Ҳаммамиз ўзимиз билмай жосусга айланяпмизми? Dunyo yangiliklar

Woman uses iPhone in front of HQ of NSO group in Herzliya, Israel. File photo

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилда жойлашган NSO Group "мижозларимиз эҳтиёткорлик билан танланган" дейди
    • Author, Гордон Корера
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

"Pegasus" номи билан маълум жосуслик иловаси журналистлар ва фаолларни, ҳатто сиёсий етакчиларни кузатиш учун фойдаланилгани ҳақидаги даъволар жосуслик ҳам шунчаки тижоратга айланганини кўрсатмоқда.

Иловани ишлаб чиққан "NSO Group" компанияси бу даъволарни рад этди ва маҳсулотини сотишдан аввал мижозларини ҳар жиҳатдан ўрганишини айтди.

Аммо бу жуда оз сондаги давлатларгагина сотилган юксак жосуслик технологияси кенг тарқалаётгани ва бизнинг шахсий даҳлсизлик ва интернет дунёсидаги хавфсизлик ҳақидаги тушунчаларимиз савол остига олинишидан дарак беради.

Яқин ўтмишда хавфсизлик хизматлари сизнинг нима иш билан машғуллигингизни билишни истаса, анча тер тўкиши керак бўларди. Улар телефон сўзлашувларингизни эшитиш учун ҳам рухсат олишлари ёки уйингизга "қўнғизча" ўрнатиб қўйишлари мумкин эди. Ёки ортингиздан кузатув гуруҳи қўйиларди.

Кимлар билан алоқангиз бор, қандай турмуш кечираётганингизни билиш вақт ва сабр талаб қиларди.

Ҳозир эса улар билишни истайдиган ягона нарса - нима деяпсиз, ким билан учрашасиз, ҳатто нима сизни қизиқтиради - буларнинг бари доимий ҳамроҳимиз бўлган қурилмада жойлашган.

Телефонингиздан ҳатто уни қўлга олмай туриб ҳам фойдаланишлари, сизнинг бу ёрдамчи ҳамроҳингизни кимнингдир жосуслик воситасига айтантиришлари мумкин.

Телефонингизга масофадан туриб кира олиш бир вақтлари оз сонли давлатларгина қила оладиган иш эди. Аммо жусуслик, кузатувга олиш энди кўплаб давлатлар, ҳатто алоҳида шахслар ва кичик гуруҳлар имкониятига айланган.

АҚШнинг собиқ жосуслик ҳамкори Эдвард Сноуден 2013 йили АҚШ ва Британия жосуслик хизматларининг глобал коммуникацияларни тинглаш имкониятини фош қилган эди.

Бу агентликлар доим ўз фаолиятларига рухсат берилгани ва демократик давлат назоратида эканини такрорлаб келади. Ўша вақтда бу рухсатлар анча заиф бўлган, аммо ўшандан бери кучайиб келмоқда.

Сноуденнинг гаплари бошқа давлатларни ҳам нималарни қилиш мумкинлигини ўйлаб кўришга қизиқтирди. Кўпчилик айни шундай салоҳиятга эга бўлиш, бу йўлда ёрдам берадиган компанияларни танлашга интила бошлади. Бу компанияларнинг аксарияти унча машҳур эмас ва маҳсулотларини давлатларга сотишга ошиқмоқда.

Исроил доим юксак кибер қудратга, жосуслик салоҳиятига эга бўлиб келган. Унинг "NSO Group" каби компаниялари асосан жосуслик дунёси ветеранлари томонидан ташкил этилган бўлиб, ўз технологияларини тижорийлаштирган.

1px transparent line

"NSO Group" ўз жосуслик иловаларини жиноятчи ва террорчиларга қарши қўллаш учунгина сотишини айтади. Аммо муаммо шундаки, бу категорияларнинг ўзи ҳам аниқ эмас.

Кўпчилик авторитар давлатлар журналистлар, диссидентлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини жиноятчи деб айблайди ёки миллий хавфсизликка таҳдид деб қараб, кузатувга олишга интилади.

Бу давлатларнинг аксариятида бундай юксак технологиялардан фойдаланишда етарлича назорат ва масъулият бўлмайди.

Шифрловчи технологияларнинг кенг тарқалгани боис, ҳукуматлар одамларнинг телефони ичига киришга уринмоқда. Телефон суҳбатлари асосий коммуникация воситаси бўлган вақтларда, телеком компаниялари суҳбатларни яширинча ёзиб олишга топшириқ олиши мумкин эди.

Аммо ҳозир суҳбатлар кўп ҳолларда шифрланган, яъни нима гапирилганини билиш учун қабул қилувчи томон қурилмасига кириш керак. Қурилмаларнинг ўзи ҳам жуда бой маълумотларни йиғиб юради.

1px transparent line

Давлатлар баъзида бунинг ҳам йўлини топади. Бунинг энг охирги мисоли АҚШ Австралиянинг қўшма амалиётида жиноий тўдалар сардорлари орасида ўта ишончли дея бир мессенжер илова тарқатилади. Аммо бу "ишончли" илова махсус хизматлар томонидан бошқарилган.

Аммо масала биргина телефон жосуслик иловаси билангина чекланмайди. Бошқа бир юксак ривожланган жосуслик технологияси тезликда тарқалмоқда.

Ҳатто бизнесни интернетда барбод қилиш ҳам осон бўлиб қолди.

Ўтмишда ҳакерлар системангизни бузиб кириб, паролини ўзгартириб қўйишар, унга қайта уланиш учун эса уларга катта миқдорда пул беришингиз керак эди. Ва бу жиноий тармоқларнинг иши бўларди. Ҳозир эса бу ҳам хизмат сифатида сотилмоқда.

Бирор шахс улар билан фойдани бўлишишга келишади ва улар иловани нафақат беради, балки уни қўллаб қувватлаб, маслаҳат ҳам бериб туради.

Нишоннинг локациясини аниқлаш, унинг фаолиятини ва хулқини кузатиш каби бир вақтлари махсус тайёргарлик ва рухсат талаб қилган технологияни ҳозир осонгина қўлга киритиш мумкин.

Кузатиш масаласига келганда, бу энди давлатлар ҳақида эмас.

Компаниялар ҳам бизни кузатиши мумкин - жосуслик иловаси орқали бўлиши шарт эмас, шунчаки ижтимоий тармоқларда нималарга лайк босаётганимизга қараб ўз маҳсулот ва хизматига харидор ахтаради.

Буларнинг бари компаниялар фойдаланадиган маълумотларни жамлайди, аммо ҳакерлар уларни ўғирлаши, давлатлар эса хуфёна уланиши мумкин.

Айрим ана шундай имкониятлар ҳозирда исталган одамга сотилиши мумкин. Айрим шу каби иловалар ўз оиласи қаердалигини текшириб туришни истайдиган асабий ва шубҳакорларга сотилмоқда.

Булар шуни англатадики, биз ҳар ким жосус бўлиши ва ортидан кузатилиши мумкин бўлган дунёга қадам қўймоқдамиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Presentational grey line