Дайжест: Президент администрацияси раҳбари ишдан кетди. Ўзбекни урган масъул ходим ишдан ҳайдалдими? Қозоғистондан ун келмайди. Раҳмон халқини кўп емасликка чақирди O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Зайнилобиддин Низомиддинов

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Кутилмаганда президент администрациясида ўзгариш. Мигрант бармоқ изи топшираётганда ходим сабабсиз қорнига урганди. Нима бўлди? Тожикистонликлар байрамни Президент тавсияси билан қиладими? Қозоғистон ун ва буғдой экспортини чеклайди. Ўзбекистонда ун етарлими? Такси ҳайдовчилари байрам арафаси қандай хушхабар олишди?

Алоқадор мавзулар:

Админстрация раҳбари қаерга кетди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котибининг Telegram даги расмий канали маълум қилди.

Президент матбуот хизмати хабарида Зайнилобиддин Низомиддиновнинг истеъфосига саломатлиги билан боғлиқ муаммони сабаб этиб кўрсатган.

Маҳаллий нашрлар эса, Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бошқа лавозимга ўтаётгани айтилаётгани ҳақида ёзишган.

Маълумот учун: Зайнилобиддин Низомиддинов 2018 йил августида Президент администрациясига раҳбар этиб тайинланган ва шу вақтда президент девони президент администрацияси сифатида қайтадан ташкил қилинган.

Низомиддинов муқаддам Шавкат Мирзиёевга у Бош вазири лавозимида эканида Ўзбекистон Бош вазири котибияти мудири лавозимида ишлаган.

Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, президент администрациясининг собиқ раҳбари энди Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланган.

Аён бўлишича, ташкилот матбуот хизмати "Газета.uz"га бу ҳақда маълум қилган.

Аммо янги тайинловга оид расмий хабарлар ҳалича кўзга ташланмайди.

Калтак еган ўзбекнинг шикояти йўқ, аммо…

мигр

Сурат манбаси, Social media

Россияда миграция хизмати идораси ходим ўзбекистонлик муҳожирни ҳужжат расмийлаштириш жараёнида ургани учун ишдан бўшатилди.

Воронежда миграция департаменти ходими ҳужжатларни расмийлаштириш вақтида мигрантнинг қорнига тирсаги билан ургани тасвирланган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахром Исмоилов мазкур видео юзасидан ОАВлар орқали қилган мурожаатида Россия Ички ишлар вазирлигининг Воронеж вилояти бўйича Бош бошқармаси раҳбарияти хизмат суриштируви ўтказилиши ва Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қўполлик қилган ходим ички ишлар органларидан бўшатилиб, раҳбари интизомий жавобгарликка тортилиши»ни талаб қилган.

Ҳужжат расмийлаштираётган мигрантни бесабаб урган ходим видеоси ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди. Юзлаб фаоллар бу вазиятни жавобсиз қолдирмасликни сўрашди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги видеода тасвирланган фуқаронинг шахси аниқланганини маълум қилди.

Хабарга кўра, видеодаги мигрант 2022 йил 1 июн куни Воронежга ишлаш учун келган Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди.

У 28 июн куни Миграция марказида ҳужжатларни расмийлаштириш учун бармоқ изларини олиш жараёнида ходим унга куч ишлатиб, қорнига итарган. Бундан ташқари, ходим унга нисбатан қўполлик қилган, бармоқ изларини олиш вақтида мигрантнинг қўлидан силтаб тортган.

Муҳожир воқеадан кейин соғлиғидан ҳеч қандай шикояти йўқлигини маълум қилган.

- Ушбу ҳодиса батафсил ўрганилиб, қўшимча маълумотлар билан тегишли органларга нота киритилган, - деб ёзади Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, Россияда расман 1 ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлиб, улар мамлакатда энг ҳимоясиз ва энг кўп ҳақ-ҳуқуқлари топталувчи қатламдир.

«Исрофгарчиликдан тийилинг»

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз халқини Қурбон Ҳайити билан табрикларкан, уларни байрамда емоқ-ичмоқни ошириб юбормасликка чақирди.

рахмон

Сурат манбаси, Tass

Давлат раҳбари қурбонлик қилиш ҳамма учун ҳам фарз эмаслигини, оиласи ҳар томонлама таъминланганларгина қилиши кераклигини билдирган.

- Сиз ҳам, мен ҳам мақтанчоқлик ва исрофгарчиликдан ўзини тийиб, моддий имкониятларимизни оиламиз фаровонлиги, фарзандларимизнинг саводсиз қолиб, илм-ҳунар эгалламаслиги учун сарфлашимиз керак, - дейилади Президентнинг табрик хатида.

Шунингдек Имомали Раҳмон Ер сайёраси аҳолиси ҳозирда ўз тарихидаги энг оғир даврни бошдан кечирётгани, дунёнинг 27 мамлакатида одамлар очлик хавфи остида эканини таъкидлаган.

- «Биз дунёда рўй бераётган ана шундай нозик ва мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилишимиз, ҳамжиҳат бўлишимиз, ҳамжиҳат бўлиб, фидокорона меҳнат қилишимиз, ҳаётнинг барча жабҳаларида азалий халқимизга хос энг яхши хусусият бўлган тежамкорликка амал қилишимиз керак», - дейди Имомали Раҳмон тожикистонликларга.

Ун ва буғдой чиқишига чеклов

«Очарчилик ҳавотири» Қозоғистонга ҳам соя солган кўринади. Қозоқ ҳукумати яна буғдой ва ун экспортига чекловлар киритди.

Маҳаллий нашрларнинг берган хабарларига кўра, Қозоғистонда энди 2022 йил 30 сентабргача буғдой ва меслин, буғдой уни ва буғдой-жавдар экспорти учун квоталар жорий этилган.

Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси чекловлар миқдорини очиқлаган.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буйруғи билан Қозоғистон ҳудудидан учинчи давлатлар ва ЕОИИ мамлакатларига олиб чиқиб кетиш миқдори буғдой ва жавдарга - 550 минг тонна, буғдой уни ва жавдар унига - 370 минг тонна этиб белгиланган.

8 июлдан кучга кирувчи мазкур чеклов мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида киритилгани билдирилган.

Аввалроқ Қозоғистон мамлакатдан ўсимлик мойининг олиб чиқилишига вақтинчалик чеклов қўйганди.

Таксичилик фаолиятида ўзгариш

Ўзбекистонлик такси хайдовчилари байрам арафасида хушхабар олишди.

такси

Сурат манбаси, Getty Images

Эндиликда киракашлик ўз-ўзини банд қилувчи касблар рўйхатига қўшилади. Яъни, жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган киракаш сифатида рўйхатдан ўтиб, енгил автомобилда қонуний равишда йўловчи ташиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Президентининг янги қарорига асосан, 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охирига қадар йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади.

Қарорда ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилиши ва лицензия варақасини беришдаги қатор тартиблар белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek