Қизиқ: Тиш чўткангиз ҳидидан саратонни аниқлаш мумкинми? Dunyo ilm-fan yangiliklar

Гул ҳидлаётган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Биргина ҳид бизнинг бутун бошли хотирамиз ва ҳиссиётларимизни уйғотиши мумкин
    • Author, Питер Болл
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳид билиш бизнинг энг кучли сезгиларимиздан биридир - биргина ҳид бизнинг бутун бошли хотирамиз ва ҳиссиётларимизни уйғотади. Компаниялар кайфиятимизни кўтарадиган ва ҳатто ҳаётимизни асраб қоладиган ҳидларни яхшилаш, уларни янада латифлаштиришда сунъий ақлга кўпроқ суянмоқда.

Атир ва дезодорантлар ёрдамида жамоат жойларни нафис ҳидга буркаймиз. Ҳид ҳаётимизнинг суъий ақл ёрдамида инқилоб ясаладиган энг охирги унсури бўлиши мумкин.

Катта маълумотлар базалари ва супер тезкор компьютерлар янгича ифорлардаги трендларни аниқлаш ва маҳсулотни аввалгидан да тезроқ тайёр қилиш учун фойдаланилмоқда.

Сунъий ақл ёрдамидаги ифорий инқилобнинг бошқа бир жиҳати шуки, бир кун келиб бизнинг соғлом ва узоқ яшашимиз учун касалликни ҳид ёрдамида барвақт аниқлашга ёрдам берадиган технология ривожлантирилмоқда.

Қуйида сунъий ақл кундалик ишлатадиган атиримиздан тортиб, ҳид орқали касалликка ташхис қўйишгача бўлган таъсири ҳақида сўз боради.

Асалари заҳри саратон тўқимасини қандай йўқ қилган? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Муаммони ҳидлаб аниқлаш

Гавжум бека

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Технология пандемиядан кейин айниқса сезиладиган гавжум жойларни янада ёқимли қилиш учун қаерда вақт ўтказишимизни мониторинг қилиши мумкин

Технологик стартап "Aryballe" янги ҳидларни яратмайди, балки улар бизга қандай таъсир қилиши ва ҳидга қараб соғлиғимиз ҳақида қандай билишни ўрганади.

Ҳидни сезиш мураккаб жараён. Ёруғлик ёки товуш муайян тўлқин узунлигига эга, аммо ҳидни ўлчаш, ҳисоблашнинг бундай осон йўли йўқ.

Бунинг ўрнига француз ширкати кремний чипларидаги оқсил фрагментларидан биз кислород, азот ва углерод оксиди каби аксар газларни сезмаган ҳолда сезадиганимиз бошқа ҳидларни сезиш учун фойдаланади.

"Ҳидни илмий тавсифлай олмас экансиз, сизга сунъий ақл кўмакка келади, - дейди ширкатнинг бош ижрочи директори Сэм Гилаоме. - Шунчаки машинага бу пишлоқ, бу қулупнай, буниси маймунжон деб ўргатиб қўйсангиз кифоя."

Технология пандемиядан кейин айниқса сезиладиган гавжум жойларни янада ёқимли қилиш учун қаерда вақт ўтказишимизни мониторинг қилиши мумкин.

Ҳидни аниқлаш уйда ҳам роль ўйнаши мумкин. Айрим касалликларни ҳид орқали билиш мумкинлиги анча йиллардан бери маълум. Хельсинки аэропорти ўтган йили Ковидга чалинганларни аниқлаш учун итлардан фойдаланишни синаб кўрди.

Бу усул касалликнинг илк белгиларини кундалик кузатиб борадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўл очиши мумкин.

"Эҳтимол тиш чўткамда ҳид олувчи сенсор бўлиши ва ҳар тиш ювганимда у менинг соғлиғимни баҳолаб бориши мумкин", дейди Гилаоме.

Сенсор сизга "бу диабетнинг белгиси... бу саратоннинг белгиси" деб айтиши мумкин.

Касалликни жиддий симптомлар бошланмасидан бурун эрта аниқлаш ва даволаш касалликка қарши курашда бемисл самара бериши мумкин.

Гилаоменинг ишонишича, ташхисловчи тиш сўткаси каби сунъий ақл билан қуролланган смарт жиҳозлар аллақачон уфқда кўринишни бошлади.

"Масала уларнинг пайдо бўлиши эмас, балки қачон пайдо бўлишидадир", дейди у.

Ҳидлар ҳақидаги илм

Атир ҳидини синаб кўриш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Атирлар оламини ўзгартиришда сунъий ақлдан фойдаланилмоқда

"Мен тўрт ёшимдан бери ҳидларга ошиқман, жуда эрта ёш", дейди Мария Нурисламова.

"Онамнинг атирига доим тегардим ва ҳар сафар у буни билиб қоларди."

Парфюмерияга бўлган эрта қизиқиш Нурисламовани АҚШда "Scentbird" стартапига ҳамасосчи бўлишига туртки берди. Бу стартап обуначиларига ҳар ойда асил атирларни жўнатиб туради.

"Аммо технология иккинчи иштиёқимдир", дейди у.

Компания эркак ва аёллар учун бирдек мос келадиган атирларини яратишга киришганида улар сунъий ақл ёрдамида 300000дан зиёд обуначиларининг фикрларини таҳлил қилишди.

Нурисламованинг ишонишича, улар ҳал этиши керак бўлган муаммо аксар ҳидларни фақат бир жинсдагилар севади ва бошқалари бунга тоқат қилади.

"Гендер нейтрал бўлиш жуда қийин" деб изоҳлайди у. Аммо уларнинг тадқиқотида ҳар икки жинс қабул қила оладиган 12 тур ҳидни аниқлади ва бу уларнинг "Confessions of a Rebel" туркумидаги атирларни яратишига қўл келди. У ҳозир уларнинг топ бестселлер 3 фоиз атирларидан биридир.

"Мен буни ғалаба деб ҳисоблайман, - дейди Нурисламова, - чунки "Confessions of a Rebel" "Gucci" ёки "Versace" каби тан олинган бренд эмас, аммо ажойиб муваффақиятга эришди. Мен буни уни яратишда фойдаланилган маълумотлар шарофатидан деб биламан."

"Scentbird" кўпроқ ҳидларни ривожлантириш учун тадқиқотлар қилмоқда. Бу йил икки янги линия қўшилди.

Аммо бу атирлар оламини ўзгартиришда сунъий ақлдан фойдаланаётган ягона бизнес эмас.

Ҳиссий таъсир

Гул ҳидлаётган аёл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Human and Consumer Insights at IFF вице-президентининг айтишича, атирни ҳидлаганда ҳис-туйғулар ўз-ўзидан пайдо бўлади

"International Flavors & Fragrances" (IFF) корпорацияси ҳам ҳидларни яратиш учун сунъий ақлдан фойдаланади, аммо улар янада чуқурроқ шўнғиб, ҳид бизга қандай таъсир қилишигача қизиқмоқда.

У янги ҳидларни яратиш учун "Armani", "Calvin Klein" ва "Givenchy" каби йирик номлар билан саҳна ортида ишламоқда.

IFF ҳидларни яратиш бўйича бир асрдан ортиқ тажрибага эга. Аммо 2000дан ортиқ масаллиқлар орасидан 60 80 тасини ажратиб олиб, уларнинг аралашмасидан бирор ҳидни чиқариш учун сунъий ақл ёрдам беради.

"Сунъий ақл бир асбоб, "Google Maps" каби парфюмерга чалкаш йўлларда ўзига йўл топишида ёрдам беради, шу билан у эътиборни аниқ мақсадга қарата олади, ижод қилишга, эмоцияга қаратади", компаниянинг ҳидлар бўлимида инновация раҳбари Валери Клод.

IFF нафис ҳидлардан ҳам нари ўтиб, кир ювиш кукунлари, шампунлар ҳидлари каби кундалик учрайдиган ҳидлар ва Ковид пандемияси сабабли одамларнинг истакларидаги ўзгаришларгача ўрганади.

"У "тоза ва сарҳил"дан узоқлашди, - дейди Клод. - Одамлар ғамхўрлик, ҳимояни кўпроқ исташади."

"Улар қулайлик ва парвариш хоҳлашади."

Компания ҳидларнинг одамлар кайфияти ва сезгиларига таъсирини ўрганишга айниқса эътибор қаратмоқда.

Унинг "Science of Wellness" дастуридан кўзланган мақсад одамларда бахтиёрлик, хотиржамлик, ҳушёрлик ва ўзига ишончни шакллантирадиган ҳидларни яратиш учун сунъий ақл технологиясидан фойдаланишдир.

Уларнинг тадқиқотлари, шунингдек, неврологик бузилиши бўлган одамларга қандай ёрдам бериш йўлларини топишни ҳам қамраб олади.

"Ҳаёт сифатини яхшилаш нуқтаи назаридан, дейлик, алцгеймерлар ҳақида ўйлаганингизда визуал ёки ҳидлар орқали ҳиссий таъсир қилиш ижобий роль ўйнайди."

"Гап даволаш ҳақида эмас албатта, аммо касаллик таъсирини камайтириш учун мияга таъсир қилиш орқали."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek