2021 йилда кутилаётган технология трендлари - дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Келгуси йил дунёнинг йирик технология компаниялари раҳбарлари учун ноқулай келиши мумкин. "Facebook", "Amazon", "Apple" ва "Google"нинг эгаси "Alphabet"ни жиловлашга бўлган уринишлар кучайиб бормоқда.
Айниқса АҚШ ва Европада расмийлар бозорда рақобат муҳити масаласида қаттиқроқ позиция эгаллаши ва бу 2021 йилда муҳим жанг майдонига айланиши мумкин.
Аммо агар сизнинг технология билан боғлиқ муаммонгиз уйга дахлдор бўлса, келаси йил сиз учун ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Уйда ишлашни қулай ва хавфсиз қилишга ёрдам берадиган янада кўпроқ технология ва хизматларни кутинг.
Катта компанияларга босим
2020 йилнинг сўнгги ҳафталарида "Google", "Facebook", "Amazon" ва "Apple" устида қора булутлар кўрина бошлади. Бу эса 2021 йилда бу компаниялар учун "об ҳаво" ноқулай келишидан дарак.
Шу ой бошларида АҚШ федерал раҳбарияти ва 45дан ортиқ штат прокурорлари "Facebook"ни ўз рақобатчиларини сотиб олиш ва рақобат муҳитини бўғиш учун ноқонуний ҳаракатларда айблаб судга берди.
Шунингдек, декабрда Европа Комиссияси "Рақамли хизматлар акти" ва "Рақамли бозорлар акти" қонун лойиҳасини эълон қилди. Улар қабул қилинса, катта технология компаниялари қандай назорат қилинишни тартибга солади.
Британияда Рақобат ва бозорлар бўйича бошқарма юридик жиҳатдан мажбурий бўлган иш кодексини таклиф қилди ва янги Рақамли бозорлар бўлимига жазолаш ҳуқуқини беришни тавсия қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Технология сектори АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти Катта технология компанияларига қандай муносабатда бўлишини билишга ошиқмоқда.
Ўтмишда жаноб Байден бу компанияларга, айниқса, "Facebook"га ўта танқидий муносабатда бўлган.
У январ ойида "New York Times"га берган интервьюсида қонундаги ижтимоий тармоқларни ҳимоя қилувчи 230 бўлимни бекор қилиш керак деб айтганди. 230 бўлимда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилар қолдирган ноқонуний, ҳақоратли постлар учун жавобгар эмас дейилган.
Бунга қўшимча, айримлар бу компаниялар, айниқса, "Amazon", "Google" ва "Facebook" парчаланишини истайди, "Google" аллақачон босим остида қолган. Октябрь ойида АҚШ ҳукумати унга қарши интернет қидирув ва онлайн рекламадаги монополиясини сақлаш учун рақобат қонунчилигини бузаётганлик айбловини қўйди.
Фирмалар эса ўзларини ҳимоя қилиб, рақобат бор саноатда ишлаётганликлари ва фақат катта компанияларгина эплай оладиган хизматларни кўрсатаётганликларини айтишади.
Рақобат масаласига қўшимча, АҚШ шахсий маълумотларни сақлаш борасида ҳам етарли ишлар қилинишини истайди. Калифорния аллақачон маълумотлар хавфсизлиги бўйича қонун қабул қилган. Аммо бу борада федерал даражада босим ўтказишга талаб бор.
Электр инновация

Сурат манбаси, Rolls-Royce
Бу йил аэрокосмик саноат учун оғир йил бўлди. Ақиақатновлар камайиши билан бу саноатнинг асосий мижозлари бўлмиш авиакомпаниялар ўз буюртмаларини бекор қилди ёки кечиктирди.
Бундай қўрқинчли тушга қарамай, компаниялар тадқиқотлар ва ривожланишга, айниқса, атроф муҳитга зарари камроқ учоқларни ривожлантиришга содиқ эканликларини айтмоқда. Сентябрь ойида "Airbus" водород билан ҳаракатланувчи учоқ дизайнини тақдим қилди.
Келаси йили "Airbus" Германия, Франция, Испания ва Италия билан ўрта баландликда узоққа учувчи катта дронни ривожлантириш бўйича битим имзолаши кутилмоқда.
"Евродрон" деб аталувчи бу учувчисиз аппарат 2025 йили парвоз синовларини ўтказиши режаланган.
Шунингдек, 2021 йилда "Rolls-Royce" компаниясида "Инновация руҳи" деб номланган электр учоқ ишлаб чиқарилиши мумкин.
Компания бу қулай машина электр учоқлар тезлиги учун жаҳон рекорди - 450 км/cоатни янгилашига умид қилмоқда.
Чакана савдо эволюцияси

Сурат манбаси, Getty Images
2020 йил аксар чакана савдогарлар учун ҳалокатли бўлди. Мижозлар карантин вақтида уйда қолар экан онлайн савдо бирдан кўпайди.
Омон қолган чакана савдогарлар 2021 йилда янги технологияга юзланишлари аниқ.
"Amazon" ўзининг кассаси бўлмаган "Go" дўконлар тармоғини кенгайтиради.
Мижозлар учун бу шунчаки дўконга кириб, ўзлари истаган нарсаларни олиб чиқиб кетиш, яъни бозорлик қилиш вақти қисқаришини англатади. Усталик билан ўрнатилган камералар ва сунъий ақл мижознинг нима олганини кузатади ва улар дўкондан чиқиб кетгач, тўлов хабарномаси юборилади.

Ҳозир АҚШда бундай дўконларнинг 20дан ортиғи ишлаяпти ва, гарчи ҳали эълон қилинмаган бўлса да, компания 2021 йили бундай дўконларни Британияда ҳам очиши режаланган.
Кассалар бўлмагани учун жойлардан ва кассирларга маош тўланмагани учун маблағ тежаб қолишидан ташқари, "Go" услубидаги дўконлар юзалар билан контактни камайтиради. Бу эса Ковиддан кейинги дунёда анча қадрланади.
"Gartner" консалтинг фирмаси бош директори ва таҳлилчиси Макс Ҳаммонднинг айтишича, Британиядаги озиқ овқат дўконлари тармоқлари мижозларнинг технологияга муносабатини мониторинг қилмоқчи ва шу асосда янги технологияларни ўзларида ишлатишни ўйлаб кўрадилар.
"Мижозларнинг тажрибаси чакана савдогарларнинг харажатини оқлайдими? Ҳозирги пайтда, менимча, бу улар учун анча мураккаб қарор бўлади, гарчи янги технологиялар самарасини кўп кўраётган бўлсак ҳам", дейди у.
Уйдан ишлаш технологиялари
Афтидан уйдан ишлаш анъанага айланади. "CCS Insights" учун ўзказилган сўровномада Ғарбий Европа ва Шимолий Америкадаги бизнес етакчиларнинг 60 фоизи пандемия тугагандан сўнг ҳам ўз ходимларининг 25 фоизи, айрим ҳолларда ҳаммаси камида қисман уйдан ишлашини кутаётган экан.
Аксар катта компаниялар аллақачон ходимлари уйдан ишлашига ўрганиб бўлди. Октябрь ойида "Dropbox" барча ходимлари уйдан ишлаши мумкинлигини айтди, "Twitter" ҳам айни тартибни жорий қилди. "Microsoft" ва "Facebook" ходимларининг катта қисми доимий уйдан ишлаши мумкинлигини билдирди.
Бу технология фирмалари фойдаланса бўладиган янги бозордир. Интернет провайдерлар ва технология фирмаларидан уйда ишлаш бўйича қўлайлик яратадиган янги хизмат пакетларини кутсангиз бўлади.
"Уйдан ишлаш масаласига келганда хавфсизлик энг асосий муаммога айланади ва бу ҳам бир хизмат пакети. Бу балки алоҳида линия тортиш, алоҳида рутер ишлатиш ёки рутер хавфсизлигини таъминлаш бўлиши мумкин. Ёки технологик қувватлов бўлиши мумкин. Кичик фирмаларда масофадан ходимларнинг компьютерига хизмат кўрсатадиган ходимлар бўлмайди", дейди "CCS Insights"нинг прогнозлаш бўйича вице президенти Марина Койтчева.
Шунингдек, уйдан ишлаётган ходимларнинг бирга ишлашини қулайлаштирувчи дастурий таъминотлар ҳам кўпайишини кутиш мумкин. "Miro" ва "Mural" каби рақамли доскалар анча оммалашди. "Mural" шу йилнинг ўзида фаол мижозлари сонини миллионтага оширволди.
У ҳодимларга лойиҳанинг ҳар ким ўзгартириши, қўшимча қилиши мумкин бўлган визуал чизмаларидан фойдаланиш имконини беради.
Ҳайдовчисиз автомашиналар

Сурат манбаси, Waymo
Феникс (Аризона) кўчаларида ҳайдовчиси бўлмаган 300дан ортиқ автомашиналар ўзи ҳаракатланади - йўловчиларни олади, туширади.
Улар "Waymo One" хизматларининг бир қисми бўлиб, октябрь ойида илк марта жамоат учун очилди.
"Google"га эгалик қилувчи "Alphabet" компанияси ёрдами билан "Waymo" АҚШда автоном машиналар бўйича етакчилик қилмоқда. У 2021 йилда бу хизматни Феникс ва бошқа жойларда кенгайтирмоқчи.
"Биз ўз имкониятларимизни ошириб борар эканмиз, махсус иловалар ёрдамида ўз хизматларимизни янада кўпроқ йўловчиларга кўрсатамиз. Биз "Waymo One"ни кўпроқ одамга ва кўпроқ жойга етказишни кўзлаяпмиз", дейди "Waymo" сўзчиси.
Рақиблар ҳам жуда ортда эмас. "General Motors"га қарашли "Cruise" ўз хизматларини об ҳавоси ва тузилиши қуёшли Фениксникидан анча мураккаб бўлган Сан Францискода синовдан ўтказмоқда.
"Lyft" ҳам ўзининг автоном машиналарини Сан Францискода синовдан ўтказмоқда. У "Waymo" ва "Cruise"дан кейинги учинчи бўлиши мумкин.
Бу орада "Uber" ҳайдовчисиз машиналарини ривожлантиришга уринишдан воз кечди. Фирма ўзининг автоном транспортлар бўлимини "Amazon" қўлловидаги "Aurora Technologies"га сотиб юборди ва асосий эътиборини такси ва озиқ овқат жўнатмаси хизматига қаратди.
Хитойда "AutoX" бу борада пешқадам. Шу ой бошларида унинг 25 та машинаси пульт бошқарувисиз Шэнчженда синовдан ўта бошлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












