Бутун инсониятни тасодифан қириб юбориши мумкин бўлган ҳодисаларни биласизми?

NASA

Сурат манбаси, NASA

Яқин тарихда бир неча киши шундай қарорлар қабул қилдики, назарий жиҳатдан, улар қаттол келгиндиларни озод қилиб юбориши ёки Ер юзини куйдириб ташлаши мумкин эди. Бу воқеалардан бугунги кунда дуч келишимиз мумкин бўлган экзистенциал хавф-хатарлар ҳақида нималарни билиб олишимиз мумкин?

1960 йиллар охирида NASA инсоният тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган қарор қилиши керак эди. Ойга Аполлон 11 парвозидан сўнг, ерга қайтган уч нафар астронавт Тинч океанида капсулалари ичида олиб кетишларини кутарди. Копсула ичи қизиган ва ноқулай эди. NASA расмийлари ўзларининг уч миллий қаҳрамонлари учун ҳаммаси қулай бўлишини истарди. Аммо танганинг бошқа томони ҳам бор эди? Фалокатга сабаб бўлиши мумкин бўлган бегона микроблар Ерга чиқиб кетиши эҳтимоли кичик бўлса ҳам бор эди.

Алоқадор мавзулар:

Бундан бир неча ўн йиллар олдин, бир гуруҳ олимлар ва ҳарбий амалдорлар худди шундай бурилиш нуқтасида эди. Улар атом қуролининг биринчи синовини кутар эканлар, потенциал ҳалокатли натижани билишган. Улар ўтказаётган синов тасодифан атмосферани ёқиб юбориши ва сайёрадаги ҳаётга чек қўйиши мумкин эди.

Ўтган асрда бир неча марта тор доирадаги оз сонли одамлар бутун дунё тақдирини ўз қўлларида ушлаб туришган - улар умумий фалокатга сабаб бўлиши мумкин бўлган кичик, аммо реал эҳтимол учун масъул эди. Нафақат ўз ҳаётлари, балки ҳамма нарсанининг тақдири учун.

Хўш, бу қарорларга нима сабаб бўлди? Ва улар бизга бугунги кунда дуч келадиган хавф ва инқирозлар ҳақида нимани англатиши мумкин?

20-аср ўрталарида инсоният биринчи марта космосга зонд ва одамларни юборишни режалаштирганида, ифлосланиш масаласи пайдо бўлди.

Биринчидан, "тўғридан-тўғри" ифлосланишдан қўрқув бор эди, Ердаги ҳаёт тасодифан коинотга ўтиши мумкин эди. Учиришдан олдин космик кемани стерилизация қилиш керак эди. Агар микроблар бортга тушиб қолса, у бегона ҳаётни аниқлашга бўлган ҳар қандай уринишга халақит берарди. Ва агар у ерда ўзга сайёралик организмлар бўлса, биз уларни Ердаги бактериялар ёки вируслар билан ўлдиришимиз мумкин, худди Оламлар уруши сўнгида келгиндилар билан содир бўлгани каби. Бу масалалар бугун ҳам коинот пойгаси давридаги каби муҳим аҳамиятга эга.

Аполло 11 капсуласи кран ёрдамида кемага кўтариб олиняпти, лекин ундаги космонавтлар аллақачон чиқариб олинганди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аполло 11 капсуласи кран ёрдамида кемага кўтариб олиняпти, лекин ундаги космонавтлар аллақачон чиқариб олинганди.

Иккинчи муаммо "тескари" ифлосланиш эди. Бу космонавтлар, ракеталар ёки зондлар Ерга қайтганда улар билан келган бегона организмлар фожеага сабаб бўлиши, Ердаги организмларни йўқ қилиши, энг даҳшатлиси бутун Ердаги кислородни истеъмол қилиб юбориши хавфи бор эди.

"Тескари" ифлосланиш NASA Ойга Аполлон миссияларини режалаштираётганда жиддий қараши керак бўлган масала эди. Агар космонавтлар хавфли нарса олиб қайтса чи? Ўша пайтда бунинг эҳтимоли юқори эмас деб ҳисобланди - Ойда ҳаёт бўлиши мумкинлигига деярли ҳеч ким ишонмасди - лекин барибир сценарийни ўрганиш керак эди, чунки оқибатлари жуда жиддий эди. "Эҳтимол, сиз Аполлон 11 Ой организмларини олиб келмаслигига 99% амин бўлишингиз мумкин, - деди ўша пайтда нуфузли олимлардан бири, - лекин бу 1% эҳтимол ҳам жуда катта эди."

Баъзи ҳолларда ўзи истамаса ҳам, NASA бир нечта карантин чораларини кўрди. Хавотирга тушган АҚШ соғлиқни сақлаш расмийлари инфекцияланган космонавтларнинг чегарадан киргазмаслик ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб, космик агентликдан дастлаб режалаштирилганидан қатъийроқ чоралар кўришни талаб қилди. Конгрессдаги тингловдан сўнг, NASA космонавтлар Тинч океанига келиб тушгандан сўнг уларни олиб кетувчи кемада карантин қурилмасини ўрнатишга рози бўлди. Шунингдек, Ой тадқиқотчилари ўз оилалари билан кўришиш ёки президент билан қўл бериб кўришиш имкониятига эга бўлгунга қадар уч ҳафта изоляцияда бўлишига қарор қилинди.

Дюк университетининг ҳуқуқшунос олими Жонатан Винернинг айтишича, карантин процедурасида катта бўшлиқ бор эди. У ҳалокатли хавф борасидаги хато тушунчалар ҳақида мақола ёзган.

Космонавтлар океанга тушгач, дастлабки протоколда улар космик кема ичида қолишлари кераклиги айтилган эди. Аммо иссиқ, тор ва тўлқинлар чайқатаётган капсулада уларнинг аҳволи не кечиши ҳақидаги хавотирлар боис, NASA қарорини бироз ўзгартирди. Бунинг ўрнига расмийлар эшикни очиб, одамларни қайиқда ва вертолётда олиб кетишга қарор қилишди. Улар биозарарланишга қарши махсус кийим кийиб, кемадаги карантин иншоотига кирган бир вақтда, капсула денгизда очилиб ичидаги ҳаво чиқиб кетган.

Яхшиямки, Аполлон 11 миссияси Ерга ҳалокатли бегона ҳаётни олиб келмади. Агар шундай бўлганида, космонавтларнинг қисқа муддатли қулайлиги деб, капсула очилгандаёқ ҳалокат океанга ёпирилиши мумкин эди.

Ядро ҳалокати

Бу воқеалардан 24 йил муқаддам АҚШ ҳукуматидаги олимлар ва амалдорлар эҳтимоли кичик, аммо потенциал ҳалокатли хавф билан боғлиқ яна бир бурилиш нуқтасига дуч келишди. 1945 йили атом қуролининг биринчи синовидан олдин Манхеттен лойиҳаси олимлари қўрқинчли эҳтимолга ишора қилувчи ҳисоб-китобларни қилдилар. Улар ишлаб чиққан бир сценарийга кўра, ядровий портлашдан келадиган иссиқлик шунчалик катта бўлиб, у занжирли реакцияга олиб келиши мумкин эди. Бошқача айтганда, синов тасодифан атмосферага ўт қўйиши ва океанларни ёқиб юбориши, Ердаги ҳаётнинг аксарият қисмини йўқ қилиши мумкин эди.

Илк ядровий қурол синови янги хавфли даврни бошлаб берди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Илк ядровий қурол синови янги хавфли даврни бошлаб берди.

Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бунинг иложи йўқ, аммо синов кунигача олимлар ўзларининг таҳлилларини қайта ва қайта текширдилар. Ниҳоят, Тринити синовлари куни келди ва расмийлар синовни ўтказишга қарор қилишди.

Чақноқ кутилганидан узунроқ ва ёрқинроқ бўлганда, уни кузатиб турган жамоанинг камида битта аъзоси энг ёмони содир бўлди деб гумон қилди. Улардан бири Ҳарвард университети президенти эди, унинг дастлабки ҳайрати тезда қўрқувга айланди. "[У] нафақат бомба ишлашига ишонмаган, балки у портлаганда, ўзининг айтишича "қиёмат"га гувоҳ бўлаётгандек ҳалокатга сабаб бўлгани ҳақида ўйлаган" дейди унинг невараси Женнет Конант "Washington Post"га, лойиҳада иштирок этган олимлар ҳақидаги китоби нашрдан чиққандан сўнг.

Оксфорд университети файласуфи Тоби Орд бу лаҳзани инсоният тарихидаги муҳим нуқта бўлди дейди. У Тринити синовининг аниқ вақти ва санасини - 1945 йил 16 июль 05:29 - инсоният учун янги даврнинг бошланиши, ўз-ўзимизни йўқ қилиш қобилиятларимизнинг янги босқичга кўтарилиши дейди. "Тўсатдан биз шу қадар кўп энергияни чиқарвордикки, Ер тарихида мисли кўрилмаган ҳароратни яратдик", деб ёзади Орд ўзининг "Жарлик" китобида. Манхеттен лойиҳаси олимларининг эҳтиёткорлигига қарамай, ҳисоб-китоблар ҳеч қачон холис томонга ўрганиб чиқиш учун берилмаган, деб таъкидлайди у. Хавф ҳақида бошқа бирор ҳукуматга хабар бериш у ёқда турсин, бирорта ҳам сайланган вакилга, хабар берилгани ҳақида маълумот йўқ. Олимлар ва ҳарбийлар билганларича йўл тутишди.

Орд, шунингдек, 1954 йилда олимлар яна бир ядровий синовда ҳайратланарли даражада хато ҳисоб-китоб қилишганини таъкидлайди: кутилган 6 мегатонна портлаш ўрнига унинг кучи 15 мегатоннага етган. "Ўша ёзда қилинган иккита асосий термоядровий ҳисоблардан бири тўғри, иккинчиси эса хато чиқди. Бундан атмосфера ёниб кетиши хавфи 50% га этган деган хулосага келиш хато бўлади. Лекин келажагимизни хавфга қўйиш учун етарлича ноаниқлик."

Мўрт дунё

21 асрдаги билганларимиздан келиб чиқиб, бу қарорларни ўз даврига хос деб баҳолаш осон бўлар эди. Қуёш тизимидаги ифлосланиш ва ҳаёт ҳақидаги илмий билимлар анча чуқурлашган ва иттифоқчилар ва нацистлар ўртасидаги уруш аллақачон тугаган. Ҳозир ҳеч ким бундай таваккал қилмайди, тўғрими?

Афсуски йўқ. Тасодифми ёки йўқ, ҳозир фалокат эҳтимоли ўша пайтдагидан каттароқ.

Шуни тан олиш керакки, ўзга сайёралик келгиндилар дунё дуч келадиган энг катта хавф эмас. Бироқ, келгиндилардан ҳимоя қилиш учун "сайёравий ҳимоя" сиёсати ишлаб чиқилиши, лабораториялар ташкил этилиши мумкин бўлса ҳам, бу қоидалар ва процедураларга қуёш тизимидаги бошқа сайёра ва ойларга учадиган хусусий компаниялар қанчалик амал қилиши очиқ савол бўлиб қолмоқда. (Келгиндилар фалокати хавфига қўшимча равишда, бизнинг галактикада мавжудлигимиз ҳақида коинотга сигнал юбориш, ўзга сайёраликлар билан потенциал ҳалокатли тўқнашувга олиб келиши мумкин, айниқса, улар ўта ривожланган бўлса. Ўзидан технологик жиҳатдан юқори маданиятлар билан тўқнашганларнинг бошига не кунлар тушганига тарих гувоҳ, европаликларга йўлиққан маҳаллий аҳолининг тақдири бунга мисол.)

Аполло 11 фазогирлари Ерга қайтгач карантинга киритилди, лекин улар денгиздан чиқариб олинганда карантинда эмасдилар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аполло 11 фазогирлари Ерга қайтгач карантинга киритилди, лекин улар денгиздан чиқариб олинганда карантинда эмасдилар.

Бундан ҳам ташвишланадиган нарса ядровий қурол таҳдидидир. Атмосфера ёниб кетмаслиги мумкин, аммо динозаврлар қирилиб кетишини тезлаштирган иқлим ўзгариши каби ядровий қишга сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида атом арсеналлари бу фалокатни қўзғатиш учун етарлича эмас эди, аммо бугун ундай эмас.

Орднинг фикрича, 20-асрда одамларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи 100 тадан битта бўлган. Аммо унинг фикрича, ҳозир бу кўпроқ. Унинг таъкидлашича, табиий экзистенциал хавфлар ҳар доим мавжуд бўлган, лекин сўнгги бир неча ўн йилда инсоннинг ўзи сабабли халокат юз бериши эҳтимоли сезиларли ошди. Ядровий таҳдид билан бир қаторда, хато ишлай бошлайдиган сунъий интеллект эҳтимоллари пайдо бўлди, углерод чиқиндилари кескин ошди ва биз энди вирусларнинг биологиясини ўзгартириб, уларни янада ҳалокатли қилишимиз мумкин.

Ковид-19 пандемияси кўрсатганидек, биз глобал алоқалар, дезинформация ва сиёсий муросасизлик туфайли янада заиф бўлиб қолдик. "Билган ҳамма нарсани ҳисобга олган ҳолда, мен бу асрдаги хавфни олтидан бирига баҳолайман - рус рулеткаси", деб ёзади у. "Агар бирлашмасак, кучимизнинг ўсиши донолигимиздан ўзиб кетишига йўл қўйсак, келгуси асрда ва ундан кейинги ҳар асрда бу хавф янада юқори бўлишини кутиш керак.

Экзистенциал хавф тадқиқотчилари ортиб бораётган ушбу хавфни тушунтириш учун, тасаввур қилинг, улкан идишдан шарчаларни олаяпсиз, дейдилар. Ҳар бир шарча янги технология, кашфиёт ёки ихтирони ифодалайди. Уларнинг аксарияти оқ ёки кулранг. Оқ шар совун кашфиёти каби инсоният учун ижобий тараққиётни англатади. Кулранг шарча, худди ижтимоий медиа каби, аралаш неъматни ифодалайди. Бироқ идиш ичида бир нечта қора шарлар бор. Улар жуда кам учрайди, лекин бирортаси қўлингизга чиқиб қолса, инсониятни йўқ қиласиз.

Бу "Мўрт дунё гипотезаси" деб номланади ва жуда кам учрайдиган, лекин келажагимизга ўта хавфли ҳодисага тайёргарлик кўриш муаммосини акс эттиради. Ҳозирча биз қора шарчани танлаганимиз йўқ, сабаби улар кўп эмас, эҳтимол қўлимиз унга теккандир, ҳар тугул омадимиз келиб турибди.

Қора шарча бўлиб чиқиши мумкин бўлган кўплаб технологиялар ёки кашфиётлар мавжуд. Ядро қуроллари ёки биоинженерия вируслари каби ҳали амалга оширилмаганларини биламиз. Бошқалари номаълум, масалан, сунъий ақл ёки геномик технологиялар. Номаълум номаълумлар ҳам бор: биз уларнинг хавфини билмаймиз, чунки улар ҳали ихтиро қилинмаган.

Ноодатийлар фожеаси

Нега биз бу ҳалокатли хавф-хатарларни етарлича жиддийлик билан қабул қилмаяпмиз? Винернинг бир нечта таклифлари бор. У одамлар ўта ҳалокатли хавфларни қандай қилиб нотўғри идрок қилишини "ноодатийлар фожиаси" деб таърифлайди.

Эҳтимол, сиз "умумийлик фожиаси" ҳақида эшитгандирсиз: у худбин одамлар умум мулкини қандай ёмон тасарруф қилишини ифодалайди. Ҳар бир инсон ўзи учун энг яхшисини қилади, лекин охир-оқибат ҳаммага ёмон бўлади. Бу иқлим ўзгариши, ўрмонларнинг кесилиши ёки ортиқча балиқ овланиши ортида турган сабабдир.

Тринити синови ўтказилган ернинг бугунги кўриниши. Ўшанда атмосферага яхшиям ўт кетмаган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тринити синови ўтказилган ернинг бугунги кўриниши. Ўшанда атмосферага яхшиям ўт кетмаган.

Ноодатийлар фожиаси бошқача, деб тушунтиради Винер. Одамлар умумий ресурсни нотўғри бошқариш ўрнига, бу ерда одамлар камдан-кам учрайдиган ҳалокат хавфини нотўғри идрок қилади.

У нима учун шундайлигининг учта сабабини кўрсатади:

Биринчиси, камдан-кам учрайдиган фалокатларга доим гувоҳ бўлмаслигимиз. Сўнгги муҳим воқеаларни эслаб қолиш ҳеч қачон содир бўлмаган воқеаларга қараганда осонроқ. Мия ўтмиш хотиралар коллажидан келажакни қуришга интилади. Агар янгиликларда хавф мавжуд бўлса - масалан, терроризм - жамоатчилик хавотири кучаяди, сиёсатчилар чора кўради, технологиялар ихтиро қилинади ва ҳоказо. Бироқ, ноодатий нарсаларнинг фожиаларини олдиндан кўришнинг қийинлиги шундаки, бу борада ўз тажрибангиздан ўргана олмайсиз. Улар ҳеч қачон матбуот сарлавҳаларда кўринмайди. Аммо улар содир бўлганда, ҳаммаси тугайди.

Биз жуда кам учрайдиган офатларни нотўғри идрок қилишимизнинг иккинчи сабаби - катта офатнинг "фалажловчи" таъсиридир. Психологларнинг таъкидлашича, одамларнинг хавотири фалокат оғирлиги билан чизиқли равишда ўсмайди. Ёки, оддий қилиб айтганда, агар сиз одамлардан Ердаги барча одамларнинг ўлимига қанчалик қайғуришини сўрасангиз, бу қайғу бир киши ўлимидан етти ярим миллиард марта кўп бўлмайди. Улар келажак авлодларнинг йўқотиладиган ҳаётини ҳам ҳисобга олмайдилар. Кўп одам учун қайғуришдан кўра шахсий фожиа ҳақидаги ташвишлари каттароқ бўлиши ҳақида баъзи далиллар мавжуд. Журналист Тиффани Вен яқинда BBC Future учун мақоласида Тереза онанинг сўзларидан иқтибос келтиради: "Агар мен массага қарасам, ҳеч қачон ҳаракат қилмайман. Агар биттасига қарасам, ҳаракат қиламан".

BBC

Ниҳоят, Винер масъулият йўқлиги сабабли таваккал қиладиганлар орасида бўлса бўлар кайфиятини пайдо қиладиган "суст тийиб туриш" механизми таъсири ҳақида гапиради. Агар сизнинг қарорларингиз туфайли дунё ниҳоя топса, ҳеч ким сизни лоқайдлик учун судга тортмайди. Қонунлар ва қоидалар турларнинг йўқ қилинишига олиб келадиган хатти ҳаракатларни чеклай олмайди.

Эҳтимол, энг ташвишлиси шу, ноодатий фожиа кутилмаганда содир бўлиши мумкин - такаббурлик, аҳмоқлик ёки эътиборсизлик туфайли.

"Ҳаммаси бирдек бўлганда, кўпчилик дунёни йўқ қилишни танламайди. Ҳатто юзсиз корпорациялар, аралаш ҳукуматлар, лоқайд олимлар ва бошқа ҳалокат агентлари ўзларининг фойда, мартаба ёки бошқа мақсадларига эришиш учун ҳам дунёга муҳтож", деб ёзган эди сунъий интеллект тадқиқотчиси Элизер Юдковский. "Агар бизнинг йўқ бўлиб кетишимиз суръати жараённи тушуниб етишимизга имкон берадиган даражада секин бўлса, буни амалга ошираётганларнинг ўзи ҳам ўзини тўхтатиши мумкин... Ер вайрон бўлса ҳам, у қасддан эмас, хатолик туфайли бўлади."

Аполлон 11 расмийлари ва Манхеттен олимлари ёмон одамлар эмаслигидан миннатдор бўлишимиз мумкин. Аммо келажакда яна кимлардир инсониятнинг тақдири ҳал қилинадиган яна бир бурилиш нуқтаси қаршисига чиқади. Ёки улар аллақачон ўша йўлга тушиб олган, қаршиларидаги ҳалокатни кўрмай илдамлашяпти. Умид қиламанки, инсоният манфаати учун улар вақти келганда тўғри танлов қиладилар.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002