Одамзот ва Дунё: Яна саккиз йилдан сўнг охирзамон бўладими? Dunyo ilm-fan yangiliklar

Сурат манбаси, NASA
Яна саккиз йилдан сўнг охирзамон бўладими? НАСАнинг хавотирлари қанчалик ўзининг исботини топди? Ерга таҳдид шунчалик яқинми? Сўнгги тафсилотлар.
Бундай эҳтимолни камида 100 йил назардан соқит этувчи тўхтамга яна АҚШ Фазо Агентлигининг ўзи келди.
НАСА олимларига кўра, Апофис астероиди бу эҳтимолий вақт оралиғида Ерга хавфли даражада яқинлашмайди.
Апофис Ер сайёрасига катта таҳдид сифатида кўрилувчи саноқли астероидлардан биттаси бўлади.
Мазкур астероид қадимги Миср худоларидан бири - Зулмат ва бошбошдоқлик худоси Апофис номи билан аталган.
У 2004 йилда кашф қилинган.
Бундан аввал эса, олимлар Апофиснинг 2029 ва 2036 йилларда Ер учун катта таҳдидга айланиши мумкинлигини чамалашган, аммо тахминлари ўзининг исботини топмаган.
Яқин яқингача бундай хавфли ҳодиса 2068 йилда юз бериши эҳтимолига ҳам ишонилган.
Аммо НАСАнинг янги тадқиқотлари олимларнинг бу фаразларини ҳам йўққа чиқарган.
Агентликнинг Ерга яқин объектларни ўрганишга ихтисослашган вакили Давид Фарноккианинг айтишича, "энди бундай эҳтимол назардан соқит қилинган ва ҳисоб-китоблари бу яқин 100 йил ичида бундай таҳдид юзага келмаслигини аниқлаган".
Апофиснинг тахминий узунлиги 340 метрни ташкил қилади, бу - учта футбол майдонига тенг келувчи ўлчамдир.
У 5 март куни Ернинг ёнидан учиб ўтган, аммо орадаги масофа 17 млн км.ни ташкил этган, яъни астероид сайёрага бирор бир хавф туғдириш даражасида яқинлашмаган.
Янги радар кузатувлари Апофис Қуёш атрофида ҳаракатланадиган орбитанинг ҳисоб-китобларини аниқлашга ёрдам берган.
Худди шу ҳисоб-китоблар Апофиснинг камида яна 100 йил давомида Ерга келиб урилиши эҳтимолини йўққа чиқарган.
Фарноккианинг айтишича, олимлар мазкур астероиднинг фавқулодда таҳдид рўйхатидан олиб ташланганидан хурсанд ва энди кўриб чиқиш учун кейинги имкониятни кутишмоқда.
Ақлбовар қилмас яқинлашув

Сурат манбаси, NASA
Бундай эҳтимол 2029 йилнинг 13 апрель куни, астероид яна Ерга яқинлашган пайтда пайдо бўлиши мумкин.
Ушбу кунда самовий жисм Ердан 32 минг км узоқликда учиб ўтиши кутилмоқда - бу бизнинг сайёрамиз ва Ой орасидаги масофанинг ўндан бир қисмидир.
Ўшанда Апофисни оддий кўз билан Шарқий ярим шар - Осиё, Африка ва қисман Европада кўриш мумкин бўлади.
НАСА Ерга хавфли масофада яқинлашиши мумкин бўлган осмон жисмларини кузатиб келади.
Америкалик олимлар уларни потенциал хавфли астероидлар, деб таснифлашади.
Уларнинг барчаси Жорж Лукаснинг "Юлдузлар жанги"даги роботларнинг номлари билан кодланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














