Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Сурат манбаси, iSlam.uz

  • Мусулмон идораси муфтий сайлови тартибларини очиқлади;
  • Польша Ўзбекистонга вакцина совға қилди;
  • Қўлда терилган пахта учун меҳнат ҳақи белгиланди;
  • Қашқадарёда 1-синф ўқувчиларининг ярмига президент совғаси ҳали етиб бормаган;

Муфтий қандай сайланади?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси муфтий Усмонхон Алимовнинг вафотидан қарийб бир ойга яқин вақт ўтгач ушбу лавозимга сайланиш тартиби тўғрисида маълумот берган.

Идоранинг маълум қилишича, Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади.

"Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим", дейилади идора баёнотида.

2006 йилдан буён идорага раҳбарлик қилиб келган Усмонхон Алимов 15 август куни оғир хасталик ортидан Москвада оламдан ўтган эди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқда навбатдаги муфтий ким бўлишига оид турли фаразлар илгари сурилган.

Мусулмонлар идораси ўз баёнотида марҳум муфтий вафотидан ҳеч қанча вақт ўтмай авж олган бундай баҳс-мунозараларни "диний, миллий ва оддий инсонийлик қадриятлари нуқтайи-назаридан одобсизлик" ўлароқ баҳолашини таъкидлаган.

Идора, ҳозирда, муфтий лавозимига муносиб номзодлар атрофлича кўриб чиқилаётгани ва мазкур жараёнлар якуни бўйича расман хабар берилишини қўшимча қилган.

Белгиланган пахта нархи

Ўзбекистоннинг пахта даласи

Сурат манбаси, official

Янги пахта йиғим-терими мавсумида қўлда терилган пахтанинг бир килограмми учун меҳнат ҳақи 1,200 сўм этиб белгиланган.

Иккинчи теримда эса 1,500 сўмдан кам бўлмаган ҳақ тўланиши белгиланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиев сўзларига таяниб УзРепорт хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг чекка туманларида теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида Республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланишини таъминланади.

Шунингдек, кластерлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлашлари ҳам мумкинлиги билдирилган.

Совға қилинган вакцина

Польшадан келтирилган вакцина

Сурат манбаси, Screenshot

Польша Ўзбекистонга коронавирусга қарши 250 минг доза вакцина етказиб беради.

Бу ҳақда Польша матбуотида чиққан хабарларга Газета.уз нашри эътибор қаратган.

Польша матбуоти вакцина Ўзбекистонга Польша фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишдаги ҳамкорлиги учун миннатдорлик рамзи ўлароқ тасвирланган.

Бироқ хабарларда Польша Ўзбекистонга айнан қайси турдаги вакцина совға қилаётганига ойдинлик киритилмаган.

Август ойида Ўзбекистон Польша фуқароларининг Афғонистондан эвакуация қилинишида ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган эди.

Совғасиз қолган ўқувчилар

Президент совғаси

Сурат манбаси, official

Қашқадарё вилояти 1-синфга чиққан ўқувчиларнинг қарийб ярмидан кўпи мактабни ўқув қуролларидан иборат президент совғасисиз бошлаган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси аксарият мактабларда 1-синф ўқувчилари ўқув йилини ўқув қуролларисиз бошлаганига оид хабарга изоҳ берган.

Бошқарманинг маълум қилишича, янги ўқув йилида вилоятда 62 минг нафардан зиёд бола 1-синфга қабул қилинган.

Ҳозиргача 27 минг нафарга яқин ўқувчига президент совғаси топширилган.

Бошқарма қолган мактабларга босқичма-босқич тарзда давлат раҳбари томонидан берилувчи ўқув қуроллари етказилишини маълум қилган.

Расмий хабарда совғаларнинг кечикиши сабабига изоҳ берилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek