Жосуслик дастури билан фаоллар кузатилган - dunyo yangiliklar

An Israeli woman uses her iPhone in front of the building housing the Israeli NSO group, on August 28, 2016, in Herzliya, near Tel Aviv.

Сурат манбаси, AFP

Матбуот хабарларига кўра, жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва адвокатлар телефонга ўрнатилган жосуслик дастури билан нишонга олинганлар. Бу дастурни Исроилдаги кузатув фирмаси ишлаб чиққан ва авторитар режимларга сотган.

Дунёдаги етакчи нашрларга сиздирилган ҳужжатларга кўра, NSO Groupнинг "қизиқиш билдирган мижозлари орасида" 50000 тача одамнинг мобил телефони рақамлари рўйхати бўлган.

Бу рўйхатни матбуотга ким сиздирди ва 50 мингтача рақамдан нечтасининг ичига жосуслик дастурини ўрнатишга муваффақ бўлинган, аниқ эмас.

NSO бирор ҳуқуқ бузилишига йўл қўйганини инкор этади.

NSO айтишича, бу софтвея жиноятчилар ва террорчиларга қарши ишлаб чиқилган ва фақат инсон ҳуқуқлари бўйича вазияти ҳақидаги ҳисоботлари яхши бўлган мамлакатларнинг ҳарбийлари, кучишлатар тизимлари ва жосуслик агентликларига берилган.

Парижда жойлашган "Тақиқланган ҳикоялар" ноҳукумат ташкилоти ва Халқаро Амнистиянинг ўтказган суриштирувлари асосидаги ҳисоботлар "нотўғри тахминлар ва тасдиқланмаган назарияларга тўла", дея танқид қилган Исроил ширкати.

Айни пайтда "нотўғри фойдаланиш ҳақидаги барча ишончли даъволарни текшириш давом эттирилади ва шунга муносиб чора кўрилади", дея қўшимча қилган NSO Group.

NSO Groupнинг Pegasus деб номланган софтвеяси ҳақидаги даъволар мақолалари 18 июль куни "Вашингтон Пост", "Гардиан", Le Monde ва дунёдаги 14 матбуот нашрида эълон қилинди.

Pegasus Айфон ёки Андроид мобил телефонларининг ичига ўрнатилади, ўрнатилганидан кейин операторларга телефон ичидаги хабарлар, фото суратлар ва эмейлларни чиқариб олиш, телефон сўзлашувларини ёзиб олиш, яширинча телефоннинг микрофони ва камераларини қўшиш имкониятини беради.

Нишонга олинган одамлар ҳақида нималар маълум?

Журналистик текширувда иштирок этган медиа ташкилотлар хабар қилишича, "NSO мижози рўйхати"да бўлган 1000 дан ортиқ инсон шахсини тасдиқлатишнинг уддасидан чиққанлар, улар 50 дан мамлакат фуқаролари бўлганлар.

Улар орасида сиёсатчилар, давлат раҳбарлари, бизнес компаниялари раҳбарлари, фаоллар, бир неча Араб подшоҳлик оиласининг аъзолари бор. Рўйхатда 180 дан зиёд журналист ҳам бўлган, улар CNN, New York Times ва Al Jazeera нашрлари ва каналлари ходимлари бўлганлар.

Ҳисоботларга кўра, энг кўп рақамлар ушбу 10 мамлакатга тўғри келган: Озарбайжон, Баҳрейн, Венгрия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Мексика, Марокаш, Руанда, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари.

Текширувда иштирок этган медиа ташкилотлар ходимлари томонидан юқоридаги мамлакатлар расмий вакилларига мурожаат этилганида ё Pegasusдан фойдаланилганини инкор этганлар ёки кузатув қудрати суистеъмол этилганини рад қилганлар.

Рўйхатдаги нечта мобил телефон чиндан ҳам нишонга олинганини аниқлаш имкони бўлмаган, лекин Washington Post хабар қилишича, 37 телефонда ўтказилган текширишлар "муваффақиятли хакерлик ҳужуми амалга ошгани ёки уриниш бўлганини" кўрсатган.

Телефони ичига жосуслик дастурини ўрнатишга муваффақ бўлинган инсонлардан бири Саудия Арабистонида туғилган журналист Жамол Хашоқжи бўлган. Хашоқжи Истанбулдаги Саудия консуллиги биносига 2018 йили октябрида кирганидан кейин ўлдирилган, сўнг танаси бўлакларга бўлинган.

Текширувдан маълум бўлишича, Жамол Хашоқжи ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб, у уйланмоқчи бўлган аёлнинг телефонига софтвея ўрнатилган. Хашоқжининг хотинининг телефони 2017 йил сентябридан 2018 йил апрелигача нишонга олингани аёнлашган.

Missing Saudi journalist Jamal Khashoggi"s Turkish fiancee Hatice waits in front of the Saudi Arabian consulate in Istanbul, Turkey, 03 October 2018.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Текширувдан маълум бўлишича, Жамол Хашоқжи ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб, Хатиже Ченгиз телефонига софтвея ўрнатилган.

NSO Group, "бизнинг технологиямизнинг жирканч қотиллик билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ", дейди.

Мексикалик журналист Сесилио Пинеда Биртонинг телефони ҳам рўйхатда икки марта пайдо бўлган, иккинчисида унинг ўлдирилишидан бир ой олдин мобил телефони нишонга олингани хабар қилинган.

Қотиллик жойида унинг мобил телефони ғойиб бўлган, шу боис суд текширувини ўтказиш имкони бўлмаган. Сесилио Пинеда Биртонинг телефони нишонга олинган тақдирда ҳам унинг телефонидан олинган маълумотлар уни ўлдиришда фойдаланилганини англатмайди, дейди NSO.

Журналистик тадқиқотлари билан танилган икки венгриялик журналист Andras Szabo ва Szabolcs Panyiнинг телефонлари ичига ҳам жосуслик дастурлари ўрнатилган.

Телефони ичига бузиб кирилганини билиш "ҳалокатли бўлди" деб айтган Szabolcs Panyi "Тақиқланган ҳикоялар" ташкилотига.

"Бу мамлакатда оддий журналистни терроризмда гумон қилинган одамдек хатарли деб ҳисоблайдиган одамлар ҳам бор", деб айтган журналист.

"Гардиан" газетасининг саволига Венгрия ҳукумати сўзчиси "маълумот тўпланаётгани ҳақидаги даъволардан хабари йўқ"лигини айтган.

Ҳиндистонда 40 дан ортиқ журналист, мухолифатнинг уч лидери ва Бош вазир Нарендра Моди ҳукуматидаги икки вазир рўйхатга киритилгани хабар қилинган.

Кейинги кунларда кимлар нишонга олингани тафсилоти эълон этилиши кутилмоқда.

2019 йили WhatsApp NSOни судга берган, 1400 мобил телефонга Pegasusдан фойдаланиб қилинган кибер ҳужумда NSO турибди деб даъво қилган.

NSO буни рад этган, аммо компанияга WhatsAppдан фойдаланиш тақиқланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Presentational grey line