Исроил-Ғазо уруши: Можаро қандай бошланган эди? Yangiliklar, dunyo - Янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
Фаластиннинг жангари гуруҳи бўлмиш Ҳамас Исроилга мисли кўрилмаган ҳужумни амалга оширди, юзлаб қуролланганлар Ғазо сектори яқинидаги Исроил жамоаларига бостириб борди.
Камида 1300 исроиллик ўлди, ўнлаб аскарлар, аёллар, болалар Ғазода гаров сифатида ушлаб турилибди.
1300 дан ортиқ фаластинлик Исроилнинг Ғазога жавоб ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди, боз устига, Исроил Ғазони тўла қамал қилди, аҳолисини эса егуликсиз, ёқилғи ва бошқа зарурий маҳсулотларсиз қолдирди.
Шунингдек, яҳудий ҳукумати Ғазо чегарасига катта миқдорда ҳарбийларни тўплади, фаластинликлар эса янада кўпроқ одамни ҳалок қилиши мумкин бўлган қуруқлик орқали босқин бошланишини кутмоқда.

Алоқадор мавзулар

1948 йилдан илгари Исроил қандай эди ва Балфур декларацияси нима?
Биринчи Жаҳон урушида Усмонийлар мағлуб бўлгач, Британия илгари уларга тегишли бўлган Яқин Шарқнинг шу қисмини, яъни Фаластинни ўз назоратига олди.
Ҳудудда яҳудий озчилик, араб кўпчилик ва яна бир қанча майда этник гуруҳлар истиқомат қилар эди.
Халқаро ҳамжамият Буюк Британияга Фаластинда яҳудий халқи учун "миллий уй" бериш вазифасини юклагандан сўнг араб ва яҳудийлар ўртасида зиддият ўса бошлади.
Бу Британия ташқи ишлар вазири Артур Балфурнинг Британия яҳудий жамоасига берган ваъдаси - 1917 йили эълон қилинган Балфур декларацияси билан боғлиқ эди.
Бу декларация Британия мандатида назарда тутилган ва 1922 йили янги ташкил топган Миллатлар Лигаси томонидан маъқулланган.
Яҳудийлар учун Фаластин уларнинг аждодлари макони, аммо араблар бу ерларни ўзиники деб ҳисоблади ва режага қарши чиқди.

Сурат манбаси, Getty Images
1920 ва 1940 йиллар оралиғида бу ерга кўчиб келувчи яҳудийлар сони ортди, уларнинг аксариси Европадан, Иккинчи Жаҳон урушида нацистлар ҳолокостидан қочганлар эди.
Араб ва яҳудийлар ўртасида ва Британия ҳукмронлигига қарши зўравонликлар кўпайди.
1947 йили БМТ Фаластин ҳудудини иккига бўлиб, араблар ва яҳудийлар учун икки давлат ташкил қилишга овоз берди. Қуддус халқаро шаҳар бўлиб қолиши керак эди.
Бу режани яҳудий етакчилари қабул қилди, араблар эса рад этди ва мутлақо ижро этмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Қандай қилиб ва нима учун Исроил давлати тузилди?
Муаммони ҳал қила олмаган Британия 1948 йили ҳудуддан чиқиб кетди, яҳудий етакчилари эса, Исроил давлати тузилганини эълон қилди.
Бу давлат таъқибдан қочган яҳудийлар учун бошпана ва яҳудийларнинг миллий ватани бўлиши керак эди.
Яҳудий ва араб жангари гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар ойларча кучайиб борди. Исроил давлати эълон қилинган куннинг эртасига бешта араб давлати унга ҳужум қилди.
Юз минглаб фаластинликлар қочди ва улар "Ан-Накба" - "Фожиа" деб атаган ҳодисада ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.
Келаси йили оташкесин имзоланиши билан жанглар тўхтагунча, Исроил ҳудуднинг катта қисмини назоратга олган эди.
Иордания Ғарбий Соҳил деб аталган ҳудудни эгаллади, Миср назоратида фақат Ғазо қолди.
Қуддус эса иккига бўлиниб, ғарбини Исроил кучлари, шарқини Иордания кучлари назорат қилар эди.
Тинчлик битими имзоланмагани учун кейинги ўн йилликларда ҳам урушлар давом этиб турди.


1967 йилги урушда Исроил Шарқий Қуддус ва Ғарбий Соҳилни эгаллаб олди. Шунингдек, Суриянинг Жўлон тепаликлари, Ғазо ва Мисрнинг Синай ярим ороли ҳам Исроил қўлига ўтди.
Аксар фаластинлик қочқинларнинг авлодлари Ғазо ва Ғарбий Соҳилда, қўшни Иордания, Сурия ва Ливанда яшайди.
На улар ва на уларнинг авлодларига ўз уйларига қайтишга Исроил изн бергани йўқ. Исроилнинг айтишича бу мамлакатга юк бўлади ва яҳудий давлатига хавф солади.

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил ҳозир ҳам Ғарбий Соҳилни ишғол қилиб турибди ва бутун Қуддус ўзининг пойтахти эканлигини даъво қилади. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддусни келажакдаги Фаластин давлатининг пойтахти деб билади. АҚШ Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олган оз сонли давлатлардан биридир.
Ўтган 50 йил давомида Исроил Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда яҳудий манзилгоҳларини қурди, ҳозир бу жойларда 700 000 дан зиёд яҳудий яшайди.
Бу манзилгоҳлар халқаро қонунларга кўра ноқонунийдир. Бу БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳам, Британия ҳукуматининг ҳам позицияси. Аммо Исроил буни тан олмайди.
Ғазо сектори нима?
Ғазо Исроил ва Ўрта ер денгиз оралиғидаги тор, кичик ҳудуддир. Уни жанубдан қисқа чегара Миср билан боғлаб туради.
Атиги 41 км узунликда, 10 км кенгликдаги бу жой икки миллиондан ортиқ аҳоли яшадиган дунёдаги энг зич ҳудудлардан биридир.
1948-49 йиллардаги урушда Ғазони Миср ишғол қилган ва 19 йил сақлаб турган эди.
Фаластинликлар
- 14.3 миллион умумий аҳоли
- Ғарбий Соҳил 3 миллион
- Ғазо сектори 2 миллион
- Иордания 2 миллион
- Исроил 2 миллион
- Сурия 0.5 миллион
Манба: Фаластин Марказий статистика бюроси
Исроил Ғазони 1967 йили ишғол қилган ва 2005 йилгача ўзида ушлаб турган. Бу вақт оралиғида ҳудудда яҳудий манзилғоҳлари қурилган.
2005 йили Исроил ўз қўшинлари ва фуқароларини ҳудуддан олиб чиқди, аммо унинг ҳаво ҳудуди, денгиз қирғоқлари ва ўзи билан чегараси устидан тўла назоратни сақлаб қолди. БМТ ҳозир ҳам ушбу ҳудудни Исроил ишғоли остида ҳисоблайди.
Фаластин ва Исроил ўртасидаги муҳим муаммолар нимада?
Икки томон келиша олмаётган турли масалалар бор.
Улар:
- Фаластинлик қочқинлар нима қилиши керак?
- Ғарбий Соҳилдаги яҳудий манзилгоҳлари бузилиши керакми ёки йўқ?
- Қуддусни ўртада бўлишиш керакми?
- Энг мураккаби - Исроил билан ёнма-ён Фаластин давлати қурилиши керакми?
Бу муаммоларни ҳал қилиш учун нималар қилинди?
1990 ва 2010 йиллар оралиғида Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари вақти-вақти билан зўравонликлар манзарасида бўлиб ўтди.
Дастлабки кунларда музокаралар самара бераётгандек бўлиб туюлди. Норвегиядаги бир қатор махфий музокаралар Осло тинчлик жараёнига айланди, бу жараён 1993 йилда Президент Билл Клинтон раислигида Оқ уй майсазорида ўтган маросимда ўз мевасини бера бошлаганди.
Тарихий лаҳзада фаластинликлар Исроил давлатини, Исроил эса ўз тарихий душмани Фаластин Озодлик Ташкилотини (ФОТ) Фаластин халқининг ягона вакили сифатида тан олди. Мустақил Фаластин маъмурияти тузилди.
Бироқ, тез орада ёриқлар пайдо бўла бошлади: ўша пайтдаги мухолифат раҳбари Бенямин Нетаняҳу Осло битимини Исроил учун ҳалокатли таҳдид деб атади. Исроилликлар босиб олинган Фаластин ҳудудларига яҳудийларни жойлаштириш жараёнини тезлаштирди. Бошқа томонда, яқинда пайдо бўлган Фаластиннинг Ҳамас жангари гуруҳи Исроилда одам ўлдириш ва келишувга эришиш имкониятларини йўққа чиқариш учун худкуш-террорчиларни юбора бошлади.

Сурат манбаси, Reuters
1995 йил 4 ноябрда яҳудий экстремист томонидан Исроил Бош вазири Исҳақ Рабиннинг ўлдирилиши билан Исроилдаги муҳит ёмонлашди.
2000 йилларда тинчлик жараёнини жонлантиришга уринишлар бўлган, жумладан, 2003 йилда жаҳон кучлари якуний мақсади икки давлат ечими бўлган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиққан, бироқ ҳеч амалга ошмади.
Вашингтонда исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги музокаралар 2014 йилда барбод бўлгач, тинчликка эришиш ҳаракатлари ниҳоят тўхтаб қолди.
Доналд Трамп президент бўлганида АҚШ томонидан тайёрланган энг сўнгги тинчлик режасини Бош вазир Нетаняҳу "аср келишуви" деб атади, бироқ фаластинликлар уни бир томонлама деб рад этган ва ҳеч қачон амалга оширмаган.
Нега Исроил ва Ғазо сектори ҳозир уруш ҳолатида?

Сурат манбаси, Getty Images
Ғазо Исроилни йўқ қилишга интилаётган ва Британия ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан террорчи гуруҳ деб эълон қилинган исломий жангари гуруҳ Ҳамас томонидан бошқарилади.
Ҳамас 2006 йилда Фаластиндаги сўнгги сайловларда ғалаба қозонди ва келаси йили Ғазо секторини назоратга олди ва Ғарбий Соҳилда жойлашган президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги рақиб Фатҳ ҳаракатини ағдариб ташлади.
Ўшандан бери Ғазо секторидаги жангарилар Исроил билан бир неча бор урушди. Исроил Миср билан биргаликда Ҳамасни изоляция қилиш ва ҳужумларни, айниқса, Исроил шаҳарларига ракета ҳужумларини тўхтатишга ҳаракат қилиш учун секторни қисман қамал ҳолатида ушлади.
Ғазодаги фаластинликлар айтишича, Исроилнинг чекловлари ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ҳаво ҳужумлари омматан жазолашга тенг.
Бу йил ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги фаластинликлар учун рекорд даражадаги ҳалокатли бўлди. Улар, шунингдек, исроилликларга қарши ҳалокатли ҳужумларга жавобан ўрнатилаётган чекловлар ва у ердаги ҳарбий ҳаракатлардан шикоят қилишади.
Исроил
- 9.8 миллион аҳоли
- 73.6% яҳудий
- 21.1% араб
- 5.3% бошқалар
Манба: Исроил Марказий статистика бюроси
Ушбу таранг вазият Ҳамаснинг охирги ҳужуми учун сабаблардан бири бўлиши мумкин.
Аммо жангарилар шу йўл билан аҳоли орасида ўз обрўларини оширишни кўзлаётган бўлиши ҳам мумкин. Масалан, гаровга олиш орқали Исроил қамоқхоналаридаги 4500 фаластинликни озод қилишни талаб этиш.
Бу зиддиятда ким Исроилни қўлламоқда, ким қўлламаяпти?
Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва бошқа Ғарб давлатлари Ҳамаснинг Исроилга ҳужумларини қоралади.
Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар ўтган йиллар давомида яҳудий давлатига 260 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатган ва қўшимча жиҳоз ва ўқ-дорилар ваъда қилган.
Шунингдек, у Ўрта ер денгизи шарқий қисмига авиаташувчи кема ва бошқа кемалар ва учоқларни жўнатаётганини айтди.
Россия ва Хитой Ҳамасни қоралашдан бош тортиб, можаронинг ҳар икки томони билан алоқада эканликларини айтишмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Яқин Шарқдаги нотинчликда АҚШ сиёсатини айблади.
Айни пайтда минтақавий куч бўлмиш Эрон Исроилнинг икки душмани Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг асосий қўлловчиси ҳисобланади.
Бир неча кун олдин Эрон Ҳамасга ҳужумлар учун оқ фотиҳа бергани ҳақидаги хабарлардан кейин унинг сўнгги ҳужумлардаги роли ҳақида саволлар берила бошлади.
Бироқ, Теҳрон ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














