Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди? Isroil Hamas Dunyo Yangiliklar

G'azodagi vayron bo'lgan masjid

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳозиргисига ўхшаш кескинлик Исроил ва Ҳамас ўртасида бу яқин ўн йилликларда кузатилмаган.
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Яқин Шарқда нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Харита

Ҳамас Фаластин жангари гуруҳи шанба куни Исроилга қарши ўзининг энг йирик ҳужумини бошлади.

Минглаб ракетаси билан Исроилга зарба берди, Исроил жанубига кирди, юзлаб исроилликни ўлдирди, яна ўнлабини асир олди.

Ҳамас лидерлари буни "тоқатлари тоқ" бўлгани билан изоҳлади.

Ҳамаснинг кутилмаган ҳужуми қаршисида қолган Исроил бунга жавобан Ғазога қарши ҳаво ҳужумларини бошлади.

Исроил Бош вазири мамлакати "уруш ҳолати"да эканини эълон қилди.

Беньямин Нетаньяху Ғазони бошқарувчи Ҳамас ҳужумлари учун "мислсиз ҳақ" тўлашини ҳам айтди.

Исроил Ҳаво кучларининг маълум қилишича, ўтган тунда Ғазодаги 500 дан ортиқ объектга зарба беришган.

Исроилнинг икки юқори мартабали ҳарбийси Ҳамаснинг шанба кунги зарбаларини Америка Қўшма Штатларига қарши уюштирилган 2001 йилнинг 11 сентябридаги ҳужумларга қиёслаган.

Уларнинг айни мазмундаги иддаоларига Ҳамаснинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Зўравонликлар ортида ким ё нима турибди? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Талафотлар

G'azo

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳамаснинг кутилмаган ҳужуми қаршисида қолган Исроил бунга жавобан Ғазога қарши ҳаво ҳужумларини бошлади.
Isroil

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил жанубидаги Ашкелон шаҳрида Ҳамас ракеталаридан вайрон бўлган уй.

Исроил ҳукуматининг даъво қилишича, ўтган уч кун ичида 700 дан ортиқ фуқароси ўлдирилган, 2150 нафарига тан жароҳати етказилган.

100 га яқин аскар ва тинч аҳоли Ҳамас томонидан гаровга олинган.

Фаластинлик мулозимларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, Исроилнинг жавоб ҳужумларида 400 дан зиёд одам ўлган, 2300 нафари яраланган.

Исроил ҳукумати сўнгги ҳодиса ортидан, Ғазога электр энергияси, ёқилғи ва турли маҳсулотлар таъминотини кесиб қўйишга ҳам қарор қилган.

Исроил ва Миср 2007 йилдан буён бўлгани шундоқ ҳам қамал қилиб келади, бунинг сабабини ўз хавфсизликлари билан изоҳлайди.

Ҳозиргисига ўхшаш кескинлик Исроил ва Ҳамас ўртасида бу яқин ўн йилликларда кузатилмаган.

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ва фаластинликларнинг ёнма-ён, тинч қўшничиликда яшашини таъминловчи ҳамда мавжуд можарога узил-кесил ечим топишга ёрдам берадиган доимий тинчлик жараёни кўзга ташланмайди.

Вазиятни кузатиб турган Би-би-си мухбирининг айтишича, Ҳамаснинг Исроил жанубига қаратилган ракета ҳужумлари ҳали-ҳануз тинмаган.

Исроил томони ҳозир ҳам ўз ҳудудида Ҳамас жангарилари борлигини иддао қилиб турибди.

Исроил ҳали ҳам ўз ҳудудида "етти-саккиз жойда" фаластинлик жангариларга қарши курашмоқда, дейди ҳарбийлар.

Исроилнинг айтишича, Ғазодан Исроилга ўтиш нуқталарининг "аксарияти" асосан танклар билан тўсиб қўйилган.

Аммо исроиллик ҳарбийларга кўра, жангарилар ҳамон Ғазодан Исроилга ўтаётганини "инкор эта олишмайди".

Hujumlar oqibati

Сурат манбаси, Reuters

Исроилнинг жавоб ҳужумлари ортидан Ғазодаги касалхоналар ярадорларга тўлиб кетгани айтилмоқда.

АҚШ эса, ўзининг иттифоқчиси Исроилни қўллаб-қувватлаб, минтақага ўзининг кема ва қирувчи самолётларини сафарбар қилган.

Ҳамас Американинг бу хатти-ҳаракатини "тажовуз", деб атаган ва уни қоралаган.

Бироз аввал Яқин Шарқдаги сўнгги вазиятни муҳокама қилиб олиш учун йиғилган БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари "бунинг ҳал қилувчи лаҳза" эканини эътироф этишган.

Аммо баёнот масаласида бир тўхтамга келишга уринишмаган.

Йиғин тафсилотларидан музокаралар мавзуси ҳам мавҳум ечим топгани англашилган.

Расмий Тошкент баёноти

Bayonot

Сурат манбаси, Skrinshot

Ўзбекистон Фаластин-Исроил можаросидан "жиддий хавотирда".

Шу соатларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин-Исроил зиддияти бўйича расман баёнот берди.

"Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотирда эканликлари"ни айтди.

Расмий Тошкент рақиб томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Яқин Шарқдаги воқеаларнинг сўнгги ривожига қолган Марказий Осиё давлатлари пойтахтларининг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Ўзбекистоннинг ҳам эътиборида

O'zbekiston prezidenti

Сурат манбаси, .

Исроил-Фаластин можароси Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам диққат-эътиборидаги глобал муаммо бўлади.

Ўзбекистон томони бу муаммони халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ва "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб келади.

Расмий Тошкент можаро марказида бўлган Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга ҳам чақириб келади.

Ўзининг расмий баёнотларида томонларни зўравонликка чек қўйишга ҳам даъват этади.

Ўзбекистон президенти шу йил март ойида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг Бокуда бўлиб ўтган саммити чоғида ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга эътибор қаратган.

Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишида "Яқин Шарқ минтақасида ҳам узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низонинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ"лигидан хосан ташвиш билдирган.

Ўзбекистон президентининг баён қилишича, пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайган.

Уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлган.

Шавкат Мирзиёев ўшанда бу барчаларини жиддий ташвишга солаётган воқеълик эканини айтган.

Ўзбекистон пост-совет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Мазкур ҳаракат дунёнинг ҳарбий-сиёсий блоклар ва ташкилотларда иштирок этмасликни ўз ташқи сиёсатининг асоси, деб эълон қилган 120 давлатини бирлаштиради.

Жаҳондаги ҳамкорликни БМТ Низомининг тамойил ва мақсадлари асосида ривожлантиришни кўзда тутувчи энг йирик халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади.

Расмий билдиришнома

Brifing

Сурат манбаси, Skrinshot

"Исроилда ҳалок бўлганлар, яраланганлар ёки гаровга олинганлар орасида Қозоғистон фуқаролари йўқ".

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили бугун, 9 октябрь кунги брифингида Исроилдаги фуқароларининг тақдирига ойдинлик киритди.

Вазирликнинг Тель-Авивдаги элчихонаси маълумотларига таяниб маълум қилишича, Исроилда ҳозир консуллик ҳисобида турмаган 400 га яқин қозоғистонлик бўлиши мумкин.

Консуллик ҳисобида турганлар, таҳсил олаётганлар ва малака ошираётганларнинг сони эса, 100 дан ортиқ.

Айбек Смадияровга кўра, Исроилда ҳарбий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан вазирликда тезкор штаб ташкил этилган.

Штаб зудлик билан хорижда фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар алгоритмини амалга оширишга киришган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Тель-Авивдаги элчихоналарида Исроилдаги фуқаролари ва уларнинг ортдаги қариндошлари учун фавқулодда ишонч телефони ҳам ишга туширилган.

Айбек Смадияровнинг айтишича, икки куннинг ўзида 500 дан ортиқ қўнғироқ ва мурожаат олишган.

Айрим рейслар бекор қилингани ва бир қатор авиаташувчилар Исроилга парвозларни амалга оширишдан бош тортишгани боис, Қозоғистон элчихонаси "Эйр Астана" авиакомпанияси билан биргаликда Қозоғистонга қайтиш истагини билдирган фуқаролари рўйхатини тузиш ва уларни хавфсиз жойга олиб чиқиш масаласини ташкиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг маълум қилишича, шу пайтгача 118 нафар қозоғистонлик Исроилдан кетиш истагини билдирган.

Унга кўра, шу яқин кунларда Тель-Авивга махсус репатриация рейсини уюштириш борасида ҳам ҳукумат даражасида ишлар кетмоқда.

Тель-Авивдаги Бен-Гурион халқаро аэропорти одатдагидек ишлашда давом этаётгани айтилади.

Ечим?

G'azo

Сурат манбаси, EPA

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

Узоқ йиллардан бери гоҳ кучайиб, гоҳ зимдан давом этиб келаётган Яқин Шарқдаги бу низо ва адоват тугайдими, деган савол бугун яна кўпчиликни ўйлантира бошлаган.

Бироқ Исроил ва фаластинликларнинг ёнма-ён, тинч қўшничиликда яшашини таъминловчи ҳамда мавжуд можарога узил-кесил ечим топишга ёрдам берадиган доимий тинчлик жараёни кўзга ташланмайди.

Ҳар икки тараф ҳам бир-бирини айблайди.

Ўтмишда ҳам мулоқотлар бошланган, музокаралар умиди кучайган ва муносабатлар илиқлашган даврлар бўлган.

Аммо ҳеч бири тўлиқ тинчликка эришмаган ва якуний келишувгача етиб бормаган.

Ғарбнинг қудратли давлатлари, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи аъзолари ва Буюк Британия "икки давлатчилик" - ягона мумкин бўлган ечим эканлигини таъкидлашади.

Аммо ҳозиргача уларнинг гаплари қуруқ шиорлигича қолмоқда.

Американинг ушбу ғояни амалга оширишга бўлган сўнгги уриниши 2014 йилда муваффақиятсизликка учраган.

Мурожаат

Isroil askari

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Жорий пайтда Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг аниқ сонларига оид расмий маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Хабарларга кўра, воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиққан.

"Вазиятнинг кескинлашгани муносабати билан уларга Исроилдаги барча зарур эҳтиёт чораларини кўришни, хавфсиз жойларда бўлишни ва расмий органлар хабардор қилмагунча, у ерни тарк этмасликни қатъий тавсия қилган".

Исроилдаги ўзбекистонликлар фавқулодда вазиятларда мурожаат қила олишлари учун ўзларининг телефон рақамларини ҳам илова қилган: +972544851397, 03-672-2466.

Жорий пайтда Исроилда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг аниқ сонларига оид расмий маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида уларга қандайдир зиён етган-етмагани маълум эмас.

Айрим маҳаллий нашрларда эса, ўзбекистонлик актёр ва қизиқчи Мирзабек Холмедов ва таниқли хонанда Хуршид Расуловларнинг концерт сафарлари билан ҳозир Исроилда эканликларига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Маълум бўлишича, буни кейин Мирзабек Холмедовнинг ўғли ҳам ўзининг Instagram саҳифасида тасдиқлаган, отасининг "соғлиги яхши экани, можаро юз бераётган ҳудуддан 100-150 км узоқликдаги бошқа тинч шаҳарда экани ва ҳозирда уни қайтариш ҳаракатлари олиб борилаётгани"ни билдирган.

Буёғи нима бўлади?

Пол Кирби, BBC News

Isroil

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозир бутун Исроил бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Исроил Ҳамаснинг ҳужумидан кейин "узоқ ва оғир уруш"га юз тутади

Исроил ҳарбийлари Ҳамас жангарилари Ғазо сектори томондан Исроил жанубидаги аҳоли пунктларига бостириб келиб, 300 кишини ўлдиргани хабар қилинганидан кейин ҳозир ҳам мамлакат ичкарисида жанглар кетаётгани ҳақида маълум қилди.

Бош вазир Бенямин Нетаняху исроилликларга "узоқ ва оғир уруш"га юзлашаётганликларини айтди.

Юзлаб жангарилар Исроил жанубига бостириб кириб, аскарлар ва тинч аҳолини ўлдирган ва, армиянинг таъкидлашича, "жуда кўп" одамни гаровга олиб, Ғазога олиб кетган.

Исроил ҳаво ҳужумлари билан жавоб бермоқда.

Якшанба куни эрталаб ҳам ҳужумлар давом этди. Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторидаги "оператив инфратузилмалар"га зарба берганини айтди.

Исроил ҳарбийлари, шунингдек, Ливан жанубидаги баҳсли Дов тоғи/Шабаа фермаси ҳудудидан Исроил позицияларига миномётлардан ҳужум қилинганидан сўнг бу томонга ҳам артиллерия ҳужумларини бошлади.

Ливаннинг жангари "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати ҳужумни "Фаластиннинг қаршилик ҳаракатига хайрихоҳлигини" кўрсатиш учун амалга оширганини айтди.

Шанба куни тонгда фаластинлик жангарилар Ғазо секторидан Исроилга ўтганидан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган зарбалари оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, деб хабар берди Фаластин соғлиқни сақлаш расмийлари.

Ғазо аҳолиси бир суткада уйларини тарк этиб, шаҳар марказларига ёки бомбапаноҳларга кетишга чақирувчи Исроил SMS хабарларини олган.

Исроил Бош вазири "Ҳамаснинг қаттол ҳужуми туфайли урушга киришга мажбурмиз" деди ва унинг биринчи босқичи Исроил тупроғидаги жангариларнинг аксарияти йўқ қилинадиган яқин соатларда якунланишини айтди. Исроил ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлайди ва ғалаба қозонади, дея қўшимча қилди у.

Исроил ҳукумати Ғазо секторига электр энергияси, ёқилғи ва товарлар етказиб беришни тўхтатишини билдирган.

Исроилга ҳужум мамлакат жанубида шанба куни эрталаб, яҳудийларнинг шаббат куни ва Симхат Тора байрамида бошланди.

Жангарилар Ғазони ўраб турган панжара деворларни бузиб ўтиб, Исроилга мотоцикл, параплан ва денгиз орқали кириб келган. Исроил Мудофаа кучлари (ИМК) вакили айтишича, уларнинг сони юзлаб бўлган ва Исроилга кун давомида 3000 дан ортиқ ракета учирилган.

"Улар Исроилнинг ўнлаб аҳоли пунктлари ва ИМК базаларига ҳужум қилиб, уйма-уй, эшикма-эшик юришган", дейди подполковник Жонатан Конрикус.

"Улар исроиллик тинч аҳолини ўз уйларида совуққонлик билан қатл қилишган, сўнг Исроил фуқаролари ва ҳарбийларини Ғазога мажбуран олиб кетишган. Мен аёллар, болалар, қариялар, ногиронлар ҳақида гапиряпман", дейди подполковник.

Ҳужум маҳали чўлда ўтаётган фестивалдан жон сақлаш учун қочган исроиллик тинч аҳоли,шунингдек, аёлларни машиналарга тиқиб ўғирлаб кетилаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлди.

Исроилликлар ахборот каналларига қўнғироқ қилиб, ўз уйларида яширинганликлари ва қаттиқ қўрқишаётганликларини айтишди. Нетив ҲаАсара шаҳарчаси унинг 15 нафар аҳолиси Ҳамас жангарилари томонидан отиб ўлдирилганини маълум қилди.

Сдерот шаҳрида яшовчи Шломи исмли фуқаро "Сдерот ичида йўл бўйлаб жасадлар денгизини" кўрганини айтган.

Sderot

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сдеротда исроиллик ҳарбийлар полиция бўлимини жангарилардан тозалаш учун соатлаб уринишди. Фотосуратда ундан нима қолгани акс этган.

Секин-аста Исроил ҳарбийлари жанубий ҳудудларда назоратни қайтариб ола бошлади.Исроил матбуоти хабар беришича, Киббутз Беерида сақланаётган гаровга олинганлар 18 соатдан кейин қўйиб юборилган. Кўп ўтмай Офаким шаҳарчасида қўшинлар гаровга олинганларни озод қилгани ва уларни ушлаб турган ҳужумчилар ўлдирилгани ҳақида янги хабарлар пайдо бўлди.

АҚШ президенти Жо Байден Американинг "террорчи ташкилот ҳужуми остида қолган" Исроилга дастаги "қатъий ва собит"лиги ҳақида гапирди.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти юқори мартабали ҳарбий зобитлар доҳил асирга тушган исроилликлар сони бир неча баробар кўплигини айтди.

Расмийларга кўра, шанба куни кечгача Ғазода 1500 дан ортиқ, Исроилда яна 1500 дан ортиқ одам яраланган.

Армия Ҳамаснинг мисли кўрилмаган зўравонлигига мисли кўрилмаган даражада жавоб қайтарилишини айтди.

Ўн минглаб заҳирадагилар сафарбар қилинган ва энди улар Ғазо секторида қуруқликда операция бошлаши кутилмоқда.

G'azo

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатлари...

Шанба куни Исроил ҳужумлари натижасида Ғазо шаҳри марказидаги 11 қаватли Фаластин минорасини вайрон бўлди, унинг томида Ҳамас радиостанциялари жойлашган эди.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари "Ҳамаснинг юқори мартабали террорчилари томонидан террорчилик мақсадида фойдаланилган иккита кўп қаватли бинодаги ҳарбий инфратузилмага зарба бергани" ва ҳужумдан олдин аҳолини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирганини айтди.

Шанба куни Ғарбий Соҳилнинг бир қанча жойларида ҳам зўравонликлар содир бўлди. Фаластинлик шифокорлар айтишича, Исроил кучлари билан тўқнашувда олти фаластинлик отиб ўлдирилган.

Ҳамас ҳарбий қўмондони Муҳаммад Деиф барча фаластинликларни амалиётга қўшилишга чақирди.

"Биз Исроилнинг бу жиноятларига Худонинг ёрдами билан чек қўйишга қарор қилдик, токи душман вайронагарчилик қилиш фурсати битганини тушунсин", деди у.

Ҳамаснинг сургундаги етакчиси Исмоил Ҳаниянинг айтишича, Фаластин гуруҳлари босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Қуддусга ҳам ҳужум қилишни мақсад қилган.

Ҳамас сўзчиси Ғози Ҳамаднинг Би-би-сига айтишича гуруҳ ҳужумда Эрондан тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлов олган.

Ҳамаснинг сиёсий рақиби Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг айтишича, Фаластин халқи ўзини "яҳудий кўчманчилари ва ишғолчи кучлардан" ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳамас ҳужумлари халқаро миқёсда кескин қораланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш "тинч аҳолига ҳужум қилиниб, ўз уйларидан ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарлардан даҳшатга тушганини", Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли эса "Ҳамаснинг Исроил тинч аҳолисига қилган даҳшатли ҳужумларини сўзсиз қоралашини" айтди.

Бироқ Саудия Арабистони "доимий ишғол" ва "Фаластин халқини қонуний ҳуқуқларидан маҳрум қилиш" хавфидан бир неча бор огоҳлантирганини айтиб, кескинлашувни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002