Қорақалпоғистон: Нукус тинчидими? O'zbekiston Nukus yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Ғарбнинг нуфузли нашри журналисти Нукусга бориш, у ердаги вазиятни ўз кўзи билан кўришга муваффақ бўлди. Қорақалпоғистонда, иккинчи кундирки, фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати амалда.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиланмоқда. Нукус: Қурбонлар ва яраланганлар сони очиқланди, Қорақалпоғистон мақоми ўзгармайди
- Президент Мирзиёев Конституциянинг Қорақалпоғистон мақомига оид моддалари ўзгармаслигини билдирди
- Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар
The Economist журналининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган журналисти Жоанна Лиллис Нукусдаги вазият ҳақида кеча, 3 июль куни твит қилган.
Журналист Нукусда вазият тинч, аммо танг экани, худди ўша куни намойишларга кўзи тушмагани ҳақида ёзган.
Унга кўра, шаҳарда "катта сондаги хавфсизлик кучлари ҳозир".
"Ҳукумат ва парламент бинолари ёпиқ, атрофи хавфсизлик кучлари билан ўралган".

Сурат манбаси, kun.uz
Қорақалпоғистоннинг маъмурий маркази 1-2 июль кунлари оммавий намойишлар ва тартибсизликларга саҳна бўлган.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан.
Вазирлик жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ва фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларнинг содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида Деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилганини маълум қилган.
Аммо ходимлар сони, қанча воситанинг сафарбар этилгани ва уларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари ноаён қолганди.

Масъуллар ҳам кеча, 3 июль куни Ўзбекистон президентига Нукусдаги вазиятнинг барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтгани ҳақида ҳисоб беришган.
Шавкат Мирзиёевнинг яна Нукусда экани, маҳаллий вақт билан тонгги соатларда видеоселектор йиғилиши ўтказгани, барча туманлар билан мулоқотда бўлингани расман хабар қилинган.
Худди шу йиғин чоғида ҳудуд комендантининг президент Мирзиёевга вазият тўлиқ назорат остига олингани ҳақида ҳисоб бергани билдирилган.

Сурат манбаси, official
2 июль куни эса, Ўзбекистон президенти фармони билан Қорақалпоғистон комендатураси ташкил этилган.
Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони ҳудуд коменданти этиб тайинланганди.
Кеча, 3 июль куни Ўзбекистондаги айрим етакчи интернет нашрлари ҳам ўз мухбирларининг Нукусга бориш, у ердаги вазиятни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлгани ҳақида хабар беришган.
Мухбирларининг Нукусдан туриб тайёрлаган фоторепортажларини ҳам ўз саҳифаларида чоп қилишган.
Gazeta.uz мухбири ҳам Нукус тинч экани, кўчаларда ёнган шина ва қон изларини кўриш мумкинлиги ҳақида ёзган.
Президент Мирзиёевга кўра, Қорақалпоғистондаги намойишларда айрим кимсалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳужум қилишган.
Уларни аёвсиз калтаклашган. Қўриқланадиган ҳудудларга бостириб киришга уринишган.
Инфратузилма объектларига сезиларли даражада зиён етказишган. Ёнғинлар содир этишган.
Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишган.
Kun.uz мухбирларига кўра ҳам ҳозир Нукус кўчаларига тинчлик ва осойишталик қайтган.
Уларнинг суратларида ярадор аскарлар, ёнган техникалар ва блокпостлар акс этган.
Kun.uz мухбирлари Қорақалпоғистон маъмурий маркази кўчаларидаги вазият тўлиқ ҳарбийлар назорати остида экани ҳақида ёзишган.
Фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати остида бўлган Қорақалпоғистонда айни пайтда қанча сондаги миллий гвардия ва хавфсизлик кучларининг ҳозир экани маълум эмас, бу ҳақдаги расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.
Шу соатларда Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукусдаги воқеалар хронологиясини маълум қилган.
Аммо Би-би-си ҳалича уларни, расмийлар, масъулларнинг сўнгги кунлардаги бошқа баёнотларини ҳам мустақил манбалар орқали тасдиқлаб, қиёслай олганича йўқ.
Ўзбекистон президентининг пойтахт Тошкентга қайтган-қайтмагани маълум эмас.
Аммо бугун унинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Европа Кенгаши президентлари билан телефон орқали мулоқот қилгани расман хабар берилди.
Орада маҳаллий интернет нашрларининг ўзида Қорақалпоғистонда интернетга кириш чеклангани, аммо мобил алоқанинг узлуксиз ишлаб тургани хабар берилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














