Ўзбекистон: Россия ҳукуматига алоқадор сайтлар нималарни ёзяпти? Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, President.uz
Минтақавий матбуотни кузатиб борувчи BBC Monitoring Ўзбекистондаги Россияга алоқадор сайтлар 1-15 декабрда қандай хабарлар тарқатганини ўрганди. Улар сирасига Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлишининг "фойдаси", Ўзбекистон учун кирилл алифбосининг аҳамияти ва афғон жиҳодчилари "таҳдид"и борасидаги Россия огоҳлантиришлари ҳақида чоп этилган мақолалар киради.
Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕИИ)
2 декабрда Спутник Ўзбекистон сайти Данара Курманованинг "Сув танқислиги ва ковиддан кейинги инқироз - ЕИИ Ўзбекистонга қандай муаммоларда ёрдам бера олади" сарлавҳали мақолани чоп этди.
Спутник сайти Россия давлатига тегишли Россия Сегодня (Russia Today) агентлиги томонидан юритилади.
Экспертлардан иқтибос келтирган муаллиф ЕИИ ва Евросий тараққиёт банки Ўзбекистонга қўшнилар билан савдо, янги иш жойларини яратиш, ҳамда сув ва энергия соҳасида ёрдам бера олишини айтади.
"Масалан, Марказий Осиёдан Африка бозорига кириб бориш қийин. Лекин Евросиё бозори жуда яқин ва у билан ишлаш осон, чунки ҳуқуқий асослар ва дунёқарашлар ўхшаш", дейди қирғизистонлик мутахассис Адил Каукенов.
Россиялик иқтисодчи Алексей Зубецнинг айтишича, Россия ва Ўзбекистоннинг тобора яқинлашаётгани "тараққиётга қурол" бўлиб хизмат қилади.
"Бу йил Россия ва Ўзбекистон кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширдилар - гап минтақалараро таълим форумлари ва қўшма корхоналар ҳақида кетяпти. Шу сабабдан, Ўзбекистон учун Россия - биринчи приоритет", дейди Зубец.
Унинг айтишича, Россия билан ЕИИ таркибида ҳамкорлик қилиш Ўзбекистонга Евросий тараққиёт банки (ЕТБ)дан янги лойиҳалар учун молия олишга ёрдам беради.
13 декабрда Спутник Ўзбекистон саҳифаси Евросиё интеграцияси борасида қирғиз эксперти Кубат Раҳимов билан видео интервьюни чоп қилди. Унда собиқ СССР давлатлари замонавий хавфларга қарши курашда бирлашишлари кераклиги айтилади.
Унга кўра, бу мамлакатлар биргаликда эга бўлган совет тарихи диний экстремизмга қарши курашда қўл келади.
Раҳимов, шунингдек, ЕИИга аъзолик Ўзбекистондаги демографияга яхши таъсир ўтказишини айтади.
"Иқтисод қандай ривожланиши муҳим: Ўзбекистон учун бир йўл иқтисодий жиҳатдан жон сақлаш, иккинчи йўл эса - интеграция ёрдамида ўз ўрнини топиш", дейди у.
8 декабрда Спутник Ўзбекистон саҳифасида чоп этилган бошқа интервьюда Раҳимов Россия бошчилигидаги блокдан Қирғизистон қандай манфаатлар кўрганини гапиради.
"Ўзбекистон учун ЕИИга қўшилиш жуда катта миқдорда пул тежашни англатади. Мамлакат иқтисоди йилига 1 миллиард доллар тежайди", дея иқтибос келтиради Раҳимовдан Спутник сайти.
Кирилл алифбоси

Сурат манбаси, Vesti.uz screenshot
6 декабрда Ўзбекистондаги хабарларни ёритувчи Кремлпараст Вести.уз сайти "Ўзбек маданий эксперти: Лотин алифбоси бизни илдизларимиздан узди" сарлавҳали мақолани чоп этди.
1990 йилларда Ўзбекистон ҳукумати кирилл алифбосидан лотинга ўтиш дастурини тадбиқ қила бошлаган.
"Лотин алифбосига ўтиш ўзбек маданиятини ортга қайтарди; унинг қулашини тўхтатиш вақти келди" дея иқтибос келтиради мақола Александр Жумаев исмли маданий экспертдан.
"Кирилл алифбосининг бекор этилиши - сиёсий қарор. Бунинг учун амалий, маданий, илмий зарурат бўлмаган. Ўша вақт лидерлари учун энг асосий нарса "Россия билан ришталарни узиш" эди, улар бизни бутун дунё кутиб турибди дея даъво қилганлар", дейди Жумаев.
Унинг хавотирларига кўра, ёш авлод кирилл алифбосидаги эски адабиётни ўқий олмасдан улғайяпти. "Афсуски, бу йўқотилган одамлар, давлат тараққиёти учун катта йўқотиш", дейди эксперт.
"Маданий эксперт ҳали жуда кеч бўлмасидан лотинга ўтиш қарорини қайта кўриб чиқиш, ҳамда рус тили ва кирилл алифбосини асрашга чақиради. Маданиятнинг бу чуқур инқирозини энди яшириш қийин...", дейилади мақола хулосасида.
АҚШ ва Ўзбекистон
7 декабрда Вести.уз сайти "Америка сенаторлари Тошкентни қурмоқда" сарлавҳали мақолани чоп этди. Унда ўзида кўплаб инсон ҳуқуқлари топталиши ҳоллари бўлган АҚШ бошқа давлатлар, айниқса Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларига сўзсиз амал қилишни талаб этаётгани танқид остига олинади.
"Ўзбекистон репрессив давлат бўлиб қоляпти ва Президент Мирзиёев қўли остида эришилган охирги муваффақиятларидан айрилиши хавфи остида. АҚШ давлат котиби Антони Блинкенга йўлланган хатда бир гуруҳ демократик сенаторлар шундай дейишди", дейилади мақолада.
"Америкаликлар Ўзбекистон ҳануз Озодлик [радиоси]ни блоклаяпти, гомосексуализмни жиноят дея ман этяпти ва Human Rights Watch'нинг вакиллик миссиясига мезбонлик қилишдан бош тортяпти. Охиргиси, эсингизда бўлса, 1978 йилда СССРдаги инсон ҳуқуқларини кузатиш учун тузилганди ва ҳозир ҳам бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш қуроли бўлиб қоляпти", дейилади мақолада.
Мақолада айтилишича, сенаторлар Ўзбекистоннинг АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ўрнатиш ҳаракатларига инсон ҳуқуқлари асос бўлиши кераклигини талаб қилишмоқда.
"Қизиғи, бу беадаб талаблар Хиросима ва Нагасаки устига атом бомбасини ташлаган, напалм билан Вьетнамда одамларни йўқ қилган (ва АҚШ амалга оширишда айбланган қатор бошқа жиноятлар келтирилади) мамлакатдан келяпти", дейилади мақолада.
Афғонистон
Россиянинг Марказий Осиёга Афғонистондаги жиҳодчи гуруҳлардан келадиган "таҳдид" борасидаги огоҳлантиришлари Спутник сайти учун асосий мавзу бўлиб қолди.
Вебсайтнинг минтақавий хизматлари бу таҳдид борасида қатор мақолаларни чоп этди ва Марказий Осиё давлатлари Россияга яқинлашиш билан уни бартараф этишлари мумкинлигига ишора қилди.
13 декабрда Спутник Ўзбекистон колумнист Александр Хроленконинг "Жиҳод давом этади: афғон ИШИДчилари Ўзбекистонни нишонга олишмоқда" сарлавҳали мақолани чиқарди.
"Толибон Афғонистоннинг аксар аҳолисига қарши қуролли жангни давом эттиряпти, айниқса ўзбеклар ва тожикларга қарши. Айни дамда, Исломий давлат "амирлиги" террорчилик фаолиятини кучайтириб, қўшни Ўзбекистонни нишонга олмоқда", дейди у.
Унинг ёзишича, Толибон юритаётган сиёсатдан қониқмаган афғонлар аллақачон Марказий Осиёда ўз тармоқларини яратаётган Исломий Давлат (ИШИД) сафларига қўшилмоқдалар.
Исломий Давлат Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га қайтишни истамаётганидан фойдаланишга уринмоқда, дея даъво қилади Хроленко.
Колумнистнинг айтишича, Ўзбекистон "минтақада ҳақиқий куч саналган КХШТ давлатлари билан минтақавий хавфсизликни кучайтиришни устивор масала деб кўриши керак".
Айни мақола Спутник Тожикистон сайтида ўша куннинг ўзида ва Спутник Қирғизистон саҳифасида 15 декабрда чоп этилди.
3 декабрда Спутник Қирғизистон Хроленконинг бошқа мақоласини чоп этди. Унда Толибон яқинда ўтказган ҳарбий машқларда ҳарбий учоқлар ҳам жалб этилгани ва бу қўшни Марказий Осиё мамлакатлари учун хавф экани айтилади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг ўринбосари Дмитрий Полянскийдан иқтибос келтирган Хроленко Афғонистондаги ИШИД Марказий Осиёга таҳдид эканини айтади. Дипломат ҳудкушлик ҳужумлари ошгани ва террорчиларнинг заҳиралари кўпайганига ишора қилади.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












