Янгиликлар: Ердан ташқарида ҳаёт борми - НАСА нимани яширди? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Брэндон Ливсей
- Role, BBC News
Нима гап?
Алоқадор мавзулар:
Биздан бошқа ҳаёт борми - олимлар нега аниқ жавоб беролмади?
НАСА юзлаб Номаълум учар жисмлар (НУЖ) кузатилган ҳолатлар бўйича ҳисоботини эълон қилди. Унда бу ҳодисалар ортида ўзга сайёраликлар турганини тасдиқловчи бирорта ҳам далил топилмагани айтилади, аммо фазо агентлиги бу эҳтимолни буткул рад қилаётгани ҳам йўқ.
Ҳақиқат шуки, бу узоқ кутилган ҳисобот тугал хулоса биришдан йироқ.
Аммо унда НАСА Номаълум аномал ҳодиса (НАҲ) деб атаган мазкур ҳолатларни яхшироқ технология ва сунъий ақл ёрдамида қандай ўрганиши баён қилиб берилган.
НАСА раҳбари Билл Нелсоннинг айтишича, АҚШ фазо агентлиги нафақат эҳтимолий НАҲларни ўрганиш бўйича етакчи, шу билан бирга, маълумотларни бажонидил бўлишади ва бу борада шаффофлик таъминланади.
36 саҳифадан иборат ҳисобот техник ва илмий кузатувлар билан тўла бўлиб, бу ерда айрим муҳим нуқталарга тўхталамиз.
Ўзга сайёраликлар борлигини тасдиқловчи далил йўқ, аммо улар бор бўлиши мумкин
Ҳисоботнинг охирги саҳифасида шундай дейилади: НАСА ўрганган юзлаб НАҲ ҳолатлари ортида ўзга сайёраликлар турибди, деб "хулоса қилиш учун асос йўқ".
"Шунга қарамай, эҳтимоли бор деб айтишимиз мумкин бўлган ягона нарса, бу обьектлар бу ерга етиб келгунча Қуёш тизими бўйлаб келган бўлиши керак", дейилади ҳисоботда.
Гарчи ҳисоботда ўзга сайёраликлар бор деб хулоса қилинмаган бўлса ҳам, НАСА "Ер атмосферасида бегона номаълум технология ҳаракат қилаётган бўлиши" эҳтимолини рад қилмаган.
НАҲлар бўйича маълумот етарли эмас
НАСАнинг Илмий Миссиялар бошқармаси бошлиғи Никола Фокс шундай дейди: "НАҲлар сайёрамиздаги энг катта синоатлардан бири", бунинг асосий сабаби улар ҳақида етарли маълумот йўқлигидир.
Бир қанча НАҲлар кузатилган бўлишига қарамай, Фокс хонимнинг айтишича, "уларнинг келиб чиқиши ва табиати ҳақида тугал илмий хулоса бериш учун ярайдиган" етарли маълумот йўқ.
У НАСА келгусида НАҲлар ҳақидаги "маълумотларни ўрганиш ва катта маълумотлар базасини шакллантириш" учун НАҲ тадқиқотлари бўйича янги директорни тайинлаганини эълон қилди.
Бу директор маълумот тўплаш ва таҳлил қилишда сунъий ақл ва машина ўрганувидан фойдаланади.
НАСА Мексикада олинган "бегоналар" суратларини текширади

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си мухбири Сэм Кабрал НАСА жамоасидан шу ҳафта бошида Мексика расмийларига тақдим этилган ўзга сайёраликлар деб тахмин қилинган бир қатор фотосуратлар ҳақида сўради.
Ўзини НУЖ мутахассиси деб атовчи Хайме Моссан Конгрессдаги тингловда иккита қадимий "инсон бўлмаган"лар жасадларини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, жасадлар 2017 йилда Перунинг Куско шаҳрида топилган ва радиокарбон таҳлили объектлар ёши 1800 йил эканини кўрсатган.
Намуналарнинг ҳақиқийлиги илмий доираларда катта шубҳа билан кутиб олинди. Жаноб Моссаннинг ўзи илгари ердан ташқаридаги ҳаёт ҳақида даъволарни илгари сурган ва улар рад этилган эди.
НАСА олими доктор Дэвид Спергел Би-би-сига шундай дейди: "Намуналарни глобал илмий ҳамжамиятга хавола қилинг, кўрамиз улар нима эканини".

Сурат манбаси, .
Янги НУЖ бошлиғи шахси таҳдидлар боис сир бўлиб қолмоқда
НАҲлар бўйича тадқиқот учун янги НАСА директори тайинланган, аммо унинг шахси сирлигича қолмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган брифингда бу ролнинг тафсилотлари ва уларга қанча ҳақ тўланиши ноаниқ қолди, ваҳоланки, НАСА НАҲ тадқиқотларида шаффофроқ бўлишга ваъда берган.
Бунинг сабабларидан бири янги директорни ҳар қандай потенциал оммавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўлиши мумкин.
НАСАнинг тадқиқотлар бўйича раҳбари ўринбосари ёрдамчиси доктор Дэниел Эванснинг айтишича, НАҲ тадқиқот гуруҳи аъзоларига "реал таҳдидлар" бўлган.
Унинг сўзларига кўра, НАСА жамоанинг хавфсизлигига "жуда жиддий" қарайди ва таҳдидлар НАҲ тадқиқот директори номини эълон қилмасликка сабаб бўлган.
НАСА сунъий интеллектдан фойдаланишни тавсия қилди
Ҳисоботда айтилишича, сунъий интеллект ва машина ўргануви НАҲни аниқлаш учун "муҳим восита" ҳисобланади.
Жамоатчилик ҳам "НАҲни тушунишнинг муҳим жиҳати" ҳисобланади.
НАҲни яхшироқ тушуниш ва аниқлаш учун энг катта қийинчиликлардан бири маълумотлар етишмаслиги эканлигини таъкидлаган НАСА бу бўшлиқни краудсорсинг орқали тўлдиришни ўйлаяпти.
Бунга "очиқ кодли смартфон иловалари" ва "дунё бўйлаб кўплаб оддий кузатувчилар"дан олинган бошқа смартфон метамаълумотлари киради.
Ҳозирда одамларнинг НАҲ ҳисоботларини жамлаб, тартибга солиш учун стандартлаштирилган тизим мавжуд эмас, бу эса "нотўлиқ маълумотларга олиб келади", дейилади ҳисоботда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













