Ўзбекистон: Мирзиёев iPhone 11 ишлатади, бир коронавирус бемори даволанишига 15 миллион сўмдан сарфланмоқда ва мамлакат энди газ сотиб оладими? O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Social media
- Президент Мирзиёев iPhone 11 да мулоқот қилгани тасвирланган видео эълон қилинди;
- Коронавирус беморлари давоси қанчага тушаётгани маълум этилди;
- Президент Мирзиёев Ўзбекистон газ сотиб олишга тайёр деди;
- Экологик партия "Навоийазот" билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди.
Президент қўлидаги iPhone
Ижтимоий тармоқда президент Шавкат Мирзиёевнинг телефон орқали мулозимлардан бирига топшириқ бераётгани акс этган видео тарқалган.
Айрим тармоқ фойдаланувчилари "Россия 24" телеканали 9 октябрь куни эфирга узатган "Ўзбекистон. Энг янги тарих" ҳужжатли фильмида Ўзбекистон президенти телефон орқали мулоқот қилаётгани тасвирланган лавҳага эътибор қаратган.
Ўзбекистонда охирги беш йилда юз берган ижобий ўзгаришлар тўғрисидаги ушбу фильмдан президент Мирзиёевнинг шу йил июнь ойида Сурхондарё вилояти Ангор туманига ташрифидан лавҳалар ҳам ўрин олган.
Лавҳалардан бирида президент iPhone русумли телефон орқали қўл остидагилардан бирига топшириқ бераётгани кўринади.
"Ҳозир Ангор туманидаман. Бугун кечгача бутун кластерни айланиб, ҳамма масаласини ҳал қилиб бериб, эртага эрталаб менга ҳисобот берасан. Шундай қилгинки, у сендан миннатдор бўлсин. Бу сенга топшириқ", дейди Мирзиёев.
Август ойида президент Мирзиёевнинг айнан iPhone русумли телефонда гаплашаётгани тасвирланган сурат тарқалган эди.
"Газ сотиб олишга тайёрмиз"

Сурат манбаси, Qashqadaryo LiDep
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон саноати ишлай бошлагани ортидан мамлакат газ сотиб олишга тайёр экани ҳақида гапирган.
11 октябрь куни ЎзЛиДеП партиясидан номзод амалдаги президент Қашқадарёда навбатдаги сайловолди учрашувини бошлаган.
ЎзЛиДеПнинг ёзишича, президент Бош вазир бўлган даврда йилнинг ушбу вақтида ҳамма пахта дардида юрганини эсга олган.
"Бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман - 2016 йилгача биз асосан газ билан пахта сотардик. Газдан кўпи билан 1 миллиард, пахтадан нари борса 800-900 миллион доллар даромад олардик.
Ҳозир биласизлар, четга нари борса 15-20 фоиз газ сотяпмиз. Чунки эски шартномаларимиз бор. Керак бўлса четдан газ сотиб олишга ҳам тайёрмиз, сабаби, саноатимиз ишлаяпти", дея Мирзиёев сўзларини келтирган ЎзЛиДеП.
Хавф даражаси юқори корхона

Сурат манбаси, O'zbekiston Davlat Ekologiya qo'mitasi
"Навоийазот" корхонасидан бунчалик кўп миқдорда хавфли кимёвий моддаларнинг очиқ табиатга чиқариб юборилиши қўпол қонунбузарликдир.
Ўзбекистон Экологик партияси "Навоийазот" АЖ томонидан Зарафшон дарёсига кўп миқдорда ҳаёт учун хавфли зарарли моддалар оқизилгани ҳолати юзасидан корхона масъулларидан тушунтириш талаб қилган.
8 октябрь куни Давлат экология қўмитаси корхонага қарашли қудуқдан дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар чиқариб юборилгани, оқибатда кўплаб балиқлар нобуд бўлгани ҳақида хабар берган эди.
"Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан оқиб ўтувчи қисмининг 5 та нуқтасидан таҳлил намуналари олинганда азот аммоний 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги ҳамда дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келганлиги аниқланди", дейилади қўмита хабарида.
Мавзуга оид хабарларда "Қизил китоб"га киритилган балиқ турлари ҳам борлиги, табиатга етказилган зиён тўрт миллиард сўмдан ортиқроқ бўлиши мумкинлиги тўғрисида сўз боради.
Экологик партиянинг маълум қилишича, "Навоийазот" мавжуд қонунчиликка кўра атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифаси, яъни юқори даражадаги хавфли объектлар қаторига киради.
"Атроф муҳитга хавф даражаси юқори бўлган бўлган бу корхонадан бунчалик кўп миқдорда хавфли кимёвий моддаларнинг очиқ табиатга чиқариб юборилиши биринчи галда қўпол қонунбузарлик ва шу билан бирга корхона томонидан атроф-муҳит муҳофазасига эътиборсизликнинг яққол кўринишидир", дейилади партиянинг расмий муносабатида.
Расмий муносабатда билдирилишича, бу каби ҳолатлар "Навоийазот" сингари юқори даражада хавфли объектларда атроф-муҳитга чиқариладиган ҳар қандай чиқиндиларни тегишли тартибда назоратдан ўтказиш, бунинг учун доимий равишда экология соҳасига оид мутахассислар хулосаларини олиш йўлга қўйилмаганидан далолат беради.
Шунингдек, партия экологик жиҳатдан хавфли объектлар томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган саноат чиқиндилари ҳамда уларнинг зарарини вақти-вақти билан кенг жамоатчилик иштирокида ўрганишлар олиб борилмаслиги, жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.
"Ўзбекистон Экологик партияси мазкур ҳолатни қаттиқ қоралайди. "Навоийазот" АЖ масъуллари мазкур ҳолат бўйича жамоатчиликка тушунтириш беришларини сўраймиз ва саноат чиқиндиларининг бу каби зарарлари нафақат экологияга, балки инсонларга ҳам зиён келтиришини эслатиб ўтамиз", дейилади партия муносабатида.
Ўз навбатида "Навоийазот" АЖ юқоридаги айбловлар рад этилган баёнот эълон қилган.
Корхонанинг таъкидлашича, хабарларда тилга олинган қудуқдаги ташланма сувлар лаборатория таҳлилларидан сўнггина Зарафшон дарёсига юборилади.
Миллионлаб сўм сарфланаётган беморлар

Сурат манбаси, O'zbekiston 24 screenshot
Ўзбекистонда ўрта аҳволда касалхонага ётқизилган коронавирус беморини даволаш давлат бюджетига 15 миллион сўмдан зиёдга тушмоқда.
Бу ҳақда 2-Зангиота шифохонаси директори Дониёр Миразимов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
Миразимов шифохонага кунига 130-140 нафар бемор ётқизилаётгани, уларнинг аксари имкониятлар мавжуд бўлгани қарамай, вакцина олмаганини билдирган.
Масъул ушбу ёзда Ўзбекистонда кузатилган коронавирус тўлқини дельта-штамм, жумладан, болалар орасида ҳам юқиш даражаси юқори эканини кўрсатгани ҳақида гапирган.
"Агар бемор жонлантириш бўлимига тушиб қолса, аҳволининг охирига қараб, харажатлар 30 миллион сўмдан бошланади. Шу сабабдан вакцина энг камхарж ва хатарсиз танлов бўлиб қолмоқда", таъкидлаган шифохона директори.
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон мустақиллигига нималар таҳдид солмоқда?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
- Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' - Мустақиллик сизга нима берди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















