Ўлим сири: нега биз вафот этамиз? Dunyo Ilm-fan Tahlil Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Океанларимиз ва дарёларимизда кезиб юрадиган ғалати ва ажойиб организмлар орасида гидрани сезмай қолсангиз, узрлисиз. Кесилган боши ўсиб чиқаверадиган қадимги юнон мифологик аждари номи билан аталмиш ушбу жонзот медузалар, анемонлар ва маржонларнинг чучук сувдаги қариндоши ҳисобланади. Бир оз момақаймоқ уруғига ўхшаш, узун танаси ва бир учида пайпаслагичлар тўпламидангина иборат бу ҳайвон кўзга кўп ҳам ташланавермайди. Аммо улар биологиянинг қизиқ, ажойиб хусусиятини кўрсатади: улар қайта тикланиши - регенерация қилиши мумкин. Агар сиз гидрани кўп қисмларга ажратсангиз, ҳар бир қисмдан янги, бутун бир индивид ўсади.
Уларнинг регенератив хусусиятлари табиатда умрбоқийлик далилларини излаётган биологларнинг қизиқишини уйғотди. Нега бу турлар табиий равишда йўқ бўлиб кетмайди? Ўлим ўзи муқаррарми?
20-асрнинг ўрталарида қариш репродукция ва ҳужайранинг сақланиши ўртасидаги танлов сифатида тасвирланган. Дастлаб, организмлар ўз ресурсларини соғлиғимизни мустаҳкамлаш ва сақлаш - ҳужайраларимизни сақлаш учун ишлатади. Болалик ва ўсмирлик даврида тирик қолиш ва иложи борича кучли ва соғлом бўлиш муҳим саналади. Балоғат ёшидан кейин устуворлик кўпайишга - авлод қолдиришга ўтади. Аксарият организмларда ресурслар чеклангани сабабли, насл қолдириш соғлиқ эвазига бўлиши мумкин.
Уруғини тўкиш учун оқим бўйлаб сузиб кетган ва вазифасини бажаргач, кўп ўтмай ўладиган ласосни олинг. Ласос уруғ тўкиш жойига бориш учун ҳамма имкониятни ишга солади ва у ерда улар бу имкониятдан максимал даражада фойдаланадилар. Ласоснинг оқим бўйлаб яна ортга қайтиши, денгизда яна бир йил омон қолиб, уруғ тўкиш учун худди шундай қайтиши ва муваффақиятли уруғлантириш эҳтимоли шунчалик пастки, табиий танланиш бу имкониятни уларга бермаган. Ва ҳар ҳолда, уларга бир марта ўз генларини келгуси авлодга ўтказиш имкони берилган.
Аммо жонзотларнинг нима учун ўлиши ҳақидаги ҳозирги тушунча бироз аниқроқ. Организмлар жинсий етукликка эришганда, табиий танланиш кучи заифлашади ва қариш жараёни бошланиб, охир-оқибат ўлимга олиб боради. Аммо бу кейинги авлодга йўл очиш учун эмас, дейди Буюк Британиядаги Шарқий Англия университетининг эволюцион биология ва биогеронтология профессори Алексей Маклаков.

Сурат манбаси, Natural Visions/Alamy
Ҳаёт давомида генларимиз мутацияларни тўплайди. Улардан баъзилари бутунлай тасодифий, бошқалари бизнинг диетамиз ёки ультрабинафша нурланиш каби ташқи омиллар натижасидир. Кўпчилик мутациялар нейтрал характерда ёки зарарли, жуда оз қисми фойдали бўлади. Оксфорд университетининг антропология факультети эволюцион биологи Габриелла Кунтуридес, балоғатга етишдан олдин, "организмни кўпайиш эҳтимолини камайтирадиган ёки ҳатто кўпайишдан олдин уни ўлдирадиган ҳар қандай ген мутацияси турнинг генофондидан чиқариб ташланади" дейди. Бироқ, организм жинсий етукликка эришгандан сўнг, у ўз генларини кейинги авлодга ўтказиши мумкин. Бу вақтда табиий танланишнинг кучи заифлашади.
Келинг, тухум қўядиган ласосимизни олайлик. У балоғат ёшига қадар яшаш ва насл бериш учун имкон қадар курашади. Унинг авлодлари ҳам, эҳтимол, уруғлантириш имкониятига эга бўлади. Агар бизнинг ласос уруғлантиришдан кейин ген мутациясига учраса, бу уларнинг умрини тасодифий ошириб, яна бир йил яшашини англатарди (гарчи бунинг эҳтимоли жуда оз бўлса ҳам), бу насллар ўз ака-укаларига нисбатан сезиларли устунликка эга бўлмайдилар. Бизнинг ласос аллақачон мутацияси йўқ бир авлодни қолдиришга улгурган бўлади.
Табиий танланиш нуқтаи назаридан, кўпайишдан кейин саломатликни сақлашдан наф оз. Бу шуни англатадики, бунга ёрдам берадиган ҳар қандай геннинг кенг тарқалиши учун танлов у қадар кучли бўлмайди. "Инсон тирик қолишни хоҳлайди. Аммо ҳозирги пайтда табиий танланиш энди бу борада унчалик қаттиқ ишламайди, чунки кейинги авлодга берадиган бошқа ҳеч вақо йўқ", дейди Коунтоуридес.
Бироқ ҳамма организмлар бизнинг бир марта уруғ тўкадиган ласос каби экстремал эмас. Баъзилар кўпроқ насл қолдириш учун узоқроқ яшайди. Бизнинг ДНКдаги мутацияларнинг аксарияти салбий оқибатларга олиб келади ёки умуман оқибати йўқ. Бизнинг танамиз ДНКдаги зарарли мутациядан тикланишга қодир, аммо табиий танланишнинг заиф кучи туфайли ёш билан буни қилиш қобилиятимиз пасаяди.
Аммо қариш ва ўлим икки йўл билан содир бўлади - заиф табиий танланиш туфайли салбий мутациялар тўпланиши ва кўпайиш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган, аммо узоқ умр кўриш учун салбий бўлган мутациялар.
Иккинчисига мисол сифатида BRCA генидаги мутациялар бўлиши мумкин. Маълумки, улар кўкрак ва тухумдон саратони хавфини сезиларли даражада оширади, аммо мазкур мутацияга эга бўлган аёллар серпушт бўлади. Шундай қилиб, BRCA ген мутацияси бор аёллар эрта ёшда репродуктив устунликларга эга бўлиши мумкин, аммо кейинчалик соғлиғида муаммо кўпроқ бўлади. Аммо балоғат ёшидан кейин табиий танланиш сусайганлиги сабабли, репродуктив устунлик бошқа зарарларни босиб кетади.

Сурат манбаси, Getty Images
Орегон штат университети биологи Кейтлин Макхю: "Ҳаётнинг бошида содир бўладиган ҳамма нарса репродуктив ёшдан кейин содир бўладиган ҳамма нарсадан устун туради, чунки репродуктив потенциал ҳақиқатан ҳам муҳим", дейди.
Ҳужайралар бўлинишни тўхтатиб, қаришни бошлаши ҳам ҳаётнинг эрта давридаги устунликларга яна бир мисол бўлиши мумкин, аммо бу ҳам ҳаётнинг кейинги даврида муаммоларга сабаб бўлади. Қариш бизни саратон касаллигидан ҳимоя қилади, чунки у ДНК томонидан шикастланган ҳужайраларнинг кўпайиши олдини олади. Бироқ, кейинги ёшда қариган ҳужайралар тўқималарда тўпланиб, зарар ва яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин, улар ёшга боғлиқ касалликларнинг илк нишоналари ҳисобланади.
Аксарият турларда қариш жараёни бўлса ҳам, баъзи истиснолар мавжуд. Мисол учун, кўплаб ўсимликлар "кичик қариш" ни кўрсатади ва баъзи турлари минг йиллар давомида яшаши маълум. Айниқса, қизиқ бир мисол - Юта штатидаги Фишлейк миллий ўрмонидаги пандо дарахти. Бу дарахт битта илдиз тизими билан ўзаро боғланган генетик жиҳатдан бир хил эркак аспен дарахтлар колониясидир. У 400 000 кв. метрдан ортиқ майдонни эгаллайди ва оғирлиги 6 000 тонна деб тахмин қилинади. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг ёши 10 000 йилдан ортиқ бўлиши мумкин.
Гидранинг қариндоши, ўлмас медуза узоқ умр кўришнинг яна бир ажойиб йўлини топган - агар у шикастланган, касал бўлса ёки стресс ҳолатида бўлса, катталар босқичидан полипнинг дастлабки босқичига қайтиши мумкин. "У айнан ўша медузами ёки бошқасими деб сўрашингиз ҳам мумкин?" дейди Макхю.
Шунингдек, баъзи турлар ёши каттаргани сари муваффақиятли бўлиб боради, деган фикр бор, бу "манфий қариш" деб аталади, аммо бунинг далиллари хали етарли эмас, дейди Маклаков.
"Агар тур кўпайиш умуман паст бўлса ёки эрта ёшда насл қолдирмаса, бу табиий танланиш таъсирини ўзгартиради", дейди Маклаков. Мисолларни морж ёки буғу каби ҳарамларда жуфтлашадиган ҳайвонларда топиш мумкин. Битта эркак бутун аёллар гуруҳини бошқариши мумкин. Гуруҳнинг катталиги ва демакки у эга бўлиши мумкин бўлган авлодлар сони унинг ёши ва катталиги билан ортиши мумкин. Шундай қилиб, унинг репродуктив қобилияти ўсишда давом этади.
Баъзи турлар ёши каттаргани сайин кўпайиш қобилиятини сақлаб қолиши ҳақиқат бўлса да, улар манфий қаришнинг ҳақиқий намунаси эмас ва буни даъво қилган тадқиқот хулосалари нотўғри, дейди Маклаков. Охир оқибат, морж ҳарамни чексиз муддат назорат қила олмайди.
Аммо жинсий алоқа бизнинг қаришимизда қизиқ роль ўйнаши мумкин. Лондон Университет коллежидан Меган Арнот ва Рут Мейс томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, мунтазам жинсий алоқада бўлган аёлларда менопауза кечикади. Уларнинг фикрига кўра, агар ҳомиладорлик эҳтимоли бўлмаса, овуляция учун сарфланадиган энергия тананинг қолган қисми томонидан бошқа мақсадда ишлатилиши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо ҳайвонот оламининг қолган қисмида серпушт бўлиш қаришни тезлаштиради. Мисол учун, кўп авлодга эга кўршапалаклар насли камроқ бўлганларга қараганда қисқароқ яшайди. Эҳтимол, кўпайиш имконияти берилганда, улар ҳамма нарсани унга сарфлаб бўлган. "Умрнинг бошида жуда яхши кўпаядиган организмлар ҳаётнинг кеч даврида кўпаймайди", дейди Макхю. (Яна бир бор, бизнинг гидрамиз бу қоидадан истисно. Уларнинг туғилиш даражаси бутун умри давомида пасаядиганга ўхшамайди.)
Бундан ташқари, ҳаёт давомийлиги жинслар орасида катта фарқ қиладиган турлар мавжуд. Одатда, чумолилар, асаларилар ва термитларда ўзларининг бепушт ишчиларига нисбатан жуда серпушт ва узоқ умр кўриши мумкин бўлган шоҳ ёки малика бор. Нега кўпайиш учун кетадиган «харажат» уларнинг умрини қисқартирмайди? Жавоб шундай бўлиши мумкин: қирол ёки қиролича ишчилар дуч келадиган кўплаб таҳдидлардан ҳимояда бўлади ва уларнинг турмуш тарзидаги ана шу фарқ туфайли қариш назарияларини уларга тенг даражада қўллаб бўлмайди.
Хўш, агар кўпайиш бизнинг умримизга шунчалик катта таъсир кўрсатса, нега одамлар фарзанд кўргандан кейин ҳам узоқ яшайди?
"Буви гипотезаси» катта ёшдаги қариндошларнинг тирик қолишлари муҳимлигини кўрсатади, чунки кўпайиш қиммат тушадиган ва хавфлидир. Буви невараларига ўтказиш орқали ўзининг баъзи генларининг омон қолишини таъминлаши мумкин ва шунинг учун узоқ умр кўриш табиий танланиш нуқтаи назаридан устунлик бериши мумкин. "Бувиси бўлган оилаларда репродуктивлик даражаси анча юқори, чунки она кўпроқ фарзанд кўришга эътибор қаратиши мумкин ва бувилар аллақачон туғилган болаларни тарбиялашга ёрдам беради", дейди Кунтуридес.
Аммо невараларнинг атиги 25 фоиз гени бувисиники бўлади, шунинг учун набиралар бувига унинг амакивачча ва ҳолаваччалар билан бирдек яқин туради.
"Эҳтимол, ўтмишда 50 ёшида кўпайиш имкониятига эга бўлган аёллар етарлича омон қолмаган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, 50 ёшида аёлларнинг авлод қолдириши билан нима содир бўлиши борасидаги танланиш эҳтимоли жуда ва жуда паст эди ", дейди Маклаков қаришнинг асосий тамойилини эслатиб - кўпайишдан кейин табиий танланиш заифлашади. Кейинчалик ҳаётимизда содир бўладиган воқеаларнинг аксарияти ёқимсиз бўлиши мумкин, аммо эволюция бизни бундан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган кучга эга эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













