Ўзбекистон-Тожикистон: Чегара-назорат ўтказиш масканлари 2 йилдан сўнг қайта очилди

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон-Ўзбекистон
Роса икки йилдан сўнг Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара-назорат ўтказиш пунктлари қайта очилди. Айни бир пайтда ҳар икки мамлакатга ўтаётган кишилар учун ПЗР-тест талаб қилиш бекор қилинди. Фақат чегарадан ўтиш учун чет элликлардан Ковидга қарши вакцина олганини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиш талаб қилинади.
Икки қўшни мамлакат орасидаги чегара-назорат ўтказиш масканлари 2020-йилнинг 15-март куни ёпилганди. Худди шу куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган дастлабки инсон аниқланган эди.
Тожикистон ҳукумати эса, узоқ вақтгача мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳоллари йўклигини таъкидлаб келди. Кузатувчилар коронавирусдан вафот этганини ҳолатлар эса, зотилжам сабабли ўлим юз берган дея изоҳланди.
Фақат орадан деярли икки ой ўтгач, Тожикистонда коронавирус ҳолатлари мавжудлиги расмий равишда тан олинди.
Ҳар икки мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камая бошлагач, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги айрим чегара-назорат ўтказиш масканлари очилди. Жумладан, Суғд вилоятида фақатгина «Фотиҳобод-Ойбек» чегара маскани очилган эди.
"Қамчиқдан юрак ҳовучлаганча ўтдим"

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Чегара-назорат ўтказиш масканларининг қайта очилиши ҳар икки мамлакат фуқароларини хурсанд қилиб юборди.
- Патар-Андархон чегара-назорат ўтказиш пункти қайта очилганини қандай кутиб олдингиз, дейсизми? Тўғриси, на мен, на бошқа конибодомликлар қанчалик қувонаётганимизни айтишга сўз топа олмаяпмиз. Бу биз учун Наврўз совғаси бўлди, - деди Конибодомдаги Кўчкак қишлоғида яшайдиган Муталлиб.
Қирқ ёшлардаги бу кишининг айтишича, онаси Конибодомга Бешариқдан келин бўлиб тушган экан. У чегара очилганини эшитиши биланоқ ўғлини олиб Бешариқдаги қариндошларини кўриб келиш учун йўлга тушибди.
«Февраль ойида саксон ёшга яқинлашиб қолган тоғамнинг мазалари қочиб қолганини эшитиб, кўриб келгани отландим. Шундай қишлоғимиздан жуда кўп бўлса, ўттиз чақирим чиқадиган «Патар-Андархон» ёпиқлиги учун Ойбекдан ўтдим. Биласизми, қанча йўл босдим. Камида икки юз эллик километр. Бориш-келиш беш юз километр. Яна Қамчиқдан юрак ҳовучлаганча ўтдим», деди Муталлиб.
«Тирикчилик. Биз Самарқандда тайёрланадиган чинни идишларни Тожикистонга олиб бориб сотамиз. Шу пайтгача Ойбекдан ўтардик. Панжакент шундай биз яшайдиган Ургутдан кўз-қошдек нарида. Лекин Жартепа-Саразм ўтиш жойи ёпиқлигича учун камида олти соатлик йўлга - Ойбекка боришга мажбур эдик. Тўғри, у ердан арзимас пул тўлаб, машинамиз билан ўтардик. Лекин коронавирусни аниқлаш учун ўзбек пулида эллик минг сўм тўлардик. Мана энди, Панжакентга ярим соатга қолмасдан етиб бориб, бир кунда савдо қилиб ортга қайтяпмиз. Ҳа, айтгандайин, тест ҳам олишмади. Бекор қилинибди. Шундайгина вакцина олганимиз ҳақидаги ҳужжатни кўрсатдик, холос», деди самарқандлик тадбиркор йигит Матлаб.
- Саразм-Жартепа чегара-ўтказиш пунктининг қайта очилиши Панжакентга келадиган сайёҳларнинг кўпайишига ҳам йўл очади, - деди «Туризмга оид Зарафшон кенгаши» ижтимоий ташкилоти раҳбари Зафар Норов.
Унинг айтишича чет эллик сайёҳларнинг кўпчилиги бирданига Самарқанд ва Панжакентдаги қадимий ёдгорликларни кўриш учун келишар экан.
- Масалан, Панжакентдаги беш ярим минг йиллик тарихга эга Саразм тарихий қўриқхонасини кўриш иштиёқида бўлган хорижликлар кўп. Устига Панжакентда табиат ишқибозларини ўзига чорлаб турган мўъжизакор Ҳафткўл, яъни Еттикўл бор. Бу йил биз сайёҳлар оқими кўпайишини кутяпмиз. Тожикистонда анчадан буён коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқ. Мана яқинда ниқоб тақмасдан юришга ҳам рухсат берилди, - деди туризм соҳаси мутахассиси.
Миннатдорчилик ва хавотирлик
Чегарадан ўтаётган кўпчилик, айниқса, қариялар ўзлари учун қайтадан қулайлик яратишгани учун хар икки мамлакат раҳбарларига миннатдорчилик билдиришмоқда.
- Буёғига коронавирус деган балонинг номини эшитмайлик. Чегараларимиз мудом очиқ бўлсин. Ойбек бизга узоқлиги учун Бекободдаги қизимни, невараларимни етти ойдан буён кўрганим йўк. Худога шукр, ўзимизнинг «Плотина» ҳам очилиб қолди, - деди Тожикистоннинг Спитамен тумани ва Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри орасидаги «Тўғон» чегара-назорат ўтказиш пунктидан ўтаётган етмиш ёшлардаги отахон ўзининг Қўштегирмон қишлоғида яшашини айтар экан.
«Лекин, тўқликка шўхлик деган гап ҳам бор. Интернетдаги сайтларда ўқиб қолдим. Ойбекда Тожикистондан ўтаётган машинада икки юз эллик киломи, ундан кўпроқми бангивор моддалар олиб ўтишаётганда ўзбекистонлик божхоначилар ушлашибди. Ундан олдинроқ ҳам бир юзу неча килоям олиб ўтишмоқчи бўлишганда, аниқлашганди», деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов бундайин нохуш ҳолатларнинг чегарадан эркин ўтишга таъсир этишидан хавотирланар экан.
У шунчалик катта миқдордаги бангивор моддани нега тожикистонлик божхоначилар пайқашмаганидан ҳайронлигини айтди.
«Мен бунинг сабабини билмайман. Фақат тахмин қилишим мумкин: ё Тожикистон божхоначилари Ўзбекистондаги ҳамкасблари фойдаланаётган замонавий текширув мосламаларига эга эмаслар, ё улар орасида ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган кишилар бор», деди маҳаллий кузатувчи.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















