Ўзбекистон: 200 минг сўмлик пул чиқарилади, ЕИда тан олинувчи дипломни қандай олиш мумкин ва кунлар янада қизийдими? O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Markaziy bank
- 200 минг сўм қийматидаги пул муомалага чиқарилади;
- Халқаро адабий фестиваль нега тўхтатилди?
- Ўзбекистон талабалар сони бўйича Россияда иккинчи ўринни қайд этди;
- ТДАУ битирувчилари ЕИда тан олинувчи диплом олиши мумкин;
- 17 июлдан кунларда янада қизиши хабар қилинди;
200 минг сўмлик пул
Марказий банк 15 июлдан бошлаб номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклидаги пул белгилари муомалага чиқарилишини хабар қилган.
Маълум қилинишича, мазкур банкнот тематикаси Буюк Ипак йўли ва Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.
Банкнотнинг олд томонида Қўқон шаҳридаги "Худоёрхон ўрдаси" меъморий ёдгорлиги тасвирланган.
Орқа томонда эса милоддан аввалги III асрга оид қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган "Ахсикент археология ёдгорлиги"ни кўриш мумкин.
Шу тариқа ушбу банкнот ҳозирда муомалага чиқарилган энг юқори номинал қийматдаги купюрага айланиши кутилмоқда.
Aloqador mazvular:
- Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда интернет муаммоси давом этмоқда, Россия билан ҳисоб-китобда рублга ўтиладими ва Аи-80 нега қимматлади?
- Дайжест: Президент администрацияси раҳбари ишдан кетди. Ўзбекни урган масъул ходим ишдан ҳайдалдими? Қозоғистондан ун келмайди. Раҳмон халқини кўп емасликка чақирди
- Қорақалпоғистон: 14 киши ушланди, илк айбловлар янгради
- Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларида четдаги кучларни айблади, куч тузилмалари ҳаддидан ошган бўлса жавобгарликка тортилади. Видео
Тўхтатилган адабий фестиваль

Сурат манбаси, Facebook/A'zam Obidov
Сентябрь ойида Тошкент ва Бухорода ўтказилиши режалаштирилган "Буюк Ипак йўли адабий фестивали" (Silk Road Lit Fest) иштирокчилар рўйхати шакллантирилганига қарамай, тўхтатилган.
Фестиваль ташкилий қўмитаси аъзоси, шоир ва таржимон Аъзам Обидов ушбу йирик тадбир Ёзувчилар уюшмаси ташкилотчилар таркибидан чиқиши ортидан бекор қилинганини хабар қилган.
Бу маълумотни фестиваль директори, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон ҳам тасдиқлаган.
Ибботсон Ўзбекистон ҳукумати Ёзувчилар уюшмасини фестивалнинг маҳаллий ҳамкори ўлароқ танлаб бергани, аммо эндиликда уюшманинг ташкилотчилар қаторидан "сабабсиз" чиқиб кетиши туфайли Silk Road Lit Fest'ни белгиланган муддат - сентябрь ойида ўтказиш имконсиз қолаётганини таъкидлаган.
"Уларнинг важлари - бу важлар қандай экани бизга қоронғи - қандай бўлишидан қатъий назар, Ёзувчилар уюшмаси фестиваль ташкилий қўмитаси ва қўмитанинг Ўзбекистон ҳамда хориждаги ҳамкорларининг бир йилдан ортиқ меҳнатига путур етказди.
Шунингдек, улар фестивалга ўз вақти ва ғояларини бағишлаган барча маърузачилар, семинар етакчилари ва бошқа дастаклаган инсонларга нисбатан мутлақо ҳурматсизлик кўрсатди", дейилади Аъзам Обидов ўзининг Фаcэбоок саҳифасида эълон қилган Ибботсоннинг очиқ хатида.
Ҳолатга расмий муносабат билдирган Ёзувчилар уюшмаси ўзининг ташкилотчилар сафидан чиқиб кетганини тасдиқлаб, бунга "музокаралар давомида ташаббускорлар томонидан, асосан, фестивалнинг туристик жиҳатларига аҳамият қаратилиб", ўзбек адабиёти тарғиботи "эътибордан четда қолдирилаётгандек тасаввур пайдо бўлгани" сабаб бўлганини маълум қилган.
Россияда иккинчи ўринда

Сурат манбаси, Tomsk davlat universiteti
Ўзбекистон Россиядаги хорижлик талабалар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллаган.
Россотрудничество агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотларига кўра, айни вақтда Россия ОТМларида ўзбекистонлик 48 700 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Агентликнинг хабар қилишича, Россияда хорижлик талабалар сони бўйича рейтингда биринчи ўринни Қозоғистон (61 минг нафар), учинчи ўринни Хитой (32 600 нафар), тўртинчи ўринни Туркманистон (30 600 нафар) ва бешинчи ўринни Тожикистон (23 100 минг нафар) қайд этган.
Евро Иттифоқ тан олувчи диплом

Сурат манбаси, "Dunyo" AA
Тошкент Давлат Аграр университети битирувчилари Европа Иттифоқида тан олинувчи диплом олиш имкониятига эга бўлмоқдалар, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.
Маълум қилинишича, 11 июль куни Ўзбекистон делегацияси Ригада Латвия Табиий фанлар ва технологиялар университети расмийлари билан учрашган.
Музокаралар ортидан Тошкент Давлат Аграр университети (ТДАУ) ва Латвия Табиий фанлар ва технологиялар университети (LLU) ўртасида 2022 йил 1 сентябрдан 2027 йил 30 июнга қадар муддатга мўлжалланган қўш дипломли таълим тўғрисидаги келишув имзоланган.
Келишувга кўра, дастур доирасида ўқитилажак талабалар икки йил ТДАУда, қолган икки йил LLU'да таҳсил оладилар.
"Юқори натижа кўрсатган битирувчилар Европа Иттифоқида тан олинувчи дипломни қўлга киритадилар", дейилади "Дунё" хабарида.
Яна жазирама

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Келаётган беш кунликда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати аста қизиб боради, деб ёзмоқда Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳатов.
Мутахассис 17 июлдан кунлар янада қизиши прогноз қилинаётганини маълум этган.
"Прогнозга кўра, кундан кунга ҳароратлар юқори исиб боради. Хусусан, 17 июль кунига бориб, водий вилоятларида ҳам ҳарорат максимумлари +41 даражага кўтарилади.
Бошқа ҳудудлар хусусан, чўл ва жануб ҳудудларда ҳароратларнинг +43 даражалик исиши 15 июлдан бошлаб кузатилади", деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.
Унинг билдиришича, бу ҳолатга шимол Россияда келгуси беш кунлик учун бу иссиқ ва паст босимли соҳани минтақадан "суриб ҳайдаб юборадиган" кучга эга ҳеч қандай совуқ антитциклон оқимлари ривожланиши учун вазият мавжуд эмаслиги сабаб бўлиши мумкин.
"Бу минтақамиздаги иссиқ ҳаво тўлқинини янада кучайтириб, термик депрессия жараёнига айлантириб юборишини англатади", қайд этган Абдулаҳатов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















