Дунё: Динозаврлар қандай қовушган? Илм-фан

Сурат манбаси, Getty Images
Узоқ вақт давомида олимлар динозаврлар буни қандай қилгани ҳақидаги тафсилотлардан қочишга уринди. Мана, энди янги ғоя пайдо бўлмоқда - уларнинг энг ғалати хусусиятлари улар қандай қовушганини кўрсатиши мумкинми?
Мен Жейкоб Винтернинг кабинетида ўтириб, тиранозаврларда олатлар бор ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қиляпман. "Демак, кимдир... - мен борган сари асабийлашардим. ... уни қабул қилган", деб тугатади мезбоним ҳеч нарса бўлмагандек.
Биз Буюк Британиядаги Бристол университетидамиз, у ерда Винтер қазилма қолдиқлар - фоссиллар бўйича ихтисослашган макроэволюция профессори. Ўзимга келгач, кўзимни олиб қочиш учун хонага аланглайман. Ичимдаги қизиқувчан бола палеонтологдан нималарнидир сўраб билиб олгиси келарди.
Китоб жавонлари тошга айланган лазанга ўхшаш нарсалар билан тўла бўлиб, у ерда академик китоблар ва ҳужжатлар йўқолган дунё қолдиқлари билан аралашиб кетган эди. Экспонатлар орасида қанотларида аниқ кўринадиган майда томирлари ва доғлари сезилиб турган қадимий ҳашарот, қора сиёҳ қопларида меланин яхши сақланган вампир кальмар қолдиқлари ва бугунги кунда маржон қояларда топиладиган ғалати қадимий қуртлар ҳам бор. Бурчакда тортмали антиқа ёғоч сандиқ турибди, умид қиламанки, унда бошқа ҳаяжонга солувчи фоссиллар бўлса керак. Бу жой музей ва кутубхона қўшилган жойга ўхшайди.
Бир неча қадам нарида шоу юлдузи - пситтакозавр, том маънода "тўтиқуш калтакесак". Бу ёқимли, майда тумшуғли ўтхўр ва трицератопснинг яқин қариндоши тахминан 133-120 миллион йил олдин, ҳозирги Осиё ўрмонларида яшаган деб ишонилади. Мен тикилиб турган бу намуна бутун дунёга бузилмаган, йўл-йўл нақши аниқ кўриниб турган териси ёки ўзига хос тиканли патлари бўлган думи билан эмас, келажак авлодлар ўрганиш учун қолдирган бир жойи билан машҳур (бу ҳақда кейинроқ).
Эътиборимни яна суҳбатимизга қаратаман. Винтер менга Хитойнинг машҳур қазилма топилмаси, Ляонин провинциясидаги Исянь формациясидан топилган айниқса қизиқ нарса ҳақида гапириб беради, у ердаги қадимий кўлда бир жуфт, бир-бирига яқин ҳолда ётган тукли тиранозаврлар топилган. Шубҳали тарзда яқин. У аниқламоқчи бўлган нарса: бу тиранозаврлар қовушаётган бўлганми?
Тиканли муаммо

Сурат манбаси, Alamy
Олимлар замонавий илмий усуллардан фойдаланиб, динозаврлар ҳаётининг ҳайратланарли тафсилотларини рекорд тезликда кашф қилмоқдалар, уларнинг аксариятини ўнлаб йиллар олдин тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди.
76 миллион йиллик тераподда қизил қон таначалари ва коллаген аниқланди. Терапод гуруҳи Ер юзида ҳукмрон бўлган энг катта йиртқичларни ўз ичига олади. Трицератопс ва Стегозавр динозаврларга хос бўлмаган шаклда совуқ қонли бўлгани, битта тиканли, оғир зирҳли ўтхўр нодозаврнинг ранги қизғиш бўлгани аниқланди. Олимлар умуртқасидаги катта «елканлари» билан машҳур бўлган спинозавр 15 сантиметрли тишлари ва тимсоҳ жағлари ёрдамида сувда ов қилгани, шунингдек, игуанодонлар кутилганидан кўра ақллироқ бўлгани ва птерозаврлар (улар техник жиҳатдан динозаврлар эмас, албатта - улар аслида қанотли судралувчилардир) ўз ўлжасини топиш учун кўпинча ерда юрганини кашф қилдилар.
Аммо динозаврлар қандай жуфтлашгани ҳақида ҳеч нарса аниқланмаган. Бугунги кунга қадар олимлар бу динозаврлар қандай қилиб жуфтлашгани ёки олатлари қандай бўлганини айта олиш у ёқда турсин, ҳатто эркакларини урғочиларидан аниқ ажрата олмайдилар. Ушбу фундаментал билимларсиз, уларнинг биологияси ва хатти-ҳаракатларининг аксарияти тўлиқ сир бўлиб қолмоқда. Фақат бир нарса аниқ: улар жуфтлашган бўлиши керак.
Мавзуни тиранозавр қолдиқларига бурган Винтер, уларнинг қандай қовушганига ишора қилувчи далил Германиядаги Мессел конида бўлиши мумкинлигини тушунтиради. Фоссиллар маконига айланган ушбу кон ўзининг сақланиб қолган флора ва фаунаси билан машҳур бўлиб, улар кўпинча китоб саҳифалари орасида эзилиб қолганга ўхшаб кўринади. Ҳозиргача бу тулкидек келадиган отлар, баҳайбат чумолилар, илк приматлар ва ошқозони тўла бўлган бир нечта ҳайвонлар қолдиқлари топилди, улар орасида илон ичида калтакесак ва калтакесак ичида қўнғиз ҳам бор. Кўп сонли чучук сув тошбақалари ҳам топилган, улар орасида қовушиш онида ўлган камида тўққиз жуфтлик ҳам бор. Баъзи ҳолларда, уларнинг думлари жуфтлашиш пайтида бўлгани каби, ҳали ҳам бир-бирига тегиб турибди. Бу далиллар Винтернинг назарияси учун жуда муҳимдир.
Мессел кони ўзининг бир сири туфайли тарихдан олдинги ҳайвонларнинг шундай бой қабристони ҳисобланади. Эоцен даврида - 57-36 миллион йил олдин - бу зич субтропик ўрмон билан ўралган, тик ён бағирли, сув билан тўлган вулқон кратери эди. У ўз қурбонларини қандай ўлдирганини ҳеч ким аниқ билмайди, аммо бир тахминга кўра, у пайдо бўлганидан кейин ҳам геологик фаоллигича қолган ва вақти-вақти билан атрофга бўғувчи карбонат ангидрид булутларини чиқарган. Балки омадсиз тошбақалар ана шундай ҳодисага йўлиққан ва уларнинг шаҳватлари асари кислородсиз лой қатламида минг йиллар давомида сақланиб қолгандир.
Бироқ, бу тошбақалар ўлган пайтдаги жинсий позицияларида эмас, яъни одатдагидек бир-бирининг устида эмас, балки бир нарсани сезиб, эътибори чалғигандек бошқа томонга қараб турибди.
Ҳайрон бўлиб турганимни сезган Винтер стулга суяниб, тарихдан олдинги жинсий алоқа мутлақо нормал мавзудек тошбақалар ўлимдан кейин жасадлари бир-биридан бироз сурилгани, лекин жинсий аъзоларига ёпишиб турганини тушунтирди. Улар эркак жуфтнинг репродуктив анатомияси туфайли бир-бири билан боғланиб қолган.

Сурат манбаси, Ghedoghedo
Ана шу нарса тошга айланган тиранозаврлар жуфтлигини ёдга солади, бу ерда ғалати ўхшашлик бор. "Улар турли томонга қараган, аммо думлари бир-бирига ёпишган, - дейди Винтер. - Мен улар айни ўша лаҳзада қўлга тушганига ишонаман."
Винтер бу назариянинг жуда спекулятив эканлиги ва ҳозирча нашр этилмаган ғоя эканлигини тан олиб, бошқа мисол келтирмади. Аммо агар ҳайвонлар ҳақиқатан ҳам шундай бир-бирига ёпишиб қолган бўлса, бу бизга ҳали ҳеч ким топмаган ўша юмшоқ орган аслида қандай бўлгани ҳақида дарак бериши мумкин. Тўғри, тиранозаврларнинг жинсий олати бўлиши мутлақо мумкин.
Кўл тубида
Бироқ, динозаврларнинг жуфтлашиш усули ҳақида бошқа, аниқроқ бўлган фактлар манбаи бор - пситтакозавр.
Винтер менга ўзининг қадрли бойлигини кўрсатди ва унинг тарихини сўзлаб берди.
Бу илк бўр даврида Хитойнинг шимоли-шарқидаги қадимий экотизим бўлган Жеҳол биотасига тегишли. Айтайлик, бу мўътадил мамлакатда қуёшли бир кунда гўзал ва кичик пситтакозавр ўзининг қалин ўрмондаги уйини тарк этиб, кўплаб маҳаллий кўллардан бирига сув ичгани боради. У бошидан думигача тахминан 90 см бўлиб, лабрадор ретриверни эслатади, деярли вояга етган, аммо ҳали тажрибасиз.
Пситтакозавр икки оёқлаб сув қирғоғига югуради - у қариганида тўрт оёқда юришни тўхтатади - кейин фожиа юз берди. У тўтиқуш тумшуғи билан бир қултум сув олиш учун эгилиши биланоқ сирпаниб йиқилади ва чўкиб кетади. У кўл тубига орқаси билан ўрнашади ва келажакда инсонлар топиб ўрганиши учун шу тарзда унинг жинсий аъзоси сақланиб қолади.
Табиийки, Винтер унга эътибор билан қарашимни истарди. У унинг думи остидаги қуюқ юмалоқ терига ишора қилади - бу динозаврнинг эрта бўр давридан сақланиб қолган олатидир, бу жуда узоқ вақт ўртача олганда 1,6 миллион инсон умрига тенг давр.
Афсуски, Винтернинг офисидаги пситтакозавр ҳақиқий қолдиқлар эмас - мен унинг буюртмаси билан ясалган моделни кўряпман. Аммо бу модель имкон қадар шу қадар аниқликда ясалганки, ҳақиқий тош қотган теридаги чизиқлар ҳам ҳисобга олинган.
Хўш, бу кичкина динозавр бизга нималарни билдиради?
Биринчидан, динозаврларнинг энг яқин қариндошлари, қушлар ва тимсоҳлар сингари, бунда ҳам клоака бор. Бу кўп мақсадли тешиклар сут эмизувчилардан ташқари барча қуруқликдаги умуртқали ҳайвонларда кенг тарқалган бўлиб, бу тешик орқали улар ҳам бавл қилади, ҳам ахлат чиқаради, ҳам жуфтлашади, ҳам туғади. Бу кутилмаган нарса эмасди, лекин янги кашфиёт бўлди - ҳеч ким динозаврлар ўзларининг эволюцион қариндошлари - тимсоҳ ва қушлар билан бир хил анатомияга эга эканлигини тасдиқламаган эди.
"Шундай қилиб, агар сиз бу ерга қарасангиз (пситтакозаврнинг думи остидаги клоакасини кўрсатади) кўришингиз мумкин - у ерда жуда кўп пигмент бор", дейди Винтер. Унинг таъкидлашича, бу меланин бўлиб, у ушбу намунанинг бу қадар сақланиб қолиши учун сабабчи бўлган бўлиши мумкин.
Биз меланин теримизни қорайтирувчи бирикма деб ўйласак ҳам, табиатда у турфа вазифаларни бажаради, у кальмар сиёҳида пигмент, кўзларимиз орқа қисмида эса ҳимоя қатлами вазифасини бажаради. Бу, шунингдек, микробларга қарши кучли воситадир - амфибиялар ва судралувчиларда у одатда жигарда бўлиб, потенциал зарарли микроблар кўпайиши олдини олади. Лекин энг муҳими, у керакли бошқа кўплаб жойларда ҳам учрайди.
"Масалан, ҳашаротлар меланинни инфекциядан ҳимоя қилувчи восита сифатида ишлатади. Шундай қилиб, агар сиз капалак ичига тешик очсангиз, масалан, игна билан [тавсия этилмайди], тешик атрофи меланин билан қопланади", дейди Винтер.
Шу сабабли, кўплаб ҳайвонлар, шу жумладан одамларда ҳам меланин етарли даражада бор ва шунинг учун жинсий аъзолар атрофи тўқроқ рангда бўлади. Одамларда бўлгани каби, динозаврларда ҳам худди шундай. Музлаб қолгандек қаршимда турган жуда узоқ қариндошимга қараб бундай яқин ўхшашликни пайқаш ғалати туйғу уйғотарди.
Винтер Пситтакозавр пастки танасининг бошқа кўплаб хусусиятларини ҳаяжонли даражада батафсил тушунтириб беради.
"Биз клоаканинг морфологиясини қайта тиклашимиз мумкин ва унинг икки хил лаблар каби мана бундай кенгайган бўлганини кўрсата оламиз, - деди Винтер бармоқларини V шаклида тутиб. - Ва унинг ташқи томони пигментли бўлган. Лекин бу ерда қизиқ нарса бор, агар у микроб инфекциясига қарши бўлса, тешик атрофида бўлмаслиги керак эди. Бу ерда пигментнинг бўлиши эҳтимолий жуфт эътиборини жалб қилиш учундир.»
Агар бу чиндан ҳам тўғри бўлса, кутилмаган янгилик бўлади - потенциал жуфтларга худди бабунлар сингари кетини кўз-кўз қилиш, динозаврларининг авлодлари бўлган замонавий қушлар учун жуда ҳам ноодатийдир. "Улар жуда кўп визуал сигналлардан фойдаланган, - дейди Винтер ва улар ранг фарқлаш қобилиятига эга бўлганлигини тушунтиради. Фақат иккита рангни кўра оладиган кўпчилик сутэмизувчилардан фарқли ўлароқ, қушлар одамлардек кўради ва, бунга қўшимча, ультрабинафша нурни ҳам фарқлайди. «Аммо клоакани кўрсатиш бефойда, чунки у пат билан қопланган. Худди шундай, тимсоҳлар ҳам ҳидга кўпроқ таянади.»
Винтернинг таъкидлашича, қушлар сингари динозаврлар ҳам ажойиб рангларни кўриш қобилиятига эга бўлган бўлиши мумкин, бу ҳолда патлари бўлмаганлар бу имкониятдан фойдаланган бўлиши мумкин - "нега ўз клоакангизни кўз-кўз қилмаслигингиз керак?" дейди у.

Сурат манбаси, Alamy
Афсуски, пситтакозавр эркак ёки урғочи бўлганлигини ёки уларда аниқ қандай жинсий аъзолар борлигини айтиш имконсиз, чунки унинг тегишли тана қисмлари ичкарида яширинган. Бу динозаврларда жуфтлашишнинг иккита эҳтимолий йўли бўлганини билдиради - биринчиси, "клоака ўпиши" деб аталадиган нарса, бунда иккита динозавр ўз клоакаларини бир қаторга қўяди, эркак ўз спермасини тўғридан-тўғри урғочи ичига тўкади - қушлар орасида кенг тарқалган йўл бу, иккинчиси эса, жинсий олат иштирок этадиган таниш версия (тимсоҳларда бўлгани каби).
Қўшимча далиллар ва бошқа тошга айланган динозавр клоакалари бўлмагани ҳолда, ҳакамлар ҳеч нарса қила олмайди.
Аммо бу динозавр жинсий аъзолари ҳақида етарли. Уларнинг репродуктив феъл-атворларининг бошқа жиҳатлари ҳақида нима дейиш мумкин - уларда жуфтлашиш ритуаллари бўлганми, эҳтимол урушиш ёки ҳатто мураккаб рақслар? Эркаклар ва урғочиларнинг ташқи кўриниши бошқача эдими? Қарама-қарши жинсни ҳайратда қолдириш учун қандай хусусиятлари бўлганини қандай аниқлашимиз мумкин?
Жозибадор елканлар
Бир қарашда, узоқ вақт илгари қирилиб кетган ҳайвонларнинг жуфтлашиш одатини ўрганиш уларнинг жинсий аъзосини топишдек деярли имконсиздек туюлиши мумкин, аммо Лондон Қиролича Мери университетининг эволюцион экологи Роб Нелл фоссилларда - тош қотган қолдиқларда баъзи бир ишоралар яширин дейди.
"Демак, динозаврлар борасида баъзи одамлар "ғалати тузилмалар" деб атайдиган жуда кўп ғалати нарсалар мавжуд, - дейди Нелл. - Бу уларнинг харизматик жозибасининг бир қисмидир. Шундай қилиб, стегозавр устидаги плиталар, спинозаврнинг катта елканлари, трицератопснинг шохлари ва ҳадрозаврларнинг катта тожлари... буларнинг барчаси жинсий танланиш натижасида шаклланган хусусиятлардир."
Олимлар ушбу тузилмалар аслида қандай мақсадга хизмат қилгани ҳақида узоқ вақтдан бери тортишиб келдилар, масалан, ҳадрозаврлар сув ҳайвонлари бўлгани ва уларнинг тожлари қувур ёки ҳаво камераси бўлгани ҳақидаги ғалати назария. Баъзан улар жуда ғалати бўлиб, одамнинг ишонгиси келмасди - 1900 йилда Тиранозавр Рекс биринчи марта кашф этилганда, унинг қўллари шу қадар кичиклигидан уники бўлмаса керак деб ҳисоблашган.
Аммо Неллнинг тушунтиришича, ўтмишда палеонтологлар уларни ўз жуфтини жалб қилиш ёки улар учун курашиш воситаси сифатида талқин қилишни истамаган - улар шундай деб тахмин қилишлари мумкин эди, аммо буни исботлай олмас, тахмин эса ноилмий бўлиб қолар эди.
Лондондаги Табиий тарих музейининг палеобиология бўйича катта илмий ходими Сюзанна Мейдмент шундай дейди: "Стегозаврнинг орқа томонидаги плиталар бунга мисол бўла олади. [Ёки] ҳадрозаврларнинг бошларида қувурли тожлар бор улар нимага хизмат қилганини билмаймиз."
2012 йилда Нелл масалани батафсил ўрганишга қарор қилди. У, айниқса, тирик ҳайвонларнинг жуфтлашган кўринишларига ўхшаш ёки бошқача тушунтириб бўлмайдиган ғалати хусусиятларини ўрганишга қизиқарди. Булар орасида трицератопс ва унинг қариндошлари, масалан, иккала ёноқларида ғайриоддий ёндош тиканлар бўлган пситтакозавр, дилофозавр каби йиртқичларнинг тожлари ва диплодок каби гигантларнинг узун бўйинлари бор.
Ушбу ғалати анатомик элементлар нима учун ишлатилганлигини аниқлашнинг тайинли усули бўлмаса-да, Нелл ва халқаро олимлар гуруҳи бугунги тирик ҳайвонлардан керакли белгиларни пайқаб олиш мумкин дейди.
Улардан бири жинсий диморфизм - эркак ва урғочиларнинг бир-биридан фарқ қилишидир. Икки жинснинг ҳаёт тарзи ва кураш стратегияси мутлақо фарқли бўлиши кам учрайди. Агар ҳар бир жинснинг хусусияти фарқли бўлса, бу эркакларнинг урғочиларни (масалан, товусларнинг ранг-баранг патлари) ўзига жалб қилиши ёки урғочи учун бир-бири билан рақобатлашиши (масалан, кийик шохлари) бўлганини кўрсатади.
Афсуски, бу аниқ белгилар динозаврларни ўрганиш учун унчалик иш бермайди, чунки олимлар ҳали ҳам эркак динозаврларни урғочилардан ажрата олмайдилар - ҳатто улар қазилма қолдиқлари ўртасида фарқларни топсалар ҳам, улар бошқа-бошқа жинсларга тегишлими ёки турларга - буни ҳам билмайдилар.
Булар бизни бошқа бир муҳим белгига олиб боради. Агар бирор хусусият фақат вояга етганларида учраса ва болаларида учрамаса, бу жинсий танланишдан бўлади, масалан, шернинг ёли бўлиб, у эркакнинг етилганлигини кўрсатади. Аммо бу ҳам алдамчи бўлиши мумкин.
1942 йилда олимлар Монтанада (АҚШ) бош суягини топдилар. У йирик йиртқичга тегишлилиги кўриниб турарди, аммо тиранозавр каби асосий йиртқичларникига нисбатан кичикроқ эди. Улар буни янги бир турнинг вояга етган аъзосига тегишли деб хулоса қилдилар. Аммо ўнлаб йил давом этган баҳслардан сўнг янги кашфиётга Nanotyrannus деб ном бердилар. Кейинги йилларда унинг бошқа намуналари ҳам топилди.
2020 йилда олимлар гуруҳи уни яқиндан текширдилар. Улар икки эҳтимолий митти тиранозаврнинг суякларини таҳлил қилдилар ва булар янги тур эмаслигини аниқлашди. Аксинча, булар шунчаки вояга етмай ўлган тиранозавр қолдиқлари эди. Маълум бўлдики, бу норасида ҳайвонлар катталаридан шу қадар фарқли эдики, уларни бошқа-бошқа тур деб гумон қилиш ҳеч гап эмас эди.
Тиранозаврлар улғайиш жараёнида катта ўзгаришга учрайдиган ягона тур эмас.
"Торозавр ва трицератопс борасида ҳам қизғин баҳс бор, - дейди Мейдмент. - Ҳар икки динозавр жуда ўхшаш кўрингани ҳолда торозаврнинг боши жуда катта, қуруқликда яшовчи ҳайвонларнинг боши энг катталаридан. Бўйни атрофида ҳам катта ёқаси бор. Трицератопсники эса кичикроқ."
"Бу икки динозавр бур даври охирларида Шимолий Америкада ёнма-ён яшаган. Айрим олимлар торозаврни трицератопснинг кексайган ҳолати дейдилар, бошқалар эса, уларни фарқли тур деб ҳисоблайди", дейди Мейдмент ва айримлар трицератопснинг турли ёшдаги кўринишлари деб ҳисоблайдиган вариантларни санайди. "Одамлар буларни бошқа-бошқа турлар деб ҳисоблайди, аммо улар трицератопснинг турли ёшдаги ўсиш босқичлари бўлиши мумкин. Аммо бир тўхтамга келинмаган."
Жинсий фарқларни аниқлаш доим ҳам иш бермайди. Аммо хайриятки бошқа бир йўл бор - ўша тузилма яна бошқа нимага хизмат қилган бўлиши мумкинлигини моделлаш.
"Хўш, нима қила оламиз, дейлик, бу шу мақсадга хизмат қилган тузилма ва бошқа бир мақсадга яраганга ўхшамайди", дейди Нелл.
Бир мисол трицератопснинг ёқаси. Йиллар давомида олимлар бу улкан ёқа нега керак бўлганидан ҳайратда эди. Бу ёқа ҳақида трицератопснинг бўйнини йиртқичлардан ҳимоя қилишдан тортиб ҳароратини мувозанатда ушлашгача ёки ҳатто шохларини янада маҳкамроқ тутиб туриши учун мушаклар бирикадиган жой бўлган деган изоҳлар ҳам айтилган.
Яқинда бу ёқа балки турга ўз гуруҳи аъзоларини таниб олишга ёрдам бергандир деган тахмин ҳам айтилди. Шундай қилиб, Нелл ва унинг ҳамкасблари қўшимча текширув ўтказдилар ва бу ғоя тўғримаслигини аниқладилар - трицератопснинг турлари ўртасида жуда кам фарқ бор, шунинг учун бу ёқалар ўз гуруҳини ажратиб олиш учун хизмат қилган бўлиши даргумон. Ушбу назария рад этилганлиги сабабли, бу ёқа бошқа трицератопсларни ҳайратда қолдириш ёки бошқа эркаклар билан урушиш учун ишлатилган деган тахмин ишончлироқ кўриниб қолди.
Ва бунинг учун баъзи далиллар мавжуд. 2009 йилги тадқиқотда бир нечта трицератопс бош суягидаги шикастланиш асоратлари таҳлил қилинди ва бу жароҳатлар трицератопс билан урушиш оқибати экани аниқланди. Тадқиқотчилар урғочи талашишнинг қадимий асоратларини топган бўлишлари мумкин.
Аммо бошқа жуфтлашиш ритуаллари ҳақида нима дейиш мумкин - яқинда Prehistoric Planet продюсерлари тахмин қилганидек, эркак тиранозаврлар урғочиларни жуфтлашишга жалб қилиш учун майда қўллари билан ишора қилган бўлиши мумкинми? Пакисефалозаврлар жинсий ҳукмронлик учун жангларда бошларини уриштирган бўлиши мумкинми? Эркак велосирапторлар ўзларининг бошпаналарини безаш учун фақат энг кўк резаворларни тўплаган бўлиши мумкинми?
Нелл, умуман олганда, шундай бўлганига ишонади. У динозаврлар ва қушлар ўртасидаги ўхшашликларга ишора қилиб, иккинчиси қадимги тукли қариндошларининг тишсиз тумшуқли шакли эканини айтади. Бу, айниқса, замонавий қушларга айланган динозаврларга тааллуқлидир, масалан, велосирапторлар бўлиб, улар «Юра даври» франшизасида тасвирланган силлиқ йиртқичлардан кўра кўпроқ қонхўр куркаларга ўхшайди.
"Агар сиз бугунги кундаги қушларга қарасангиз, улар жуда хилма-хил кўринишга эгалигини кўрасиз. Нега динозаврлар бошқача йўл тутган бўлиши мумкин? - дейди Нелл. - Динозаврларнинг жуфтлашишида қушларга ўтмаган бошқа нимадир бор деб ўйлаш учун ҳеч қандай сабаб йўқ... шунинг учун ҳа, менимча, улар ғалати жуфтлашиш томошасини қўйган бўлиши мумкин, деб ўйлайман."
Ажабланарлиси шундаки, буларнинг моддий далиллари ҳам бўлиши мумкин. 2016 йилда Колорадода қазиш ишлари олиб борган олимлар тош қатламлар орасидан қадимги кўлмакларга деярли ўхшаш бир нечта ўзига хос чуқурликларни топдилар.
Бироқ, яқинроқ текширилганда, бўр даврига оид тиранозавр каби йиртқичларга хос бўлган уч бармоқли оёқ излари ва тирналиш излари аниқланди. Булар тасодифий зарбалар эмас эди - уларни динозаврлар қилган. Ва улар бугунги туяқушлар қолдирадиган изларнинг катталаштирилган версияларига жуда ўхшаш.
Урғочи туяқушлар танлашни яхши кўради, эркаклар эса уларнинг кўнглини олиш учун мураккаб жуфтлашиш рақсларини ижро этиши керак. Бунга пойга, қанот қоқиш ва ерга уя қуриш учун зарур бўлган қазиш қобилиятларини намойиш қилиш киради. Тадқиқотчилар бу қолдиқлар эгалари 100 миллион йил аввал ҳам худди шундай қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади.
Бироқ, Неллнинг таъкидлашича, биз ҳеч қачон динозаврларни жуфтлашиш маросимлари тафсилотлари ҳақида кўп нарсаларни билиб ололмаймиз. Ҳатто бугунги кундаги бир-бирига яқин турлар, масалан, жаннат қушлари бир-биридан жуда фарқли томошалар кўрсатади. "Агар сиз уларнинг қандай бўлганини тахмин қилмоқчи бўлсангиз, барибир чуқур кириб бора олмайсиз", дейди у.
Бошқа томондан, сўнгги йилларда биз динозаврларнинг ҳаёти ҳақида олдиндан тасаввур қилиб бўлмайдиган жуда кўп маълумотларга эга бўлдик - ким билсин, эҳтимол бир неча ўн йиллар ичида биз уларнинг жуфтлашиш усуллари ҳақида билиб олармиз - ва ҳа, жинсий аъзолари тузилиши ҳақида ҳам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













