Сизни қизиқтирган савол: Ўзга сайёраликлар борми? Пентагон ўзининг жавобини айтди - dunyo, ilm-fan, yangiliklar

Номаълум учар жисмлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Массачусетсда 1952 йилда суратга олинган осмондаги номаълум учар жисмлар

Ўзга сайёраликлар борасида АҚШ ҳарбийларига нималар маълум? Пентагон ўзининг узоқ кутилган ҳисоботини эълон қилди. Номаълум учар жисмлар ҳақида ўзларида бўлган айрим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Конгресс осмонда ғалати тарзда ҳаракатланаётган транспортлар ҳақидаги АҚШ ҳабийлари берган турли хабарлар юзасидан махфий бўлмаган ҳисобот талаб қилди.

Бундан АҚШ ҳарбийлари ва АҚШ сиёсатдонларида ўзга сайёраликлар борасидаги шубҳа ўрнини уларга нисбатан қизиқиш эгаллаганини сезиш мумкин.

Галактикалараро саёҳатларни тасдиқловчи аниқ бир якуний далил бўлмаса, бирор одамнинг бу борадаги ишончини ўзгартириш қийин.

Ҳарбий раҳбарлар ўша учар техникалар ўзга сайёралик бўлмай, АҚШнинг рақиблари Россия ёки Хитойники бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ҳисобот ҳақида нималар маълум?

Ўтган августда Пентагон номаълум учар жисмларни кузатиш учун "Ҳаводаги номаълум ҳодисалар ишчи гуруҳи"ни ташкил қилганди.

Гуруҳнинг вазифаси бу ҳодисаларни "аниқлаш, таҳлил қилиш ва каталоглаштириш", шунингдек, НУЖларнинг "табиати ва келиб чиқиши"ни ўрганишдир, дейди Пентагон.

Ҳисоботнинг маҳфий қисми шу ой бошларида Конгрессга тақдим қилинган. Номи зикр қилинмаган расмийларнинг АҚШ ОАВсига айтишича, ҳисоботда бегоналар ҳаракатига далиллар келтирилмаган, аммо уларнинг борлиги эҳтимоли ҳам истисно қилинмаган.

Эътиборлиси ишчи гуруҳи кузатилган НУЖлар АҚШнинг махфий ҳарбий технологияси эмаслигини таъкидлаган.

Расмийлар ўтган йигирма йил ичидаги 120 ҳолатни, жумладан, Пентагон ўтган йили ошкор қилган ва "ҳаводаги тушунарсиз ҳодиса", дея изоҳ берилган учта видеони ўрганиб чиққан.

Оламшумул янгилик кутилмаётган бўлса ҳам, роса кулгига олинган масала борасида ҳукумат ҳисоботи тайёрланиши НУЖлар қандай қилиб илмий фантастик оммавий маданият соҳасидан АҚШ миллий хавфсизлиги соҳасига ўтганини кўрсатади.

Нега энди эътибор беряпмиз?

Келтираётган далиллари ҳукумат томонидан эътиборга олинмаётганидан шикоят қилаётган уфологлар деб номланувчи гуруҳлар ўн йиллардан бери АҚШ ҳукуматидан ўзга сайёраликлар ҳақидаги бор маълумотни ошкор қилишни талаб қилиб келади.

Пентагон 2007 йилдан бери кўпчиликка унча таниш бўлмаган Ҳаводан такомиллашган таҳдидларни аниқлаш дастури доирасида маълумот тўплаб келади.

Мазкур дастур учун маблағ Невададан демократ сенатор Ҳарри Рид талаби билан ажратилган. У тамсил этадиган ҳудудда 51 зона - ҳарбий ҳудуд ҳам мавжуд бўлиб, у ерда, конспирологларнинг ишонишича, ўзга сайёраликлар билан тўқнашувдан қолган ва 1947 йилдан бери ўрганиладиган объект жойлашган.

АҚШнинг собиқ юқори мартабали мулозимлари, ҳатто президентлар бу гапларда ҳақиқат бор йўқлиги масаласини кўтарган.

Ҳиллари Клинтоннинг тарғибот кампанияси менежери, НУЖлар ҳақидаги назариялар ихлосманди Жон Подеста 2016 йилги кампанияда Клинтон агар сайланса, ўзга сайёраликлар ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилади деган эди.

Ўтган йили охирларида, ўша пайтдаги президент Дональд Трамп маълумотларни ҳатто ўз оиласига ҳам ошкор қилмаслигини айтган.

"У ҳақда билганимни сизга айтмайман, аммо жуда қизиқ", деганди у.

Собиқ президент Барак Обама май ойида Жеймс Корденнинг тунги ТВ шоусида буни лўндагина қилиб айтганди: "Лавозимга келганимда ўзга сайёраликлардан бирор намуна ва космик кема сақланадиган бирор лаборатория борми, деб сўрадим. Биласизми, улар буни бироз ўрганиб, йўқ деб жавоб беришди".

"Ҳақиқат шуки, жиддий айтяпман, осмонда қандайдир жисмлар тасвири олинган видеолар бор, улар нима эканини билмаймиз", деб давом этган жаноб Обама.

"Улар қандай ҳаракат қилади, траекториясини изоҳлай олмаймиз... Биласизми, менимча, шунинг учун одамлар улар нима эканини аниқлашга жиддий уринмоқда."

НУЖлар ҳақидаги бор маълумотларни ошкор қилиш тарафдорлари Конгрессда ҳам топилади - демократлар ва республикачиларнинг таъкидлашича, ҳисобот аскарларнинг ўзлари гувоҳи бўлган тушунарсиз ҳодисалар ҳақида юқоридагиларга уялмай гапиришига имкон беради.

Қандай далил бор?

АҚШнинг бошқа ҳарбий ва жосуслик расмийлари ҳам бундай ғалати ҳодисаларга гувоҳ бўлган, энг ишончли хабарлар НУЖларни ҳарбий қуроллар ва ўқув қурилмалари олдида шахсан кўрган учувчилардан келади.

Март ойида Трампнинг собиқ миллий разведка директори, аввал 18 та АҚШ жосуслик агентлигини назорат қилган Жон Рэтклиф бу ҳодисаларни қисқа қилиб, "Fox News"га шундай тушунтирди: "Очиғи, оммага айтганларимиздан кўра кўпроқ гувоҳи бўлганмиз уларга."

"Биз денгиз кучлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари кўрган, ёки спутник тасвирига тушиб қолган, ҳаракатлари ғалати жисмлар ҳақида гапиряпмиз."

"Уларнинг ҳаракатини такрорлаш қийин, бизда товуш барьерини бузиб ўтадиган тезликка чиқувчи технология йўқ."

" CBS News 60 Minutes"нинг ўтган ойдаги сонида, денгиз кучларининг икки учувчиси Тинч океани устида ўзларининг ҳаракатларига тақлид қилиб учаётган обьектларни кўрганликларини муҳокама қилишди.

Бир учувчи уни "ТикТакка ўхшаган кичкина оқ обьект" деб тасвирлади.

"Ҳа, айнан шунга ўхшарди, аммо жуда тез, кескин бурилишлар билан ҳаракатланарди ва у қайси томонга учиб, қаёққа бурилишини аввалдан билолмасдик", дейди собиқ учувчи Алекс Дитрих Би-би-сига.

"Унда тутунли из ёки ҳаракат кучи кўринмасди. Унинг юзасида парвозни назорат қиладиган бирор қисми ҳам йўқ эди."

Бошқа давлатлар НУЖлар ҳақида нима қилмоқда?

Собиқ сенатор Рид Пентагоннинг НУЖ бўйича дастлабки дастури учун 22 миллион доллар ажратилганини бошқа давлатлар ҳам бу масалани ўрганяпти деб ҳимоя қилган эди.

"Хитой ҳам ўрганаётганини биламиз, - деди у "Nevada Newsmakers"га 2019 йили. - Россияда ҳам буни қилишяпти, биз ҳам текшириб кўришимиз керак."

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўтказган тадқиқот "иккита эмас, тўртта эмас, олтита эмас, 20 та эмас, юзлаб одамлар уларни кўргани, баъзида бир вақтда кўрганини тасдиқлади", деди у.

НУЖни кўриш АҚШда азалдан ҳайратга солувчи мавзу бўлиб келган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, НУЖни кўриш АҚШда азалдан ҳайратга солувчи мавзу бўлиб келган

Ўтган декабрда Исроил Мудофаа вазирлигининг фазо бўйича бошқармаси собиқ раҳбари маҳаллий газетага жаноб Трамп галактикалараро келишув борлигини "кашф қилиш арафасида" турганди, аммо "оммавий саросима" бошланишидан қўрқиб ўзини тийди, деб айтди.

"АҚШ ҳукумати ва ўзга сайёраликлар ўртасида битим бор, - деди Ҳаим Эшед "Yediot Aharonot" газетасига. - Улар бу ерда тажриба ўтказиш учун биз билан шартнома имзолаган."

Бу мисли кўрилмаган даъвони на инсонлар ва на марсликлар тасдиқлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek