Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш таклифи айрим қорақалпоқларни ташвишга солмоқдами? O'zbekiston, yangilik

cons

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Қорақалпоғистонда айримлар Ўзбекистон Конституциясини ўзгартиришга оид баъзи таклифлардан норозилиги айтилади.

Қорақалпоғистон ҳудуди бўйлаб 26 июнь кечки пайтдан буён мобил интернет ишлашида муаммолар юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ижтимоий тармоқда қолдирилган ёзувларда Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Қорақалпоғистон аҳолиси орасида норозилик уйғотгани ортидан мобил интернет фаолияти чекланаётгани иддао қилинган.

Бир-биридан мустақил тўрт манба Би-би-сига республика ҳудудида мобил интернет ишламай қолганига оид хабарларни тасдиқлади ва 27 июнь кунининг биринчи ярмига келиб мобил интернет ишлай бошлаганини билдиришди.

Аммо тушдан сўнг аксар ҳудудлар, хусусан, Нукусда ҳам симли, ҳам симсиз интернет билан муаммо қайта бошлангани, фаолияти интернетга боғлиқ банкоматлар ҳам ишламай қолганини хабар қилдилар.

Улар ушбу ҳолат Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар айрим одамларнинг норозилигига сабаб бўлгани ва ушбу кайфият ижтимоий тармоққа кўча бошлагани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини даъво қилишди.

Би-би-сининг айни ҳолатга расмий манбалар орқали ойдинлик киритиш уринишлари ҳалича самара бергани йўқ.

Алоқадор мазвулар:

Хавотир нимада?

petition

Сурат манбаси, Facebook/@toremuratjalgas

Сурат тагсўзи, Фаоллар Қозоғистонда Ўзбекистон Конституцияси ўзгартирилишига қарши петиция учун имзо йиғмоқда.

24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини бир овоздан маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонун лойиҳаси 25 июнь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳада Бош қомуснинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш таклиф этилган ва улар орасида энг муҳими 90-моддага тааллуқли - президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш.

Бир вақтнинг ўзида, таклиф этилган таҳрирда Қорақалпоғистон мақомига оид 70-модданинг жорий таҳриридаги "суверен" сўзи чиқариб ташланганини кўриш мумкин.

Амалдаги Конституциянинг 70-моддасида ёзилишича, "Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади".

Мазкур моддани қуйидагича шаклда ўзгартириш таклиф этилган: "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади".

Шунингдек, 74-модданинг амалдаги таҳриридаги "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга" жумласи айни модданинг янги таҳририга киритилмагани ҳам кузатилади.

Ушбу ҳолат эса ижтимоий тармоқда қорақалпоғистонлик фойдаланувчилар томонидан Қорақалпоғистонни "республика даражасидан оддий вилоят даражасига туширишга ҳаракат" сифатида ҳам тасвирланган.

"Провокацияга учманг"

lola

Сурат манбаси, Screenshot/Courtesy

Сурат тагсўзи, Лолагул Қаллиханова.

Қорақалпоғистонлик таниқли журналист Лолагул Қаллиханова республика аҳлига видеомурожаат билан чиқиб, агар Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар жорий таҳрирда қабул қилингудек бўлса, Жўқорғи Кенгес раиси ва кенгес депутатларининг истеъфога кетишини талаб қилишини таъкидлаган.

Кейинроқ видеомурожаатни маълум сабабларга кўра ўчиришга мажбур бўлганини билдирган Қаллиханова Конституция қандай кўринишда қабул қилинишини кутиши, аммо Бош қомусга норозиликка сабаб бўлган таклифлар киритилса, "видеомурожаатда айтган фикридан қайтмаслиги" ҳақида ёзган.

Конституцияга ўзгартириш киритишга қарши норозилик билдириш йўлида очилган Telegram'даги "Қорақалпоғистон Конституцияси ўзгартирилмасин" номли гуруҳ қисқа вақт ичида 105 мингдан ортиқ аъзо йиққан.

Лекин гуруҳ 27 июнь кунининг биринчи ярмига келиб ўчириб ташлангани кўрилади.

Аммо нега бундай бўлгани сабаби борасида расмий изоҳлар йўқ.

Ўчирилган гуруҳ муҳокамаларида Конституцияга ўзгартириш киритиш таклифларига нисбатан, норозилик билдиришга чақириқлар янграгани ҳам кўзга ташланган.

Ижтимоий тармоқнинг қорақалпоқ сегментидаги бошқа гуруҳларда эса "бундай провокацияларга учмасдан" норозиликни фақат қонуний кўринишда изҳор этишга ундайдиган фикрлар қолдирилган.

petition

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Конституция ўзгартирилишига қарши петиция намунаси.

Қозоғистонда яшовчи қорақалпоғистонлик блогер Кошкарбай Торемуратов Facebook саҳифасида у ердаги қорақалпоғистонликлар орасида Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларга қарши петиция эълон қилиниб, имзолар йиғилаётгани ҳақида хабар қилинган.

Мазкур мақола эълон қилинаётган вақтга қадар Қорақалпоғистон расмийларининг ижтимоий тармоқда кузатилаётган вазият ва интернет муаммоси бўйича изоҳ бергани кўзга ташланмаган.

Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистонда президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф этилгани ўзбек тилли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида баҳссларга сабаб бўлган.

Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси 4 июлга қадар умумхалқ муҳокамасида бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek