Қорақалпоғистон: Норозилик намойишлари ортида ким турган?, видео, O'zbekiston, янгиликлар

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги фавқулодда ҳолат режимини юмшатишга қарор қилди. Бир вақтнинг ўзида эса ҳукумат тилга олган норозилик намойишлари ортида турган кучлар ким экани мавҳумлигича қолмоқда.
Қорақалпоғистон, хусусан, пойтахт Нукусда 1-2 июль кунлари кузатилган оммавий норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетиши ортидан республика ҳудудида 2 августга қадар фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
13 июль куни президент матбуот хизмати "вазият барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётганини ҳисобга олиб", жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш тўғрисида қарор қилинганини хабар қилган.
Бироқ республика ҳудуди бўйлаб интернетнинг узиб қўйилгани ҳудудда содир бўлган ва мавжуд ҳолат борасида кенгроқ тасаввур шаклланишига имкон бермаётир.
Алоқадор мазвулар:
- Эксклюзив, Қорақалпоғистон: Би-би-си мухбири Нукусда нималарга гувоҳ бўлди? Видео
- Қорақалпоғистон: 14 киши ушланди, илк айбловлар янгради
- Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларида четдаги кучларни айблади, куч тузилмалари ҳаддидан ошган бўлса жавобгарликка тортилади. Видео
- Ўзбекистон: Қорақалпоғистонда интернет муаммоси давом этмоқда, Россия билан ҳисоб-китобда рублга ўтиладими ва Аи-80 нега қимматлади?
Ташқи кучлар
Воқеалар ривожининг расмий талқинига кўра, оммавий норозилик намойишларини ташкиллашга ташқи кучлар томонидан йиллар давомида тайёргарлик кўрилган.
"Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган.

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган", деган президент Мирзиёев 6 июль куни.
5 июль куни Би-би-си билан суҳбатлашган Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Абат Данияров намойишлар ташкилотчилари ким бўлгани ҳақида ўз фаразини илгари сурди.
"Ким эканини билмайман. Буниси бизга қоронғи. Аниқ билиниб турибдики, Қорақалпоғистонда туғилиб-ўсиб, яшаб, қандайдир чет мамлакатларда мигрант сифатида иш излаб, ўша ердаги тарбияни олиб, Қорақалпоғистонга қайтиб, шу нарсани уюштирганлар".
Бироқ Даниёровнинг ушбу сўзларини дастакловчи на расмий, на мустақил маълумотлар ҳозирда мавжуд эмас.
Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Владимир Норов Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистон воқеаларида қўллаган чораларини дастаклагани учун Россияга миннатдорчилик билдирган.

Сурат манбаси, TIV
12 июль куни Москвада ўтган учрашувда Норов воқеаларнинг расмий талқини, жумладан, ташқи кучлар аралашуви масаласини яна бир бор тилга олган.
"Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бўйича умумхалқ муҳокамасига қарши намойишлар баҳонасида конституциявий тузумни ағдариш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига рахна солишга уриниш бўлди. Албатта, бу ташқаридан аралашувсиз ўтмади", дея Норовдан иқтибос келтирган РИА Новости.
Аммо шу вақтга қадар Ўзбекистон ҳукумати ушбу ташқи кучлар ким эканига аниқ ойдинлик киритмаган.
Кузатувчилар январь ойидаги оммавий норозилик намойишлари бўйича Қозоғистон ҳукумати ҳам айни ўхшаш талқинни илгари сургани, аммо орадан етти ой ўтган бўлсада, тартибсизликларни уюштиришда айбланган учинчи кучлар ким экани ҳануз мавҳум қолаётганини ёдга олганлар.
Айрим фикр билдирувчилар томонидан мамлакатда беқарор вазият юзага келишидан манфаатдор бўлиши мумкинлиги иддао қилинган давлатлар эса Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигини расман қўллаб-қувватлаб чиққан.
Ички таъсир?

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Шундай бир манзарада ҳукумат тилга олган ташқи кучлар талқинини инкор этмаган бир қанча таҳлилчилар оммада норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлган таъсирларни ташқаридан излаш қанчалик мақсадга мувофиқ деган саволни ўртага қўйган.
Воқеаларнинг ҳукумат талқинида норозилик кайфияти, асосан, 1 июлдан бўй кўрсатгани таъкидланади.
Бироқ айрим қорақалпоғистонликларнинг Конституцияда Қорақалпоғистон мақомига оид таклиф этилган ўзгартиришлардан норозилиги 26 июндан бошланиб, 1 июлга қадар бу кайфият ижтимоий тармоқда турли чиқишлар ва флешмоблар кўринишида ифода этиб келинган эди.
Норози аҳоли қатлами ўзларининг талаб-истакларига расмийлар эътибор қаратмаётганини ижтимоий тармоқ орқали билдирганлар.
1 июлга қадар Би-би-си билан суҳбатлашган бир қанча қорақалпоғистонликлар ҳам ҳукуматдан норозиликка сабаб бўлаётган масалалар юзасидан расмий муносабат кутаётганлари ҳақида гапирган.
Нукусда одамлар кўчага чиқа бошлагани тўғрисидаги хабарлар тарқалгунга қадар республикада юз бераётган ҳолат на расмий, на маҳаллий матбуотда акс топгани деярли кўзга ташланмаган.
Ҳолатни ёритган кам сонли нашрлардан бўлмиш Hook.report Қорақалпоғистонда ривожланаётган воқеаларни мамлакатдаги ОАВларнинг аксарияти "назардан четда қолдиргани" ҳақида ёзган.
Оммавий намойишлардан бир ҳафта ўтиб Ўзбекистон24 телеканалида эфирга узатилган "Менимча" кўрсатувида сиёсий шарҳловчи Хайрулла Нуритдинов норозилик кайфияти юзага келишига халқ билан вақтида мулоқот қилинмагани сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
"Агар бизда чинакам социологик, политологик мустақил тадқиқот институтлари кўп бўлганида эди ва фаол ишлаганида эди, нафақат умумхалқ кайфияти, балки кам сонли халқларнинг ҳам ижтимоий кайфияти, ўй-хаёли доимий тадқиқот қилиб келинганда эди, мамлакат етакчиси шунча куюнчаклик билан тинимсиз тайинлаб келаётган халқ билан мулоқот тизимида жойлардаги сусткашлик туфайли узилишлар бўлмаганида эди Қорақалпоғистон воқеасининг олдини олиш мумкин эди, менимча", фикр билдирган Нуритдинов кўрсатув давомида.
Норозилик намойишлари ортидан Нукусга борган Gazeta.uz мухбири одамлар халқ фикрини сўрашга аллақачон кеч бўлгани борасида гапиргани ҳақида ёзган.
"Мухбиримиз ўша ердагилардан изоҳ олишга ҳаракат қилганида, унга рад жавобини беришди: "Тошкентдан келганлар бизга етиб ортди". Яна бир киши интервью олиш учун эртароқ келиш керак бўлганлигини айтди", дейилади нашрнинг 4 июль куни эълон қилинган мақоласида.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
6 июль куни Ўзбекистон ҳукумати бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий нашрлар журналистлари учун Нукус эшикларини очди.
Расмийлар журналистларни воқеалар хронологияси, оломонни тарқатишда қўлланилган усуллар ва воситалар билан таништирди.
Журналистлар осуда ҳаёт ўз изига қайтгани, ҳукумат тартибсизликларни бостиришда ортиқча зўравонликка йўл қўймаганига ишонч ҳосил қилган бўлсада, аҳоли норозилиги сабабларини кенгроқ тушунишга имкон бўлмади.
Расмийлар матбуот вакилларининг одамлар билан суҳбатлашишини у қадар истамагани кўзга ташланди.
Бутун Қорақалпоғистон ҳудуди бўйлаб интернетнинг ҳозирга қадар узиб қўйилгани эса ўтган йиллар давомида ҳукуматнинг ўзи тарғиб этиб келаётган халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, одамлар дардига қулоқ тутишни янада қийинлаштирмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















