ҳатто транспорт тизимлари ночорлиги ҳам қўл келади.
Айни пайтда, хавфли даражада қарзга қарамлик, элитанинг коррупция ортидан бойиши ва куч тизимларига тааллуқли ширкатлар ёрдамида ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотларни назорат этиш ҳам суверенитетга хавф соладиган омиллардир.
Бунақа мамлакат ва унинг элитаси қудратли давлатларнинг геосиёсий интилишлари йўлида осон ўлжага айланадилар.
Улар жамиятдаги қўрқувларни, мамлакат ва элита қусурларини осонгина ўз манфаатлари йўлида ишлатишлари мумкин.
Экология vs Учинчи Ренессанс
Афсуски, кўплаб ўзбекистонликлар учун экология мавзуси муҳимлик нуқтаи назаридан энг охирги ўринларда туради.
Айни ҳолатда "Бошинг деворга урилганда..." деган халқ мақоли жуда мос тушади.
Расмийлар бу йил экинларни суғориш учун сув 25% кам бўлади дейишаркан, бир муҳим, аммо оддий ҳақиқат юзага чиқади:
Мамлакатга экологик муаммолар таҳлид қолмоқда.
Узоқ келажакка қараганда, давлат ҳам, жамият ҳам мамлакатни "капитал таъмирлаш" ишларига жиддий киришишлари лозим.
Акс ҳолда, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги Ливанга айланиши ёки Шри-Ланка ҳолига тушиш эҳтимоли юзага келади.
Бу эса мустақилликни хавф остига қўйиши мумкин.
Айни пайтда, ушбу муаммоларни бемалол бартараф этиш имконлари бор.
Булар "Буюк Халифалик" ёки "Буюк Турон қардошлиги" каби жарангдор иборалар эмас.
Ички мустақиллик
Мустақиллик фақат ташқарида эмас, ичкарида ҳам зуҳур бўлади.
Бу зулмдан, яккаҳокимликдан, инсонларнинг шахсий ҳаётига давлатнинг аралашувидан мустақил бўлишдир.
Бу яна коррупцияга ботган компрадор сиёсий ва бизнес элитадан мустақил бўлиш ҳамдир.
Ташқи мустамлакачилардан қутулиш асло уларнинг ўрнига ички ҳокими мутлақлар келишини англатмаслиги даркор.
Жаслиқдан жаслиқсизликкача
Ўттиз йил давомида мамлакат Жаслиқ қамоқхонасини қуриб, уни ёпишгача бўлган йўлни босиб ўтди.
Умид қиламизки, энди Жаслиққа қайтиш рўй бермасин.
Таҳдидлар нима?
Мустақилликка илк таҳдид - дунё тартиботларини қабул қилмайдиган улкан қудратлар.
Афсуски, Тошкент ҳамон уларга маҳлиё бўлиб қолмоқда.
Иккинчидан, ташқи ва мудофаа сиёсатидаги баёнотларда изчиллик йўқ.
Учинчидан, экологик муаммолар. Буларнинг ёнига иқлим ўзгариши оқибатлари, суғориш тизимлари эскириши ҳам қўшилади.
Тўртинчилан, Марказий Осиёдаги давлатлар - Қўқон ва Хива Хонликлари ҳамда Бухоро Амирлиги (ва яна кўчманчи туркий қавмлар ҳам) ўз пайтида саноат инқилобидан ортда қолиб, бунинг ўрнига диний ақидапарастликка берилишганди.
Бугун эса нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги бешта давлат ҳаммаси рақамли инқилобдан ортда қолиши эҳтимоли мавжуд.
Ҳатто ўз фуқароларини назорат ва ҳимоя қилиш бўйича ҳам рисоладагидан киберҳимоя сиёсатига эга эмаслар.
Айни пайтда эса авторитар йирик давлатлардаги ширкатлар рақамли фазони, фуқаролар ва давлат идоралари ҳақидаги маълумотларни ўз назоратларига олишмоқда.
Бу эса Ўзбекистон фуқаролари учун қимматга тушиши мумкин.
Давлат ташвиқот машинаси "Мустақиллигимиз абадий бўлсин!" деган шиорни илгари суради.
Мустақиллик ростдан абадий бўлсин.
Рэпер MC DONI айтмоқчи "базара нет" ёки бу борада гап бўлиши мумкин эмас.
Тўғриси, шиор жуда чиройли ва ёрқин.
Аммо, тўғрисини айтсак, агар суверенитетни бойитиб ва мукаммаллаштириб бормасак, ҳар қандай тамаддун каби у ҳам вақтинчалик бўлади.
Болтиқбўйи давлатлари 20 йилдан кўпроқ давом этган мустақилликдан сўнг уни йўқотиб қўйишганди.
Шундай экан, бир савол ўртага чиқади:
Айни масалада Марказий Осий мамлакатлари борасида кафолат борми?
Эслатма: Мақола таҳрир этилган ҳолда чоп этилмоқда. Муаллиф фикрлари Би-би-си нуқтаи назарини англатмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













