Россия: iPhone туфайли гейга айланганини даъво қилаётган эркак Appleни судга берди

iPhone

Сурат манбаси, Getty Images

Россиялик эркак Apple ширкатига қарши маҳкама даъвосини бошлаган.

Даъво аризасида айтилишича, iPhone иловаси уни гейга айлантирган.

Ўзининг сўзларига кўра, ҳаммаси GayCoin (ГейКоин) криптовалютасидан бошланган.

AFP хабар агентлиги кўрган даъво аризаси нусхасида айтилишича, россиялик эркак ўзига маънавий зарар етказилганини айтиб, бир миллион рубл ($15450) товон пули талаб қилмоқда.

Гомосексуализм Россияда 1993 йилда жиноят кодексидан чиқарилган бўлишига қарамай, гейларга қарши кайфиятлар кенг тарқалган.

2013 йилда Россия ўз таъбирича,"гейлик тарғиботи"ни тақиқловчи қонунни қабул қилган.

Қонун расман "вояга етмаганлар орасида ноанъанавий турмуш тарзини тарғиб қилиш"ни тақиқлайди, аммо амалда ЛГБТ фаолиятини қонундан ташқари деб эълон қилади.

Ўтган йили бир неча ЛГБТ фаоллари ҳужумга учраган ва ўлдирилган.

Нима бўлган?

20 сентябр санаси қўйилган даъво аризасида айтилишича, смартфондаги илова орқали мижозга буюртма берилган Bitcoin (Биткоин) ўрнига "GayCoin" деб аталган криптовалюта етказиб берилган.

Криптовалюта худди нақд пулнинг онлайн кўриниши сингари виртуал пул бирлиги бўлиб, Bitcoin ва GayCoin шундай валюта турларидан.

iPhone

Сурат манбаси, Getty Images

Даъво аризасида айтилишича, GayCoin криптовалютаси "Синаб кўрмагунча ҳукм чиқарма" деган ёзув билан келган.

"Мен ҳақиқатан ҳам қандай қилиб синаб кўрмасдан ҳукм чиқаришим мумкин, деб ўйладим ва бир жинсли алоқани синаб кўришга аҳд қилдим", дейилади аризада.

"Энди бўлса, менинг йигитим бор ва буни ота-онамга қандай тушунтиришни билмаяпман".

Унинг қўшимча қилишича, "ҳаёти ёмон томонга ўзгарган ва энди ҳеч қачон нормал ҳолга қайтмайди".

Даъвогарнинг сўзларига кўра, Apple уни "манипуляция орқали гомосексуализмга ундаган".

"Ўзгаришлар менга маънавий ва руҳий зарар етказди", дейди даъвогар.

Суднинг вебсайтидаги маълумотга кўра, маҳкама даъвоси 17 октябрда кўрилади.

Apple ҳозирча Би-би-си Newsbeat дастуриниинг бу борадаги сўровига жавоб бергани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek