Ўзбекистон: “Ҳамма ислоҳотларни … тиқдингиз!” – депутат энергетика вазири истеъфосини талаб қилди, янгиликлар, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar (видео)

O'zbekiston

Сурат манбаси, uzlidep.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мамлакат юзлашаётган энергетика инқирози фонида масъул раҳбарларнинг истеъфо бериши энг тўғри йўл эканини таъкидламоқда - bbcuzbek.com дайжести.

У бу ҳақида ўзининг Telegram каналидаги "Ҳамма қилинаётган ислоҳотларни ...... тиқдингиз!" дея бошланувчи постида ёзган.

Ғаниевнинг сўзларига кўра, охирги йилларда Ўзбекистонда прописка, ОВИР, конвертация каби ижобий ислоҳотлар амалга оширилган, аммо "энергетика инқирози барча ижобий ўзгаришларни ювиб юборяпти".

"Энди ўйлаб кўринг, совуқ қиш, катта оила, на газ, на электр бор! Оиланинг кекса инсонлари ёки чақалоқлар совуқдан қалтираб ўтирса, оиланинг ёшлари ҳар қанча уринмасин уйини иситишга, уларни фаровон ҳаётини таъминлашга имконияти бўлмаса, бундай одамларга ислоҳотларнинг нима кераги бор?" ёзган у.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Депутат, шунингдек, Энергетика вазирлигига йўналтирилган маблағлар ҳисобини сўраган.

"Энергетика вазирлиги эса 30 йилдан бери соҳага инвестиция киритилмаганлиги ҳақида дардини достон қилади.

Ундай бўлса, 2020 йил 3-чорак якуни бўйича Энергетика соҳасига йўналтирилган давлат ташқи қарзининг 28 фоизи ёки 5,1 млрд.доллар маблағлар қани? Уларни қандай сарфлашмоқда?" савол қўйган Ғаниев.

Депутат Ғаниев энергия таъминотига масъул раҳбарларни сансоларликда айблаган.

Бир вақтнинг ўзида у депутатларнинг ҳам мавжуд абгор вазиятга айбдор эканини билдирган.

"Аслида, бу ҳолатга биз депутатлар ҳам қисман айбдормиз, чунки Энергетика вазирлигининг раҳбариятини ўзимиз тасдиқлаб берганмиз", деган Ғаниев.

Унинг фикрича, мавжуд инқироз фонида энг тўғри йўл - раҳбарларнинг истеъфо бериши.

"Аслида демократик давлатларда бундай инқирозлар ортидан раҳбарлар ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Лекин бундай қила олиш учун эса, биринчи навбатда, раҳбарда орият бўлиши керак. Бизнинг энергетика соҳа раҳбарларида эса энергетика таъминоти каби орият ҳисси ҳам 'инқирозда'", фикр билдирган депутат.

Президент топшириқлари ва 41 триллион сўм

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Президентнинг Олий Мажлисга мурожаати ва Ёшлар форумида илгари сурган топшириқларини амалга ошириш учун 41 триллион сўмга яқин маблағ зарур бўлади.

Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 11 январь куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, президент топшириқларини бажариш учун бюджетдан 20 триллион сўм ажратилади.

Маҳкумлар сони очиқланди

Ўзбекистон қамоқхоналарида 22 мингдан зиёд маҳбус сақланмоқда.

Бу рақам 11 январь куни ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонида ташкил этилган йиғилишда ошкор этилган.

Йиғилишдан олинган рақамларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасалари мавжуд.

Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир.

"Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда", дейилади расмий хабарда.

ИИВ тиктокерларни огоҳлантирди

O'zbekiston

Сурат манбаси, videograb

Ички ишлар вазирлиги TikTok тармоғида ноодатий ҳаракатлар тасвирланган видеоларни жойлаётган ёшларнинг ота-оналарига огоҳлантириш билан чиққан.

1 дақиқага яқин огоҳлантириш видеосида вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов "эътиборни жалб қилиш мақсадида масхараомуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлар" майда безорилик ҳисобланишини таъкидлаган.

У бундай видеоларни тармоққа жойлаётган ёшлар 15 суткагача қамоқ билан жазоланишидан огоҳлантирган.

Ғиёсов ёшларнинг бундай ҳаракатлардан тийилишига ота-оналар масъул эканини билдирган.

"Ота-оналар беўхшов қилиқлари билан тенгдошлари эътиборини қозонишга уринаётган фарзандларини тартибга чақирмаган тақдирда ҳам, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўйиб бермаймиз", деган ИИВ масъули.

ССВ статистикасига ишонаман - вазир

O'zbekiston

Сурат манбаси, Ssv.uz

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликнинг коронавирус статистикасига "тўлиқ ишониши"ни маълум қилган.

Дарё.уз нашри билан суҳбатда вазир статистика юритишдан мақсад "халққа тўғри маълумот бериб, ҳар хил гумон ва ваҳималарга олиб келадиган маълумотларга чек қўйиш" эканини билдирган.

"Бу статистика маълумотини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тайёрлайди ва унга тўлиқ ишонаман. Чунки у тўғри.

Бу беморда нафақат клиник белгилар, балки ПЗР ёрдамида ковид тасдиқланган ҳолатлар кўрсаткичидир. Пневмония, шунга ўхшаш клиник белгилар билан тушиш мумкин", деган у нашр мухбирига.

12 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус беморларининг умумий сони 77,611 нафарга етган.

927 бемор касалхоналарда қолмоқда.

Ўтган вақт давомида жамоатчилик ва матбуотнинг коронавирус статистикасига нисбатан ишончсизлик кайфияти бот-бот кўзга ташланган.

2020 йил мобайнида расмийлар ҳам касаллик аломатларсиз кечаётган беморлар сонини аниқлашнинг имкони йўқлигидан рақамлар расмий статистикадагидан сезиларли кўп бўлиши мумкинлигини бир неча бор тан олганлар.

Олис ҳудудлар ва 11 миллион сўм ёрдам пули

O'zbekiston

Олис ҳудудларга ишлашга борган олий маълумотли мутахассисларга 11 миллион 150 минг (БҲМнинг 50 баробари) миқдорида бир марталик ёрдам пули берилади.

Президентнинг янги қарори билан олис ҳудудларга малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида уларга бошланғич ёрдам пули ва пул компенсацияларини бериш тартиби тасдиқланган.

Шунингдек, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинган шифокорларга, камида, 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм бир марталик ёрдам пули берилиши белгиланган.

1 январдан жорий этилиши белгиланган янги тартибга биноан, шунингдек, олис ҳудудларга ишлашга борган уй-жойи бўлмаган шифокорларга 3 йил давомида хизмат уйлари берилади ёки ижара учун БҲМнинг икки баробари (446 минг сўм) миқдорида ойлик пул компенсацияси тўланади.

Расмий хабарда мазкур имтиёздан олий таълим муассасаси бакалавриати ёки магистратурасини тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга экани маълум қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek