Ўзбекистон: Кушербаев-Қодиров тортишуви, кузда Лукашенко ҳам келади ва бюджет харажатлари учун $400 миллион қарз - O'zbekiston, yangiliklar (ВИДЕО)

Сурат манбаси, Screenshot
- Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар тортишуви юзага келди;
- Лукашенко Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этади;
- Бюджет харажатлари учун $400 миллион қарз олинди;
- Когон чўлида тарихий ғорлар топилди;
"Лўличилик қилманг"
Қонунчилик палатасининг сешанба кунги мажлисида депутатлар Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ўртасида тортишув юзага келган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тортишув электрон қурилмалардаги фуқароларнинг шахсий маълумотларини олишга имкон берувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси вақти рўй берган.
Кушербаев Қодировнинг "қонунни ўқимаган"ини айтган бўлса, Қодиров Кушербаевнинг "кўп нарсани тушунмаслиги" ҳақида гапирган.
Ярим дақиқадан ортиқроқ давом этган тортишувда Қодиров Кушербаевга қарата "лўличилик қилманг", дея дакки берган.
"Миллий тикланиш" етакчисининг бу гаплари қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқда акс-садо бера бошлаган.
Айрим фикр билдирувчилар Алишер Қодировни бошқа миллатни камситишда айблаган.
"Бу сўзлар Ўзбекистон ватандоши бўлган бир миллат вакилларини камситиш эканлигини депутат жаноблари билармикан? Умуман, тилимиздан миллий, ирқий ва диний камситишларни назарда тутувчи сўзлардан воз кечиш вақти келмадимикан?", дея ёзган Элтуз нашри.
Алоқадор мавзулар:
Кузда Лукашенко ҳам келади

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Беларус Президенти Александр Лукашенконинг сентябрь ойида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Мамлакат Бош вазири Роман Головченконинг маълумотига таяниб, Спутник Беларуснинг ёзишича, Лукашенко Самарқандда ўтувчи ШҲТ саммитида иштирок этади.
Шунингдек, ташриф давомида Тошкентда президентлар Лукашенко ва Мирзиёевнинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтиши ҳам хабар қилинган.
Бундан аввал Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам ШҲТ саммитига келиши тасдиқланган эди.
Ривожланишга $400 миллион

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистонни ривожлантиришга халқаро қарзлар ҳисобидан $400 миллион ажратилади.
17 июнь кунги ҳукумат қарори билан ўтган йилнинг декабрь ойида Жаҳон банки иштирокида республика бюджетини қўллаб-қувватлашга ажратилган кредитлар бўйича қарзни қайтариш, фоиз ва воситачалик ҳақи бўйича тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланган.
16 декабрь куни Ўзбекистонга Жаҳон банки Гуруҳига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки $150 ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси $250 миллион кредит ажратган эди.
Кредитлар, мос равишда, 5 йиллик имтиёзли давр билан 18 йил ва 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга берилган.
Эндиликда, ҳукумат қарори билан мазкур маблағлар республика бюджети харажатларини молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланмоқда.
Чўлда топилган тарихий ғор

Сурат манбаси, Madaniy meros agentligi
Бухоронинг Когон туманидаги чўл ҳудудида маҳаллий аҳоли тўртта қадимий ғорга дуч келган.
Маданий мерос агентлиги ушбу ғорларнинг энг йиригида ўрганиш ишлари олиб борилганини хабар қилган.
Мутахассислар 10-15 метр пастликка тушиб, ғор бўйлаб 80-100 метр масофани кўздан кечирганлар.
"Ғорнинг геологик қатламлари асосан оҳактошдан иборат бўлганлиги сабабли, ғор ўрта асрлар даврида (ХII-ХIII) маҳаллий кончилар тарафидан қазилиб ер остки заҳираларидан жуда кенг кўламда фойдаланган ҳамда ганч қурилиш материалининг хомашёси олинганлиги аниқланди", дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, ғорнинг кенгроқ қисмида ХII-XIII асрларга оид сопол буюмлар қолдиқлари ва қўй ҳамда туя суяклари топилгани айтилмоқда.
"Сўнгги ўрта асрлар даврида ушбу ҳудуддаги ғорлардан чўпонлик фаолиятини олиб борган маҳаллий аҳоли дам олиш ва қор-ёмғирлардан сақланиш мақсадида бошпана сифатида фойдаланган. Шунингдек, душманлар бостириб келган пайтларида яшириниш ва ўз жонини сақлаш учун ҳам фойдаланилган деган тахминлар ҳам мавжуд", маълум қилган Маданий мерос агентлиги.
Ҳозирда, тарихий ғорларни моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш ва давлат муҳофазасига олиш бўйича ишлар олиб борилаётгани айтилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















