Янги топилган динозавр қолдиғи Хитойнинг қадим тарихи ҳақида нима дейди?

Illustration of a dinosaur with a long tail, green markings and a long snout

Сурат манбаси, Zhang Zongda

    • Author, Мэери Ҳэлтон
    • Role, Би-би-си

Яқинда топилган динозавр қолдиғи Хитойнинг геологик тарихининг қайта ёзилишига сабаб бўлиши мумкин, демоқда мутахассислар.

Улкан, узун бўйли сауроподлар оиласига мансуб янги динозаврга олимлар Lingwulong shengi номини бердилар. Бу динозавр Хитойнинг шимолида бундан 174 миллион йиллар муқаддам яшаб ўтган.

Бунга қадар ўша вақтда Шарқий Осиё Пангея суперқитъасидан ажралиб кетиб бўлган, деган қараш мавжуд эди.

Аммо Lingwulong'нинг топилиши бундай бўлмаганига ишора қилмоқда.

Lingwulong сауроподлар оиласига кирувчи неосауроподлар субгуруҳи аъзосидир. Гуруҳга, жумладан, бронтозаврлар, диплодоклар ва брахиозаврлар ҳам киради. Lingwulong Шимолий Хитойда ушбу гуруҳнинг барча маълум динозаврларидан 15 миллион йил олдинроқ пайдо бўлган.

Ушбу тадқиқот муаллифларидан бири, Лондон Империал Коллежидан доктор Филип Маннион топилмани «умуман кутилмаган» деб атайди.

Two technicians with a read measuring tape stretched across a large dinosaur fossil

Сурат манбаси, Xu Xing

Сурат тагсўзи, Technicians measuring the large shoulder bone of Lingwulong

"У нафақат гуруҳнинг энг кекса аъзоси, балки Осиёда пайдо бўлган биринчи динозаврдир. Узоқ вақт давомида неосауроподлар Юра даврида Осиёга кирмаган, деб ҳисоблаб келинган," дейди у Би-би-сига.

Бу вақтга келиб, Пангея қитъаси парчалана бошлаган эди. Олимлар тахминича, ҳозирги Қизил Денгизга ўхшаш, лекин ундан каттароқ денгиз Хитойни суперқитъадан ажратиб қўйган. Оқибатда ҳайвонлар нариги томонга ўтолмай қолган.

"Бу илк неосауроподлар ҳар қандай тўсиқ пайдо бўлишидан олдин Хитой ҳудудига кириб келганини англатади, аммо сўнгги пайтларда топилаётган геологик далиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу тўсиқ вақтинчалик бўлган бўлиши мумкин," дейди доктор Маннион.

Неосауроподлар Пангея қитъасининг ҳозирда Шимолий Америка, Европа ва Шарқий Африкага ажралиб кетган қисмларида кўплаб яшаган бўлсада, уларнинг ёши 160 миллиондан кексароғи шу вақтга қадар топилмаган эди.

Silhouette of lingwulong, showing a dinosaur with a long neck and tail, and a head about 1m long

Сурат манбаси, Shi Aijuan

Lingwulong, эндиликда, ушбу оиланинг фанга маълум энг кекса аъзоси бўлиб қолади. Бундай топилмалар динозаврлар эволюциянинг олдин тахмин қилинганданда ривожланган босқичида бўлганлигини кўрсатади.

Динозаврлар тез эволюцияга учрайдиган, ҳар қандай шароитга мослаша оладиган мавжудот бўлгани сабабли Ер юзида миллионлаб йиллар ҳукмронлик қилганлар.

Улар вулқонлар туфайли юзага келган бир қанча оммавий қирғиндан омон қолганлар.

Lingwulong'нинг кашф этилиши айни фикрнинг ёрқин исботидир, дейди Аргентинадаги Сан Хуан Миллий Университетидан доктор Сесилия Апалдетти.

An excavation site with dinosaur fossils exposed in the soil

Сурат манбаси, Xu Xing

"Сауроподлар оиласига мансуб Lingwulong ва яқинда топилган Ингентиа динозаврлар эволюциянинг илк босқичидан бошлаб танасини шароитга мослаштириб бориш қобилиятига эга бўлганини кўрсатади," фикр билдиради доктор Апалдетти.

«Шу сабабли улар миллионлаб йил давомида Ер юзининг деярли барча қисмини назорат қилганлар. Улар Ернинг жонли тарихидаги энг омадли мавжудотлардан бири бўлганликлари шубҳасиз.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek