Ерда қачон ҳаёт тугаши аниқ бўлдими? Олимлар хулосаси

Сурат манбаси, ALEX FARNSWORTH AND CHIRS SCOTESE
- Author, Николай Воронин
- Role, Би-би-си илмий мухбири
Афтидан инсониятнинг коинотда кўчиб борса бўладиган сайёрани тезда топиб, ўша ерга етиб бориш воситасини яртиши учун яна бир яхши сабаб бор. Чунки бунга биз ўйлагандан анча кам вақт қолган.
Аниқроғи, энг оптимистик ҳисоб-китобларга кўра тахминан 250 миллион йил.
Алоқадор мавзулар:
Nature Geoscience журналида чоп этилган тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бу вақтдан кейин, Ер қитъалари бирлашади, улар асосан тропик кенгликларда ва экватор бўйлаб жойлашади.
Давом этаётган иқлим ўзгариши билан биргаликда, бу жараён сайёрамиздаги қуруқликнинг 96 фоизи ҳар қандай сутэмизувчи жонзот учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолишига олиб келади.
Шу жумладан биз учун ҳам.

Сурат манбаси, Getty Images
"Келажакда ҳаёт ҳақиқатан ҳам катта қийинчиликларга дуч келадиганга ўхшаяпти, - дейди Ханна Дэвис, Потсдамдаги Германия Ер тадқиқотлари маркази профессори. Nature журнали ундан изоҳ олган. - Бу ўйнинг ўзи сизни бироз тушкунликка солади."
Вақт ўтдими?
Олимлар аллақачон қуёш тизими ва у билан бирга бизнинг сайёрамиз умри қанчалигини тахмин қилишган.
Тахминан 4,5 миллиард йил олдин пайдо бўлган юлдузимиз, яъни Қуёш термоядро ёқилғиси тугагунча ёруғлик ва иссиқлик чиқаради.
Шундан сўнг, Қуёш аста-секин сўна бошлайди, биринчи навбатда Меркурийни, сўнгра Венерани ва, эҳтимол, бизнинг Ерни ютиб юборгунча аста-секин ўсиб боради.
Бироқ, у инсон ҳаёти учун анча олдин (тахминан 20 марта олдин) яроқсиз бўлиб қолади, яъни атиги 250 миллион йил ичида.
Ҳар ҳолда, сайёрамиз юзасида жойлашган ер қобиғи ва қитъа қисмларининг ҳаракат траекториясини, шунингдек, иқлим ўзгаришини ҳисоблаб чиққан Бристол университети олимлари айнан шундай хулосага келди.
Тадқиқот натижаларига кўра чорак миллиард йил ичида сайёрамиз бўйлаб тарқалиб кетган қитъалар бир-бири билан қўшилиб, ягона суперконтинентни ташкил этади.
Африка ва Евроосиё Арабистон ярим оролини ҳар икки томондан сиқиб, бир-бирига яқинлашади, шундан сўнг бирлашган Афро-Евроосиё қитъаси Америка қитъаси билан тўқнашади.
Натижада Атлантика океани икки ички денгизга айланади. Бири замонавий Канада ва Габон ўртасида, иккинчиси замонавий Мексика ва Жанубий Африка ўртасида.
Мадагаскар Африка ва Бразилия ўртасида жойлашиб, Ҳинд океани сувларининг Тинч океанига етиб боришини тўсиб қўяди.
Ер ёки Арракис?

Сурат манбаси, Getty Images
Бундай қўшилиш оқибатида сайёрада вулқонлар фаоллиги кескин ошади ва натижада ер атмосферасидаги карбонат ангидрид концентрацияси ҳалокатли даражада ўсади.
Бу эса, ўз навбатида, иссиқхона эффектини муқаррар равишда оширади, бунинг натижасида ерларнинг катта қисми (90 фоиздан ортиғи) тақир бўлиб қолади, бепоён ҳудудлар эса офтобда жизғанак бўлган чўлга айланади.
Янги суперконтинентнинг иқлим шароити ҳақидаги саволга имкон қадар аниқ жавоб бериш учун тадқиқот муаллифлари бугунги кунда фанга маълум бўлган барча эҳтимолий омилларни имкон қадар кўпроқ ҳисобга олишга ҳаракат қилиб, мураккаб математик моделни яратдилар.
Ҳисоблашлар шуни кўрсатдики, ёзда ягона қитъанинг катта қисми 40 ° С дан юқори ҳароратгача қизийди ва қолган дарёларни қуритади.
Муаллифлар фикрича, сувдан тўлиқ маҳрум бўлганидан сўнг, суперконтинентнинг марказий ҳудудлари чўлга айланади, у ерда сутэмизувчилар омон қолмайди - "баъзи жуда мослашган турлар бундан мустасно".
Агар бугунги кунда ер юзасининг тахминан учдан икки қисми инсон ҳаёти учун мос бўлса, 250 миллион йил ўтгач, фақат сайёрамизнинг қирғоқ ва қутб минтақалари, яъни унинг юзасининг атиги 8 фоизи ҳаёт учун яроқли бўлади.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бу нафақат сутэмизувчилар, балки барча тирик мавжудотларнинг, яъни ҳайвонларнинг ҳам, ўсимликларнинг ҳам маълум бўлган турларининг оммавий йўқ бўлиб кетишига муқаррар олиб келади.
Агар ўша пайтгача Ерда ҳали ҳам одамлар яшайди, деб фараз қилсак, эҳтимол улар янги шароитларга мослашишнинг қандайдир йўлини топа олар. Бу сценарий америкалик фантаст-ёзувчи Френк Ҳербертнинг «Барҳан» романини ёдга солади.
"Натижада одамлар чўл шароитига кўпроқ мослашадими? - деб сўрайди профессор Дэвис. - Улар асосан тунги турмуш тарзига ўтиб, ғорларга кўчиб ўтишадими?"
"Менимча, агар биз сайёрани тарк этишга ва яшаш учун қулайроқ жой топишга муваффақ бўлсак, янада яхшироқ вариант бўлар эди", деб хулоса қилади у.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












