Ўзбекистон: Интернет орқали пул ишлаш мумкинми? IT, дастурлаш ва ёшлар O'zbekiston

Шаҳзод Собировнинг айтишича, IT соҳаси Ўзбекистонда ҳали «эгасиз бозор» ва унда яхши даромадли иш топиш жуда осон.
Сурат тагсўзи, Шаҳзод Собировнинг айтишича, IT соҳаси Ўзбекистонда ҳали «эгасиз бозор» ва унда яхши даромадли иш топиш жуда осон.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Жорий йил Ўзбекистонда, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, ёшларни қўллаб-қувватлаш йили дея ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистонга Инновация йили ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йиллари ҳам келиб кетди, аммо халқаро рейтингларда мамлакат информацион технологиялар, ҳамда интернет кўлами ва тезлиги бобида оқсашда давом этяпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

ЮНИСЕФ Ёшлар иттифоқи ва «Юксалиш» ҳаракати билан ҳамкорликда икки йил давомида олиб борган тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда фикри сўралган ёшларнинг қарийб 87 фоизи компютерларни ўрганишга «жуда катта қизиқиш» билдирган.

Аммо, сўров натижаларига кўра, мамлакатдаги қарийб 54 фоиз ёшлар умуман интернетдан фойдаланмайди. Айниқса қишлоқ аҳолиси ва қизларни ташкил қилувчи 38 фоиз ёшлар эса компютерни ишлатишни билмайди.

Ёшларнинг тасаввурида, ҳисоботга кўра, интернет ўзаро алоқалар, таълим ва иш учун яхши восита, аммо айни дамда «вақтни бекор сарфлаш» ва «ёмон таъсир»га эга хавфли майдон сифатида ҳам шаклланган.

Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар орасида информацион технологиялар билан ишлаш маҳоратини ошириш ҳақида бир неча бор сўзлаган. Ўтган ой Бухоро шаҳридаги IT-паркни бориб кўрар экан, у ёшларга юзланиб қуйидагиларни айтди:

Президент Мирзиёев Бухородаги IT-парк фойдаланувчилари даврасида.

Сурат манбаси, Prezident.uz

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев Бухородаги IT-парк фойдаланувчилари даврасида.

«Ҳаммаларингиз, ҳозир глобаллашув замонида келажакда қайси касб эгаси бўлишларингиздан қатъий назар, агар IT технологияларни ўрганмас эканмиз, ривожланиш бўлмайди. Мана шуни барингиз англашингиз керак, бошқа йўл йўқ.»

«Компютер олишга қийналади»

Урганч шаҳрида информацион технологиялар курсларини таклиф қилувчи «Дата» ўқув маркази асосчиси Шаҳзод Собировнинг Би-би-сига айтишича, унинг маркази 300дан ошиқ ўқувчиларни курслар давомида компютерлар билан таъминлайди.

Аммо, улар курсни битириб чиққач, IT соҳасидаги фаолиятларини бошлаш учун зарур бўлган компютерларни сотиб олишга қийналадилар.

Собировга кўра, банкларнинг кредит қоидаларига биноан, компютер маиший техника деб кўрилади, шундай экан, уни харид қилишни истаган ёш мутахассисга ҳеч қандай кредит имтиёзи берилмайди.

У якка тадбиркорларга кредит имтиёзлари йўлга қўйилган бир даврда, IT мутахассиси бўлишни истаган ёшларга ҳам енгилликлар берилиши кераклигини урғулайди.

Шаҳзод Собировнинг айтишича, IT соҳаси Ўзбекистонда ҳали «эгасиз бозор» ва унда яхши даромадли иш топиш жуда осон. Хусусан, унга кўра, кўплаб дастурчилар ўз уйларида ўтириб чет эл компанияларига ишлаб келяптилар ва яхши даромад топяптилар.

Ёшларни иш билан таъминлаш муҳимлиги гапирилаётган бир вақтда, IT мутахассисларига компютердек иш қуролини сотиб олишларида ёрдам бериш тўғри қадам бўлган бўларди, дейди у.

Шаҳзод Собиров билан Ибрат Сафо суҳбатлашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek