Қорақалпоғистонда намойиш бошланди - Ўзбекистон ИИВ баёнот берди O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Makan.uz
Би-би-си манбасининг айтишича, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида норозилик намойиши бўлмоқда. Уларнинг нима талаб қилаётгани Би-би-сига номаълум, аммо олдинроқ бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан норози эканлиги хабар берилганди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда шовқин кучли бўлгани сабаб одамларнинг нима талаб қилаётганини тушуниш қийин.
Бир тасвирда кичик юк машиналардан махсус кийинган, қўлига резина тўқмоқ ва қалқон ушлаб олган махсус кучлар ходимлари тушаётгани акс этган.
Яна бир видеода эса одамлар тўпланиб бир томонга юраётгани уларнинг қаршисида махсус кийимли ҳуқуқ тартибот органи ходимлари турганини кўриш мумкин.
- Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш таклифи айрим қорақалпоқларни ташвишга солмоқдами? O'zbekiston, yangilik
- Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар
- Ўзбекистон: Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳақида гапирди ва ҳоким Андижон полкаси видеоролиги учун Spark совға қилди – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar
Ижтимоий тармоқларга кейинроқ қўйилган тасвирларда одамлар бир жойга тўплангани ва уларнинг орасида кимдир микрофонда гапираётгани акс этган.
Видеоларнинг бирида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камаловнинг намойишчилар қаршисига чиққани акс этганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, Social media
Би-би-си манбасининг айтишича, намойишлар Нукус марказидаги Деҳқон бозори ёнида бўлмоқда ва хабар ёзилаётган вақтда ҳам тўхтамаган.
Қорақалпоғистон ҳудуди бўйлаб 26 июнь кечки пайтдан буён мобил интернет ишлашида юзага келган муаммолар ҳануз давом этаётгани айтилмоқда.
Би-би-си олдинроқ ижтимоий тармоқда қолдирилган ёзувларда Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Қорақалпоғистон аҳолиси орасида норозилик уйғотгани ҳақида ёзганди.
Тошкент вақти билан соат 21:25 да Ўзбекистон ИИВ ҳолат юзасидан баёнот чиқарди.
"Жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 15.00 лардан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар, республикамизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган.
Мазкур ҳолат юзасидан, жамоат тартибини бузилишини олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида, деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.
Ҳозирда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда", дейилади унда.

Сурат манбаси, Makan.uz
Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳақида
Қорақалпоғистон аҳолисининг бир қисмида юзага келган норозилик кайфияти давом этаётган бир вақтда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу республикада амалга оширилган ижобий ишлар ҳақида гапирган.
"Икки эл бир бўлганмиз, меҳримиз меҳримизга қўшилган, қону қариндошмиз. Орол денгизи муаммоси бўйича БМТнинг иккита резолюцияси қабул қилинди. Аввал вилоятлар Қорақалпоғистоннинг кўчаларини ҳам, Нукусни ҳам билмасди, ҳозир бир халқ бўлиб ҳаракат қиляпмиз, Қорақалпоғистон ёшлари катта натижаларга эришмоқда.
Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз", деган Мирзиёев 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган нутқида.
Бироқ давлат раҳбари айрим қорақалпоғистонликларда кузатилаётган норозилик кайфиятини тилга олмаган.
Хавотир нимада?
24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини бир овоздан маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Қонун лойиҳаси 25 июнь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳада Бош қомуснинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш таклиф этилган ва улар орасида энг муҳими 90-моддага тааллуқли - президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш.
Бир вақтнинг ўзида, таклиф этилган таҳрирда Қорақалпоғистон мақомига оид 70-модданинг жорий таҳриридаги "суверен" сўзи чиқариб ташланганини кўриш мумкин.
Амалдаги Конституциянинг 70-моддасида ёзилишича, "Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади".
Мазкур моддани қуйидагича шаклда ўзгартириш таклиф этилган: "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади".
Шунингдек, 74-модданинг амалдаги таҳриридаги "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга" жумласи айни модданинг янги таҳририга киритилмагани ҳам кузатилади.
Ушбу ҳолат эса ижтимоий тармоқда қорақалпоғистонлик фойдаланувчилар томонидан Қорақалпоғистонни "республика даражасидан оддий вилоят даражасига туширишга ҳаракат" сифатида ҳам тасвирланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















