Ўзбекистон ва Тожикистон чегара бўйича нимага келишишди? Москвага карантин қайтаяптими? Дайжест O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Суғдда Тожик-Ўзбек давлат чегараси демаркацияси
- Россиядаги ўзбекистонликлар яна карантинда қоладими?
- Атиги 34 фоиз россиялик эмланган
- Давлат идораларида очиқлик ва шаффофлик
Чегара бўйича келишув
Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати делегациялари вакиллари Тожик-Ўзбек давлат чегарасидаги демаркация ишларини муҳокама қилишди.
Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот бошқармаси хабар бермоқда.
Икки қўшни давлат ишчи гуруҳларининг учрашуви Тожикистоннинг Суғд вилоятида бўлиб ўтган.
"2021 йил 12-19 октябр кунлари Гулистон шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон қўшма чегара-демаркация комиссияси Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди"- дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Маълумотга кўра, учрашувда томонлар Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича техник ҳужжатларни тасдиқлашган.
Шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари Тожик-Ўзбек давлат чегарасининг алоҳида ҳудудларига бориб, дала ишларини олиб боришган.
Баёнотда билдирилишича, ишчи гуруҳларнинг навбатдаги йиғилиши 2021 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистон ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги давлат чегарасининг узунлиги 1300 километрдан зиёдни ташкил этади.
Ҳозирда икки мамлакат фуқаролари 30 кунгача визаси бориб келишлари мумкин.
- Илк теледебатнинг илк саволи: номзодларнинг ўзи қани? Мигрантларнинг онлайн норозилиги қандай "бостирилди"? Сўхда аэропорт. Дайжест
- Ўзбекистон: Мирзиёев iPhone 11 ишлатади, бир коронавирус бемори даволанишига 15 миллион сўмдан сарфланмоқда ва мамлакат энди газ сотиб оладими?
- Автоблогер Бобур Ғаниев аппеляцияси қаноатлантирилмади ва ўзбекистонликлар осмонда кўрган учар жисм нима эди?
- Жаримага тортилган Санжай, танқидга учраган тил челленжи ва никоҳ қураётган энг кўп қариндошлар қайси вилоятда?
Мигрантлар ишламаса…
Москвада маълум муддат одамлар ишга чиқмайдиган кунлар жорий қилиниши мумкин.
19 октябрь куни Россия Бош вазир ўринбосари Татяна Голикова мамлакатда 30 октябрдан 7 ноябргача ана шундай кунларни жорий этишни таклиф қилди.
Эпидемиологик аҳвол оғир бўлган ҳудудларга эса 23 октябрдан бошлаб бу каби кунларни киритиш ҳуқуқини бериш таклиф этилади.
Якуний қарорни Президент Владимир Путин беради.
Хабарларга кўра, карантин жорий этилган тақдирда пойтахтда ресторан, кафе, дўкон, кинотеатр ва гўзаллик салонлари каби қатор масканлар фаолияти чекланади.
Бу эса юз минглаб ўзбекистонликлар меҳнат қилаётган Москвада пандемия чекловлари билан бирга моддий вазиятнинг ҳам танглашишини англатиши мумкин.
Айнан хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ташкилотлар мигрантлар энг кўп иш билан банд бўлган соҳалардир.
Вакцина олиниши суст
Экспертлар пойтахтни карантинга олиш чораси Россиядаги коронавирус инфекциясининг янги тури билан боғлиқ вазиятни юмшатишга ёрдам беради, дея умид қилишмоқда.
Сўнгги бир ой ичида Россияда Ковид-19 инфекцияси кўрсаткичи 70 фоизга ошди, деярли ҳар куни юзлаб янги ҳолатлар ва ўлимлар қайд этилмоқда.
Россия ҳукумати бундай статистикани эмлашнинг етарли эмаслиги билан изоҳлайди.
Бугунги кунга келиб, россияликларнинг атиги 34 фоизи ёки ҳар учтадан бир тўлиқ, яъни икки марта эмланган.
Москва бош санитар шифокори 2022 йилнинг 1 январига қадар хизмат кўрсатиш соҳадаги ходимларнинг камида 80 фоизини эмлашни буюрди.
Ҳужжат бор, ижро-чи?

Сурат манбаси, O'zbekkino
Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таҳлил қилинди.
19 октябрь куни Халқаро медиа-холлда "Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти" мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, Журналистлар уюшмаси раҳбарияти ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишган.
"Яна бир жиҳат, шу кунгача ҳам давлат ҳокимияти бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисидаги норматив ҳужжатлар мавжуд бўлган" - деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.
"Аммо улардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш учун масъул ёки уни бажариш талабларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолаверган. Бу эса қонунчилик ҳужжатининг ҳаётга тўлиқ жорий этилишига салбий омил бўлиб хизмат қилиб келган".
Акмал Бурҳоновга кўра, мазкур йўналишдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан назорат Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифа сифатида юклатилиб, агентлик таркибида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилган.
Тадбирда очиқ жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш борасида Буюк Британия, Франция, Россия, Словения, Сингапур ва Қозоғистон каби ўнга яқин хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий иш тажрибаси ўрганилиб, амалиётга тадбиқ этиш чоралари кўрилаётгани билдирилган.
- Ўзбекистон: Икки қишлоқ аҳли олтин кони талашиб уришди ва 8 ой ичида четдан қанча доллар келди?
- Ўзбекистон мустақиллигига нималар таҳдид солмоқда?
- Ўзбекистон: Қўлда терилган пахта учун ҳақ белгиланди ва навбатдаги муфтий қандай сайланади?
- Ўзбекистон: 'Одамлар берилган эркинликдан эркалаб кетди' ёки 'минг марта раҳмат' - Мустақиллик сизга нима берди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















