Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда интернет муаммоси давом этмоқда, Россия билан ҳисоб-китобда рублга ўтиладими ва Аи-80 нега қимматлади? Янгиликлар O‘zbekiston Yangiliklar

- Қорақалпоғистонда ёшлар ОТМларга онлайн ҳужжат топшира олмаяпти;
- Санкциялар Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини кучайтирди - элчи;
- Аи-80 бензини нархи нега ошгани изоҳланди;
- Портлаган газ балонларнинг 70 фоизи Хитойдан келтирилган - Сенат;
- Норов Россияга боради;
Қорақалпоғистонда интернет ва қабул муаммоси
Бутун республика бўйлаб интернет ўчириб қўйилгани ортидан қорақалпоғистонлик абитуриентлар ОТМлар ва касб-ҳунар мактабларига онлайн ҳужжат топшира олмаётгани тўғрисида хабарлар чиққан.
Бундай хабарлар фонида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилишини эълон қилган.
Вазирлик республикада юзага келган муаммо "Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли" юзага келганини билдирган.
"Ушбу масала тез орада ижобий ечимини топади ва бу ҳақидаги маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига СМС хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилади", дейилади вазирлик хабарида.
Эслатма ўрнида - Қорақалпоғистон Республикасида норозилик кайфияти юзага келиши ортидан интернет 1 июлга қадар қисман, оммавий норозилик намойишларидан сўнг бутунлай узиб қўйилган эди.
Кейинроқ расмийлар республикада интернетнинг узиб қўйилиши сабабини "душман кайфиятдаги кучлар интернет орқали фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга урингани" билан изоҳлаган эди.
Алоқадор мазвулар:
- Қорақалпоғистон: 14 киши ушланди, илк айбловлар янгради
- Эксклюзив, Қорақалпоғистон: Би-би-си мухбири Нукусда нималарга гувоҳ бўлди? Видео
- Дайжест: Президент администрацияси раҳбари ишдан кетди. Ўзбекни урган масъул ходим ишдан ҳайдалдими? Қозоғистондан ун келмайди. Раҳмон халқини кўп емасликка чақирди
- Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда интернет нега ўчирилган ва судда Алламжоновдан ким узр сўради? Янгиликлар
Санкциялар ва ҳамкорлик

Сурат манбаси, Rossiya TIV
"Россияга қарши қўйилаётган Ғарб санкциялари Россия компанияларининг Ўзбекистондаги бизнесини тўхтатиб қўймади, балки қайтанга ўзаро иқтисодий ҳамкорлик жадаллашувига туртки берди".
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов Podrobno.uz нашри билан суҳбатда икки томонлама ҳамкорлик санкциялар фонида ўсиб бораётганини тилга олган.
"Товар айирбошлаш қисқармади, балки ошди. Ўзбекистон Статқўмининг маълумотларига кўра, 2022 йил январь-май ойларида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси $3 миллиарддан ошган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпроқ кўрсаткичдир", қайд этган элчи.
Шунингдек, Мальгинов санкциялар зарбасига учраб, халқаро молия тизимларидан узилиб қолган Россия банклари билан алоқани сақлаб қолиш йўлида икки мамлакат ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга ошириш масаласини муҳокама қилаётганини ҳам тилга олган.
"…Ўзбекистон ҳукумат Россия билан ҳамкорликда ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга оширишга ўтишда муаммо кўрмаётганликларини бир неча бор қайд этдилар", таъкидлаган Мальгинов.
Талаб ва бензин

Сурат манбаси, Uzbekneftegaz
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Аи-80 русумли бензиннинг бирдам қимматлаб кетгани сабабларини изоҳлаган.
Компаниянинг тушунтиришича, охирги вақтда импорт қилувчилар томонидан юқори октанли автобензиннинг четдан олиб келиш камайиши ортидан Аи-80 русумли бензинга бўлган талаб ошиб кетган.
"Республика истеъмолчиларига июль ойи 7 кунида етказиб берилган бензин миқдорини ўтган ҳисобот даврига мос равишда таққосланганда, республика бўйича 1 193 тоннага ёки 120 фоизга эҳтиёж ошган бўлса, Андижонда 222 фоиз, Тошкент вилоятида 163 фоиз, Жиззахда 155 фоиз, Қашқадарёда 141 фоизни ташкил этиб республика кўрсатгичидан катта", билдирган компания.
"Ўзбекнефтгаз" нархларни камайтириш мақсадида ҳозирги кунларда биржа савдоларига қўйилаётган миқдорлар оширилиб, Аи-80 бензинининг 1 тоннаси нархи 9 484 минггача пасайтирилганини маълум қилган.
Портлаган газ балонлари

Сурат манбаси, Sirdaryo viloyati FVB
2020-2022 йиллар давомида автотранспорт воситаларида ўрнатилган ва портлаган газ балонларининг 70 фоизга яқин Хитойдан импорт қилинган.
Сенат мажлисида газ балонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати бўйича ҳукумат томонидан қайта кўриб чиқилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинган.
"Муҳокамада сенаторлар томонидан мамлакатимизда тегишли техник талабларга жавоб берадиган ҳамда хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган газ баллонларини ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга Ҳукумат даражасида етарли эътибор қаратилмаганлиги таъкидланди", дейилади Сенат хабарида.
Маълум қилинишича, мамлакатда хавфсизлик талабларига жавоб берадиган газ баллонлари ишлаб чиқарувчи учта корхона мавжуд, холос.
Норов Россияга боради

Сурат манбаси, TIV
11-12 июль кунлари ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россияга боради.
ТИВ ташриф давомида Россия парламенти, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идораларда қатор учрашувлар ҳамда музокаралар ўтказилиши режалаштирилганини хабар қилмоқда.
"Шунингдек, дастурда россиялик экспертлар, ватандошлар, ўзбек диаспораси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида давра суҳбати уюштирилиши ҳам кўзда тутилган", дейилади расмий хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















