Интернетга банги бўлиб қолиш мумкинми? Internet

Cam Adair

Сурат манбаси, Deepak Kanda

Сурат тагсўзи, Бугун Кэм Адэр одамларни Интернетга ружу қўйиш хавфидан огоҳлантиришни истайди
    • Author, Ник Даук
    • Role, Business reporter

Кэм Адэр ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлашга мажбур бўлгач, видео ўйинларга бўлган қарамлиги назоратдан чиқиб кетганини ниҳоят англади.

"Мен 10 йил давомида бу билан курашдим, - дейди у. - Мен мактабни ташладим, ҳеч қачон коллежга бормаганман ва оиламни алдаш учун ўзимни ишим бордек кўрсатганман.

"Охир-оқибат мен ўз жонимга қасд қилиш тўғрисида эслатма ёздим ва ўша кечаси ёрдамга муҳтожлигимни англадим. Мана, 3860 кун ўтди компьютер ўйинлардан озодман."

32 ёшли канадалик Адэр компьютер ўйинларига муккасидан кетганларга онлайн ёрдам берувчи "Game Quitters" гуруҳи асосчисидир. Ҳозирда унинг бутун дунё бўйлаб 75 000 дан зиёд аъзоси бор.

Технология, хусусан, интернет коронавирус карантини даврида дунёга ёрдам берган бўлса да, унинг айтишича, бу ҳолат у каби одамлар учун қийин кечган.

"Пандемия мени одатдагидан кўра кўпроқ вақтимни "Twitch" [компьютер ўйинлари ўйновчилар учун стриминг хизмати] ва "YouTube" томоша қилиб ўтказишга мажбур қилди", дейди жаноб Адэр.

"Ушбу [YouTube] контентининг аксарияти ўйин стриминглари ва ўйинлар ҳақида бўлиб, улар ўйнаш учун кучли туртки бериши мумкин. Яхшиямки, мен бунинг олдини олишга муваффақ бўлдим, лекин мен "Game Quitters" гуруҳидаги кўплаб одамларни биламан, улар афсуски, Ковид пайтида яна эски одатига қайтган."

A teenage boy playing a video game

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёш йигитлар компютер ўйинларини соатлар ортидан соатлар ўйнаб вақтларини кетқазишади

Айова университетининг психиатрия бўлимидан Марта Шоу ва Доналд В. Блэк "CNS Drugs" журналида чоп этилган интернетга қарамлик ҳақидаги мақоласида қимор ўйинларига қарамликни кенгроқ интернетга қарамликнинг бир қисми сифатида таснифлаган. Улар буни “соғлиқ заифлашуви ва чуқур стрессга олиб борадиган, компьютердан фойдаланиш ва интернетга кириш билан боғлиқ меъёрдан ортиқ ёки назорат қилинмайдиган қарамлик” деб таърифлайди.

Кўпчилик буни алкоголизм ёки гиёҳвандлик каби жиддий эмаслигини таъкидласа да, у ҳали ҳам беморларни заифлантириши мумкин. Доктор Эндрю Доан, нейролог ва рақамли қарамлик бўйича мутахассис, карантинлар муаммони янада кучайтирганини айтади.

"Ҳаётдаги стресс муайян хулқ-атворга боғланиш ва қочиш механизмларига олиб келади, - дейди у. - Пандемия одамлар ҳаётида стрессни кучайтирди. Улар учун қочишнинг қулай усули ўйинлар ва ижтимоий медиа каби қизиқарли рақамли медиа бўлиб қолди.

Стрессдан қочиш учун ҳаддан ташқари бирор нарсага берилиш унга қарам бўлиб қолиш омилидир."

Интернетга қарамлик билан курашишга ёрдам бериш учун бир қатор технологик фирмалар тармоқ ёки ўйин веб-сайтларига киришни блоклаш ёки чеклаш учун ишлатилиши мумкин бўлган воситаларни яратган.

"Linewize" болалар ёки, аниқроғи, уларнинг ота-оналари учун мўлжалланган шундай иловалардан биридир.

Веб-сайт ва илова ота-оналар ва васийларга болаларнинг смартфон ёки ноутбукда ўйин сайтлари ёки умуман интернетда бўлиш вақтини масофадан чеклаш ва назорат қилиш имконини беради.

"Linewize"да, шунингдек, порнография ёки зўравонлик материалларига кириш олдини олиш учун одатий "ота-она қулфлари" ҳам бор.

Kids on their tablet computers

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аксар болали оилалар учун бу таниш ҳолат

Сан-Диегодан малакали психолог ва рақамли саломатлик бўйича эксперт Теодора Павквичнинг айтишича, ёшлар айниқса интернетда жуда кўп вақт ўтказишга мойил. Бу ўсмирларнинг ота-оналари осонгина кўнадиган нарса.

"Интернетда вақтни рақамли соғломликни ўйлаб ва меъёрида бошқариш жуда мураккаб когнитив кўникмаларни талаб қилади. Бу кўникмалар биз 25 ёшга тўлгунимизгача тўла ривожланмайди".

У шундай қўшимча қилади: "Онлайн платформалар бизнинг вақтимизни, эътиборимизни ва маълумотларимизни кўпайтириш учун мўлжалланган. Шу билан бирга интернетда кўплаб хавф-хатарлар яширинган. Бу эса болаларнинг онлайн дунё билан меъёрида, хавфсиз ва масъулият билан мулоқот қилишини қийинлаштиради".

Катталар учун интернетга қарамлик қимор ўйинларига қарамликка ҳам айланиши мумкин, иккинчисини пул тикиш иловалари ва веб-сайтлари кучайтиради.

"BetBlocker" одамларга ўн минглаб қимор сайтлари ва иловаларини фойдаланувчи ўзи белгилаган вақтда блоклашга ёрдам беради

Чекловни фаоллаштиргандан сўнг, чеклов муддати тугамагунча, одам ўйин платформаларига кира олмайди.

Бепул "BetBlocker" иловаси кимнингдир шериги, дўсти ёки ота-онаси томонидан бошқарилиши мумкин.

A man playing roulette on his smart phone

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Betblocker ўн минглаб қимор веб-сайтларига киришга тўсиқ қўяди

"Масофавий қимор ўйинларига киришнинг қулайлиги, шубҳасиз, ҳар қандай қиморга қарам киши дуч келадиган энг катта муаммодир", дейди "BetBlocker" асосчиси Дункан Гарви.

"Ҳар бир киши чўнтагида казино ёки букмекер билан юради ва холи шаклда ўйнаш жуда осон."

Фойдаланувчилар қимор сайтларини соатлар, кунлар ёки ҳафталар давомида блоклашлари мумкин. Бундан ташқари, иловадан бошқа веб-сайтларни, масалан, ўйин веб-сайтларини блоклаш учун фойдаланиш мумкин.

"Бу фойдаланувчига ўзини назорат қила олмайдиган вақтларда чекловлар ўрнатиш орқали ёрдам бериш учун мўлжалланган", дея қўшимча қилади Эдинбургда Гарви.

"GamBlock" - қимор ўйинлари сайтларига кириш олдини олиш учун шу тарзда ишлатилиши мумкин бўлган яна бир иловадир. Австралияда жойлашган ширкат ижрочи директори Дэвид Уорр "биз қимор ўйинларига қарши эмасмиз", дейди. Бунинг ўрнига, муаммоси бор ўйинчиларга ёрдам беришга эътибор қаратилади.

Доктор Доаннинг видео ўйинларга қарамлик борасидаги тажрибаси қисман қийин йўлни босиб ўтди - унинг ўзи ҳам бир вақтлар шундай эди.

"Жонс Ҳопкинс университети тиббиёт факультетида (Балтимор) ўқиётганимда ва амалиётларим давомида мен тахминан 10 йил давомида ҳафтасига 80 дан 100 соатгача видео ўйинлар ўйнардим", дейди у.

"Ўйинларга мубталолик: Видео ўйинларнинг алдамчилиги ва оқибати ҳамда интернетга қарамлик" китоби муаллифининг айтишича, интернетга иккита алоҳида қисм сифатида қараш керак.

"Мен рақамли медиани икки катта тоифага ажратаман - рақамли шакар ва рақамли сабзавотлар. Онлайн терапия каби рақамли сабзавотлар одамларга стрессни бошқариш ва қарамлик хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

[Аммо] ўйинлар, порнография ва иш билан боғлиқ бўлмаган ижтимоий тармоқлар каби рақамли шакарлардан ортиқча фойдаланиш, айниқса, кундалик стресслардан қочиш учун уларга ружу қўйиш қарамлик хавфини ошириши мумкин."

Доктор Доан интернетда ўтказаётган вақтимизни назарда тутиб, қимор ўйинлари ва интернетга қарамлигимиз ошиб кетишидан хавотир билдиради.

A man working from home

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Карантинлар ҳам катталар ва ҳам болаларни интернетга кўпроқ боғлаб қўйди

Бироқ Кэм "Linewize", "BetBlocker" ва "GamBlock" каби технология фирмалари муаммони ҳал қилишда муҳим роль ўйнашига умид қилади. Ва шуни таъкидлаш керакки, муайян салбий одатга мубталоликдан ташвишланаётган ҳар бир киши шифокорга мурожаат қилиши керак.

Адэрнинг иши "Psychiatry Research" журналида чоп этилган ва у ҳозирда қарамлик бўйича халқаро маърузачи ҳисобланади.

"Ёрдам сўраш менинг ҳаётимни сақлаб қолди, - дейди у. - Қарамликлик пайтида мен ёлғончи эдим, одамови эдим, ёлғиз эдим, ғазабнок эдим ва мени қидирганлар топа олмасди. Энди мен бахтлиман, мамнунман ва кундалик ҳаётдаги стрессларни енгишга қодирман."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek