Украина русларни ерлик аҳоли рўйхатидан чиқармоқчи. Россия ғазабда - NATO Rossiya Ukraina Qrim dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Святослав Хоменко
- Role, Би-би-си, Киев
Украина янги қонун қабул қилмоқчи. Уни Олий Радага шахсан президент Зеленскийнинг ўзи тақдим этган. Агар, у маъқуллланса, миллионлаб руслар Украинани тарк этишга мажбур бўлишадими? Путин янги қонун лойиҳасини "чиркин", деб атаган.
Россия раҳбари ҳужжатнинг биринчи моддасида кўрсатилган маҳаллий халқлар рўйхатида руслар йўқлигидан ғазабини яширмади.
Умуман олганда, ушбу рўйхатда учта халқ бор - Қрим татарлари, кримчаклар ва караимлар.
Шу ҳафта Россия Давлат Думаси мазкур ҳужжатни қоралади.
Қабул қилган баёнотида Дума Зеленскийнинг лойиҳасини "тарихий хотирани ҳақоратлаш, украин, рус ва Украинанинг бошқа туб аҳолиси ўртасига ханжар санчиш учун янги уриниш", деб атади.
Чоршанба куни Владимир Путин Украина президентининг ташаббуси ҳақида батафсил гапирди.
Ушбу лойиҳанинг қоидалари Россия раҳбарига "нацистлар Германиясининг назарияси ва амалиётини" эслатган ва у бу ҳужжатни амалга татбиқ қилишни "бутун рус халқига берилган кучли зарба", деб атади.
"Бунинг оқибатида юз минглаб, эҳтимол, ҳатто миллионлаб одамлар иккинчи даражали одамга айланишни истамай кетишга мажбур бўлади ёки улар ўз мақомларини ўзлари ёзади", деди Владимир Путин.
Украинадагилар эса Россия президентининг гапларига қўшилмайди ва қонун ёз охиригача кучга киришини ваъда қилмоқда.
Стратегия, тушунча, қонун
Володимир Зеленский 18 май куни Олий Радага Украинанинг туб аҳолиси тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этганини айтди.
Шу куни Украинада 1944 йили оммавий равишда депортация қилинганлиги хотирасига Қрим татарлари қирғини қурбонларини хотирлаш куни нишонланади.
Ушбу масалага бағишланган мурожаатида Зеленский Қрим ва Севастополни қайтариб олиш, қайта интеграциялаш стратегиясини ва 2032 йилгача Қрим татар тилини ривожлантириш концепциясини тилга олди. Туб аҳоли тўғрисидаги қонун лойиҳаси, Украина президентининг сўзларига кўра, расмий Киевнинг "Қрим йўналиши" бўйича навбатдаги қадамига айланди.
"Ишончим комилки, қисқа вақт ичида депутатлар Украинанинг туб аҳолиси, хусусан, Қрим татарлари мақомини кўриб чиқадилар ва мустаҳкамлайдилар ва ниҳоят Олий Раданинг саккиз чақириғи ва аввалги барча президентлар амалга оширмаган, 30 йилга чўзилган ишни амалга оширадилар", деди у.
Кўп тиллилик
"Туб халқлар" атамаси Украина Конституциясида эслатиб ўтилган: масалан, унга кўра, давлат нафақат миллий озчиликларнинг, балки Украинанинг туб маҳаллий халқларининг этник, маданий, лисоний ва диний ўзига хослигини ривожлантиришга ёрдам бериши керак.
"Туб аҳоли" атамаси Украинанинг баъзи бошқа қонунларида ҳам мавжуд.
Масалан, 2017 йилда қабул қилинган Таълим тўғрисидаги қонунда Украина мактабларида фойдаланиш мумкин бўлган тиллар қуйидагича тартибланган:
- давлат (украин) тили: бу мамлакатда таълим тили;
- Туб халқлар тиллари: бунда ўқувчилар алоҳида синфлар доирасида ўрта маълумот олиши мумкин;
- Европа Иттифоқига аъзо давлатлар тиллари: улар чет тили сифатида ўрганилиши мумкин, шунингдек, мактабнинг барча синфларида баъзи фанларни ўқитиш мумкин;
- миллий озчиликларнинг бошқа тиллари: уларни фақат 4-синфгача ўқитиш, кейинчалик эса уларни чет тили сифатида ўрганиш мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу схемада рус тили охирги, тўртинчи тоифадаги тил ҳисобланади. Ушбу қонун қабул қилинса, Украинада рус тилида ўқитиладиган мактаблар синф сифатида деярли йўқ бўлиб кетди.
Аммо, муаммо шундаки, Украинанинг ҳеч бир қонунида рус тили билан таққослаганда жуда кўп имтиёзларга эга бўлган ўша "туб халқлар" кимлар эканлиги тушунтириб берилмаган.
Зеленский илгари сурган қонун лойиҳаси ана шу саволга жавоб бўлади.
Туб аҳоли кимлар?
Эҳтимол, Зеленскийнинг қонун лойиҳасидаги энг муҳим қисм туб халқларни белгилайдиган рўйхат келтирилган биринчи модда бўлиши мумкин.
Зеленский қуйидаги белгиларга эга этник жамоани туб халқ сифатида белгилашни таклиф қилади, улар:
- Украина ҳудудида шаклланган,
- ўзига хос тил ва маданият ташувчиси бўлган,
- анъанавий, ижтимоий, маданий ёки вакиллик органларига эга;
- Украинанинг туб аҳолиси эканини англовчи,
- мамлакат ичидаги этник озчиликни ташкил қиладиган,
- ва, эҳтимол, энг аҳамиятлиси - унинг Украинадан ташқарида ўз давлат таълимига эга бўлмаган.
Агар сиз ушбу таърифни қабул қилсангиз, Зеленский жамоаси фикрига кўра, бу БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган туб аҳоли тўғрисидаги ҳужжатларга мос келади, шу боис руслар, шунингдек, венгерлар, руминлар, беларуслар, яҳудийлар ва умуман ўз давлатига эга бўлган ҳар қандай халқ Украинанинг "туб" халқлари рўйхатига кира олмайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Якуний рўйхатда фақат Қрим татарлари (уларнинг сони Украинада тахминан 300 минг кишини ташкил этади, уларнинг қарийб 90 фоизи Қримда яшайди) ва иккита кичик Қрим халқи - караимлар (уларнинг сони тахминан 1200 киши, шулардан 500 га яқини Қримда яшайди) ва кримчаклар (умумий сони бир неча юз кишидан ошмайди).
Қисқа, атиги бир неча саҳифадан иборат бўлган ушбу ҳужжатни Зеленский жамоаси "кенг, энг кенг қамровли", деб атамоқда.
Ҳужжатда, масалан, давлатнинг маҳаллий халқларнинг ҳукумат органларида вакиллигини тарғиб қилиши, уларни геноцид, оммавий мажбурлаш ёки зўравонлик ҳаракатларидан ҳимоя қилиши, "туб аҳолини кенг қамровли қўллаб-қувватлаш чораларини" кўриши, урф-одатларини ривожлантириш ҳуқуқини кафолатлаши ҳақида сўз кетади.
Қонунда туб аҳолига ўз таълим муассасаларини ташкил этиш ҳуқуқи ва уларнинг ўз тилларини ўрганиш кафолатлари белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, давлат туб аҳоли вакиллик органлари аксарият акциясига эгалик қиладиган оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаши мумкин (Бу ерда сўз Россияда экстремистик ташкилот сифатида таснифланган Қрим-татар халқининг Мажлиси ҳақида кетмоқда, караимлар ва кримчакларда вакиллик органи мавжуд эмас).
"(Ушбу қонун қабул қилинганидан кейин) ҳукумат ўзига тегишли дастурларни ишлаб чиқиши ва уларни амалга ошириши керак бўлади: яъни маҳаллий халқларнинг тиллари, вакиллик органлари ва маданиятини қўллаб-қувватлаш дастурлари", дейди Олий Рада депутати Евгения Кравчук, у президент партияси бўлмиш "Халқ хизматкори"дан сайланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россияда 1999 йилдан буён айни шундай мақсад ва қоидалар белгиланган "Россия Федерациясининг туб кичик сонли аҳолиси ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида" Федерал қонуни амал қилади. Россия қонунчилиги туб аҳоли деганда "ўзининг анъанавий турмуш тарзини, иқтисодий фаолияти ва ҳунармандчилигини сақлаб қолган, аждодларининг анъанавий жойлашиш ҳудудларида яшовчи, Россия Федерациясида 50 минг кишидан кам бўлган халқлар" белгиланган.
Ҳукумат тасдиқлаган рўйхатга асосан Узоқ Шимол ва Узоқ Шарқда яшовчи абазинлар ва алеутлардан тортиб эскимослар ва юкагирларга қадар элликка яқин шундай халқ киритилган. Ушбу рўйхатда на караимлар ва на кримчаклар мавжуд.
Россия туб аҳолисининг алоҳида мақоми уларга баъзи имтиёзлар беради, масалан, ўзлари яшайдиган ҳудудда табиий ресурслардан фойдаланишда имтиёзга эгалик.
Бироқ Россия туб аҳолисига, масалан, анъанавий балиқ ови билан шуғулланишни тақиқлаш ёки денгиз ҳайвонларини овлашни чеклаш ҳоллари учраб туради. Ҳукумат имтиёзлилар кўпайиб кетиши олдини олиш учун туб халқлар рўйхатини кенгайтиришни ҳам истамаётгани айтилади. Масалан, Ямала ва Колиманинг баъзи кичик этник гуруҳлари ҳали ҳам рўйхатга киритилмаган.
"Иккинчи тоифадаги одамлар"
Бироқ чоршанба куни "Россия 1" каналида намойиш этилган интервьюсида Владимир Путин Украина қонун лойиҳасини Россиянинг туб аҳоли тўғрисидаги қонуни билан эмас, балки Учинчи Рейх қонуни билан таққослашни афзал билди.
Аввало Россия президенти суҳбат мавзусидан хабардорлигини, "ушбу лойиҳани кўрганини" айтди.
"У ердаги моддалардан бири шундай янграйди: туб аҳолини камситиш мумкин эмас. Аммо умумий шундай қоида мавжуд, унга кўра, тақиқланмаган барча нарсаларга йўл қўйилади. Демак, туб халқларни камситиш мумкин эмас, аммо туб бўлмаганларни мумкинми? Шу жумладан, русларни. Лекин гап фақат руслар ҳақида кетмаяпти - руминлар, поляклар, венгерлар - бу катта масала", деди Владимир Путин.
Россия раҳбарининг ғазаби Зеленский лойиҳасидаги "туб халқдарга нисбатан улар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ҳар қандай камситиш тақиқланади", деган қоидага йўналган кўринади. Бундан ташқари ушбу моддада мажбурий ассимиляция ёки кўчиришдан ҳимояланиш, ўзларининг миллий рамзлари, улардан фойдаланиш ва ўзларининг тарихи, тили ва анъаналарини ривожлантириш ҳуқуқи ҳам саналган.
Зеленскийнинг лойиҳасини батафсил таҳлил қилишда Путин янада нари кетади.
"Туб аҳолининг биринчи даражали тоифага, иккинчи даражали тоифага ва бошқаларга бўлинишининг ўзи - бу энди нацистлар Германиясининг назарияси ва амалиётини эслатади. Аммо қони аралаш одамлар ҳақида нима дейиш мумкин? Нима қилиш керак?" деб сўрайди Путин.

Сурат манбаси, Getty Images
"Зеленскийнинг ўзи миллатига кўра яҳудийдир. Билмайман, эҳтимол, қони аралашгандир. Ана шунақа одамларни нима қилиш керак? Нацистлар Германиясида уларнинг бош суяклари ва танасининг бошқа қисмларини ўлчаб, ҳақиқий орий ёки орий эмаслигини аниқлаганлари каби йўл тутиш керакми? Бу ерда ким ҳақиқий украин у, ким украин эмаслигини аниқлашади. Мен бошқа компонентлар ҳақида гапирмаяпман", дея қўшимча қилди Путин.
Володимир Зеленскийнинг лойиҳасини айнан шу тарзда шарҳлашда Россия раҳбари аниқ нимани назарда тутганини айтиш қийин: ушбу ҳужжатга кўра, украинлар туб халқлар сирасига тушмайди, шунингдек, унда фуқароларни турли тоифаларга ажратиш ҳақида ҳам гап йўқ.
"Ҳеч ким иккинчи даражали одам бўлишни хоҳламайди. Мен лисоний томондан ёки одамнинг нормал ҳаётининг бошқа таркибий қисмларига нисбатан камситиш ҳақида гапирмаяпман. Аммо бунинг оқибатида юз минглаб, эҳтимол, ҳатто миллионлаб одамлар иккинчи даражали одамга айланишни истамай кетишга мажбур бўлади ёки улар ўз мақомларини ўзлари ёзади", дея хулоса қилди Владимир Путин.
Би би си билан суҳбатлашган украиналик сиёсатчилар Зеленскийнинг Қрим татарлари, кримчаклар ва караимларнинг мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қайси қисми миллионлаб русларни Украинадан кўчиб кетишга мажбур қилиши мумкинлигини тахминан ҳам айта олмади.
"(Бу баёнотга) Украинага қарши анъанавий тарғибот ишлари сифатида қараш мумкин. Ёки Россия раҳбарининг ёрдамчилари унга одатдагидек Украина қонун лойиҳалари тўғрисида тўлиқ бўлмаган ва бузилган маълумот беради", дейди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Би-би-си мухбирига.
Қачон қабул қилинади?
Олий Раданинг Инсонпарварлик сиёсати қўмитаси раҳбари ўринбосари Евгения Кравчукнинг Би би сига айтишича, Қрим мавзусига 2019 йил декабрида Парижда бўлиб ўтган норманд форматидаги музокаралардан сўнг президент кўпроқ эътибор бера бошлади.
Володимир Зеленский Владимир Путин билан биринчи ва ҳозирги кунгача бўлган охирги шахсий учрашуви арафасида Россия раҳбари билан музокараларда 2014 йилда Россия томонидан қўшиб олинган Қрим мақоми масаласини кўтаришга қарор қилганлигини эълон қилди. Украина ва дунёнинг аксарият давлатлари Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олмайди.
Аммо кейин, дейди Би би си суҳбатдошлари, Киевнинг ушбу мавзуни олий даражадаги музокараларда кўтаришга уринишлари натижа бермади: Россия яриморолнинг ҳолати тўғрисида ҳар қандай музокарани рад этди ва рад этиб келмоқда, ҳа, норманд формати дастлаб фақат шарқий Украина можаросини муҳокама қилиш учун тузилган эди.
"Шундан сўнг, Қрим масаласини алоҳида олиб чиқиш масаласи кўтарилди", дейди Евгения Кравчук.

Сурат манбаси, Getty Images
Володимир Зеленскийнинг "Қрим кун тартиби"нинг энг муҳим унсури, унинг жамоасига кўра, "Қрим платформаси" бўлиши керак - Украина президенти ташаббуси бўлган бу платформада Қримни "ишғолдан озод қилиш истиқболларини ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, шунингдек, Қрим ва Севастополь автоном республикаси Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олиниши оқибатларини бартараф этишни муҳокама қилиш режаланган".
23 августда, яъни Украина мустақиллигининг 30 йиллиги куни арафасида ўтказилиши режаланган "Қрим платформаси"нинг биринчи саммити иштирокчилари рўйхати ишлаб чиқилмоқда, аммо ҳозирда расмий Киев Украина жамоатчилик фикрини тадбир мамлакат юбилейини кенг миқёсда нишонлашнинг чўққиси бўлишига тайёрламоқда.
"Қрим платформаси" саммити олдидан (туб аҳоли тўғрисида қонун) кучга кириши ёки президент саммит пайтида уни имзолаши рамзий маънога эга бўлади", дейди Евгения Кравчук.
Шундай бўлиш эҳтимоли жуда катта, дейди у: қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда нафақат парламентда ягона кўпчилик бўлган ҳукмрон партия вакиллари, балки мухолифат фракциялари ҳам иштирок этди.
Процессуал жиҳатдан қонунни қабул қилишни кечиктирмаслик керак: ҳужжатнинг кичик ҳажмда экани унга киритиладиган ўзгартиришлар кўпайиб кетиши эҳтимолини озайтиради. Бундан ташқари, Раданинг гуманитар сиёсат қўмитаси лойиҳани асос сифатида ва яхлит қабул қилишни тавсия қилди. Агар ушбу позицияни парламент депутатларининг кўпчилиги қўллаб-қувватласа, назарий жиҳатдан келаси ҳафтанинг ўзида қонунни қабул қилиш мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















