Ғазо: Шифохона бомбаланди, Байден "Исроил билан бирдамлигини" кўрсатиш учун Тел-Авивга келди Isroil Hamas Dunyo Yangiliklar (видео)

A man is pushed into a building on a stretcher

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 15 дақ

Соғлиқни сақлаш мутасаддиларининг айтишича, Ғазо шаҳридаги лиқ тўла шифорхонада портлаш натижасида юзлаб одам ҳалок бўлди. Портлаш ортидан Байденнинг минтақа раҳбарлари билан учрашуви бекор қилинди. Бироқ у "Исроил билан бирдамлигини" кўрсатиш учун Тел-Авивга келди.

Шифокорлардан бири Ал-Аҳли араб шифохонасидаги фожиани "қирғин" деган, яна бири шифохонадаги буткул вайронагарчиликни тасвирлаб берди.

Фаластин маъмурияти портлаш Исроил ҳаво ҳужумларидан сўнг келиб чиққанини таъкидлаган.

Бироқ Исроил ҳарбийлари бу Фаластин Исломий жиҳод гуруҳи томонидан отилган ракетанинг қулаб тушиши натижасида содир бўлганини айтмоқда. Қуролли гуруҳ ушбу айбловларни рад қилган.

7 октябр куни Фаластиннинг Ҳамас қуролли гуруҳи Исроилга мисли кўрилмаган ҳужум қилиб, 1300 одамни ўлдиргандан бери Исроил ҳарбий самолётлари ва артеллерияси Ғазони бомбаламоқда.

Ғазога ҳужумлар натижасида 3000 дан зиёд инсон ўлдирилган.

Шифохонанинг портлатилиши минтақадаги инсоний инқирозни бартараф этиш ҳаракатларини хавф остига қўйиши мумкин. Иордания чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден, Қирол Абдуллоҳ ва Фаластин ҳамда Миср раҳбарлари билан бўладиган саммитни бекор қилди

Байден "Исроил билан бирдамлигини" ва "хавфсизликка содиқлини" кўрсатиш учун келишни режалаган Тел Авивга ташрифини бекор қилмаган.

икки президент

АҚШ президенти Жо Байден Ғазодаги шифохонага қилинган зарбадан "чуқур қайғуша тушгани ва ғазабланганини" айтган.

У шифохонага ҳужум борасида Исроил таъкидлаётган гапларга қўшилган.

Исроил ҳодиса бўйича ўз суриштирувини эълон қилганди. Унда Исроил мудофаа кучлари зарбага алоқаси йўқлиги ва шифохонага келиб тушган ракетани Фаластиннинг "Исломий жиҳод" гуруҳи отгани айтилган.

"Кўрганларимга кўра, буни сиз эмас, бошқа томон қилганга ўхшайди. Аммо бунга ишонмаётган кўплаб одамлар бор, шунинг учун қиладиган ишларимиз кўп", деган Байден Нетаняҳу билан бирга ўтказган матбуот анжуманида.

Сешанба туни Ал-Аҳли араб шифохонасидан олинган тасвирларда хаос, қонга беланган ва майиб-мажруҳ жабрдийдаларнинг қоронғуда замбилда олиб чиқилаётганини кўриш мумкин.

Вайроналар билан тўлиб тошган кўчада жасадлар ва мажақланган машиналар кўринади.

Видеоларнинг бирида снаряднинг майдонга келиб тушгани ва натижада портлаш содир бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин.

"Биз шифохона ичида операция қилаётгандик, қаттиқ портлаш бўлди ва жарроҳлик хонасидаги шифт қулаб тушди. Бу қирғин", дейди урушда яраланган одамларни даволашда ёрдам бераётган Чегара билмас шифокорлар пластик жарроҳи доктор Ҳассан Абу Ситтаҳ.

Би-би-сига гапирган яна бир шифокорга кўра, касалхонанинг 80 фоизи яроқсиз ҳолга келиб қолган ва тахминан 1000 одам ҳалок бўлган ёки жароҳатланган.

Аҳли ал Араб шифохонаси тўлиқ Англия Черкови томонидан молиялаштирилади. Бу муассасанинг Ғазодаги ҳар қандай сиёсий гуруҳлардан мустақил эканлигини англатади.

Қуддусдаги Авлиё Жорж коллежи декани ва муқаддас шаҳардаги черковнинг энг нуфузли арбобларидан бири Канон Ричард Сюэллнинг айтишича, нима содири бўлгани ҳақида ишончли ахборот олиш қийин. Бироқ у шифохонага зарба берилгани ва бу "даҳшатли сонда одамларнинг ўлимига" сабаб бўлганини тасдиқлашини айтди.

Унинг Би-би-сига айтишича, ўтган ҳафта сўнггида 6000 атрофидаги қочқин шифохона ҳовлисига жойлаштирилганди.

Унинг таъкидлашича, шифохона илк маротаба ўтган шанба куни Исроилнинг ҳаво ҳужуми натижасида зарар кўрган ва 4 киши дароҳат олган. Шундан сўнг 5 минг киши ҳовлини тарк этган ва у ерда аксари ногирон ёки ҳаракатланишда кимнингдир ёрдамига муҳтож қариялардан иборат минг киши қолган.

Сюэллнинг айтишича, душанба куни бўлган портлаш вақтида шифохона ичида 600 бемор ва уларга қараётган тиббиёт ходимлари бўлган, аммо унинг ишонишича, ҳалок бўлганларнинг аксари ташқарида бўлган.

"Тасодифий ёки қасддан қилинган бундай ҳужумларни оқлаб бўлмайди. Бу буткул даҳшатли манзара ва тафсилотлари энди чиқмоқда", деган у.

Ғарбий Соҳил жунбушда

жунбуш

Ғарбий Соҳилда ғазаб. Рамаллаҳда ёшлар хавфсизлик кучлари билан тўқнашишди. Улар бунга жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ ва товушли граната қўллашди.

Ғазодаги касалхонанинг ҳужумга тутилганига оид хабар минглаб одамни кўчаларга етаклади.

Улар ўз қаҳру ғазабларини фақат Исроил эмас, президент Маҳмуд Аббос ва кўпчилик заиф ҳамда легитим эмас, деб кўрувчи Фаластин маъмуриятига ҳам қаратишди.

Маҳмуд Аббос Иорданияда АҚШ президенти билан учрашмаслиги ва ортга қайтаётганлигини эълон қилди.

Ўтган тун ҳам Иордания пойтахтидаги Исроил элчихонаси ташқарисида оммавий намойишлар ва тўқнашувлар бўлиб ўтди.

"Бу ҳудудни эгаллаб, Исроилга асос солинаётган пайтда улар Халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишган. Тиббий марказлар ва касалхоналарга тегилмаслиги керак. Женева келишувида бу аниқ айтилган", - дейди маҳаллий яшовчилардан бири.

Туркияда ҳам минглаб одам Исроилга қарши намойишга чиқди.

Ғазода уруш авж оларкан, бу бутун минтақа учун хавфли онларни англатади.

17 октябр куни нималар содир бўлди:

Хан Юнусда тун оша бомбаланган бинодан одамлар омон қолганларни қидиришмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Хан Юнусда тун оша бомбаланган бинодан одамлар омон қолганларни қидиришмоқда.

1.АҚШ Президенти Жо Байден Ғазодаги Ҳамас жангариларига қарши ҳарбий амалиёт режалари билан танишиш учун чоршанба куни Исроилга келиши кутилади.

2.Оқ Уйга кўра, Байден амалиётларда "инсоний талафотларни имконқадар камайтириш"ни муҳокама қилади.

3.Ҳамасни қўллаб-қувватловчи Эрон, шу пайтгача бўлган энг кучли огоҳлантириши билан, келгуси соатларда Исроилга қарши "тўхтатувчи чора" кўриши мумкинлигини айтди.

4.Ишонилишича, Эрон буни Ливан жанубида жойлашган Ҳизбуллоҳ жангарилари иштирокида қилиши мумкин. Ҳизбуллоҳ охирги кунларда Исроил билан отишмалар олиб бормоқда.

5.Айни дамда, БМТнинг инсонпарварлик ёрдами бўйича раҳбари Мартин Гриффитс Ҳамас назоратидаги Ғазода тиббиёт тизими ва касалхоналар "барбод" бўлаётганини айтган.

6.Фаластин расмийларига кўра, Исроилнинг душанба куни Ғазо жанубига, хусусан Рафа чегара пунктига қилган ҳаво зарбалари 49 кишини ўлдирган.

7.Исроилда 7 октябрдан бери Ҳамас 1300 одамни ўлдирди. Исроил эса Ғазога қарши жавоб ҳужумлари билан 2700 одамни ўлдирган.

Исроил армияси Ливандан Исроилга ўтмоқчи бўлган тўрт кишини ўлдирганини айтмоқда. "Бироз аввал Исроил мудофаа кучлари Ливан билан чегарадаги хавфсизлик тўсиғини кесиб ўтмоқчи бўлган террорчи гуруҳни илғади. Тўрт террорчи ўлдирилди", дейилади Исроил баёнотида.

Ўзаро чегарага эга бўлган Исроил ва Ливан ўртасида танглик ортиб боряпти. Исроил армияси ва Ливаннинг энг қудратли жангари гуруҳи бўлмиш Ҳизбулло ўртасида отишмалар юз бермоқда. 2006 йилда икки томон бир ойлик жанг олиб борган эди.

Якшанба куни бир исроиллик оддий фуқаро ва бир аскар Ливандан отилган ракеталар остида ҳалок бўлишган. Исроил бунга жавобан Ҳизбулло ҳарбий нуқталарини ўққа тутган.

Ҳизбулло кучли армия ва Эрон дастагига эга.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ҳизбулло кучли армия ва Эрон дастагига эга.

Охирги кунларда Эрон бир неча бор Исроил-Ҳамас урушининг кенгайиб кетиши ҳақида гапирди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Аммо, Эрон ташқи ишлар вазирининг охирги баёнотлари энг кескин огоҳлантириш бўлмоқда.

Ҳоссейн Амирабдуллаҳиан, агар Исроилнинг Ғазодаги "фаластинликларга қарши уруш жиноятлари" тўхтамаса, "қаршилик фронти келгуси соатларда тўхтатувчи чора" кўриши мумкинлигини билдирган.

"Қаршилик фронти"га минтақадаги Исроилга қарши қатор гуруҳлар, хусусан Эрон дастакловчи Ҳизбуллоҳ ҳам киради.

Ҳизбуллоҳ Исроил ҳудудларига чуқур кириб бора оладиган ракеталар ва ўта катта оғир қуроллар арсенали, ҳамда ўн минглаб яхши тайёрланган жангчиларга эга.

"Қаршилик фронти"га Эрон Сурияда ва Ироқда қўллаб-қувватловчи жангари гуруҳлар ҳам киради.

Ғарб давлатлари Теҳронни зиддиятни янада авж олдирмасликка чақирганлар. Хавотирларга кўра, агар Исроил Ғазога кириб борса, кенгроқ кўламли уруш юзага келиши мумкин.

Isroil harbiylari

Сурат манбаси, Martin Divisek/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Исроил ўзининг режасини ошкор қилди. Ғазони ҳам ҳаво, ҳам ер ва ҳам сувдан ҳужумга тутмоқчи эканини айтди.

16 октябрь, душанба

Алоқадор мавзулар:

Режа?..

Исроил ўзининг режасини ошкор қилди.

Ғазони ҳам ҳаво, ҳам ер ва ҳам сувдан ҳужумга тутмоқчи эканини айтди.

Аммо бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмади.

Исроил Ғазога қачон ва қанча зарба бериши ноаён қолди.

Шанба куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху олд жабҳадаги ҳарбийларига, "Кейинги босқич яқинлашаётгани"ни айтди.

Бундан аввал Исроил Ғазо шимолида яшовчи бир миллиондан ортиқ фаластинликни огоҳлантирган.

Уларни 24 соат ичида Ғазо жанубига ўтишга чақирган.

Исроил томонининг маълум қилишича, ўтган уч кун ичида Ғазони ярим миллионга яқин одам тарк этган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо шимолидаги касалхоналарни ҳам эвакуация қилиш буйруғини қоралаган.

Халқаро ташкилот беморларни кўчиришга мажбурлаш - улар учун "ўлим ҳукми" бўлишини айтган.

BBC Verify ўтган ҳафта Ғазони тарк этаётган машинага берилган зарба оқибатида аёллар ва болалар ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ҳужум кимнинг иши бўлгани ҳозир ҳам маълум эмас.

Ҳамаснинг шанба кунги ҳужумидан буён Исроилнинг жами талафоти 1400 кишидан ортган.

Исроил бунга жавобан Ғазода шу пайтгача 2400 дан ортиқ одамни ўлдирган.

Исроил амалиёти кечикаяптими?

Infografika

Сурат манбаси, .

Исроилнинг Ғазо шимолидагиларга оид буйруғи янги саволларни пайдо қилган.

Кўпчилик ўзининг диққатини Исроил нега қуруқликдаги амалиётини ҳалиям бошламаётганига қаратган.

"Нью-Йорк Таймс" манбаларининг маълум бўлишича, бунга об-ҳавонинг жуда булутли экани сабаб бўлган.

Исроил бу дрон операторларининг ишини қийинлаштиришини ўйлаган.

Британиялик ҳарбий эксперт Шон Белл ҳам мазкур масалада ўзининг фикрлари билан ўртоқлашган.

Эксперт Sky News га берган интервьюсида бунинг учта асосий сабабини келтирган:

Биринчи сабаб: Ташқи ва айниқса, АҚШ томонидан кўрсатилаётган босим. Экспертга кўра, ҳозир дунёда Исроилга қўллов катта.

Аммо Вашингтон Исроил жавоб ҳужумида оғирроқ бўлишини хоҳлайди.

"Ҳар бир инсоннинг ҳаёти қадрли. Бироз шошмасангиз, тинч аҳолига Ғазони тарк этиши учун кўпроқ вақт берасиз", - дейилмоқчи.

Иккинчи сабаб: Қуруқликдаги амалиётига ҳозирлик кўриши учун Исроилга кўпроқ вақт керак.

Ҳамас Исроилга тўсатдан ҳужум қилди.

Исроил эса, ҳужумга бу яқин ўн йилликларда кўрилмаган йирик ҳарбий амалиёт билан жавоб бермоқчи.

"Улар одамларни тайёрлаш, сафарбар қилиш ва қуроллантириш, логистикани тартибга солиши керак. Бу катта иш", - дейди Белл.

Экспертнинг қўшимча қилишича, Ғазо бўлгаси ўзига хос табиати туфайли "ҳарбий хизматга янги ёлланганлар, айниқса, уқуви йўқлар учун эмас".

Учинчи сабаб: Экспертнинг фикрича, Исроил ҳали ҳам кўпроқ разведкага муҳтож.

"Аксарият ҳарбий амалиётлар пухта ишлаб чиқилади - бу ўзига хос жанговар ўйин. Сиз барча эҳтимолий хавфларни чамалайсиз. Энг яхши стратегияни танлашга ҳаракат қиласиз. Буларнинг барчаси вақт талаб қилади", - дея хулоса қилади эксперт.

Ғазо "даҳшат ва қирғинбарот" ичидами?

G'azo

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроил томонининг маълум қилишича, ўтган уч кун ичида Ғазони ярим миллионга яқин одам тарк этган.

Британиядаги Фаластин миссияси раҳбари Ғазодаги бугунги аҳволга ўзининг баҳосини берди.

Ҳусам Зомлот ВВС News билан телевизион суҳбатида буни "даҳшат" ва "қирғинбарот", деб атади.

Зомлот Исроил ишғоли остидаги Ғарбий Соҳилни бошқарувчи Фаластин маъмуриятини намоён этади.

Ғазо бўлгаси эса, ҳозир Ҳамасга қарайди.

Зомлот Буюк Британия ҳукуматини "тарихий, ҳуқуқий ва сиёсий мажбуриятларига содиқ қолиш"ва Исроилга "яшил чироқ бериш"ни бас қилишга чақирган.

Ғазо бўлгасида Ҳамасни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги саволга келганда, дипломат бунга кўпчилик бирон ташкилот билан иттифоққа кирмаслигини айтиб, жавоб берган.

Шу билан бирга, у Ғазодаги аксарият Фаластин маъмуриятини бошқараётган Фатҳ ҳаракатини қўллашига ҳам ишончи комиллигини билдирган.

Ҳамас 2007 йилда Ғазода ҳарбий тўнтариш қилган, сиёсатчилар ва Фатҳ тарафдорларини қисман ўлдирган ёки у ердан қувиб чиқарган. Кейин бўлга назоратини якка ўзининг қўлига олган.

Исроил Ғазода нима қилмоқчи?

AQSh prezidenti

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Жо Байден якшанба куни CBS телевизон каналининг Исроил Ғазони босиб олиши мумкинми, деган саволига жавоб бераркан, бунинг катта хато бўлишини айтган.

Бу саволга Исроилнинг БМТдаги элчиси жавоб берди.

Гилад Эрданнинг айтишича, Исроил Ғазони ишоғол қилмоқчи эмас.

У АҚШ президенти Жо Байденнинг сўзларини шарҳлар экан, мамлакати Ғазони босиб олишдан манфаатдор эмаслигини баён қилган.

"Биз Ғазони босиб олиш ёки у ерда қолишдан манфаатдор эмасмиз. Аммо биз омон қолиш учун курашаётганимиз боис, президент Байденнинг ўзи таъкидлаганидек, бунинг ягона йўли - Ҳамасни йўқ қилиш. Шундай экан, уларнинг куч ва воситаларини йўқ қилиш учун лозим бўлган ҳамма нарсани қилишимизга тўғри келади", - деб айтган Исроил элчиси CNN билан суҳбатида.

Xarita

Сурат манбаси, Infografika

Жо Байден якшанба куни CBS телевизон каналининг Исроил Ғазони босиб олиши мумкинми, деган саволига жавоб бераркан, бунинг катта хато бўлишини айтган.

Айни пайтда Байденнинг фикрича, Ғазода жойлашган Ҳамас "йўқ қилиниши керак".

Шу дам олиш кунларида янграган устма-уст баёнотларга Ҳамаснинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

13 октябрь: Янгиликлар. Ғазо: Исроил 24 соат ичида Ғазони нима қилмоқчи?

Янги буйруқ

G'azo

Сурат манбаси, Ashraf Amra/Anadolu Agency via Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги огоҳлантириш Исроил "Ғазога қуруқликдан ҳужум бошлаши кутилаётган бир пайтда тўғри келди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Исроил янги буйруқ билан чиққан.

Ғазо шимолидаги барчага 24 соат ичида жанубга ўтишларини айтган.

Сўз бўлга аҳолисининг қарийб ярми - бир миллиондан ошиқ ғазолик ҳақида кетмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроилдан эвакуация ҳақидаги буйруғини бекор қилишини сўраган.

Халқаро ташкилотга кўра, "инсоний тарафи назарда тутилганда, бу иш ҳалокатли оқибатларсиз кечмайди".

Айнан Ғазо бўлгаси шимолида аҳоли зич яшайди.

Шу соатларда олинган хабарларга кўра, Исроил ҳарбийлари бу хусусда Ғазо шимолидагиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишган.

"Ўз хавфсизликлари ва ҳимоялари учун" бу ердан чиқиб кетишларини сўрашган.

Xarita

Сурат манбаси, ,

Исроил элчиси эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг эвакуация буйруғига жавоби "шармандали" эканини айтган.

Сўнгги огоҳлантириш Исроил "Ғазога қуруқликдан ҳужум бошлаши кутилаётган бир пайтда тўғри келди.

Исроил Ҳамасни "Ер юзидан йўқ қилиши"ни даъво қилган.

Шу кунларда Ғазо билан чегарасига ҳарбийлари, оғир артиллерияси ва танкларини сафарбар этишга зўр берган.

Исроилнинг сўнгги баёнот ва огоҳлантиришларига Ҳамаснинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Ҳамас шу дам олиш кунларида амалга оширган ҳалокатли ҳужумлари ортидан камида 150 нафар исроилликни Ғазога олиб қочган.

Исроил берган талафотларнинг сони ҳозирга келиб бир минг уч юз кишидан ортган.

Исроилнинг жавоб амалиётлари эса, Ғазода 1400 дан ортиқ инсонни ўлдирган.

Исроил ҳозир Ғазони тўлиқ қамал қилиб турибди.

Ҳамас гаровдагилар барчасини озод қилмаса, чекловларни олиб ташламаслигини айтмоқда.

Ёрдам ташкилотлари Ғазодаги "аянчли" аҳволдан хавотирда.

Озиқ-овқат ва сув тугаяпти, ўн минглаб ҳомиладор аёл энг оддий ёрдамга ҳам имконсиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълум қилишича, Ғазо бўлгасида ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган одамларнинг сони 400 мингдан ортган.

Халқаро ташкилот, шунингдек, Ғазо бўлгаси ва Ғарбий Соҳил аҳолисининг фавқулодда эҳтиёжлари учун $294 миллион доллар ёрдам сўраб, мурожаат ҳам қилган.

Ҳамас ўз сўзини айтди...

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

1,1 миллион одам эса, 24 соат ичида бошқа жойга кўчиб ўтолмайди. Бу соатига 40 минг инсон дегани.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидагиларнинг маълум қилишича, Исроилнинг буйруғи барчага бирдек тааллуқли.

У халқаро ташкилот идоралари, мактаблар ва тиббиёт марказларидан бошпана топиб турган барчани қамраб олади.

Шу боис ҳам, БМТ ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини айтиб, Исроилдан ўзининг буйруғини бекор қилишини сўрамоқда.

Хабарларга кўра, Халқаро Қизил Хоч ва БМТ ёрдам ходимлари карвонлари Ғазо шаҳридан бўлга жанубига қараб йўл олган.

У ерда эса, эвакуация операциясига ҳозирлик кетаётган бўлиши мумкинлигига оид тахминлар бор.

Ҳамас етакчилигидаги Ғазо Ички ишлар вазирлигининг жавоби ҳам вазиятни янада оғирлаштирган.

У одамларни Исроилнинг буйруғига бўйсунмасликка чақирган ва буни "психологик уруш", деб атаган.

Исроил эса, Ғазо шимолидагиларни "жонларини асраб қолиш" учун жанубга кетишга чақирганди.

Ҳамас жангари гуруҳи қуролли қанотининг маълум қилишича, гаровдагиларнинг 13 нафари Исроил сўнгги 24 соат ичида Ғазога берган зарбалар чоғида ҳалок бўлган.

Гуруҳнинг таъкидлашича, уларнинг орасида хорижий давлат фуқаролари ҳам бор.

Ғазода шанба куни Ҳамас Исроилдан олиб қочган камида 150 одам ушлаб турилибди, уларнинг орасида аёллар, болалар ва кексаларнинг ҳам борлиги айтилади.

Исроил армиясининг маълум қилишича, ҳужумларининг сўнггисида Ғазо бўлгасидаги 750 та ҳарбий объектга зарба беришган.

Минглаб бомба...

G'azo

Сурат манбаси, .

Исроил Мудофаа кучлари матбуот котибининг маълум қилишича, шанба кунидан буён Ғазога 6 мингта бомба ташланган.

Дэниел Ҳагари X-даги постига портлагани акс этган бинонинг видеосини ҳам илова қилган.

Унинг айтишича, портловчи моддаларнинг оғирлиги 4 минг тоннагача бўлган.

АҚШ Давлат котиби эса, Исроилда экан, уларга мамлакатининг чексиз қўлловини ваъда қилган.

Энтони Блинкеннинг айтишича, Исроилдан Ғазодан кетмоқчи бўлган оддий инсонларга имкон беришини ҳам сўраган.

Аммо унинг бу сўровига Исроил томони қандай жавоб бергани тафсилотлари очиқланмаган, Ҳамаснинг муносабати ҳам кўзга ташланмайди.

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Иордания қироли Абдуллоҳ II билан учрашиб, "Фаластин халқига қарши кенг қамровли тажовузини зудлик билан тўхтатиш"га чақирган.

Маҳмуд Аббос Ҳамаснинг Исроилга кутилмаган ҳужуми ортидан бу ҳақда илк бор ошкора гапирган.

Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин маъмурияти раҳбари Ҳамаснинг ашаддий рақиби ҳисобланади.

Ҳамас Ғазо назоратини 2007 йилда қўлга киритган.

Жиддий келишмовчиликлар ортидан, ўша пайтда бошқарувда бўлган Фаластин маъмурияти ва Маҳмуд Аббоснинг "Фатҳ" партиясига мойил кучларни бўлгадан сиқиб чиқарган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши бугун, жума куни яна фавқулодда йиғин ўтказмоқчи.

Хабарларга кўра, йиғин ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтади.

12 октябрь

Гаровга олинган инсонлар озод этилмагунча Исроил Ғазо қамалини тўхтатмайди

Ғазо бўлгаси Исроил ҳужумидан кейин

Сурат манбаси, AFP

Исроил раҳбарлари Ҳамасни ер юзидан йўқ қилишларини айтдилар, Ҳамас Исроил ҳудудида гаровга олган 150 инсон озод этилмагунча, Ғазо бўлгасига сув, электр ва дори-дармон киритилмайди дедилар.

Исроилда Бош вазири Бенжамин Нетаняху билан мухолифатдаги "Миллий бирдамлик" партияси раҳбари Бенни Ганц фавқулодда ҳукумат ва "ҳарбий кабинет"ни шакллантиришга келишиб олганларидан кейин Бош вазир Нетаняху баёнот берди.

Нетаняху Ҳамаснинг ҳар бир аъзоси "мурда" деди, Исроил Мудофаа вазири, Ҳамасни ер юзидан йўқ қиламиз, деди.

Исроил захирадаги ҳарбийларини Ғазо бўлгасига бостириб киришга тайёрламоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Исроил расмийларига кўра, Ҳамаснинг ҳужумлари оқибатида 1300 одам ҳалок бўлган, камида 150 одам гаровга олинган.

Ҳамас ҳужумлари бошланган кундан буён яраланган исроилликларнинг сони 3391 кишини ташкил этгани хабар қилинди.

Фаластин Соғликни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, Исроил қасос амали сифатида Ғазо секторини бомбалашни бошлаганидан буён Ғазода ҳалок бўлган инсонларнинг сони 1417 га етган.

6200 дан ортиқ инсон жароҳатланган.

Исроил фақат Ҳамас қароргоҳларини нишонга олаётганини айтади, тинч фуқароларни Ғазодан чиқиб кетишга чақирган.

Бироқ Ғазони ташқари билан боғлайдиган бирор чегара пунктидан ўтишнинг имкони йўқ.

Шу куни Миср Ғазо билан ўтиш нуқтаси очилганини маълум қилди.

Ҳозир 338 минг ғазолик уйларини ташлаб чиққанлар, БМТ га тегишли масканларда жон сақлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Исроил Ҳамас ҳужумларида фойдаланган ва Исроил ҳудудида гаровга олган инсонларини яшираяпти деб кўраётган ер соти туннелларини вайрон этиш мақсадида ҳужум қилаётганини айтади.

Гаровдаги одамлар озод этилмагунча Ғазо қамали тўхтамайди, деди Исроил вазири Израэл Кац.

Бўлгага сув, электр узатилмайди, бирорта ёрдам машинаси ўтказилмайди, деди у.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ғазодаги шифохоналар электрсиз қолишидан огоҳлантириш билан чиқди.

Ғазолик журналист Плестия Алақад иқтибоси

Сурат манбаси, .

Шифохоналарни электр қуввати билан таъминлаётган генераторларнинг ёнилғиси пайшанба, 12 октябргача етиши мумкин, дейилди.

БМТ экспертлари сўнгги зўравонликлар Ғазо яшовчилари учун "коллектив жазо" бўлаётганини қоралаб чиқдилар.

Шанба кунидан буён Ғазода 11 БМТ ходими ҳалок бўлган.

АҚШ расмийлари ва журналистларга гапирган Миср мулозимларига кўра, Миср ҳукумати Исроилни Ҳамас ҳужумларидан уч кун олдин "нимадир катта нарса" юз бериши ҳақида огоҳлантирганларини айтдилар.

Исроил махсус хизматлари Ҳамас ҳужумидан аввалдан огоҳлантирилгани ҳақидаги хабарни Бош вазир Нетаняху буткул сохта хабар деб атади.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга етиб борди, Исроил раҳбарларига АҚШ қўллаб-қувватловини изҳор этди.

Жаноб Блинкеннинг Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашуви режаланган, у гаровга олинган инсонларни озод этиш масаласини муҳокама этмоқчи.

Ҳамас гаровга олган 150 инсон орасида АҚШ фуқаролари ҳам борлиги хабар қилинмоқда.

Исроил расмийлари 97 гаровга олинган инсоннинг шахси аниқланганини айтдилар.

Бир неча мамлакат, хусусан, Миср, Қатар ва яна бир неча мамлакат Ҳамас билан Исроил ўртасида гаровдагиларни озод қилиш масаласида воситачилик қилаётгани хабар қилинмоқда.

11 октябр. Исроил Ғазодаги манзара "қабул қилиш қийин" ҳолатга келишини айтди ва қўллаб-қувватланишга умид қилмоқда

Фаластин расмийлари кўплаб одамлар вайроналар остида қолаётгани ва уларни қутқариш имконсиз эканлигини айтмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластин расмийлари кўплаб одамлар вайроналар остида қолаётгани ва уларни қутқариш имконсиз эканлигини айтмоқда

Исроил Мудофаа кучлари Ғазодан келадиган тасвирларни қабул қилиш қийин бўлишини айтди. Исроил армиясининг урғулашича, Исроил ва Ғазода қурбонлар сони ортишига қарамасдан жанглар жадал давом этади.

"Биз ўта оғир йўқотишларга учрадик… Шундай бўлса-да, бу бизни тўхтатолмайди ва қатъиятимизни юмшатмайди", деган Исроил армияси матбуот котиби Жонатан Конрикус видео мурожаатида.

У жанглар кучайиб кетган тақдирда ҳам Исроилни қўллаб қувватлаш давом этишига умид билдирган.

"Жанглар кучайиб ва Ғазо бўлгасидан келаётган тасвирларни ҳатто тушуниш ва қабул қилиш қийин бўлиб қоладиган тақдирда ҳам бу (дастак, таҳр) сақлаб қолинади, деб умид қиламиз", деган Жонатан Конрикус.

Ғазо бўлгаси бу тунда ҳам ракеталар ҳужумига тутилган. Исроил 24 соат ичида 450 та нишонга зарба берилганини айтмоқда.

Ҳамас матбуот котиби Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида камида 30 инсон ўлдирилганини билдирган.

иқтибос

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Исроил шанба куни ҳаво зарбаларини бера бошлагандан бери Ғазода 950 инсон ҳалок бўлган.

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, зарбалар натижасида мавзелар вайрон бўлган.

Хон Юнусда эркак ҳаво ҳужумидан сўнг яраланган қизлаоқни кўтариб кетмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Хон Юнусда эркак ҳаво ҳужумидан сўнг яраланган қизлаоқни кўтариб кетмоқда

Исроил Ҳамасга хизмат қилишини даъво қилиб Ғазодаги банк ва олийгоҳларни ҳам нишонга олмоқда.

Исроил кучлари Ғазодаги Ислом университетига зарба берганини тан олган. Ҳарбийлар Ҳамас муҳандислари университет ҳудудидан фойдаланганини даъво қилган.

Ғазодан хабар берган Би-би-с мухбири Рушди Абу Алоф одамлар анча хавфсиз деб ишонаётган шаҳарнинг жанубий қисмидаги шифохона ва мактабларга қатнаётганига гувоҳ бўлган.

БМТнинг бўлгада уйсиз қолган 200 минг одамни жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бу Ғазо аҳолисининг 10 фоизи демакдир.

"Одамлар токсиз, сув ва озиқ-овқатсиз қолишди. Улар оз миқдорда овқат олиш учун новвойхоналар ташқарисида навбатга туришибди. Банклар кам миқдорда пул ва ёнилғи қуйиш шаҳобчалари оз миқдорда ёнилғи бермоқда", дейди Рушди Абу Алоф.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий марказлар ва шифохоналарда 24 соатнинг ичида дори-дармон тугашини айтган.

Ғазодаги ягона энергия станцияси фаолиятини тўхтатиш арафасида турибди.

Исроил Ғазога қарата ердан ҳам ракета учира бошлаган
Сурат тагсўзи, Исроил Ғазога қарата ердан ҳам ракета учира бошлаган

Исроил Ҳамас ҳужуми натижасида ҳалок бўлган одамлар сони 1200 га етганини айтган.

Исроил армияси Ғазога чегараси яқинига заҳирадан чақирилган 300 минг аскарини териб қўйган.

Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Жонатан Конрикуснинг айтишича, Исроил армияси Ғазо атрофидаги чегара тўсиқларини тиклаган. Ғазо чегараси яқинига "пиёда, зирҳли техника, артеллерия" ва қўшимча 300 минг заҳирадаги аскар йўналтирилган.

"Улар Ғазо бўлгасига яқинида Исроил ҳукумати томонидан берилган вазифани бажаришга шай бўлиб туришибди. Бунинг ҳаммаси уруш сўнгида Ҳамас Исроил фуқароларини ўлдирадиган ва таҳдид қиладиган ҳарбий салоҳиятсиз қолишини таъминлаш учун қилиняпти", деган у.

Исроил армиясига кўра, шу кеча кундузда Ҳамаснинг 18 нафар жангариси ўлдирилган. Ҳарбийларга кўра, "ушбу жангчилар Ғазога қайтиб ўтмаган террористлардир"

Бир кун олдин Исроил ўз ҳудудларида 1,5 минг қуроллининг жасадини топганини айтганди.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Исроил-Фаластин можаросидаги охирги тафсилотлар: 10 октябр, 2023 йил

  • Ҳамас жангарилари шанба куни ёриб кирган Исроил-Ғазо чегараси ниҳоят ёпилди, дея хабар қилмоқда Исроил ҳукумати.
  • Исроил ҳаво кучлари душанбадан сешанбага ўтар кечаси Ғазо бўлгасидаги 200 нишонга зарба берганини айтмоқда.
  • Душанба оқшомида Ҳамас, агар Исроил ҳаво зарбалари огоҳлантиришларсиз давом этса, гаровдаги исроилликларни ўлдиришини айтиб таҳдид қилган.
  • Исроил армияси Ғазо аҳолисига Миср назорат қилувчи чегара ўтиш нуқтаси орқали чиқиб кетишни маслаҳат берган, аммо кейин бу ўтиш нуқтаси ёпиқ эканини айтган.
  • Исроил Ғазога ёқилғи, электр ва сув таъминотини тўхтатар экан, Юнисеф Ғазодан чиқиб кетиш учун инсонпарварлик даҳлизи очилишини сўраган.
Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Исроил ҳужумлар шанба тонгида бошланганидан бери 1500 нафар жангариларнинг жасадларини топганини айтмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Ғарбий соҳилда яшайдиган Оксфам ходимининг Би-би-сига айтишича, Ғазоликлар унга Исроилнинг бомбардимони "ҳеч қачон бу қадар ёмон бўлмаган"ини айтишган.

Буша Халидининг айтишича, унинг Ғазодаги оиласи йилларки Исроил армиясининг босими ва блокада остида яшади, уларга чиқиб кетишга ё таълим олишга рухсат бўлмади.

"Сув йўқ, электр йўқ, ёқилғи йўқ, бор заҳиралар эса тугаб боряпти", дейди у Би-би-сига.

Халидининг айтишича, Ғазода мобил интернет хизматлари ишламаётгани сабабли у оиласи билан мунтазам хабарлаша олмаяпти.

"Жиянларим даҳшатга тушган, улар шу мутлақ террор остида яшайдилар, улар фақат блокада ва урушларни биладилар. Улар ҳатто ўз уйларининг ичида ҳам онасисиз ҳеч қаерга бормайдилар. Бутун оила бирга ухлаяпти, агар ўлсак, бирга ўламиз, дея."

Исроил Ҳаво кучлари тунда Ғазодаги 200та Ҳамас ва бошқа ҳарбий гуруҳлар нуқталарига ҳаводан ҳужум қилганини айтди.

12 яшар Эрез гаровга олинган исроилликлардан бири экани ишонилади.

Сурат манбаси, family handout

Сурат тагсўзи, 12 яшар Эрез гаровга олинган исроилликлардан бири экани ишонилади.

Ижтимоий тармоқларда Ҳаво кучлари Римал ва Хан Юнис ҳудудларига қирувчи учоқлар билан ҳужум қилиб, Ҳамаснинг назорат маркази, қурол омборхонаси ва Ҳамас қўмондони экани ишонилган кишининг уйини йўқ қилганини билдирди.

Унга кўра, қурол омборхонаси масжид ичида бўлган.

Аввалроқ Фаластин тиббиёт расмийлари Ғазо бўлгасининг шимолида одамлар зич яшовчи Жабалия қочқинлар жамлоғига қилинган Исроил ҳужумида 15 киши ҳалок бўлганини айтганлар.

Би-би-сининг араб хизмати ҳаво ҳужумлари ортидан юзага келган вайроналарни суратга олди.

БМТнинг душанба тонгида чиқарган рақамларига кўра, Ғазода 187 мингдан ошиқ одам уйидан қочган ва бу кўрсаткич ўсиши кутилади.

БМТга тегишли мактабларда 137500 киши яширинган.

Чегара билмас шифокорлар ташкилоти Исроилдан касалхоналарни нишонга олмасликни сўради.

Шанба куни Ҳамас жангчилари Исроил ҳудудида ўтаётган Супернова фестивалига ҳужум қилганларида юзлаб одамлар ўлдирилган.

Ҳозиргача Зака қутқарувчи агентлиги 260 жасадни топганини айтмоқда.

Фестивалда бўлган Гилад Карплус Би-би-сига қандай омон қолганини сўзлаб берди.

BBC

"Ракеталар отишди, кейин отишма бошланди. Ўқлар ҳар томондан келаётганди ва овози кучайиб борарди. Одамлар қулаётганларини кўрдим. Буларни кўрдик-да, Жипга сакраб чиқдик ва далалар томон ҳайдадик", - дейди у.

Гиладнинг айтишича, уларни далада Исроил ҳарбий кийимларида бўлган саккиз қуролли киши мотоциклларда қувлаган.

Унга кўра, бир ўқ машинага текканида, ўқ парчаси унинг бошининг орқасига теккан.

"Бошим қонай бошлади. Нима бўлаётганини англамадим - бошимга ўқ кирдими, йўқми. Қон кетишидан ўлмаслигим учун бошимни қаттиқ сиқиб туришим кераклигини билдим, холос", - дейди у.

Гилад ва унинг дўсти сўнгра киббутцга яширинганлар.

"Мен ўша тонгда ўзимни овланаётган ярадор ҳайвондек ҳис қилдим. Ҳеч қачон яна ундай ҳолатда бўлишни истамайман", - дейди у.

Ҳамас жангчилари 100дан ошиқ исроилликни гаровга олиб, Ғазо ҳудудига олиб ўтганларини айтишган.

Фаластинда дафн маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Фаластинда дафн маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Уларни озод қилиш - Исроил ҳукумати учун ҳозирда энг муҳим вазифа.

Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Франк Гарднернинг ёзишича, Исроил Ҳамасни бутунлай йўқ қилиш учун Ғазо бўлгасига армиясини олиб кириши мумкин.

Аммо, дейди у, бу билан Ҳамас йўқ қилинишига ишониш нотўғри.

Исроил 2014 йилда Ғазога бостириб кирганида 2 минг нафар фаластинлик ўлдирилганди. Уларнинг ҳар бири учун ўтган жанозада яна кўплаб ёшлар радикаллашди.

Ўшандан бери Ҳамас чегара оша Исроилга ракеталар отишда давом этди.

Ҳамаснинг қуролли қанотида 30 минг жангчи борлиги ишонилади. Улар Фаластин ерларини ҳимоя қилиш учун жонларини беришга тайёрлар.

Бу жангарилар туннеллар, ертўлалар, бункерлар ва жин кўчаларни босқинчилардан кўра яхшироқ билишади.

Ундан ташқари, бинолар ўта зич қурилган Ғазо бўлгасига танкларни олиб кириш қийин.

Ҳарбий нуқтаи назардан қаралса, ерда қилинган ҳарбий амалиёт Ҳамас қўмондонларини йўқ қилиб, қисқа муддатли муваффақиятга эришиши мумкин.

Аммо, давомий тинчлик битимисиз, Ҳамас ғазабланган ва радикаллашган ёш жангчиларнинг янги авлодини ўз сафига олиб яна қайта тирилиши эҳтимоли катта.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002