Ўзбекистон ва дунё: Куйдирги бутун дунёга қандай тарқалганини биласизми? Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, DR GARY GAUGLER/SCIENCE PHOTO LIBRARY
- Author, Колин Баррас
- Role, BBC Earth
Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоят тиббиёт мулозимлари Сардоба туманида куйдирги топилганини тасдиқладилар.
Сирдарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси хабар қилишича, Сардоба тумани Ховотоғ қишлоғининг "Зомин" маҳалласида яшайдиган бир инсон куйдиргини юқтирган.
Санэпид хизматга кўра, ветеринарлар "Зомин"маҳалласи ҳудудидаги барча чорва молларини куйдиргига қарши эмлаганлар, ҳозирда эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирга ўрин йўқ.
Сибир яраси ёки куйдирги - энг хавфли касалликлардан бири бўлиб, унинг споралари даҳшатли бактериологик қуролдир. Аммо қандай қилиб бу жуда тез оғирлашадиган касаллик барча қитъаларда шунчалик кенг тарқалди? BBC Earth шарҳловчиси бу саволга жавобни тарихдан олдинги даврларда излаш кераклигини аниқлади. (Айни мақола 2016 йилда ёзилган)
(Айни мақола 2016 йилда ёзилган) 2016 йил ёзида - Сибирда куйдирги эпидемияси авж олди. Хабарларга кўра, ҳаддан зиёд иссиқ абадий муз қатламини эритиб, буғуларнинг касалланган жасадлари очиб юборган.
Куйдирги қўзғатувчи бактерия кучли биоқурол сифатида танилган. 2001 йили Қўшма Штатларда унинг споралари почта орқали одамларга жўнатилгани кучли шов-шув қўзғаганди.
Бу микроорганизм жуда узоқ тарихга эга. Куйдиргига ўхшаш эпидемиялар қадимги хитой қўлёзмаларида бундан 5000 йил аввал қайд этилган.
Милоддан аввалги 1-асрда Европада содир бўлган эпидемиянинг тавсифини қадимги Рим шоири Вергилий берган - унинг сўзларига кўра, касаллик "томирларни қуритарди, кейин бахтсиз аъзоларни буриштирарди" ва "суякларнинг ҳар бир бўлагини зирқиратарди."
Баъзи тарихчиларнинг фикрича, бу касаллик фиръавнлар даврида Қадимги Мисрда ҳам мавжуд бўлган ва Библияда қуйидаги сўзлар билан тасвирланган ўнта Миср вабосининг бешинчиси бўлиши мумкин: "Мана, Раббийнинг қўли сизнинг устингизда, даладаги чорва моллари, отлар, эшаклар, туялар, ҳўкизлар ва қўйларда: жуда қаттиқ ўлат бўлади».
Ажабланарлиси шундаки, қадимда куйдирги турли жойларга офат бўлган.
Гап шундаки, бу касалликдан ўлим том маънода бир неча кун ичида содир бўлади, шунинг учун у билан касалланган ҳайвонлар унинг манбасидан узоқ масофага кўчиб ўтишга улгурмасдан касалланади. Бу шуни англатадики, эпидемиялар маҳаллий характерга эга бўлиши керак.
Қандайдир тушунарсиз тарзда, ўзининг табиатига кўра узоқ масофаларга ўтишга мослашмаган касаллик, бир неча минг йил олдин бутун дунё бўйлаб тарқалган ва, эҳтимол, одам бунга беихтиёр ҳисса қўшган.

Сурат манбаси, British Library/Science Photo Library
Куйдирги - Bacillus anthracis бактерияси келтириб чиқарадиган ҳалокатли касаллик.
Микроблар тупроқда бир неча йил яшай оладиган спора ҳосил қилади (аниқ қанча ҳали аниқ эмас).
"Кўпинча 10 йил дейишади, - дейди Флагстаффдаги Шимолий Аризона университети (АҚШ) ходими Талима Пирсон, - Аммо бу гап жиддий илмий тадқиқотлар билан исботланган деб ўйламайман".
Ҳайвон ёки одам споралар нафас олиш йўллари, овқат ҳазм қилиш тизими ёки ҳатто очиқ яра орқали танага кирганда инфекцияланиши мумкин.
Шошилинч тиббий ёрдам бўлмаса, ўлим жуда тез содир бўлиши мумкин.
Барча B. anthracis бактериялари ген даражасида жуда ўхшаш, бу эса дастлаб уларнинг эволюциясини ўрганишга тўсиқ бўлган.
Бироқ, тахминан 20 йил олдин, генетик олимлар штаммлар орасидаги кичик генетик фарқларни аниқлашга имкон берадиган илғор технологияни ишлаб чиққанларида вазият ўзгарди.
"Кейин куйдирги спораларини юбориш орқали содир этилган терактлар ушбу бактериянинг бутун геномининг тузилишини аниқлаш бўйича тадқиқотларга ундади", дейди Пирсон.

Сурат манбаси, Science Source/SCIENCE PHOTO LIBRARY
2004 йилда ўтказилган тадқиқотда Пирсон ва унинг ҳамкасблари B. anthracis бактериялари шартли равишда А, B ва С деб номланган учта асосий гуруҳга бўлинганлигини кўрсатди.
Учаласининг ҳам умумий аждодлари бор, лекин бу биринчи бактерия айнан қачон ва қаерда пайдо бўлганлиги номаълум.
Батон-Руждаги (АҚШ) Луизиана штат университети ходими Мартин Хью-Жонснинг фикрича, бу касаллик Африкада пайдо бўлган бўлиши мумкин эди.
Ушбу қитъанинг жанубидаги баъзи жойларда тупроқ намуналарида B. anthracis'нинг генетик хилма-хиллиги айниқса юқори ва бу кўпинча турнинг биринчи марта у ерда пайдо бўлганлигининг ишончли кўрсаткичидир.
Бироқ, Пирсоннинг фикрича, ишончли маълумот олиш учун генетиклар яна кўплаб намуналарни таҳлил қилишлари керак. "Хилма-хиллик нуқтаи назаридан мен Африка ёки Европада деган бўлардим", дейди у.
B. anthracis пайдо бўлганидан бери узоқ йўл босиб ўтганига шубҳа йўқ.
Хусусан, А гуруҳи штаммлари ҳозир деярли барча қитъаларда учрайди. Улар бутун дунё бўйлаб барча сўнгги куйдирги инфекцияларининг тахминан 85% ни ташкил қилади.
Бактериялар бундай масофаларни ўзлари босиб ўтиши даргумон.
Пирсон Жанубий Африкада ўтказилган куйдирги тадқиқотларидан бирида иштирок этган. Тарихий жиҳатдан, бу минтақада инфекцияга айниқса заиф бўлган кўплаб йирик ўтхўр ҳайвонлар яшайди.
Бу ҳайвонлар бутун Африка бўйлаб кўчиб юради, шунинг учун назарий жиҳатдан улар куйдирги штаммларининг ташувчисига айланиши мумкин. Бироқ, аслида, ўтхўрларнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
"...Биз маълум гуруҳларга мансуб штаммлар маълум жойларда тўпланганини аниқладик", дейди Пирсон.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб бу олимларни саросимага солган. Аммо куйдирги билан касалланган ҳайвонлар ва одамлар қанчалик тез нобуд бўлишини ҳисобга олсак, бу ҳолат ғалати кўринмай қолади.
Кўпинча қўзғатувчилар касалланган организмлар орқали тарқалади, бироқ касалланган организм узоққа кета олмасдан ўлади.
Шундай қилиб, куйдирги жуда маҳаллийлашган. Ҳеч бўлмаганда Жанубий Африкада.
Бироқ, Евросиёда баъзи штаммлар анча кенг тарқалган. Қандайдир тарзда улар узоқ масофаларни босиб ўтишга муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, Richard du Toit/naturepl.com
"Нима учун Европа ва Осиёда бошқача? - деб сўрайди Пирсон. - Биз бу саволга жавобни билмаймиз. Лекин бу ҳақда гаплашишимиз мумкин".
Унинг фикрича, калитни инсон хатти-ҳаракатларида излаш керак.
Тарихгача бўлган одамлар доимо атроф-муҳитдан фойда олиш йўлларини излаганлар. Айтайлик, ўлик ҳайвон қолдиқларини топиб олиб, унинг терисини шилиб олиб, ўзларига кийим тикан бўлишлари мумкин.
Ва агар бу ҳайвон куйдиргидан ўлган бўлса, унинг споралари терисида бўлиши мумкин.
Пирсоннинг фикрича, қадимги одамлар Евроосиё бўйлаб кўчиб ўтганларида, ўзлари билмаган ҳолда куйдирги спораларини тарқатган бўлиши мумкин.
Африка жанубида қадимги одамлар ҳам фаол кўчиб юрган, аммо Пирсоннинг сўзларига кўра, у ердаги иқлим Евросиёга қараганда анча юмшоқ эди.
"Эҳтимол, улар кечалари совқотмаслик учун ҳайвон терисига муҳтож бўлмаган", дейди у.
Натижада B. anthracis бактериялари Африка жанубидаги анъанавий тарқалиш ҳудудидан ташқари ёйилмаган.
Агар тарихдан аввалги одамлар B. anthracis'нинг Африкадан ташқарида тарқалишига ҳақиқатан ҳам ҳисса қўшган бўлса, бу Шимолий Америкада А гуруҳининг куйдирги штаммларининг ноодатий шаклда тарқалишини қисман тушунтириши мумкин.

Сурат манбаси, Hanne and Jens Eriksen/naturepl.com
Бир неча йил олдин, кўпчилик олимлар куйдирги Шимолий ва Жанубий Америкада бир неча асрлар олдин биринчи европалик кўчманчилар сабабли тарқалган деб ишонишган.
Аммо Пирсон ва унинг ҳамкасблари 2009 йилги тадқиқот маълумотларини кўриб чиқишганда, улар бу тахминнинг асоссиз эканлигини тушунишди.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, B. anthracis'нинг энг қадимги шакллари материкнинг шимоли-ғарбий қисмида тўпланган. Кейинчалик шакллар жанубда, баъзилари Техасгача топилган.
Маълум бўлишича, куйдирги Америкага Аляска ва Канада орқали тарқаган, кейин эса жануб ва шарққа тарқалган.
Бундай тақсимот шакли шарқий қирғоққа қўнган европалик кўчманчиларнинг ҳаракатларига умуман тўғри келмайди, лекин бу қитъага биринчи марта 13 минг йил олдин келган Американинг туб аҳолиси ҳаракат йўналишига мос келади.
Бу илк америкаликлар Янги Дунёга шимоли-шарқий Осиёдан сўнгги музлик даврида Осиёни Шимолий Америка билан боғлайдиган бўйин бўйлаб келишган.
Бу шуни англатадики, одамлар деҳқончиликни бошлаганларида (тахминан 10 000 йил олдин) уларнинг ота-боболари, овчилар ва теримчилар бутун Евроосиё бўйлаб куйдиргини аллақачон тарқатган ва Шимолий ва Жанубий Америкага ҳам олиб борган.
Бироқ, аграр инқилоб куйдиргининг тарқалишини янада тезлаштирган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Cheryl-Samantha Owen/naturepl.com
2007 йилда бир гуруҳ олимлар, жумладан Пирсон, B. anthracis'нинг бутун дунё бўйлаб тарқалиш тарихи бўйича энг кенг қамровли таҳлилни ўтказдилар.
Унинг натижаларига кўра, тахминан 6500-3300 йил олдин А гуруҳи штаммининг тарқалиши кескин ошди.
Бу бронза даврининг бошланиши ва бутун Евроосиёда турли товарлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси пайдо бўлишига тўғри келади.
Одамлар ва йирик ўтхўр ҳайвонлар ўртасидаги яқин алоқани кўрсатувчи турли аҳоли пунктлари ўртасидаги савдо-сотиқнинг кенгайиши ва чорвачиликнинг ривожланиши B. anthracis'нинг А гуруҳи штаммларининг тарқалиши ва турли шаклларнинг пайдо бўлиши учун мақбул шароит яратган бўлиши мумкин.
2009 йилда Хитойда B. anthracis тарқалишини ўрганиш шуни кўрсатдики, бу микробларнинг энг хилма-хиллиги мамлакатнинг ғарбий қисмида, машҳур Ипак йўлида жойлашган Қашқар шаҳри яқинида кузатилган. Бу йўл айниқса бронза даврида биринчи савдо йўлларидан бири бўлган бўлса керак.
Бугунги кунга қадар B. anthracis ёки А гуруҳи штаммларининг дунё бўйлаб одамлар томонидан тарқатилганини тасдиқловчи ҳеч қандай ишончли далил йўқ, аммо шартли далиллар бу гипотезани қўллаб-қувватлайди.
Ушбу версия ҳатто А гуруҳи штаммлари нима учун жуда кенг тарқалганлигини тушунтиришга имкон беради.

Сурат манбаси, Noboru Komine/SCIENCE PHOTO LIBRARY
2000 йилда нашр этилган тадқиқот шуни кўрсатадики, А гуруҳи штаммлари B ва С гуруҳларига қараганда атроф-муҳит хилма-хиллигига яхшироқ мослашган.
Бундан ташқари, B. anthracis микроблари тупроқда яшашга мослашгани эҳтимоли катта.
"Эҳтимол, бу бактериялар гуруҳининг мутация тезлиги ҳар қандай тупроққа тезда мослашишга имкон берар", дейди олади Мартин Ҳью-Жонс.
Бироқ, Пирсоннинг фикрича, бундай биологик фарқларнинг ўзи А гуруҳи штаммлари B ва С гуруҳи микробларини нима учун бунчалик орқада қолдиришини тушунтириб бера олмайди.
Унинг сўзларига кўра, уларнинг орасидаги фарқ шунчаки А гуруҳи штаммлари инсон ҳаётида анча фаол иштирок этганлиги бўлиши мумкин. "Улар тасодифан керакли вақтда керакли жойда бўлади."
Қандай бўлмасин, турли мамлакатларда куйдиргининг бундай кенг тарқалганлиги ўзининг тарқалиш қобилиятининг оқибати эмас, балки ота-боболаримиз томонидан бу бактерияларнинг дунё бўйлаб беихтиёр тарқатилиши натижасидир.
(Айни мақола 2016 йилда ёзилган)
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













