Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларида четдаги кучларни айблади, куч тузилмалари ҳаддидан ошган бўлса жавобгарликка тортилади - Video O'zbekiston, yangiliklar

namoyish

Сурат манбаси, Makan.uz

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистондаги воқеаларларга тўхталди. Президент қонли тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди ва куч тузилмалари нотўғри куч ишлатган бўлса жиноий жавобгарликка тортилишини кераклигини таъкидлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман", деган Мирзиёев.

Ўтган ҳафтанинг жума ва якшанба кунлари намойишлар ортидан келиб чиққан тўқнашувларда расман 18 киши ҳалок бўлгани, уларнинг тўрт нафари куч тизимлари ходимлари эканлиги айтилганди.

Ўзбекистон президенти Нукусдаги қонли тўқнашувларда хориждаги кучларнинг қўли борлигини айтган.

"Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган" деган Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бораётганини айтган.

Президент ушбу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Мирзиёев ҳуқуқ тартибот органи ходимларининг ҳаракталари ҳам чуқур таҳлил қилиниши ҳақида топшириқ берган.

"Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", деган президент.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд.

Олдинроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги ҳодисалар юзасидан очиқ ва мустақил текширув ўтказишга чақирганди.

БМТ: Мустақил ва очиқ текширув ўтказилсин

askar

Сурат манбаси, kun.uz

Европа Иттифоқидан сўнг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Oлий комиссари Қорақалпоғистондаги воқеаларга доир зудлик билан мустақил ва очиқ тергов ўтказишга чақирди. АҚШ Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллашини билдирди.

Алоқадор мазвулар:

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Oлий комиссари Мишел Бачелет намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида келиб чиққан тўқнашувда жабр кўрганларнинг сони расмий рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкинлигини борасида хавотир билдирган.

"Намойишлар вақтида жиддий зўравонликлар, жумладан одам ўлдириши ҳақида хабарларнинг келиши жуда хавотирли. Мен расмийларни ўта вазмин бўлишга чақираман. Масъулиятни таъминлаш учун ушбу мазмунда содир этилган ҳар қандай жиноий айбловларни, жумладан давлат вакиллари томонидан содир этилган зўравонликларга доир зудлик билан очиқ ва мустақил тарзда суриштирув ўтказишга чақираман ", деган Бачелет.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Oлий комиссари Қорақалпоғистонда интернетга қўйилган тақиқни зудлик билан олиб ташлашга чақирган.

АҚШ Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллайди

АҚШ давлат департаменти Қорақалпоғистондаги сўнгги ҳодисалар юзасидан хавотирини билдирган ва барча томонларни зўравонликдан сақланишга ва кескинликни тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирган.

Давлат департаменти яқинларини йўқотган оилаларга ва жароҳат олганларга ҳамдардлик билдирган.

"Биз Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотлар ўтказишдаги сайъ-ҳаракатларини қўллаб қувватлаймиз. Ҳукуматни Ўзбекистон зиммасига олган халқаро мажбуриятлари жумласига кирувчи барча фундаментал ҳуқуқларни, жумладан тинч тўпланишлар ва очиқ фикр билдиришни ҳимоя қилишга чақирамиз.

Расмийларни зўравонликлар бўйича халқаро меъёрлар ва илғор тажрибаларга мос равишда тўлиқ, ишончли ва очиқ тергов олиб боришга чақирамиз. АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини оғишмай қўллаб-қувватлайди", дейилади баёнотда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, тўпланганлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишган.

Бош прокуратуранинг айтишича, оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар жароҳатланган 240дан ортиқ одамларнинг 38 нафари ҳуқуқ тартибот ходимларидир. Куч тизимларининг 4 нафар ходими ҳалок бўлган.

Олдинроқ Европа Иттифоқи ва Amnesty International ташкилотлари Қорақалпоғистондаги ҳодисалар юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирганди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари, Хитой ва Туркия Қорақалпоғистондаги қонли ҳодисалар борасида расмий Тошкентни дастакладилар. Европа Иттифоқи мустақил текширув ўтказишга чақирди, Халқаро Амнистия эса корақалпоқ намойишчиларга қарши "ноқонуний куч қўллашни тўхтатинг", деб Ўзбекистонга чақириқ билан чиқди.

Туркия

Туркия Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга оид чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди.4 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоғлу билан телефон орқали суҳбатлашган."Суҳбат аввалида М.Чавушўғли Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди", дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Қозоғистон

4 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев телефон мулоқотида Қорақалпоғистондаги вазиятни ҳам муҳокама этганлар.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати баёнотида айтилишича, "Қозоғистон президенти давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид ҳатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади".

Олдинроқ, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги ҳодисалар бўйича баёнот тарқаттб, "биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз", деган.

Россия

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Қорақалпоғистон ҳодисалари Ўзбекистоннинг ички иши, деди.

"Ўзбекистон — бизнинг иттифоқчимиз, дўст мамлакат, бизнинг жуда муҳим шеригимиз. Ўзбекистонда юз бераётган ҳамма воқеалар бу мамлакатнинг ўзининг ички иши. Ва биз республика раҳбариятининг фаол ишлаши натижасида мавжуд ҳамма муаммолар изига тушишига шубҳам қилмаймиз", деган Дмитрий Песков.

Россия матбуоти Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистондаги вазият назорат остида эканига ишониши, Ўзбекистонда "провокацияга йўл қўймаслик учун кучлар етарли" экани ҳақидаги иқтибосни келтирдилар.

Европа Иттифоқи

Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан Президент Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилганлар, сўзлашувда "Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилгани" хабар қилинди.

Европа Иттифоқининг расмий веб-сайтида иттифоқ Қорақалпоғистондаги зўравон ҳодисаларни очиқ ва мустақил текширишга чақириқ билан чиқди.

"Биз қурбонлар ва инсонлар ўлимидан жуда афсусдамиз ва ҳодисалар ривожланишини диққат билан кузатиб бораяпмиз", дейилади ЕИ дипломатик хизмати.

"Биз барча томонларни зўравонликларни янада авж олиши олдини мақсадида ўз амалларида босиқ бўлишга чақирамиз", дейилади Европа Иттифоқининг Қорақалпоғистон воқеалари бўйича тарқатган баёнотида.

Халқаро Амнистия

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Амнистия ташкилоти "Қорақалпоғистон протестчиларига қарши ноқонуний куч қўллашни тўхтатинг!" деган баёнот билан чиқди.

"Биз дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда кўрган шақатсиз яраланган намойишчилар ва кўчаларда қонга ўхшаб кўринган тасвирлардан ларзага тушдик. Расмийлар зудлик билан Нукусда нима рўй берганини ошкор этишлари керак, протестчиларга қарши куч қўлланиши борасида холис, мустақил ва синчков тергов ўтказишга буйруқ беришлари, жавобгарларни адолатли судлар қаршисида ҳозир бўлишларини таъминлашлари лозим".

"Биз Ўзбекистон расмийларининг танқидчи овозларни ўчириш ва яқинда эълон қилинган фавқулодда вазият билан ахборот йўлини тўсишдек ўзларининг одатий тактикаларини яна қайта тирилтираётганларидан хавотирдамиз. Нукусда интернет ва мобил коммуникацияни ўчириш дам олиш кунлари нималар рўй берганидан дунёни хабардор этишдан тўсади", деб айтган Amnesty International нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мэри Струсерс.

"Биз расмийларга нисбатан танқидий бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни олдик ва улар қийноқ ва ноинсоний муомалага тутилиш таҳдиди остидалар. Ахборот тўсилгани ушбу хабарларни мустақил текширишни имконсиз қилган", дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Тожикистон

Ўша куни Тожикистон президенти веб-сайти Президент Имомали Раҳмон ва Президент Шавкат Мирзиёев телефонда суҳбатлашганлари ҳақида хабар тарқатди.

"Тожикистон Президенти Ўзбекистон раҳбариятининг Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини изҳор этди", дейилади Тожик президенти веб-сайтида.

Қирғизистон

4 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефонлашган.

Расмий баёнотда хабар қилинишича, "Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди".

Хитой

Шу куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди.

"Ўзбекистонни дўстона қўшни ва кенг қамровли шерик деб биладиган Хитой Ўзбек ҳукуматининг миллий барқарорликни таъминлаш йўлидаги амалларини қўллаб-қувватлайди ва Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги раҳбарият хотиржамлик ва бирдамликни таъминлай олишига ишонади", деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Чжао Лицзянь.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek