Ўзбекистон: Конституцияга 170 дан ортиқ тузатиш киритилади, омикроннинг мутацияга учраган шакли топилди ва миллий озчиликни “камситмаган” Қодиров – O'zbekiston, yangiliklar (видео)

Сурат манбаси, Konstitutsiyaviy komissiya
- Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди;
- Ўзбекистонда омикроннинг мутацияга учраган шакли топилди;
- ТИВ Афғонистонга ёрдам бериш ниятини маълум қилди;
- Қодиров миллий озчилик вакилларини камситмаганини таъкидлади;
- Термиздаги терминалга халқаро ҳаб мақоми берилди;
- Пойтахтда дарахтларни сунъий қуритишга уринилди;
66 моддага 170 тузатиш
Конституцияни ўзгартириш бўйича тайёрланган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган.
Кузатувчилар қонун лойиҳаси бир ойдан ҳам кам муддатда ишлаб чиқилганига эътибор қаратганлар.
Илк йиғилишини 26 май куни ўтказган Конституциявий комиссия Бош қомуснинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатиш киритиш лозим, деган хулосага келган.
Аммо қонун лойиҳасининг тўлиқ шакли жамоатчиликка очиқланмаган, айнан қайси моддаларга ўзгартиришлар киритилаётгани ҳозирча номаълум.
Комиссия охирги йиғилишини 17 июнь куни ўтказган, 20 июнь куни эса президент Мирзиёев комиссия аъзолари билан учрашиб, Бош қомусга ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифларини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар
- Афғонистон: Зилзила қурбонлари сони 1000 дан ошди, ёрдам ва қутқарув амаллари мушкулликлар билан давом этмоқда - янгиликлар (видео)
- Ўзбекистон: Кушербаев-Қодиров тортишуви, кузда Лукашенко ҳам келади ва бюджет харажатлари учун $400 миллион қарз - O'zbekiston, yangiliklar (ВИДЕО)
Мутацияга учраган омикрон

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистондаги коронавирус беморларида омикрон штаммининг янги мутацияланган шакли топилган.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Daryo.uz билан суҳбатда маълум қилган.
Юсупалиев нашр билан мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётган бир вақтда суҳбатлашган.
"Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган тахлилларда 67, фоизида омикрон ва 33 фоизида омикрон штаммининг янги мутациядаги Stealth-Omicron BA.2 варианти топилган", маълум қилган Юсупалиев.
Ўтган икки йил давомида июль-август ойларида касалланиш кўлами ортиши кучаяётганини билдирган масъул бундай ҳолатда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта ахамиятга эгалигини таъкидлаган.
Афғонистонга ёрдам

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон кучли зилзиладан жабр кўрган Афғонистон халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
22 июнга ўтар кечаси Афғонистонда даҳшатли ер силкиниши кузатилган эди.
Одамлар ухлаб ётган пайтда юз берган табиий офат камида 1 000 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, маҳаллий расмийлар яна 1 500 инсон жароҳат олганини Би-би-сига айтган.
Ўзбекистон ТИВ Пактика ва Хост провинцияларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққани ҳақидаги хабарлар мамлакатда чуқур қайғу билан қабул қилинганини билдирган.
"Ҳалок бўлганларнинг оилаларига чин дилдан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз", дейилади ТИВ хабарида.
"Миллий хусусиятлар ҳақорат эмас"

Сурат манбаси, Qonunchilik palatasi
Бундан аввал "лўличилик қилманг" ибораси ортидан танқидларга учраган депутат Алишер Қодиров миллий озчилик вакилларини ҳақорат қилмаганини таъкидлаган.
Саид Аҳмад, Ҳамидахон Зиёхонова каби адибларнинг асарларида ушбу ибора ишлатилганини эсга олган Қодиров миллий хусусиятлар ҳақорат эмаслигини исботлашга ҳаракат қилган.
"Ҳар бир миллатни ўзига хос сифатлари бўлади. Ўзбекларни "ўзбекчилик" деган сўз билан хос сифатларини айтиш ҳақорат бўлмаганидек, лўлиларни ҳам уларга хос бўлган хусусиятларининг номи "лўличилик"дир. Қачондан бошлаб миллий хусусиятлар ҳақорат бўлиб қолди? Бу сўздан миллатчилик ёки миллий камситишни излаш учун жуда қаттиқ ғазабда ёки соғлом ақлдан айрилган бўлиш керак", дея ёзган депутат ўзининг Телеграм каналида.
21 июнь куни Қонунчилик палатаси мажлисида қонун лойиҳаси муҳокамаси ортидан депутат Расул Кушербаев билан тортишиб қолган Қодиров ҳамкасбига нисбтана юқорида тилга олинган иборани ишлатган эди.
Ижтимоий тармоқда Қодиров бу ибора билан Ўзбекистонда яшаётган миллий озчилик вакилларини камситгани ҳақида кўплаб фикрлар қолдирилган.
Халқаро ҳаб мақоми

Сурат манбаси, Termez Cargo Center
Президент қарори билан "Termez Cargo Center" МЧЖга халқаро кўп функцияли транспорт-логистика ҳаби мақоми берилган.
Афғонистон билан чегара ёнида жойлашган компания ушбу давлатга транзит юк ташиш ва юк олиб келиш, юкларни сақлаш, юклаш-тушириш, божхона кўриги каби транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади.
Эндиликда, халқаро ҳабга айланган компанияга гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, гуманитар ёрдамларни қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш, юклаш-тушириш ишлари, юкларни ташиш ва сақлашни ўз ичига олган комплекс транспорт-логистика хизматларини кўратиш каби вазифалар юкланмоқда.
Ўлдирилаётган дарахтлар

Сурат манбаси, Ekologiya qo'mitasi
Пойтахт Тошкентнинг Миробод туманидаги Катта Миробод маҳалласида дарахтларнинг тагига ҳар куни эрталаб ва кечқурун дизель ёқилғиси қуйиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Вазиятни ўрганган Давлат экология қўмитаси дарахтларни сунъий қуритишга уринилганлиги тўғрисидаги хабарлар ўз тасдиғини топганини маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















