АҚШ авиацияси хавотирда. 5G сигналлари ҳалокатларга сабаб бўладими? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Тео Леггетт
- Role, Бизнес-корреспондент, BBC News
АҚШнинг энг етакчи 10 та авиакомпанияси 5G хизматларининг кенг жорий қилиниши ҳалокатли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, янги технология минглаб рейсларни кечиктириши ва АҚШ учоқларининг катта қисми номуайян муддатга умуман парвоз қилмаслиги мумкин.
Алоқадор мавзулар
Қандай қилиб 5G АҚШ авиациясига зарар бериши мумкин?
5G радиосигналларига таянади. АҚШда 5G учун фойдаланиладиган радиочастоталар С-диапазон деб номланувчи спектрнинг бир қисмидир.
Бу частоталар учоқнинг ердан баландлигини ўлчайдиган, шунингдек, хавфсизлик ва навигация тизимлари учун маълумот берувчи учоқ радио альтиметрлари ишлатадиган частоталарга яқин.
Хавотир шундаки, 5G сигналлари шовқини ушбу воситаларнинг тўғри ишлашига тўсқинлик қилиши ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, айниқса, учоқлар қўнаётганда.
Учоқ учун хавф қанчалик жиддий?
Бу потенциал хавф жуда жиддий.
2020 йил охирида авиация масалалари бўйича техник маслаҳатлар берувчи Америка ташкилоти RTCA ушбу масала бўйича ҳисоботини эълон қилди.
Унда айтилишича, "АҚШдаги авиация операцияларига жиддий таъсир бўлиши, жумладан, агар тегишли чоралар кўрилмаса, кўплаб қурбонларга сабаб бўладиган ҳалокатли носозликлар эҳтимоли" мавжуд.
Яқинда АҚШ авиация регулятори FAA 5G сигналларининг халал бериши Boeing 787 Dreamliner бортида турли хил тизимлар билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бу учоқнинг қўниш вақтида секинлашишини қийинлаштириб, унинг учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин.
Парвоз хавфсизлиги қандай таъминланади?
Сигналларга жиддий халақит берилган ҳолларда учоқларга радио альтиметрдан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Аммо бу баъзи учоқларнинг, масалан, кўриш масофаси чекланган шароитда қўниш имкониятини чеклайди.
10 та йирик авиаташувчи манфаатларини ифодаловчи "Airlines for America" ассоциацияси бу ёмон об-ҳаво туфайли 1000 дан ортиқ рейсларнинг кечиктирилиши ёки бекор қилинишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Бу эса баъзида "саёҳат қилувчи ва жўнаб кетаётган йўловчиларнинг катта қисми қўндирилади" деган маънони англатади.
Ассоциация, шунингдек, АҚШ учоқларининг катта қисми эксплуатация қилишдаги чекловлар туфайли "яроқсиз" деб топилишини маълум қилди.
5G дан фойдаланадиган бошқа мамлакатларда бундай муаммо йўқми?

Сурат манбаси, Getty Images
Айни шу даражада эмас. Бунинг сабаби, 5G ни қўллаш усули мамлакатдан мамлакатга фарқ қилади.
Масалан, Европа Иттифоқида тармоқлар АҚШ провайдерлари фойдаланишни режалаштирганидан пастроқ частоталарда ишлайди ва бу шовқин хавфини камайтиради. 5G устунлари ҳам кам қувватда ишлаши мумкин.
Шунга қарамай айрим давлатлар хавфни камайтириш учун муайян чораларни кўрмоқда.
Францияда аэропортлар теварагида 5G сигналларини тўсувчи "буфер зона" ташкил қилиниб, антеннелар потенциал таъсирини камайтириш учун пастроқ ўрнатилмоқда.
АҚШ ҳукумати бунга жавобан яна нима қилмоқда?
Қўшма Штатлардаги тартибга солиш органлари аллақачон бир қатор қадамларни қўйган.
FAA 50 та аэропорт атрофида 5G провайдерлари ишини чеклайдиган вақтинчалик буфер зоналарини ўрнатди.
Аммо улар Францияда қўлланилаётган зоналарга қараганда анча кичик ва АҚШ антенналари анча юқори қувватда ишлайди.
Шунингдек, у 5G тармоғи ўрнатилган ҳудудларда қайси альтиметрлардан хавфсиз фойдаланиш мумкинлиги ва қайсилари етарлича ишончли эмас ва уларни алмаштириш зарурлигини аниқлашга киришди.
Регулятор, шунингдек, яқинлашиб келаётган учоқларни бошқариш учун радио альтиметрлари эмас, GPS тизимлари ишлатилиши мумкин бўлган аэропортларни аниқлади.
Аммо авиакомпаниялар бу етарли эмаслигини таъкидламоқда: улар 5G тармоғи аэропортлардан икки миль масофада умуман бўлмаслиги кераклигини айтишмоқда.
5G компаниялари нима дейди?

Сурат манбаси, Getty Images
"Verizon" ва AT&T аллақачон икки марта 5G ўрнатишни кечиктирди ва юқорида айтилган вақтинчалик буфер зоналарига ҳам рози бўлди.
Шунингдек, улар 5G аллақачон 40 га яқин мамлакатда жорий этилганини таъкидламоқда.
Ўтган ой АҚШнинг симсиз алоқа ташкилоти CTIA авиация саноатини "ваҳима қўзғаш"да айблади ва 5G нинг чиқарилишини кечиктириш ҳақиқий иқтисодий зарар келтириши ҳақида огоҳлантирди.
Буюк Британияда вазият қандай?
Британия регуляторлари ва авиакомпаниялари унчалик ташвишланаётгани йўқ.
Декабрь ойида эълон қилинган хавфсизлик хабарида Фуқаро авиацияси маъмурияти (САА) "5G шовқини учоқ тизимларининг нотўғри ишлашига ёки кутилмаган хатти-ҳаракатларга олиб келган тасдиқланган ҳолатлар йўқлигини" айтди.
Шунингдек, у "турли хил миллий мобил коммуникациялар стратегиялари баъзи [мамлакатлар] бошқаларга қараганда юқори хавф остида эканлигини англатиши мумкин", деб таъкидлади.
Буюк Британия регулятори ушбу масала бўйича кўпроқ маълумот тўплаш учун халқаро миқёсда ишлашни режалаштираётганини айтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













