Қорақалпоғистон: 14 киши ушланди, илк айбловлар янгради O'zbekiston

Nukus

Ўзбекистон Бош Прокуратураси Қорақалпоғистондаги қонли ҳодисалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши тафсилотини очиқлади.

Бош Прокуратурага кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан, яъни ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида тил бириктириш банди билан жиноий иш қўзғатилган.

Алоқадор мазвулар:

Тергов доирасида 14 киши ушланган, Даулетмурат Тажимуратов, Азамат Турданов, Лолагул Қаллыхановаларнинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланиб қамоққа олинганлар.

Бош Прокуратура ўзининг хабарида "тергов гуруҳи зиммасига юз берган ҳодисаларнинг барча ҳолатларини аниқлаш, тергов ҳаракатларини холисона ҳамда қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилган"ини, "терговга жалб этилган фуқароларнинг шаъни ва қадр - қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр - қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган"ини алоҳида таъкидлаган.

"Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган. Соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас", дейилади Ўзбекистон Бош Прокуратурасининг хабарида.

Бундан олдин халқаро миқёсда Қорақалпоғистон воқеаларини шаффоф, очиқ, мустақил тергов қилиш чақириқлари янгради, бунга жавобан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳодисалар "ҳар томонлама чуқур ва холисона" ўрганилишини айтди, бу жараёнга "жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар ҳам жалб этилиши"ни билдирди.

"Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", деб Президент Мирзиёевдан иқтибос келтирган президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон расмийлари Қорақалпоғистон воқеаларида ташқи кучлар иштирокини даъво қилиб келмоқдалар.

Президент Мирзиёев Нукусда бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган деб иддао қилди, лекин бирорта мамлакат номини тилга олмади.

Президент Мирзиёев сўзларига кўра, мақсад "Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқариш" бўлган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, қўлга олинганлар орасида хорижий давлат фуқаролари ҳам бор.

Расмийлар тергов махфийлиги хорижликлар ҳақидаги маълумотни ошкор этишга изн бермаслигини билдирдилар.

Ўзбекистон расмийларига кўра, 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг "суверен" мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар оқибатида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek